Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Mart 2017   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
27 28 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31 1 2
23.02.2017

АНИҚ ВА АМАЛИЙ НАТИЖА УЧУН ИШЛАШИМИЗ КЕРАК

Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши Ижроия қўмитасининг кенгайтирилган йиғилишида Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишда партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари олдида турган устувор вазифалар белгилаб олинди. Бу жараёнда Ҳаракатлар стратегиясининг тўртинчи устувор йўналиши — ижтимоий соҳани ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Мухбирларимиз йиғилиш қатнашчилари билан Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар ҳамда уларнинг аҳамияти ҳақида суҳбатлашди.

 

Акмал УМАРАЛИЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

— Мамлакатимиз тараққиёти, халқимизнинг эртанги куни билан боғлиқ Ҳаракатлар стратегиясида келгуси 5 йилга мўлжалланган устувор йўналишлар белгилаб берилди, Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили бўйича Давлат дастури тасдиқланди. Унда давлат ҳокимияти тизимида Олий Мажлиснинг ролини кучайтириш, қонун ижодкорлиги сифатини тубдан яхшилаш, сиёсий партиялар ролини, нуфузини ошириш бўйича ҳаётий ғоялар илгари сурилди.

Дастурда миллий қонунчилигимизни такомиллаштириш, 20 дан ортиқ қонун ва меъёрий ҳужжатлар лойиҳасини ишлаб чиқиш назарда тутилган. Хусусан, «Парламент назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги, «Сиёсий партиялар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тўғрисида» ва «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида»ги конституциявий қонунларга ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг Регламентига қўшимчалар киритиш белгиланган.

Тегишли қонун лойиҳаларининг ишлаб чиқилиб, қабул қилиниши мамлакатимизда парламент назоратининг янги шаклларини жорий этишга шароит яратади, парламент аъзоларига маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини ўрганиб, таҳлил қилиш, унинг натижалари бўйича аниқ хулосалар чиқариш ваколатини беради. Шунингдек, ўзгартириш ва қўшимчалар халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг маҳаллий ижро ҳокимияти органлари фаолияти устидан назоратини кучайтиришга хизмат қилади. Натижада партия гуруҳлари маҳаллий Кенгашлар сессияларида ижтимоий-иқтисодий ривожланиш масалаларини кўриб чиқиш, маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари мансабдор шахсларининг ҳисоботларини эшитиш ҳақидаги таклифларини амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлади.

 

Ғуломжон САПАЕВ, Ўзбекистон ХДП Хоразм вилоят кенгаши раиси вазифасини бажарувчи:

— Ҳаракатлар стратегиясида янги иш ўринлари яратиш, аҳоли, энг аввало, таълим муассасалари битирувчиларининг бандлигини таъминлаш, меҳнат бозори инфратузилмасини изчил ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор берилган. Буларнинг барчаси мамлакатимизда ишсизлик даражасини қисқартиришда долзарб аҳамиятга эга масалалар ҳисобланади.

Тўғри, бугунги кунга қадар ҳам аҳолини иш билан таъминлаш бўйича дастурлар қабул қилиниб, муайян ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Бироқ замон олдимизга қўяётган талаблар бу борадаги ишларимизни янада кучайтириш зарурлигини кўрсатмоқда.

Шундай экан, бандликни таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш, коллеж битирувчиларини ўз мутахассисликлари бўйича ишга жойлаштириш жараёнларида олий ва маҳаллий вакиллик органларидаги депутатлик бирлашмалари фаол иштирок этишлари зарур.

Бу масалада, айниқса, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партиямиз гуруҳлари ташаббускор бўлиши талаб этилади. Айниқса, сессия қарорлари ижроси юзасидан депутатлик назоратини кучайтириш ҳамон долзарб вазифа бўлиб қолмоқда.

 

Эргашали АБДУЛЛАЕВ, Ўзбекистон ХДП Наманган вилоят кенгаши раиси ўринбосари:

— Ҳаракатлар стратегиясида ёшлар масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Ўтган давр­да юртимизда узлуксиз таълим тизими яратилди. Бугун эса бу тизимни янада такомиллаштириш, замон талаблари даражасига кўтариш тақозо этилмоқда. Сифатли таълим хизматлари имкониятларини ошириш, меҳнат бозори эҳтиёжларига мувофиқ юқори малакали кадрлар тайёрлаш принципиал аҳамиятга эгадир. Шунинг учун таълим муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш, замонавий ўқув ва лаборатория ускуналари, компьютер техникаси, ўқув-методик қўлланмалар билан таъминлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланмоқда.

Таълим муассасаларига қатнаш имкониятига эга бўлмаган ногирон болалар учун инклюзив таълимнинг ривожлантирилиши, замонавий касб-ҳунар марказлари ташкил этилиши партиямиз дастурий мақсадларига ҳар томонлама мувофиқдир.

 

Нилуфар ЙЎЛДОШЕВА, Ўзбекистон ХДП Тошкент шаҳар кенгаши раиси ўринбосари:

— Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили Давлат дас­турида ёлғиз кексалар, пенсионер ва ногиронларнинг турмуш даражаси ва сифатини ошириш масалалари алоҳида белгилаб қўйилган. Партиямиз дастурида ҳам бу борада бир қатор вазифалар белгиланган. Демак, биз уларнинг ижросини таъминлашда янада фаол бўлишимиз зарур. Учрашувларда пенсионерлар билан очиқ, самимий мулоқот қилиб, уларнинг ҳаётий муаммоларини ҳал этишга кўмаклашишимиз талаб этилади. Зеро, кексалар бахт­ли бўлса, оила ҳам, жамият ҳам бахтиёр бўлади.

Дастурда кўмакка муҳтож кексалар, имконияти чекланган шахс­лар билан бир қаторда, «Мурувват», «Саховат» уйларида яшовчилар ҳолидан мунтазам хабар олиш тизимини такомиллаштириш, юртимиздаги тарихий обидалар, зиёратгоҳлар ва муқаддас қадамжоларга бепул саёҳатлар уюштириш масалалари ҳам назарда тутилди.

Бу вазифалар зиммамизга катта масъулият юклайди. Ҳар бир партия ташкилоти ўз ҳудудида ёрдамга муҳтож кишилар, ногиронлар тўғрисидаги аниқ маълумотга эга бўлиши, маҳалла институтлари билан ҳамкорликда уларнинг манфаатлари ҳимоясини кучайтириши лозим.

 

«Ўзбекистон овози» мухбирлари

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

Тоштемир ҲУДОЙҚУЛОВ,

Шаҳбоз САИДОВ

ёзиб олди.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: