Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Noyabr 2020   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 31 1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30 1 2 3 4 5 6
21.10.2020

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони

Ўзбек тилининг халқимиз ижтимоий ҳаётида ва халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини тубдан ошириш, униб-ўсиб келаётган ёшларимизни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларга садоқат руҳида тарбиялаш, мамлакатимизда давлат тилини тўлақонли жорий этишни таъминлаш, Ўзбекистондаги миллат ва элатларнинг тилларини сақлаш
ва ривожлантириш, давлат тили сифатида ўзбек тилини ўрганиш учун шарт-шароитлар яратиш, ўзбек тили ва тил сиёсатини ривожлантиришнинг стратегик мақсадлари, устувор йўналиш ва вазифаларини ҳамда истиқболдаги босқичларини белгилаш мақсадида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 21 октябрдаги “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5850-сон Фармонига мувофиқ:

1. Қуйидагилар:

а) 2020-2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепцияси (кейинги ўринларда – Концепция) 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин ва унда қуйидагилар назарда тутилсин:

мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётининг барча соҳаларида давлат тили имкониятларидан тўлиқ ва тўғри фойдаланишга эришиш;

таълим ташкилотларида давлат тилини ўқитиш тизимини янада такомиллаштириш, унинг илм-фан тили сифатидаги нуфузини ошириш;

давлат тилининг софлигини сақлаш, уни бойитиб бориш ва аҳолининг нутқ маданиятини ошириш;

давлат тилининг замонавий ахборот технологиялари ва коммуникацияларига фаол интеграциялашувини таъминлаш;

давлат тилининг халқаро миқёсдаги ўрни ва нуфузини ошириш, бу борада хорижий ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш;

мамлакатимизда истиқомат қиладиган барча миллат ва элатлар тилларини ривожлантириш мақсадида кенг ва тенг имкониятлар ҳамда уларга давлат тилини ўрганиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш;

б) 2020-2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепциясини 2020-2022 йилларда амалга ошириш дастури (кейинги ўринларда – Дастур) 2-иловага мувофиқ;

в) 2020-2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари (кейинги ўринларда – Асосий йўналишлар) 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Белгилансинки, Асосий йўналишлар қуйидагиларни назарда тутади:

а) таълим ташкилотларида давлат тилини ўқитиш тизимини янада такомиллаштириш, унинг илм-фан тили сифатидаги нуфузини ошириш соҳасида:

2025 йилга қадар давлат мактабгача таълим тизимида амалдаги мактабгача таълим муассасаларининг ҳудудларини кенгайтириш ёки янги қуриладиган муассасалар ҳисобига ўзбек тилли гуруҳлар қамровини 72 фоизга, 2030 йилгача эса 80 фоизга етказиш;

2030 йилга қадар умумтаълим мактабларида ўқув йиллари учун таянч ўқув режаларида ўзбек тили фанини ўқитиш кўламини амалдаги ҳафтада 84 соатдан 110 соатгача ошириш;

олий таълим муассасаларида ўзбек тили кафедралари сонини 2025 йилга қадар 120 тага, 2030 йилгача эса 140 тага етказиш;

б) давлат тилининг софлигини сақлаш, уни бойитиб бориш ва аҳолининг нутқ маданиятини ошириш соҳасида:

лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида “Ўзбекистон миллий қомуси” жилдларини нашр этишни босқичма-босқич кўпайтириб бориш;

2020 йилда ўзбек тилининг луғат бойлигини оширувчи 15 та лингвистик, соҳавий-терминологик, изоҳли луғатлар яратиш;

телерадиоканаллар сухандон-бошловчиларининг ўзбек адабий тилидаги нутқ маданиятини оширувчи қайта тайёрлов курсларида ўқитиш тизимини жорий этиш ва қамровни 2030 йилгача 100 фоизга етказиш;

в) давлат тилининг замонавий ахборот технологиялари ва коммуникацияларига интеграциялашувини таъминлаш соҳасида:

2025 йилга қадар давлат тилида соҳавий иш юритиш ҳужжатларининг ягона электрон намуналарини ишлаб чиқиш ва улардан фойдаланиш учун 14 та онлайн дастур ишлаб чиқиш, 2030 йилгача эса ушбу кўрсаткични 25 тага етказиш;

дастурий маҳсулотларнинг ўзбекча иловалари ва электрон луғат дастурларини яратиш;

хорижликлар учун ўзбек тилини ўргатувчи дастурлар яратиш;

г) давлат тилининг халқаро миқёсдаги ўрни ва нуфузини ошириш, бу борада хорижий ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш соҳасида:

2030 йилга қадар хорижий олий таълим муассасаларида ўзбек тилини ўргатувчи марказлар сонини амалдаги 17 тадан 60 тагача кўпайтириш;

2025 йилга қадар “Ўзбек тилининг дўстлари” клублари сонини 30 тага, 2030 йилгача эса 40 тага етказиш;

хорижий олий таълим муассасаларида ўзбек тили курсларини зарур илмий, ўқув-услубий, бадиий адабиётлар билан таъминлаш, ўзбек тилини ўргатишга доир илмий тадқиқотлар миқдорини ошириш.

3. Вазирлар Маҳкамаси (А.Н.Арипов) уч ой муддатда лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига тўлиқ ўтишни таъминлаш мақсадида ишчи гуруҳини ташкил қилсин ва аниқ чора-тадбирлар ҳамда уларни молиялаштириш манбалари ва ҳажмларини назарда тутувчи “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритсин.

4. Белгилаб қўйилсинки:

2021 йил 1 апрелдан бошлаб ўзбек тили ва адабиёти бўйича билимни баҳолашнинг миллий тест тизими асосида раҳбар кадрларнинг давлат тилида расмий иш юритиш даражаси аниқланади ҳамда масъул лавозимларга тайинланадиган шахслар учун давлат тилини билиш бўйича даража сертификатлари жорий этилади;

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш марказида ўзбек адабий тили меъёрлари ва давлат тилида иш юритиш бўйича қисқа муддатли (1-2 ойгача) ўқув курслари мунтазам равишда ташкил этилади.

Давлат тест маркази, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда мазкур банднинг иккинчи хатбошисида назарда тутилган чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадида Ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

5. Фанлар академияси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзбек тилидаги мавжуд луғатлар асосида узлуксиз таълимнинг барча турлари учун қуйидаги ўқув луғатларини яратиш чораларини кўрсин, шу жумладан:

кўп жилдли “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”нинг тўлдирилган янги нашри (кирилл ва лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида);

“Ўзбек тилининг имло луғати”;

“Ўзбек тили синонимлари луғати”;

“Ўзбек тили синонимларининг катта изоҳли луғати”;

“Ўзбек тили фразеологизмларининг катта изоҳли луғати”;

“Ўзбек тили омонимлари луғати”.

Мазкур бандда кўрсатилган чора-тадбирларни молиялаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси маблағлари йўналтирилсин.

6. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги:

олий таълим муассасаларининг филология таълим йўналишларида “Компьютер лингвистикаси”, “Амалий филология” йўналишларини ташкил қилсин;

Ташқи ишлар вазирлиги, Фанлар академияси билан биргаликда хорижий олий таълим муассасаларида ўзбек тили марказлари фаолиятини йўлга қўйсин;

ўзбек тилига оид барча илмий, назарий ва амалий маълумотларни ўзида жамлаган электрон кўринишдаги ўзбек тили миллий корпусини яратиш чораларини кўрсин;

Халқ таълими вазирлиги, Фанлар академияси, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ҳар йили 1 декабрга қадар Дастурда ва Асосий йўналишларда белгиланган топшириқлар юзасидан амалга оширилган ишларни пухта таҳлил қилиш асосида Вазирлар Маҳкамасига маълумот киритиб борсин.

7. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги:

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги билан биргаликда ўзбек тилидан жаҳоннинг етакчи хорижий тилларига ва хорижий тиллардан ўзбек тилига таржима қилувчи компьютер дастурини Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан яратиш чораларини кўрсин;

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси билан биргаликда тизимдаги ахборот-таҳлилий, маънавий-маърифий ва маданий-гуманитар телеканалларини хорижий давлатларда телерадиокомпаниянинг ОТТ платформасини (Интернет тармоғи орқали теледастурларни намойиш этиш тизими) Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан ишга тушириш ва бошқа замонавий информацион технологиялардан фойдаланган ҳолда намойиш этилишини таъминласин.

8. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ташқи ишлар вазирлиги, Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасининг “O‘zbekiston” телеканалида юртимиз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналарини тарғиб қилувчи, мамлакатимизга оид ахборот-таҳлилий, маънавий-маърифий, маданий-гуманитар билим доирасини кенгайтиришга хизмат қилувчи ва интеллектуал ҳамда бошқа маълумотларни хорижий тилларда (Ўзбекистонда истиқомат қилаётган турли миллатлар тилида) ёритадиган “Do‘stlik” ахборот-маърифий дастурлар таҳририятини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

Белгилаб қўйилсинки, “Do‘stlik” ахборот-маърифий дастурлар таҳририяти Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясига ажратилаётган бюджет маблағлари ва қуйи ташкилотларнинг мавжуд штат бирликлари доирасида ташкил этилади.

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси манфаатдор ташкилотларни жалб қилган ҳолда 2021 йил 1 январдан бошлаб марказий телеканалларда “Тилга эътибор”, “Она тилида сўзлашамиз”, “Нотиқлик маҳорати”, “Тил – миллат кўзгуси”, “Китоб билим манбаи”, “Билимли ёшлар – келажак бунёдкори” каби туркум кўрсатув ва эшиттиришларни ташкил қилиб, мунтазам равишда эфирга узатиб борилишини таъминласин.

9. Мазкур Фармонда назарда тутилган чора-тадбирларни молиялаштириш манбалари этиб Давлат бюджети, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармаси, олий таълим муассасаларининг бюджетдан ташқари маблағлари, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари, халқаро молия ташкилотлари, хорижий давлатлар ва бошқа донорлар кредитлари (қарзлари) ва грантлари, шунингдек, қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар белгилансин.

10. Қуйидагиларга:

Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаментига – Концепция ва Дастурни амалга ошириш ҳамда Асосий йўналишларга эришиш борасида давлат органлари ва ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда мониторинг қилиш;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари, вазирлик, идора ва бошқа ташкилотлар раҳбарларига – Концепция, Дастур ва Асосий йўналишларда назарда тутилган тадбирларнинг ўз вақтида, сифатли ва тўлиқ бажарилиши юзасидан шахсий жавобгарлик юклансин.

11. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

12. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси

          Президенти                                 Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,

2020 йил 20 октябрь


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: