Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Iyul 2017   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
13.04.2017

ФУҚАРОЛАРНИНГ ҲУҚУҚ ВА ЭРКИНЛИКЛАРИНИ ИШОНЧЛИ ҲИМОЯЛАШ ДОЛЗАРБ МАСАЛА

Мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг туб моҳиятида ҳуқуқий демократик давлат қуриш, инсон манфаатларини ҳамма нарсадан устун қўйиш ғояси ётади. Бу борадаги энг муҳим талаблардан бири қонун устуворлигини таъминлашдир. Боиси, қонунга итоат қилинган жойда тартиб-қоида бўлади, жамият хавфсизлиги муҳофаза этилади, фуқароларнинг ҳуқуқлари, қонуний манфаатлари ҳимоя қилинади, одамлар тинч ва осуда ҳаёт кечиради.

Ҳуқуқни муҳофаза қи­лувчи органлар, хусусан, ички ишлар тизими фаолияти бу жараёнда муҳим аҳамият касб этади. Бир сўз билан айтганда, аҳоли ўртасида тартиб-интизомни янада кучайтириш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, фуқаролар хавфсизлиги таъминланиши кўп жиҳатдан ушбу соҳа ­фаолиятига боғлиқ. Ички ишлар органлари ходимлари билан аҳоли ўртасидаги муносабатларда ўзаро ишонч ва очиқликни таъминлаш мақсадида профилактика инспекторлари, милиция таянч пунктлари, «Маҳалла посбони» каби институтлар ташкил этилгани юртимизда тинч-осуда ҳаёт таъминланишига хизмат қилмоқда. Бироқ шунга қарамай тизимда қатор муаммолар тўпланиб қолгани кўпчиликка маълум.

Айниқса, адолат истаб сарсон-саргардон бўлиб юрганлар, жиноят-қидирув фаолиятидаги камчиликлар оз эмасди. Очиғи, соҳа ходимларини аҳоли кўпинча қаердадир жиноят содир этилганида ёки тергов-суриштирув пайтида кўради, жиноятчиликнинг олдини олиш борасидаги ишлар талаб даражасида эмасди.

Бугун дунёнинг турли ҳудудларида мудҳиш воқеа-ҳодисалар, таҳдидлар юз бермоқда. Чегара билмас бу хавф-хатарлар бутун инсо­ниятнинг, тараққиётнинг душманидир. Гео­сиё­сий ўйинлар, диний ­экс­т­­ремизм, терроризм, наркобизнес, миллатлар­аро низолар инсо­ниятга катта офатлар келтиришини ҳаммамиз кўриб, билиб турибмиз.

Бундай қалтис жараёнда ҳуқуқни муҳофаза қи­лувчи органлар, хусусан, ички ишлар тизими фаолияти қайта кўриб чиқилишини, ҳар бир ходим масъулиятини оширишни ҳаёт талаб қилмоқда.

Президентимизнинг «Ички ишлар органларининг фао­лия­ти самарадорлигини тубдан ошириш, жамоат тартибини, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний ман­фаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда уларнинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони жамият ҳаётида муҳим аҳамиятга эгалиги унинг номидан ҳам кўриниб турибди.

Унда Ички ишлар органлари тизимини ислоҳ қилишнинг асосий йўналишлари белгилаб берилди. Хусусан, вояга етмаганлар ва ёшларни Ватанга муҳаббат, ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятларни ҳурмат қилиш руҳида тарбиялаш, ўсиб келаётган авлодни терроризм, диний экс­тримизм, зўравонлик ва шаф­қатсизлик ғояларидан ҳимоя қилишга қаратилган тизимни ривожлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

Фармонга кўра, эндиликда туман, шаҳар ички ишлар бошқармалари, бўлимлари бошлиқларининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари лавозими жорий этилади. Улар вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича профилактика инс­пекторлари ишини самарали ташкил этиш ва мувофиқлаштиришда жавобгар бўлади.

Маълумотларга кўра, 2016 йил давомида Тошкент шаҳри бўйича 300 га яқин жиноят, асосан, ўғрилик, безорилик воя­га етмаганлар томонидан содир этилган. Вояга етмаганларнинг жиноят кўчасига кириб қолиш сабабларини аниқлаш ва профилактика ишларини талаб даражасига олиб чиқишда ушбу лавозимнинг жорий этилиши катта аҳамиятга эга бўлади, деб ўйлайман.

Фармонда ички ишлар органлари фаолияти устидан парламент ва жамоатчилик назоратининг янги тизими ўрнатилмоқда. Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари Тошкент шаҳар ва вилоятлар Кенгашлари ҳар чоракда тегишли ички ишлар органлари ҳудудий бўлинмалари раҳбарларининг ҳисоботларини эшитади. Биз уларнинг ахборотини йиғилишда шунчаки эшитмасдан, аниқ факт­ларга асосланган саволларни ўртага ташлашимиз керак. Жиноятчилик, ҳуқуқбузарликларнинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиб, уларнинг олдини олиш бўйича таклифлар ишлаб чиқишимиз талаб этилади. Аҳоли орасида диний экс­тремизмнинг салбий оқибатларини тушунтиришда ҳам ички ишлар ходимлари билан изчил ҳамкорлик қилишимиз керак бўлади.

Умуман олганда, мазкур Фармон ички ишлар органлари тизимидаги ислоҳотларни янги босқичга кўтаради. Унда белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш жамиятимизда қонун устуворлигига эришиш, ҳуқуқ-тартибот ва жамоат хавф­сизлигини таъминлаш, шу­нинг­дек, инсон манфаатларини ҳи­моя қилишда катта аҳамиятга эга. Фармонда билдирилган фикрлардан биз таълим соҳаси ходимлари, депутатлар ҳам тегишли хулоса чиқариб олишимиз, мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталикни янада мустаҳкамлаш, хавфсизликни таъминлашдек мураккаб ва шарафли вазифани бажаришда бор куч ва салоҳиятимизни сафарбар этишимиз лозим.

 

Жасур ҚУЛМУҲАММЕДОВ,

Тошкент автомобиль ва йўллар касб-ҳунар коллежи директори,

халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги

ЎзХДП гуруҳи аъзоси. 



DB query error.
Please try later.