Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2017   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
27 28 29 30 1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30 31
28.11.2017

ТОШКЕНТ ШАҲРИДА СЕУЛ КЎЧАСИ БЎЛАДИ

Жўлибой ЭЛТАЗАРОВ, Самарқанд давлат университети филология факультети декани, профессор:

— Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Иннинг таклифига биноан ушбу мамлакатга давлат ташрифини телевидение, интернет орқали диққат билан кузатдим. Ташрифнинг жуда юқори даражада, юксак савияда ташкил қилингани, бутун Жанубий Корея халқи учун ҳақиқий байрамга айлангани, айниқса, икки мамлакат ўртасида мисли кўрилмаган ҳужжатларнинг имзоланганидан беҳад қувондим.

Ҳа, бугун бутун дунё Ўзбекистонда бошланган буюк ислоҳотлардан яхши хабардор. Кореялик дўстларимиз ҳам унда фаол иштирок этишни ўз олдиларига мақсад қилиб қўйишгани кечаги учрашувларда яққол намоён бўлди.

Тарихдан маълумки, ўзбек ва корейс халқларини кўп асрлик дўстлик ва ҳамкорлик боғлаб туради. Президентимизнинг ушбу давлатга тарихий ташрифи қадимий ришталарни янада мустаҳкамлашга, мамлакатларимиз ўртасидаги алоқаларни янги босқичга кўтаришга хизмат қилишига ишонаман.

...Афросиёб деворий расмларида Самарқанд подшоҳининг чет эллик элчиларни қабул қилиш маросими акс этган. Дипломатлар орасида қадимий Когурё сулоласи элчилари ҳам борлиги халқларимиз ўртасида VII асрдаёқ ўзаро борди-келди, савдо-сотиқ, яқинлик бўлганидан далолат беради.

Ота-боболаримиз корейслар билан 1937 йили Ўзбекистонга мажбуран кўчирилганида яқиндан танишган эдилар. Халқимиз уларни ўз бағрига олди, бир бурда нонини беминнат бўлишди. Ўша корейсларнинг авлодлари бугун Ватанимизнинг тенг ҳуқуқли фуқаролари сифатида ўзбеклар билан қўлни қўлга бериб, юртимиз тараққиёти йўлида хизмат қилишмоқда.

Жанубий Корея дунёнинг энг ривожланган ва жаҳонга тинчлик, эзгулик, ҳамжиҳатлик таратаётган мамлакатларидан биридир. Таъкидлаш жоизки, ўзбек ва корейс миллатларининг ўхшашлик жиҳати жуда кўп. Бизларни тил жиҳатдан Олтой тиллар оиласи бирлаштирса, ҳудуд жиҳатидан бир қитъа, бир минтақа — Евроосиё ва Шарқ умумлаштириб туради. Тарихий, маданий жиҳатдан ҳам кўп уйғунлик мавжуд. XIV-XV асрларда Темурийлар томонидан буюк цивилизация барпо этилганида, Мирзо Улуғбек академиясида ўша даврнинг энг буюк илмий кашфиётлари қилинганида, қирол Те Чжонг раҳбарлигида мумтоз корейс маданияти ва адабиётининг нодир намуналари яратилган эди.

Корейс халқи ҳам ўзбеклар сингари ўтмишда кўп бор босқинчилар зулми остида яшашга, уларга қарши курашишга мажбур бўлган. Ана шундай қийинчиликлар туфайли корейслар ҳозирги тинч ва фаровон ҳаётда ҳам ўзларининг тиришқоқлиги билан ажралиб туради, янгиликларга қўл уриб, барчани ҳайратлантиради.

1999-2000 йилларда Корея Республикасининг Бусан шаҳридаги Чет тиллар университетида дарс берганман. Корейс дўстларимиз 1992 йилдан бошлаб олий ўқув юрт­ларида ўзбек тили бўлимини очиб, халқимизнинг тили ва маданиятини ўрганишни йўлга қўйган эдилар. Жанубий Кореядаги фаолиятим давомида бу халқ меҳнаткаш ва зукко эканига гувоҳ бўлганман. Уч тарафи денгиз, тоғу тош ва ўрмонлардан иборат ҳудудда юксак инновацион иқтисодиётни барпо этган ва технологик ишлаб чиқаришни йўлга қўйган халқнинг ўта меҳнатсеварлигига, замонавий билим ва технологияларни ўзлаштириш ҳамда уларни доимий такомиллаштиришига қойил қолмасликнинг иложи йўқ. Албатта, бу тараққиёт ва юксак турмуш даражаси ўз-ўзидан бўлмаган. Шу билан бирга, иқтисодий ва технологик мўъжизани қадимий маданият, азалий қадрият ва ўзига хос миллий менталитетни сақлаган ҳолда амалга ошириш маҳорати халқаро экспертлар томонидан ҳам эътироф этиб келинади.

Жанубий Кореядаги фаолиятимни тугатиб, мамлакатимизга қайтгач, «Жанубий Корея: ўтмиш ва бугун» деб номланган китобни ёздим. Бу асарда корейс иқтисодий ва технологик мўъжизасининг сирларини қўлимдан келганича очиб беришга ҳаракат қилдим. Кореянинг жадал суръатли тараққиётининг сири — корейс ёшларининг замонавий билим ва технологияларни ўзлаштириш, қайта ишлашга бўлган иштиёқи ҳамда иқтисодиёт ва ижтимоий ҳаётда ўтказилган либерал ислоҳотлар эканига ишонч ҳосил қилдим. Мазкур китоб бугунги кунда ҳам юртимиз университетларининг корейс филологияси факультетлари талабалари учун ўқув қўлланма вазифасини ўтамоқда.

Президентимиз томонидан Тошкент шаҳридаги кўчалардан бирига Сеул номини бериш ҳақидаги таклифнинг илгари сурилиши халқларимиз томонидан қизғин кутиб олинди. Энди Тошкент шаҳрида Сеул кўчаси бўлади.

Ўзбек-корейс алоқалари дўстлик, қардошлик ва самимийликка асосланган ҳамкорликка айланмоқда. Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳияти ва Жанубий Кореянинг илмий-технологик ва бошқа имкониятлари, халқларимизнинг бир-биридан қолишмайдиган ишбилармонлиги биз кўзлаган мақсад-муддаоларга эришишда муҳим аҳамият касб этишига ишонаман.

 

Барчиной ҲАМИДУЛЛАЕВА ёзиб олди.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: