23.03.2017

МАФКУРАВИЙ ИММУНИТЕТ

қачон шаклланади? Бу борадаги долзарб вазифалар нималардан иборат?

Президентимизнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 25 йиллигига бағишланган тантанали тадбирдаги маърузасида аҳолининг турли қатламлари орасида мафкуравий иммунитетни шакллантириш ва уни муттасил мустаҳкамлаб бориш масаласига алоҳида эътибор қаратилгани, бунда, айниқса, сиёсий партияларнинг зиммасига катта масъулият юкланаётгани бежиз эмас.

Зеро, ҳар қандай халқ ва жамият, унинг турли муассаса ва ташкилотлари мамлакатнинг умумий мақсадлари ва миллий манфаатларини тўғри англаб, аҳолининг турли қатламларида ўзига хос ва мос мафкуравий иммунитетини шакллантириб ҳамда уни муттасил мус­таҳкамлаб бормаса, айрим ёшларнинг бегона ва зарарли ғоялар таъсирига тушиш эҳтимоли тобора ортиб бораверади. Бу ҳар қандай даврда ҳам кенг қамровли ғоявий тарбияни режали йўлга қўйиш, соғлом мафкура тамойилларини аҳоли қалби ва онгига муттасил сингдириб бориш ишини доимо диққат марказида тутиш зарурлигидан далолат беради.

Шу нуқтаи назардан, бугунги кунда сиёсий партияларнинг аҳоли орасидаги тарғибот ва ташвиқот соҳасидаги фаолиятида ҳар бир фуқаро онгида мустаҳкам мафкуравий иммунитетни шакллантириш масаласи устувор вазифалардан бирига айланмоқда.

Шу боис сиёсий партиялар ушбу йўналишдаги фаолиятини қайта кўриб чиқиши, аҳоли ўртасида мустаҳкам мафкуравий иммунитетни шакллантириш бўйича олиб борилаётган кенг кўламли ишларни янада кучайтириши керак бўлади. Юртимиздаги тинчлик ва барқарорликни таъминлашнинг зарур омилларидан бири бўлган мафкуравий иммунитетни мустаҳкамлашнинг таъсирчан йўллари ва имкониятларини излаб топиш, самарали усуллари ва воситаларини яратиш ҳар қачонгидан долзарб вазифа сифатида кўндаланг бўлмоқда.

Бу эса партия мутасаддилари ва фаолларининг шу соҳадаги тушунча ва тамойиллар, илмий-назарий билимлар ва таянч категория­ларнинг мазмун-моҳиятини яхши билишлари, уларни амалиётга татбиқ этиш йўллари ва усулларини пухта эгаллаган бўлишлари лозимлигидан далолат беради.

Бугунги кунда, айниқса, «Мафкуравий иммунитет нима ва у қандай шаклланади?», «Ушбу йўналишдаги ишларимиз ҳозирги давр талабларига қай даражада жавоб беради?», «Бу борада партия мафкурачилари фаолияти самарасини ошириш учун яна нималарга эътибор бериш керак?», деган савол ва масалалар устувор аҳамият касб этмоқда.

Аслида «Иммунитет» (лотинча «immunitatis» — бирор нарсадан озод этиш) тиббиётда кенг тарқалган тушунча бўлиб, ушбу соҳада у организмнинг доимий ички муайянлигини сақлаш, уни турли ташқи таъсирлардан, инфекциялардан ҳимоя қилишга қодир бўлган реакциялар мажмуини ифодалайди. Соддароқ қилиб айтганда, иммунитет организмнинг турли касалликлардан ўзини ҳимоя қила олиш қобилиятидир.

Бу борадаги барча тарғибот ишларимиз партия аъзолари ва электорат вакилларига «Мафкуравий иммунитет» тушунчаси шахс, ижтимоий гуруҳ, миллат, жамиятни турли зарарли ғоявий таъсирлардан ҳимоялашга хизмат қилувчи тизим эканини англаб олишларига хизмат қилиши лозим. Ҳар бир кишида шакл­ланадиган иммунитетнинг ўзига хос хусусиятлари тўғрисида қуйидагиларни айтиш мумкин. Биринчидан, инсоннинг умумий иммунитет тизими туғма ва биологик хусусият бўлса, мафкуравий иммунитет ижтимоий жараёнларнинг маҳсули бўлиб, муайян маънавий-маърифий тадбирлар асосида шакл­лантириб борилади. Иккинчидан, у ҳар бир даврнинг хусусиятларига, муайян авлод яшаётган замон ва жамиятнинг тараққиёт қонунларига боғлиқ бўлади. Учинчидан, жамиятда мустаҳкам ғоявий иммунитет тизими шаклланганидагина, жамиятнинг мафкуравий дахл­сизлиги ва барқарорлиги таъминланади.

Тарғибот ва ташвиқотлар жараёнида мафкуравий иммунитет тизимининг асосий элементларидан бири билим эканини чуқур англаб олишимиз лозим. Тўғри, билимларнинг турлари кўп, албатта. Масалан, бузғунчи ғоялар ёки вайронкор мафкуралар тарафдорлари ҳам муайян «билим»ларга таянади. Шундай экан, мафкуравий иммунитет тизимидаги билимлар объектив бўлиши, воқеликни тўғри ва тўлиқ акс эттириши, инсон маънавиятининг бойиши, халқ ва жамият тараққиётига хизмат қилиши лозим. Улар ўз моҳият-эътиборига кўра Ватан ва миллат манфаатлари билан узвий боғлиқ бўлмоғи керак.

Бу ўз навбатида, партия мафкурачилари ва фаолларининг шу соҳадаги замонавий билимларни пухта эгаллашлари, долзарб вазифаларни ўз вақтида аниқлаш ҳамда уларни амалга ошириш воситалари ва технологиялари имкониятларидан фойдаланиш кўникмаларига эга бўлишларини тақозо қилади, албатта. Ушбу йўналишда партиямизнинг жойларда ташкил этаётган сиёсий ўқувлар тизимининг самарали фаолият юритишига эришиш ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга.

Алоҳида таъкидлаш жоизки, бутун дунё глобаллашув таъсирида яшаётган бугунгидек таҳликали замонда бегона ва ёт ғояларнинг вайронкорлиги, уларнинг миллий қадриятларимизни издан чиқаришга урунишлари асосан қуйидаги йўналишлар ва кўринишларда намоён бўлаётганига алоҳида эътибор қаратишимиз лозим:

— бизга бегона ва ёт ғояларни тарғиб қилиш ва бунда космополитизм, нигилизм, экстремизм, терроризм, «оммавий маданият» ва шаф­қатсиз индивидуализм каби халқимизга ёт ғояларни турли воситалар билан ташвиқ этилиши;

— миллий менталитетимизга хос бўлмаган одатларни тарғиб қилиш, яъни миллий қадриятлар ва анъаналарга беписандлик, ҳаёсизликка ўргатиш, катталарга ҳурмат ва кичикларга иззат туйғусини сийқаллаштиришга олиб келадиган мафкура шаклларини тарқатишга уриниш;

— ёшлар дунёқарашини бузиш, уларнинг тафаккур ва турмуш тарзини ўзгартиришга интилиш ва бунда ўз Ватанини ёмон кўрсатиш, ўтмишга нисбатан беписандлик, лоқайдлик руҳини қарор топтириш, давлат ва жамиятга нисбатан ишонч­сизлик уйғотиш. Бунинг акси ўлароқ, «оммавий маданият»ни эркинликнинг олий кўриниши сифатида кўкларга кўтариб мақташ.

Ана шундай бузғунчи ғоялар таҳдиди бор экан, бундай ҳаракатларга нишон бўладиган ҳар қандай жамият кучли ғоявий ҳимояга, барқарор мафкуравий иммунитетга эҳтиёж сезиб яшайверади. Демак, бу борада ҳушёрлик ва огоҳликни йўқотишга асло ҳаққимиз йўқлиги, юртимиздаги тинчлик ва барқарорликни асрашга ҳаммамиз масъул эканимизни ҳар биримиз чуқур англаб олишимиз зарур.

Бунинг учун жамиятимизга ёт ва бегона ғояларнинг салбий таъсирига қарши курашиш, уларнинг олдини олиш масалаларига тизимли ёндашишни талаб этади.

 Шу нуқтаи назардан, аҳоли ўртасида мафкуравий иммунитетни шакл­лантириш ва бу борадаги ишлар самарасини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш зарурати пайдо бўлмоқда. Бундай дастур ёки концепциянинг қабул қилиниши шу соҳадаги ишларимизни тизимли ташкил этиш, ғоявий таъсирнинг хилма-хил усул ва йўлларидан фойдаланиш, турли технологиялар ва воситаларни қўллаш орқали кутилган натижаларни қўлга киритиш имконини яратади.

 

Нор МИРЗАЕВ,

сиёсий шарҳловчи.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: