Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Mart 2017   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
27 28 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31 1 2
16.03.2017

БУГУН БУХОРОЛИКЛАР

Президентимизнинг вилоятга ташрифи доирасида кўтарилган масалалар, билдирилган фикр-мулоҳазалар ҳақида ҳаяжон билан, фахр-ифтихор билан гапиришмоқда

 

Қиёмиддин ҚЎЛДОШЕВ, халқ депутатлари Бухоро вилоят Кенгашидаги Ўзбекистон ХДП гуруҳи аъзоси, Султон Жўра ҚФЙ раиси:

— Президентимизнинг вилоятимизга ташрифи одамларимизнинг ҳаётга янгича муносабатда бўлишига туртки берди, деб ўйлайман. Учрашувлар давомида аҳоли бандлигини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Айниқса, енгил саноатни ривожлантириш орқали барқарор иш ўринлари яратишга доир лойиҳалар қизғин муҳокама этилди.

Очиғини тан олиш керак, сўнгги йилларда касб-ҳунар коллежлари битирувчилари, хотин-қизларни иш билан таъминлашда қийинчиликлар бор эди. Шу боис давлатимиз раҳбари янги корхоналарни кўпайтириш, улар учун малакали кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш, ҳудуддаги касб-ҳунар коллежлари билан ҳамкорлик қилиш лозимлигини қайд этди.

Шу билан бирга, касб-ҳунар коллежларида давоматни ўрганиш, ёшлар тарбия­сига жиддий эътибор бериш масаласи кўтарилди. Ҳақиқатан ҳам, вилоя­тимиздаги айрим касб-ҳунар коллежларида давомат кескин тушиб кетган эди. Бунинг олдини олиш бўйича зарур ишлар олиб борилаяпти. Мисол учун, маҳалламиз ҳудудидаги касб-ҳунар коллежига ўқувчилар узоқ масофадан қатнашга мажбур бўлаётганди. Бу давоматга салбий таъсир кўрсатарди. Яқиндан бошлаб, ушбу йўналиш бўйича автобус қатнови йўлга қўйилди.

Партиямиз Сайловолди дас­турида иш ўринлари яратиш, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Жойларда сайловчилар билан бўлган учрашувларда шунга гувоҳ бўлдимки, чекка туманларда саноат ва ишлаб чиқаришни ривожлантириш муҳим аҳамиятга эга.

Шу маънода «Ўзбекенгилсаноат» акциядорлик жамияти томонидан 2017-2018 йилларда Бухоро вилоятида пахта толасини қайта ишлаш дастури лойи­ҳаси тақдим этилгани одамларимизни иш билан таъминлашда муҳим ўрин тутади. Чунки янги лойиҳа бўйича вилоятнинг 7 шаҳар ва туманида 13 йирик саноат корхонасини барпо этиш режалаштирилган. Бу лойиҳаларнинг амалга ошиши вилоятда етиштирилган пахта толасининг 65 фоизини қайта ишлаш, 5 мингга яқин иш ўрни ташкил этиш имкониятини яратиши билан алоҳида эътирофга сазовордир.

Маҳаллаларда жойлашган бўш турган бинолардан самарали фойдаланиш, аҳолини тадбиркорликка жалб қилишга ҳаракат қилаяпмиз. Яқинда ана шундай бир бино тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган фуқарога берилди. Энди бу ерда қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. 25 иш ўрни яратилади.

Албатта, лойиҳалар, режалар ўз-ўзидан амалга ошмайди. Бунга масъул бўлган корхона ва ташкилотлар, шу билан бирга, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги депутатлар зиммасига жуда катта масъулият юкланади. Бу ишларнинг ўз вақтида ва самарали амалга оширилишини доимий назоратга олиш талаб этилади.

 

Норжон ДАВИДОВА, Халқ депутатлари Шофиркон туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси, Шибирғон қишлоқ врачлик пункти мудири:

— Президентимиз қайси вилоятга ташриф буюрмасин, соғ­лиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш, янги тиббиёт муассасаларини барпо этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратмоқда. Бу бежиз эмас, албатта. Соҳа ходими сифатида шуни тан олиб айтишим керакки, бугунги тиббиёт тизими замон талабига тўлиқ жавоб бера олмаяпти.

Республика ихтисослаштирилган илмий марказларнинг вилоят бўлимларини ташкил этиш масаласига алоҳида эътибор берилмоқда. Бунинг амалий тасдиғи сифатида учрашувда республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Бухоро филиали биносини жаҳон стандартларига мос равишда таъмирлаш, бўлимларни замонавий тиббий технологиялар, асбоб-ускуналар билан таъминлаш, янги қабулхона, реанимация, компьютер-томография хоналари қуриш режалаштирилаётгани қайд этилди.

Шунингдек, республика урология марказининг Бухоро филиали қурилиши борасида ҳам зарур тавсиялар берилди.

Албатта, тиббиёт соҳасида замонавий технологиялар, асбоб-ускуналар муҳим ўрин тутади. Бироқ, соҳада малакали кадр­лар тайёрлаш масаласи изчил йўлга қўйилмаса, бундан ҳеч қандай фойда йўқ. Президентимизнинг Бухоро давлат тиббиёт институтининг янги ўқув биноси ва клиникаси қурилиши лойиҳаси билан танишиши бу борадаги муаммолар тез орада бартараф этилишини кўрсатади.

Бугунги кунда мамлакатимиз раҳбари ташаббуси билан Бухоро давлат тиббиёт ин­с­титути учун 900 ўринга мўлжалланган янги ўқув биноси, 200 ўринли таркибий-функционал бўлимлардан ташкил топган клиника қурилиши режалаштирилмоқда.

Ҳозирда қишлоқ врачлик пунктлари фао­лиятини такомиллаштириш бўйича зиммамизга муҳим вазифалар юклатилмоқда. Учрашувларда ҳам бу масалага алоҳида эътибор қаратилди. Шундан келиб чиққан ҳолда, зарур чора-тадбирларни кўраяпмиз. Буларнинг барчаси аҳолига муносиб тиббий хизмат кўрсатиш тизимини янги босқичга олиб чиқади.

 

Умар ЖАЛОЛОВ, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди Бухоро шаҳар бўлими раиси, халқ депутатлари шаҳар Кенгашидаги Ўзбекистон ХДП гуруҳи аъзоси:

— Мамлакатимиз раҳбарининг Бухоро вилоятига ташрифи одамларимизнинг кайфиятини янада кўтариб юборди. Чунки ҳаётимиздаги том маънодаги янгиланиш ва ўзгаришлар хал­қимизга маъқул ва манзур бўлмоқда.

Биринчи Президентимиз хотирасини абадийлаштириш мақсадида Бухоро шаҳридаги марказий кўчалардан бирига Ислом Каримов номи берилиши барчанинг кўнглидаги иш бўлди. Ушбу кўча қиёфасини ўзгартириш, унинг икки томонида замонавий бинолар барпо этиш бўйича 3 йилга мўлжалланган лойиҳанинг ишлаб чиқилиши шаҳарнинг янада замонавий ва кўркам қиёфа касб этишида муҳим ўрин тутади.

Президентимиз ташрифи давомида Бухоро шаҳрининг Ғиждувон, Баҳовуддин Нақш­банд, Ибн Сино, Навоий кўчаларида 57 та кўп қаватли уй қурилиши таъкидланди. 2017-2021 йилларда барпо этиладиган бу турар-жойлар аҳолини арзон ва замонавий уйлар билан таъминлаш, турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилади.

Давлатимиз раҳбари вилоят фаоллари билан бўлган учрашувда аҳолининг арзон уй-жойларга бўлган талабини тўлиқ қондириш зарурлигини таъкидлади. Хусусан, Бухоро шаҳрида 2017 йилда 253 та арзон уй-жойлар қурилиши кўзда тутилган.

Бугунги кунда шаҳарда 65 та маҳалла фуқаролар йиғини фао­лият кўрсатмоқда. Учрашув давомида жиноятчиликка қарши кураш, бу борада маҳалла фуқаролар йиғини ҳамда профилактика инспекторларининг ҳамкорлигини янада кучайтириш, оилалар билан суҳбатлар олиб бориш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Ёшлар тарбиясида маҳалланинг ўрнини ошириш зарурлиги қайд этилди.

Ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштириш, аҳолини тадбиркорлик ва ҳунармандчиликка жалб этиш бўйича зарур тавсиялар берилди. Бу борада тижорат банклари билан ҳамкорликни ривожлантириш борасида ҳам амалий қадамлар қўйилди.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Нурали ОРИПОВ

ёзиб олди. 


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: