25.02.2017

ХАЛҚ БИЛАН МУЛОҚОТ

одамларнинг дардига дармон бўлмоқда, қадр-қимматини жойига қўймоқда, давлатга ишончини мустаҳкамламоқда

Ҳар қандай таклиф, ташаббус, бошқача айтганда, ғоя ҳаётий бўл­гандагина уни одамлар қабул қилади, қўллаб-қувватлайди. 2017 йил — Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, деб эълон қилиниши жамоатчилик томонидан катта мамнуният билан кутиб олингани ҳам жамиятда бунга эҳтиёж бўлганини билдиради.

Буни Президент Шавкат ­Мирзиёев шундай изоҳлади: «Биз ке­йинги пайтда одамлар билан мулоқот қилишни унутиб қўй­дик. Уларнинг ичига кириб, очиқ ва самимий гаплашиш, дардини эшитиш бизнинг фаолиятимизда, афсуски, охирги ўринга тушиб қолди».

Бундай хулосага келиниши сабабини Ўзбекистон Республикаси Президенти виртуал қабулхонасига қисқа тўрт ой орасида 400 минг­дан ортиқ мурожаат тушгани, Президент сайлови олдидан ўтказилган учрашувларда берилган саволлар билан боғлаб, чегаралансак, ярим ҳақиқатни айтган бўламиз. Ҳақиқатнинг иккинчи томони шундаки, катта ҳаётий тажрибага эга, одамлар иссиқ-совуғидан яхши хабардор, уларнинг дардини юрагидан ўтказган раҳбаргина бундай нозик ва ўткир муаммоларни тан олиши, очиқ айтиши мумкин.

Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари ҳимоясига қаратилган бундай дадил қарор Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳбарлигида инсон ҳақ-ҳуқуқини таъминлаш йўлида олиб борилган улуғ ишлар қатъийлик билан давом эттирилаётганини ҳам билдиради.

Бугун одамлар жойларда депутату сенаторлар, давлат идоралари раҳбарлари билан ўтказилаётган мулоқотлардан ўз саволларига жавоб топилаётгани, муаммолари тезкор ҳал бўлаётганидан мамнунлик изҳор этишмоқда. Бу мулоқотларни ўзларига кўрсатилган катта эътибор ва ғамхўрлик тимсоли сифатида қабул қилишмоқда.

Дарҳақиқат, «мулоқот» сўзи арабча бўлиб, учрашиш, суҳбатлашиш маъносини билдиради. Кимдир кимнидир йўқлаб келиб, ­учрашса — бу аввало эътибор, ҳурмат. Давлат идоралари вакиллари, раҳбарлари одамлар билан учрашса, мулоқот қилса — бу фуқаро ҳуқуқи, эркинлиги, шаънини ҳимоя қилиш, муаммоларини ҳал этиш дегани, инсонни қадрлаш дегани. Мулоқотлардан мақсад ҳам одамларни ташвишга солаётган муаммоларни ўрганиш, ечиш, яъни инсон манфаатини таъминлаш.

Бироқ шу ўринда савол туғилади: Инсон манфаатини таъминлаш қамрови қаердан бошланиб, қаерда тугайди? Унинг чегараси борми? Бу саволга жавоб битта: Инсоннинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни ва қадр-қиммати билан боғлиқ нимаики бўлса, ҳаммаси инсон манфаати ҳисобланади. Конституциямизда белгиланган барча тамо­йиллар ижроси инсон манфаатларига хизмат қилади. Демак, инсон манфаати деганда, аввало, инсонни қадрлаш, унинг ҳурмат-иззатини жойига қўйиш, муносиб яшаши учун шароит яратиб бериш тушунилади. Ҳеч ким муте бўлмасин, турли идоралар эшиклари олдида ранги сарғайиб юрмасин, ўз ташвиши билан ўзи ёлғиз қолмасин. Инсон бўлиб туғилган инсон инсондек яшасин.

Шу ўринда ойлаб, йиллаб адолат излаб сарсон-саргардон бўлиб юрган одамнинг руҳий ҳолатини, тортган азобларини тасаввур қилиб кўрайлик... Кеча-ю кундуз хаёлини банд этиб, асабини кемириб келган муаммоси ҳал этилган кишининг елкасидан тоғ ағдарилади, кўнгли обод, руҳияти озод бўлади, ғайрати ошади, ишида унум бўлади. Энди у югур-югурга кетган вақтини, кучини, ақлини касби-корига сарфлайди, катта орзу-ҳавас, ташаббус билан меҳнат қилади, жамиятга, давлатга фойдаси кўпроқ тегади, ҳаётдан рози бўлиб яшайди. Гап минг-минглаб одамлар ҳақида кетаётганини ҳисобга олиб фикрласак, халқ билан мулоқотлар фуқароларга, жамиятга, давлатга беҳисоб фойда келтиришига иқрор бўламиз.

Бугун ўзаро суҳбатларда, матбуотда ҳам «Энди халқнинг орасига кириб боришимиз керак», деган даъват тез-тез айтилмоқда. Бу эзгу мақсад, албатта. Аммо халқ орасига кириб бориш нимадан иборат бўлади, тартиби қанақа?

Президент бу ҳақда ҳам кенг тушунча берди. Мулоқот дегани жойларда одамларни тўплаб, мажлисбозлик қилиш билан белгиланмайди. Энг аввало, чекка қишлоқларгача, шу пайтгача туман ёки вилоят раҳбарлари қадами етмаган ҳудудларгача кириб бориш вазифаси қўйилмоқда. Иккинчидан, «Одамлар билан уларнинг тилида гаплашиш керак», деб уқтирилмоқда. Яъни, осмондан келмай, пастга тушиб, ғўддаймай, очиқ чеҳра билан, меҳр билан, самимий гаплашиш зарурлиги айтилмоқда. Президентимиз одамлар дардини эшитиш, муаммоларини ўрганиш механизмини кўрсатиб бериш баробарида уларга ечим топишнинг янги йўлларини ҳам таклиф этди.

Эътибор беринг, ҳар бир ҳудудда одамлар манфаатини ҳимоя қилиш масаласига ҳоким, прокурор ва ички ишлар бўлими бошлиғи бевосита масъуллиги таъкидланмоқда. Бу кўрсатма жамоатчилик томонидан катта миннатдорлик билан кутиб олинди. Энди масала бутунлай бошқача қўйилмоқда: одамлар давлат идоралари эшиклари олдида сарғайиб ўтиришига йўл қўйилмайди, балки мансабдор шахслар одамларнинг ҳузурига бориши, уларнинг ҳолидан хабар олиши, дардини эшитиши керак бўлади. Бундан буёғига юзакичилик, расмиятчилик, кўзбўямачилик, қоғозбозлик каби иллатларга қарши муросасиз кураш бошланади. Энди раҳбарлар фаолиятига қоғоздан-қоғозга, ҳисоботдан-ҳисоботларга кўчиб юрадиган рақамлар, маълумотларга қараб эмас, халқ манфаати йўлида нима ишлар қилаётганига қараб, жамоат­чиликнинг фикрига қараб уларнинг фаолиятига баҳо берилади.

Халқ билан мулоқот масаласи фақат депутатлар, раҳбар шахслар ёки давлат идоралари вакилларигагина дахлдор вазифа эмас, албатта. Бу масалада жамоат ташкилотлари, айниқса, сиёсий партиялар, депутатлар зиммасига катта вазифалар юкланади. Илгаригидек силлиқ учрашувлар ўтказиб, ҳисобот ёзишни энди замон кўтармаслигини депутатлар ҳам англаб етмоқда. Депутатмисан, вазифангни чин юракдан бажар, эътиқод, масъулият билан бажар, деган талаб қўйилмоқда. Депутатни халқ сайлаган, у халқ вакили, у ўзига ишонч билдирган сайловчиларнинг чинакам хизматкори бўлмоғи лозим. Аксарият муаммоларни биринчи бўлиб депутат билмоғи, ўрганмоғи, уларнинг ечими бўйича давлат идоралари олдига таклиф ва талаблар қўймоғи лозимлиги айтилмоқда. Қонунлар қачон пишиқ-пухта, ҳаётий бўлади? Қачонки депутатлар ҳаёт ҳа­қиқатларини яхши билса, виждони қийналса... Йил-ўн икки ой хонада ўтириб, ҳар замонда бир айланиб, ҳисобот учун учрашув ўтказиб келиш мутлақо яроқсиз тажриба бўлганини бугун кўпчилик тан олаяпти. Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциямиз аъзолари ҳам буни таъкидлашмоқда.

— Илгари эллик-юз нафар одамни бир жойга тўплаб беришарди. Биз маъруза қилардик, бир-икки савол ёки таклифни эшитиб, учрашув яхши ўтди, деган кайфият билан қайтардик, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Турсунпўлат Норбоев. — Энди маҳаллама-маҳалла, қишлоқма-қишлоқ, уйма-уй юриб, жойларда муаммолар қанчалик тўпланиб қолганига иқрор бўлаяпмиз. Тўғриси, Президентимиз бу талабни бекорга қўймаганини учрашувлар пайтида чуқурроқ англадик.

— Муаммолар бугун пайдо бўлгани йўқ. Йиллар давомида тўпланиб келган. Аммо биз уларга энди чинакамига эътибор қаратаяпмиз, — дейди халқ депутатлари Фарғона вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи аъзоси, «Нуроний» жамғармаси вилоят бўлими раиси ­Топволди Холдоров. — Тўғриси, биз депутат сифатида энди уйғондик, десам муболаға бўлмайди. Ҳар бир ҳудудда ютуқлар билан бирга ўзига яраша муаммолар борлигини, одамлар бундай мулоқотларга муҳтожлигини ўз кўзимиз билан кўрдик...

Одамлар билан мулоқот масаласи журналистлар, ёзувчи ва ижодкорларимизга ҳам бевосита дахлдор. Биз нима деяпмизу, одамлар нима деяпти? Ҳаёт ҳақиқатларини қай даражада ёритаяпмиз? Бизнинг гапларимизга одамлар ишонаяптими, айтганларимиз уларга қанчалик таъсир қилаяпти?.. Бу саволлар бугуннинг саволлари, ўткир саволлар, хулосалар сўраётган саволлар...

Ҳаёт ўзгариб бораверади, кечаги катта янгиликлар бугун оддий воқеаларга айланиб қолаверади. Инсон янада улкан марраларни кўзлаб интилаверади. Ҳар бир кун — янги кун. Унинг ўз вазифалари, талаблари бўлади. Бунга мослашолмаган одам ютқазади. Бугун ҳаёт илгари сураётган вазифалар масъулиятни, ғайратни, жавобгарликни икки баробар, эҳтимол, уч баробар оширишни талаб этмоқда. Қайси даражадаги раҳбар бўлишидан қатъи назар, энди сидқидилдан ишлашига, халққа хизмат қилишига тўғри келади. Билган одам учун аслида бу — катта шараф. Муқаддас китоб­ларда қайд этилишича, раҳбарлар одамларни бахт-саодатга етаклайдиган кишилардир. Улар шу тариқа элнинг дуосини олади, ўзидан яхши из қолдиради.

Бу имкон, бу бахт ҳаммага ҳам насиб этавермайди.

 

Сафар ОСТОНОВ,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: