18.03.2017

ҚАДР, ИШОНЧ ВА МЕҲР-МУҲАББАТ

(Туркман халқига кўнгил изҳори)

Ким қандай ўйласа, ўйлайверсин, хоҳ ишонсин, хоҳ ишонмасин, туркман халқини ўзбеклардан ортиқ яхши биладиган, яхши кўрадиган бошқа миллатни ҳам, элатни ҳам бу дунёдан топиш қийин.

Яна айтадиган бўлсак, ўзбек ва туркман илдизи бир, тили, дини, урф-одатлари бир, не-не синов­лардан бирга ўтган, керак бўл­ганда, ғанимларга қарши бирга курашган, бир дарёдан сув ичиб, нон-тузини баҳам кўриб келган халқ. Тарихи ва тақдири бир, қуда-андачилиги минг йиллардан оша­диган халқ. Шунданми, йигитлари ёнма-ён турса, Ҳасан-Ҳусанга ўхшайди, қизлари худди Фотима-Зуҳрадек бир биридан гўзал, латофатли.

Ўйлаб кўрсангиз, яна бир ҳақиқатни англайсиз. Ўзбек ва туркманнинг нафақат сиймоси ўхшаш, урф-одатлари ўхшаш, энг муҳими руҳияти, маънавияти ўхшаш. Улуғ бобомиз Алишер Навоийни туркманлар биз билан баб-баравар қадрлайди, унинг даҳосидан худди биздек фахрла­нишади. Туркманистоннинг доно шоири, ардоқли шоири Махтумқули­­ни ўзбеклар ўз шоиридек суяди, шеърларини қўшиқ қилиб куй­лайди.

Бундай ўйлаб кўрсак, ўзбек ва туркман халқлари муносабатини «яқин қўшни, ишончли дўст, яқин ҳамкор» сўзлари билан ифодалаб бўлмайди. Бизнинг муносабат­ларимиз даражаси фақат дўстлик билан белги­ланмайди. Бизни боғлаб турган асосий восита иқ­ти­содий ҳамкорлик ёки аллақан­дай бошқа манфаатлар ҳам эмас.

Бизнинг муносабатларимиз дўстлик, ҳамкорлик, яқин қўшни­чиликдан ҳам юқори туради. Биз томири бир, қалби муштарак, маънавий, руҳан бир халқмиз. Энг катта кучимиз руҳан бирлиги­мизда. Буни Ўзбекистон Рес­публи­каси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркманистон Респуб­­ликаси Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг таклифига биноан давлат ташрифи билан Туркманистонда бўлганида қон-қариндошлигимиз яна бир бор яққол намоён бўлди. Тўғриси, Президентимиз Туркманистонда юксак ҳурмат-эътибор билан кутиб олинишига ишонардик. Аммо бундай юксак даражадаги самимият, меҳр-муҳаббатни кў­риб, қувончимизни чеки бўл­мади. Аввало, икки Президент­нинг бир-бирига самимий муносабати, очиқ чеҳра билан олиб борган муло­қотлари, билдирган эзгу тилак­лари ўзбек ва туркман халқлари юрагига кўчди, қалбини қувончга тўлдирди.

Ҳозир дунёнинг кўпгина сиёсатчилари Ўзбекистон Респуб­ли­каси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг биринчи бўлиб Туркманистонга давлат ташрифи билан борганига эътибор қарат­моқда. Бизнинг урф-одатларни, ўзбек ва туркман халқи асли кимлигини билганлар тўғри фикр юритиши мумкин. Буни билмаганлар ҳар хил башоратлар атрофида айланишмоқда.

Шавкат Мирзиёев сайловолди дастурида ва Ўзбекистон Респуб­ли­каси Президенти лавозимига киришиш маросимида ҳам аввало, яқин қўшни мамлакатлар билан ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш мақсадини баён қилган эди. Президентимизнинг Туркманистонга давлат ташри­фини халқимиз якдиллик билан қўллаб-қувватлади. Ташриф дои­расидаги тадбирларни катта қизиқиш ва ҳаяжон билан кузатиб борди. Айниқса, икки халқ санъаткорларининг биргаликдаги концерт дастури халқларимиз қалбининг изҳорига айланди. Ўзбек санъаткорлар туркман қў­шиқларини, туркман санъаткорлар эса ўзбек қўшиқларини бир-биридан ўтказиб куйлади, раққосалар қўл ушлашиб, бир-бирини бағрига босиб хиром айлаши дилларни дилларга боғ­лади. Биз саҳнада опа-сингил­ларни, оға-иниларни кўрдик. Соғинчни, меҳр­ни кўрдик.

Бизнинг қадим дўстлигимиз, биродарлигимиз мустақиллик йилларида кенг қулоч ёзди, янги шароит­да янгича йўлга қўйилди. Бугунги ҳар томонлама ҳамкорлик, мустаҳкам ишонч, самимий дўст­лик йўлга қўйилишида Ўзбекистоннинг замирида Биринчи Президенти Ислом Каримов хизматлари буюклигини миннат­дор бўлиб ёдга оламиз.

Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримов билан Туркманис-тон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ҳар бир масала­да, ҳар қандай шароитда бирбирини қўллаб келди. Бу бирлик ишонч ва ҳамкорлигимизни йил сайин юқорига олиб чиқди.

Бўлиб ўтган музокаралар чоғида қатор соҳаларда ўзаро ҳамкорликни юксак даражага кўтариш баробарида стратегик шериклик тўғрисида ҳам шарт­нома имзолангани тарихий во­қеалардан бири бўлди. Бу шартномалар икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар олий даражага кўтарилаётганидан дарак беради, ҳамкорлигимиз янги янада юқори босқичга кўтарилганлигини кафолатлайди.

Ўзбекистон Республикаси ­Президенти Шавкат Мирзиёев­нинг Туркманистонга ташрифи­нинг энг ҳаяжонли, тарихий воқеаси Туркманобод шаҳрида бўлиб ўтди, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Маълумки, ўтган йил сентябрь ойида халқимиз бошига оғир мусибат тушди. Биринчи Прези­дентимиз Ислом Каримов билан видолашув учун Гурбангули Бердимуҳамедов биринчилардан бўлиб, Самарқандга келган эди. Видолашув маросимида у қан­чалик изтироб билан гапириб, халқимизга ҳамдарлик билдиргани ҳамон кўз ўнгимизда турибди, ҳалигача одамлар унинг чин кўнгилдан қайғуриб айтган сўз­ларини хурмат билан эслашади.

Тўғриси, киши қадрдон устози ёки туғишган оғаси билан видолашаётганда ана шундай чуқур изтироб чекади, қайғуга тушади. У ҳамдардлик билди­раётганида бизга қараб «туғиш­ганлар» деган сўзни ҳам юрагидан айтди, кишини ўйга толдирадиган, хулоса чиқарадиган қилиб айтди. Ўша нутқида Гурбангули Бердимуҳамедов Туркманистонда ҳам буюк Йўлбошчимиз хотира­сини абадийлаштириш, кўчаларга унинг номини бериш, ҳайкалини ўрнатиш ҳақида гапирган эди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркманис­тонга ташрифининг иккинчи куни Туркманобод шаҳридаги марказий кўчага Ислом Каримов номи берилди. Ушбу кўчада ёдгорлик мажмуаси барпо этилди, Биринчи Президентимиз бюсти ўрнатилди. Мажмуа деворида Ислом Каримов­нинг шундай сўзлари битилган: «Биз қадрлашимиз ва юксал­тиришимиз зарур бўлган муҳим бойлик — бу мамла­катларимиз ўртасидаги ўзаро ишончдир». Бу сўзлар ўзбек ва туркман тилларида битилган. Бу сўзлар ҳар икки халқ юрагига муҳрланган.

Тантанали маросимда Прези­ден­тимиз Шавкат Мирзиёев буюк давлат арбоби, узоқни кўра оладиган доно сиёсатчи, Ўзбе­кистон — Турманистон дўстлигини абадийлаштиришда буюк ҳисса қўшган Ислом Каримов хотира­сига ҳурмат бажо келтиргани учун Туркманистон раҳбарига, халқига чуқур миннатдорлик билдирди.

Ислом Каримов номи абадий­лаштирилгани айни чоғда туркман оғалардан ўзбек халқига кўрса­тилган юксак ҳурмат-эҳтиром рамзидир.

Бу амалий ишлар, оға-инига хос бўлган ишлар туркман халқи­нинг бизга қанчалик яқинлигини яна бир бор кўрсатди. Хурсанд­чилигимиз ва миннатдорлигимиз­нинг чеки йўқ. Тарихий учрашув бўлди, буюк воқеалар бўлди. Икки халқ дўстлиги, оға-иничилигининг тантанаси бўлди, тўйи бўлди. Ҳавас қилишга, ибрат олишга муносиб байрам бўлди.

Яна бир бор такрорлагинг келади, Ўзбекистон билан Турк­манистонни моддий бойлик бирлаш­тирмайди, манфаат бир­лаш­тирмайди. Бизни аввало, маънавий-руҳий яқинлик бирлаш­тиради, тарих бирлаштиради, қон-қардошлик бирлаштиради. Турк­манистон хорижий мамлакат­лар орасида биринчи бўлиб Ўзбе­кистоннинг Биринчи Прези­денти хотирасини абадий­лаш­тирди. Туркманистонда Ислом Каримов­га ҳайкал ўрнатилди. Ўзбек халқи қалбида эса туркман халқига ҳайкал ўрнатилди!

 

Сафар ОСТОНОВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.



DB query error.
Please try later.