Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2017   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
27 28 29 30 1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30 31
27.05.2017

МЕҲНАТ ҲУҚУҚИ КАФОЛАТЛАРИ МУСТАҲКАМЛАНМОҚДА

Ҳар қандай мамлакатнинг бугуни ва келажаги иқтисодий барқарорликка бориб тақалади. Иқтисодиёти бақувват давлатда тараққиёт тезлашади, соҳалар ривожланади ва аҳоли яхши шароитларда меҳнат қилиб, турмуш кечиради.

Жорий йилнинг 24 май куни Президентимизнинг «Бандлик соҳасида давлат сиёсатини янада такомиллаштириш ва меҳнат органлари фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони эълон қилинди.

Аввало, шуни таъкидлаш керакки, мазкур фармон мамлакатимизда аҳоли бандлигини таъминлаш борасида янгича ёндашувларни амалиётга жорий этишда муҳим аҳамият касб этади.

 

Саттор Раҳматов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Одам яхши яшаши, муносиб турмуш шароитига эга бўлиши, орзу-ҳавас билан баланд марралар сари интилиши учун, аввало, у ўз ишига, даромад манбаига эга бўлиши керак. Шунинг учун аҳолининг турмуш даражасини ошириш, фаровонлигини юксалтиришнинг муҳим омилларидан бири банд­ликни таъминлаш ҳисобланади.

Президентимизнинг ­«Бандлик­­ соҳасида давлат сиёсатини янада такомиллаштириш ва меҳнат органлари фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони бу борадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқади, деб ўйлайман.

Фармон давлат ва хусусий бизнес ўртасидаги ҳамкорликка асосланган ҳолда меҳнат инфратузилмасини ривожлантириш, банд бўлмаган аҳоли, айниқса, ёшларни ишга жойлаштиришда самарали чора-тадбирларни амалга оширишга қаратилган.

Парламент аъзолари томонидан жойларда ўтказилган ўрганиш натижалари коллеж битирувчиларини ишга жойлаштириш бўйича тақдим этилаётган маълумотларда ҳанузгача нотўғ­ри ва нохолис ахборотлар учраётганини кўрсатмоқда. Ушбу фармон бу борада юзага келаётган кўплаб муаммоларнинг олдини олиш, таълим муассасалари битирувчиларини иш билан таъминлаш кафолатларини мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутади.­­­

Фармонга мувофиқ, 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб биринчи маротаба ишга жойлашган битирувчилар, агар улар таълим муассасасини тамомлаган кундан бошлаб уч йилдан ортиқ вақт ўтмаган бўлса, ишга жойлашгандан кейин биринчи йил давомида иш ҳақидан олинадиган даромадлари бўйича ягона ижтимоий тўловнинг ўрнатилган ставкасини 50 фоизга, уларнинг иккинчи ва учинчи йил давридаги иш фаолияти бўйича 25 фоизга камайтириш белгиланди. Бу битирувчиларни иш билан таъминлаш масаласида манфаатдорликни оширишга хизмат қилади, албатта. Шу билан бирга, ёш кадр­ларнинг касбий малакасини ошириш имкони ортади.

Фармонга кўра, Меҳнат вазирлиги Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги этиб қайта ташкил қилинди. Вазирлик ва унинг тузилмаларининг устувор вазифалари ва фаолият йўналишлари аниқ белгилаб берилди. Унга кўра, меҳнат бозорини тартибга солиш, бандлик, меҳнатга оид муносабатлар, касбий ва меҳнат стандарт­лари, гендер тенгликка риоя этилиши, банд бўлмаган аҳолини касб-ҳунарга тайёрлаш, ишсизларни ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасида бозор муносабатлари шароитларига мос келадиган норматив-ҳуқуқий ­ҳужжатларни ишлаб чиқиш, амалга ошириш ва уларнинг бажарилишини назорат қилиш ва бошқа вазифалар белгиланган. Кўриниб турибдики, мақсад фақат аҳолини қандай, қайси ­шароитда бўлмасин, ишга ­жойлаштиришдан иборат эмас, балки уларнинг бу борадаги ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, меҳнат муҳофазасини амалда таъминлашдан иборат.

Буларнинг барчаси партиямизнинг дастурий мақсадларига мос ва ҳамоҳангдир. Демак, сиё­сий партияларга, парламент ва депутатларга берилган қонуний ҳуқуқ ва имкониятлардан фойдаланган ҳолда, бу жараёнда фаол иштирок этишимиз, фармон ижроси устидан доимий мониторинг ўрнатишимиз талаб этилади.

 

Аксавли Тумишова, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Ушбу фармон мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий бар­қарорликни мустаҳ­камлашнинг муҳим кафолати бўлади, деб ўйлайман.

Фармонда ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар бандлигини таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, кам таъминланган оилаларнинг ижтимоий муҳофазаси манзиллигини кучайтириш, нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлашда ўрнатилган тартибга амал қилинишини назорат қи­лиш, уларни фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан биргаликда оилавий тадбиркорликка ва ҳунармандчиликка жалб этиш чораларини кўриш, шунингдек, ўзини ўзи банд қилишнинг турли шаклларини ривожлантиришни рағбатлантириш белгиланган. Албатта, бундан кўзланган асосий мақсад ҳар бир оила турмуш фаровонлигини оширишдир.

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлган Жамоат ишлари жамғармаси ташкил этилмоқда. Унинг асосий вазифаси вақтинча банд бўлмаган аҳоли йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, йўл ва уй-жой коммунал инфратузилмасини қуриш, таъмирлаш ва реконструкция қилиш, ҳудудларни ободонлаштириш, мавсумий қишлоқ хўжалиги ишларига жалб этилганда, уларнинг меҳнатини молиялаштиришдан иборат.

Умуман олганда, Президентимиз фармонида белгиланган вазифалар фуқароларнинг муносиб иш ўрнига эга бўлишини таъминлашда, меҳнат муносабатлари ривожланишида муҳим аҳамият касб этади.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Лазиза ШЕРОВА

ёзиб олди. 


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: