25.02.2017

ЙЎЛ ХЎЖАЛИГИНИ БОШҚАРИШ ТИЗИМИ ТУБДАН ТАКОМИЛЛАШТИРИЛМОҚДА

Аҳад АҲМЕДОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси аъзоси, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Мамлакат тараққиётида йўл хўжалиги, ушбу тизим самарали фаолият кўрсатиши муҳим ўрин тутади. Бу борада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, рўёбга чиқарилаётган кўплаб лойиҳалар натижасида ҳудудларда замонавий объектлар қад ростламоқда, йўл-транспорт инфратузилмаси ривожланмоқда.

Президентимизнинг жорий йил 14 февралдаги «Йўл хўжалигини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ушбу йўналишдаги ишларни янада кенгайтириш, соҳага ёндашувни тубдан ўзгартиришга хизмат қилиши билан ниҳоятда аҳамиятлидир.

Бинобарин, фармонда юртимизда автомобиль йўллари тармоғини янада ривожлантириш, соҳадаги муаммоларни бартараф этиш бўйича аниқ ва самарали чора-тадбирлар назарда тутилган. Чунончи, Автомобиль йўллари қуриш ва фойдаланиш давлат-акциядорлик компанияси тугатилиб, унинг негизида Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси ташкил этилди. Бу, ўз навбатида, автомобиль йўллари соҳасида ягона сиёсатни олиб бориш, тараққиётнинг шиддаткор даврида халқ­аро транзит йўлакларини шакллантириш, автомобиль йўлларини бугунги кун талабидан келиб чиқиб лойиҳалаштириш, қуриш ва таъмирлаш, хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўллари, шунингдек, кўчаларнинг сифатини тубдан яхшилаш имконини беради.

Ушбу ҳужжатда илмий тадқиқот ишларини ташкил этиш, автомобиль йўлларини ло­йиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва сақлаш соҳасида инновацион технологиялар ва замонавий стандартларни жорий этиш қўмитанинг асосий вазифаси этиб белгиланди. Албатта, бу келажакда автомобиль йўлларининг сифати ва самарадорлигини янада ошириш, уларни лойиҳалаштиришда илмий ёндашувларни амалиётга изчил жорий этиш, пировардида халқаро стандартлар даражасидаги транспорт инфратузилмасини шакллантиришга хизмат қилади.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Йўл-қурилиш ишларининг сифати устидан назорат олиб борадиган Давлат инспекцияси ташкил этилиши эътиборлидир. Бу йўл қурилиши ишларида, унда фойдаланиладиган материалларни ишлаб чиқариш жараёнларининг мукаммаллигини таъминлашда долзарб аҳамият касб этади.

Яна бир эътиборли жиҳати, Молия ­вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жам­ғармаси Вазирлар Маҳкамасига бўйсундирилди. Унинг асосий вазифаси Республика йўл жамғармаси маблағлари тушуми ва сарф-харажатлари йиллик балансини шакллантириш, деб белгиланди. Бу мамлакатимизда йўл қурилиши билан боғлиқ барча лойиҳаларни ўз вақтида молиялаштириш ва амалга ошириш имконини беради.

Фармон ижросини таъминлаш, соҳага оид қонунчилик базасини такомиллаштириш ҳамда унинг бажарилиши устидан парламент назоратини амалга ошириш биз, депутатлар зиммасига катта масъулият юклайди. Чунончи, автойўл соҳасидаги фаолиятни тан­қидий таҳлил қилиш, бу борадаги ишларни қонунчилик ижроси нуқтаи назаридан ўрганиш мақсадида парламент сўровларини юбориш, соҳага бевосита тааллуқли бўлган қонунларни назорат-таҳлил тартибида ўрганиш масалаларида парламент ваколатларидан кенг фойдаланишимиз мақсадга мувофиқдир. Зеро, ушбу вазифаларнинг бажарилиши иқтисодиёт ривожига, шаҳар ва қишлоқларимизни янада обод қилишга, аҳоли фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилади.



DB query error.
Please try later.