14.03.2017

ҲАРАКАТЛАР СТРАТЕГИЯСИ АСОСИДА

тиббий хизмат сифати яхшиланмоқда

Барча соҳадаги ислоҳотларни чуқурлаштиришда, тараққиётимизни янги босқичга кўтаришда мамлакатимизни 2017-2021 йилларда янада ривожлантиришга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегияси беқиёс аҳамият касб этади. Бу муҳим ҳужжат давлатимизни барқарор ривожлантириш бўйича мутлақо янгича стратегик ёндашув ва тамойилларни амалга оширишни кўзда тутади.

Ҳаракатлар стратегиясининг тўртинчи йўналишида аҳоли бандлигини таъминлаш, ижтимоий ҳимоя ва соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация тармоқлари ҳамда инфратузилмани ривожлантириш масалалари бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланган.

Ушбу кенг қамровли дастурда белгиланган вазифалар барчага бирдек манзур бўлди. Жумладан, мамлакатимиздаги 78 туман тиббиёт бирлашмаси, 7 шаҳар ва 2 вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказларининг қайта қурилиши, тез тиббий ёрдам хизмати 1200 махсус автотранспорт билан таъминланиши мамлакатимизда инсон манфаатлари олий мезон, деб қаралаётганидан далолатдир.

Ҳаракатлар стратегияси ҳамда «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» Давлат дастури асосида ҳар бир ҳудудда муайян ишлар амалга оширилмоқда. Туманимизда кўп тармоқли марказий поликлиника, унинг 7 бўлими ва 19 қишлоқ врачлик пункти мавжуд. Марказий поликлиника Давлат дастурига киритилган ва бу ерда 4,8 миллиард сўмлик реконструкция ишлари жадал олиб борилмоқда. Қишлоқ врачлик пункт­ларини оптималлаштириш ҳисобига Дардоқ ва Қўштепа қишлоқларида 1 тадан оилавий поликлиника ташкил этиш юзасидан тегишли ишлар бошлаб юборилди.

Бу оилавий поликлиникаларда аёллар маслаҳатхонаси билан бирга, гинеколог, стоматолог, болалар врачи, терапевт ва умумий амалиёт шифокорлари хизмат кўрсатади. Улар, шунингдек, рацияли тиббиёт автомобиллари ва тунги нав­батчи ходимлар билан таъминланади.

Оилавий поликлиниканинг врач ва патронаж ҳамширалари уйма-уй юриб, аҳоли саломатлигини сақлаш ишига сафарбар қилинади. Патронаж ҳамшираларининг меҳнатини баҳолаш тизими йўлга қўйилиб, яхши кўрсаткичга эга бўлганларнинг ойлик маошига 20 фоиз устама қўшиб бериш амалиёти жорий этилади.

Депутатлик фаолияти ва хизмат тақозоси билан ҳудудларда бўлганимизда, аҳоли тиббий хизмат соҳасида катта ўзгаришлар кутаётгани ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилар эди. Чунки туманимизда ўтган йили берилган 1 дона реанимобилдан ташқари барча техника воситалари анча эскириб қолганди. Ҳаракатлар стратегиясида бу соҳага ҳам алоҳида эътибор қаратилгани айни муддао бўлди, деб ўйлайман.

 

Неъматилло ИСМОИЛОВ,

халқ депутатлари Қўрғонтепа туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси.



DB query error.
Please try later.