Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
01.10.2018

МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ ТИЗИМИНИ БОШҚАРИШНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Мактабгача таълим тизимини яхлит узлуксиз таълим тизимининг муҳим бўғини сифатида янада такомиллаштириш, мактабгача таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш ҳамда моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, уларни малакали педагог кадрлар билан таъминлаш, болаларни ҳар томонлама интеллектуал, маънавий-эстетик ва жисмоний ривожлантирувчи замонавий таълим дастурлари ва технологияларини таълим-тарбия жараёнига жорий этиш, уларнинг мактабга тайёргарлик даражасини тубдан ошириш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги, Молия вазирлиги ва Иқтисодиёт вазирлигининг Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги (кейинги ўринларда — Вазирлик деб аталади) негизида қуйидагиларни ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин:

а) Ахборот ва педагогика технологиялари инновацион марказини (кейинги ўринларда — Марказ) давлат муассасаси шаклида ташкил этиш ҳамда унга қуйидаги вазифаларни юклаш:

таълим-тарбия жараёнига илғор педагогика ва ахборот технологияларини жорий этиш, Мактабгача таълимни бошқариш ахборот тизимининг жорий этилишини таъминлаш;

таълим-тарбия жараёнида, мактабгача тарбия тизимининг педагог ва раҳбар ходимлари таркибини ўқитиш жараёнида фойдаланиш ҳамда турли телекоммуникация каналлари орқали тарқатиш учун медиа-контент тайёрлаш ва ишлаб чиқариш;

мактабгача таълим муассасалари учун ўқув-методик, дидактик материалларни тайёрлаш ва ишлаб чиқариш;

мактабгача ёшдаги болаларни эрта ривожлантириш бўйича илмий тадқиқотлар ўтказиш;

мактабгача таълимни бошқаришнинг замонавий стандартларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;

мактабгача таълим тизимига жорий этилаётган таълим усуллари ва дастурларини таҳлил қилиш ва самарадорлигини баҳолаш;

б) Ихтисослаштирилган ло­йиҳа-изланиш институтини (ке­йинги ўринларда — Институт) давлат унитар корхонаси шаклида ташкил этиш ҳамда Институтни мактабгача таълим тизими буюртмачилари билан тузилган шартномаларга мувофиқ инвестиция лойиҳалари бўйича, шу жумладан, давлат-хусусий шериклик лойиҳалари бўйича лойиҳаолди ва лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқишда бош лойиҳа ташкилоти сифатида белгилаш;

в) Инфратузилмани ривожлантириш бўйича инжиниринг компаниясини (кейинги ўринларда — Инжиниринг компанияси) давлат унитар корхонаси шаклида ташкил этиш ҳамда Инжиниринг компаниясига мактабгача таълим тизими объектларини қуриш, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш бўйича буюртмачи функ­цияларини юклаш ҳамда компания хизматлари билан боғлиқ харажатларни давлат мактабгача таълим муассасаларини қуриш, капитал таъмирлаш ва реконструкция қилиш қийматига киритиш;

г) юридик шахс ташкил қилмасдан Мактабгача таълимни ривожлантириш жамғармасини (кейинги ўринларда — Жамғарма) ташкил этиш.

Қуйидагилар Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари этиб белгилансин:

Республика бюджети маблағлари, шу жумладан, 2018-2019 йилларга мўлжалланган, ҳар чоракда ажратилиб, ҳар йили бюджет қоидаларига мувофиқ индексацияланадиган жами 100 миллиард сўм миқдорида;

давлат мактабгача таълим муассасаларининг фойдаланилмаётган кўчмас мулкини сотишдан тушган маблағлар — 100 фоиз миқдорида;

Вазирлик тузилмасига кирган ташкилотлар ва муассасалар фаолиятини текшириш натижалари бўйича Вазирлик ички аудит хизматлари томонидан аниқланган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети, мақсадли жамғармалари ва бюджетдан ташқари жамғармалари даромадига ундирилган бюджет маблағларининг ноқонуний харажатлари, ўғирлик, камомад суммаларининг 50 фоизи;

Жамғарманинг вақтинча бўш турган маблағларини жойлаштиришдан олинган даромадлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси норезидентларининг хайрия маблағлари;

халқаро молия ташкилотлари, хорижий давлатлар ва бошқа донорлар кредитлари (қарзи), грантлари ва техник кўмаклашиш маблағлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

Белгилаб қўйилсинки:

а) Жамғарма маблағлари:

мактабгача таълим муассасаларини белгиланган тартибда мақсадли қурилишлар рўйхатига киритиб, уларнинг тармоғини кенгайтиришга;

мактабгача таълим тизими ходимларини моддий рағбатлантиришга;

юқори малакали мутахассислар, шу жумладан, хорижий мутахассисларни, шунингдек, хорижда фаолият юритаётган ватандошларимизни фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар асосида Вазирликка ишлаш учун жалб қилишга;

Вазирликка юклатилган вазифалар ва функцияларни бажариш доирасида давлат органлари ва ташкилотлари, лойиҳа институтлари, илмий ва олий таълим муассасалари, етакчи халқаро ва хорижий ташкилотлар мутахассисларини, шунингдек, экспертларни маслаҳатчилар сифатида жалб қилишга;

Вазирлик ходимларини, жумладан, хорижда ўқитиш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил қилишга;

Вазирлик, Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги, вилоят мактабгача таълим бошқармалари ва Тошкент шаҳар мактабгача таълим бош бош­қармаси, мактабгача таълим туман (шаҳар) бўлимлари ва давлат мактабгача таълим муассасалари биноларини жиҳозлаш ва таъмирлашга;

таълим-тарбия жараёнига илғор педагогика ва ахборот технологияларини жорий этиш, шунингдек, Вазирлик фаолиятини такомиллаштиришга йўналтирилган бошқа тадбирларга сарфланади;

б) Вазирлик Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси билан келишган ҳолда Жамғарма томонидан хорижий давлатлар ва ҳукуматлардан, халқаро ва хорижий ҳукумат ва ноҳукумат ташкилотларидан, чет эллик фуқаролардан беғараз ёрдам олиниши ҳақида қарорлар қабул қилади.

2. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлигининг ташкилий тузилмаси 1-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги марказий аппаратининг янгиланган тузилмаси 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Вазирлик тизими бошқарув ходимларининг чекланган сони 2 324 нафар, шу жумладан, Вазирлик марказий аппарати ходимлари 138 нафар, шунингдек, методистлар 471 нафар этиб белгилансин.

Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим вазирига:

Вазирлик марказий аппаратининг тасдиқланган тузилмасига бошқарув ходимларининг белгиланган умумий сони чегарасида ўзгартиришлар киритиш;

Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги, вилоят мактабгача таълим бошқармалари ва Тошкент шаҳар мактабгача таълим бош бошқармаси, мактабгача таълим туман (шаҳар) бўлимлари, бошқа идоравий мансуб ташкилотларнинг низомлари ва тузилмаларини, шунингдек, уларнинг бошқарув ходимларининг чекланган сонини тасдиқлаш ҳуқуқлари берилсин.

3. Белгилансинки:

а) Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги, вилоят ва Тошкент шаҳар мактабгача таълим бошқармалари, мактабгача таълим туман (шаҳар) бўлимлари раҳбарлари Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим вазири томонидан жойлардаги давлат ҳокимияти органлари билан келишилган ҳолда лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод қилинади;

б) 2019 йил 1 январдан:

мактабгача таълим тизимининг пенсия ёшидаги ходимларига, уларнинг мактабгача таълим тизими муассасаларидаги фаолияти асосий иш жойи бўлган тақдирда пенсия тўлиқ миқдорда тўланади;

мактабгача таълим билан боғлиқ йўналиш бўйича фаолиятга лицензия бериш учун мажбурий лицензиявий талаб мактабгача таълим муассасаси, унинг тарбияланувчилари, педагоглари ва таълим-тарбия жараёни тўғрисидаги ишончли ахборотни Мактабгача таълимни бошқаришнинг ахборот тизимига киритишдир;

нодавлат мактабгача таълим муассасаси лицензиясини тўхтатиш ёки бекор қилиш учун Мактабгача таълимни бошқаришнинг ахборот тизимида мактабгача таълим муассасаси, унинг тарбияланувчилари, педагоглари ва таълим-тарбия жараёни тўғрисидаги ишончли ахборотнинг йўқлиги асос бўлади.

4. 2018-2019 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари дас­тури 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари ушбу Дастурда назарда тутилган тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши учун шахсий жавобгар эканлиги кўрсатилсин.

5. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги:

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳузуридаги Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармасидан Марказга беғаразлик асосида босқичма-босқич 10 миллион АҚШ доллари эквивалентида, шу жумладан, 2018 йилда Марказни жойлаштириш, жиҳозлаш ва сақлаш билан боғлиқ ташкилий-амалий тадбирларни молиялаштириш учун 2 миллион АҚШ доллари эквивалентида маблағ ажратсин;

Вазирлик билан биргаликда белгиланган тартибда мактабгача таълим муассасаларининг Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳузуридаги Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан кенг полосали интернет тармоғидан фойдаланишини таъминласин.

6. Қуйидагилар:

хорижий шериклар билан биргаликда амалга ошириладиган лойиҳалар доирасида илғор педагогик технологиялар ва инновацион ўқитиш усулларини жорий этиш ҳамда мактабгача таълим муассасалари фаолиятини ташкил қилиш, шу жумладан, мактабгача таълим соҳасида корхоналар ташкил қилиш учун олиб кириладиган товарлар;

Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган, Марказ, Инжиниринг компанияси ва Институт томонидан олиб кириладиган махсус техника, ускуналар, шу жумладан, асбоблар, эҳтиёт ва бутловчи қисм­лар, техник ҳужжатлар ва дастурий маҳсулотлар белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича 2022 йилнинг 1 январигача божхона тўловларидан (божхона йиғимларидан ташқари) озод этилсин.

Белгилаб қўйилсинки, юқорида кўрсатилган товарлардан мақсадсиз фойдаланилган тақдирда божхона имтиёзлари берилиши муносабати билан тўланмаган божхона тўловлари суммаси Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети фойдасига ундирилади ҳамда қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда молиявий санкциялар қўлланилади.

7. Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги ва Молия вазирлиги:

2019 йил 1 январдан Тошкент шаҳрининг учта туманида жон бошига норматив молия­лаштиришнинг синов режимида жорий этилишини;

2019 йил 15 июлгача бўлган муддатда синов тариқасидаги жон бошига норматив молиялаштириш натижаларининг батафсил таҳлил қилинишини;

2019 йил 1 августгача бўлган муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ўтказилган таҳлил натижаларини ҳисобга олган ҳолда мактабгача таълим тизимида молиялаштириш механизмини такомиллаштириш бўйича таклифлар киритилишини таъминласин.

8. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, Вазирлик ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан биргаликда 2018 йил 1 ноябргача бўлган муддатда қишлоқ жойларда бир нечта кўп қаватли турар жой уйлари ёки уйлар гуруҳларидан иборат янги мажмуаларни лойиҳалаштириш нормативлари ва тартибини ишлаб чиқсин ҳамда кўп қаватли турар жой уйларининг биринчи қаватларида ёки алоҳида бино кўринишида мактабгача таълим муассасаси бўлишини назарда тутсин.

9. Белгилансинки:

қишлоқ жойларда бир нечта кўп қаватли турар жой уйлари ёки уйлар гуруҳларидан иборат янги қурилаётган мажмуалардаги мактабгача таълим муассасасининг энг кам қуввати 50 ўриндан кам бўлмаслиги керак;

қурилган мактабгача таълим муассасалари бинолари ёки хоналари давлат ёки нодавлат таълим муассасаларини, шу жумладан, давлат-хусусий шериклик асосида, турар жой мулкдорларининг қарорига мувофиқ ташкил қилиш учун фойдаланилиши мумкин;

давлат мактабгача таълим муассасаларини ташкил этиш, қайта ташкил этиш, тугатиш, уларга тегишли ер участкалари ва кўчмас мулкни олиб қўйиш фақат Вазирлик билан келишилган ҳолда амалга оширилади;

давлат мактабгача таълим муассасаларини қайта ташкил этиш ёки тугатиш, уларга тегишли ер участкалари ва кўчмас мулкни олиб қўйиш ҳақида Вазирлик билан келишмаган ҳолда қарор қабул қилган мансабдор шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортилади.

10. Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳамда Вазирлик Иқтисодиёт вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, «Ўзбекэнерго» АЖ ва «Ўзтрансгаз» АЖ билан биргаликда 2019 йил 1 март­гача бўлган муддатда 2025 йилгача мактабгача таълим муассасаларини ичимлик суви, иситиш тизими, электр энергияси ва табиий газ билан таъминлашни тубдан яхшилаш дастури лойиҳасини ишлаб чиқсин ҳамда тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

11. «UZINFOCOM» давлат ахборот тизимларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ягона интегратор» МЧЖ ҳамда Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази билан биргаликда 2019 йил 1 январгача:

болани давлат мактабгача таълим муассасасига қабул қилиш бўйича давлат хизматидан фойдаланганда;

мактабгача таълим муассасаларида таълим олаётган болалар учун жисмоний шахс шахсий идентификация рақамини бериш бўйича хизматни жорий этсин.

12. Вазирлик:

а) ўн кунлик муддатда Давлат мактабгача таълим муассасаларининг Васийлик кенгашларини тугатсин ҳамда Давлат мактабгача таълим муассасаларининг Кузатув кенгашларини тузсин;

б) бир ойлик муддатда:

давлат мактабгача таълим муассасалари томонидан дам олиш кунларида ва иш куни тугагандан кейин белгиланган дастурдан ташқари фаолият ихтисослиги бўйича қўшимча пуллик хизматлар кўрсатиш (болаларни парваришлаш, қараб туриш, ўқитиш бўйича ва бошқалар) тартибини тасдиқласин;

Мактабгача таълим муассасасининг кузатув кенгаши ҳақида низомни тасдиқласин ва унда, шу жумладан, Кузатув кенгашига Вазирликнинг ҳудудий бўлинмалари томонидан тавсия этилган номзодлар таркибидан мактабгача таълим муассасаси раҳбарини сайлаш ҳуқуқи берилиши назарда тутилсин.

13. Белгилансинки:

а) Вазирлик ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг Бюджет ташкилотини ривожлантириш жамғармалари маблағлари, товарлар, ишлар, хизматларни ишлаб чиқариш ва реализация қилиш бўйича умумий харажатлар (ҳомийлик, беғараз ёрдам суммаларидан ташқари) қоплангандан кейин моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ҳамда ходимларни ижтимоий муҳофаза қилиш ва моддий рағбатлантириш бўйича тадбирлар учун фойдаланилади;

б) давлат мактабгача таълим муассасаси ҳисобварағига қўшимча пуллик хизматлар кўрсатишдан тушган маблағлар қўшимча пуллик хизматлар кўрсатиш бўйича умумий харажатлар қоплангандан кейин:

80 фоизи — мактабгача таълим муассасаси ходимларини моддий рағбатлантириш ҳамда мактабгача таълим муассасаси моддий-техника базасини яхшилашга (таъмирлаш, инвентарь ва ускуналар, ўқув-услубий материаллар сотиб олиш ва бошқалар);

10 фоизи — Жамғармага;

5 фоизи — тегишли туман (шаҳар) мактабгача таълим бўлимининг Бюджет ташкилотини ривожлантириш жамғармасига;

5 фоизи — Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги, вилоятлар мактабгача таълим бошқармалари ва Тошкент шаҳар мактабгача таълим бош бош­қармасининг Бюджет ташкилотини ривожлантириш жамғармасига йўналтирилади.

14. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси мактабгача таълим муассасалари тармоғини кенгайтиришни биргаликда молиялаштириш, давлат мактабгача таълим муассасаларини жиҳозлаш ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, шунингдек, мазкур қарор билан тасдиқланадиган 2018-2019 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари дастурини биргаликда молиялаштириш учун донор мамлакатлар ва халқаро молиявий институтлар маблағларини (кредитлар, қарз­лар, грантлар) давлат-хусусий шериклик асосида жалб қилишни таъминласин.

15. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси Бош прокуратура, Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда икки ой муддатда мактабгача таълим муассасалари фаолиятини текшириш тартибини белгилайдиган Ҳукумат қарорини, бундай ваколатлар берилган органларнинг қатъий рўйхатини, текширувларни тайинлаш ва ўтказишнинг ҳуқуқий асосларини кўрсатган ҳолда ишлаб чиқсин ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

16. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси мактабгача таълим муассасалари фаолиятини ноқонуний текширишларга йўл қўйилмаслиги устидан назоратни кучайтирсин ҳамда айбдор шахсларга нисбатан қонун ҳужжатларига мувофиқ қатъий жавобгарлик чораларини қўлласин.

Назорат қилувчи органлар жойлардаги давлат ҳокимияти органлари билан биргаликда мактабгача таълим муассасалари фаолиятини текшириш чоғида аниқланган қоидабузарликларнинг бартараф этилиши ва кейинчалик йўл қўйилмаслигига ҳар томонлама ёрдам кўрсатсин.

17. Молия вазирлиги мазкур қарорнинг амалга оширилиши учун зарур маблағларни 2018 йилда «Таълим» тармоғи бўйича Давлат бюджети параметрлари чегарасида ажратсин, 2019 йилдан бошлаб эса Ўзбекис­тон Республикаси Давлат бюджетининг ­параметрларида ҳар йили назарда тутсин.

18. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда:

Марказ, Институт ва Инжиниринг компаниясининг фаолиятини ташкил қилиш бўйича, шу жумладан, уларни молиялаштириш манбаларини назарда тутган ҳолда;

Жамғарманинг фаолиятини ташкил қилиш бўйича қарор қабул қилсин ҳамда Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим вазирини Жамғарма маблағларини тақсимловчи этиб белгилашни назарда тутсин.

19. Марказ, Институт ва Инжиниринг компаниясини Тошкент шаҳар, Яшнобод тумани, Оқдарё кўчаси, 122-уйда жойлашган Яшнобод компьютер технологиялари касб-ҳунар коллежи биноларида жойлаштирсин.

20. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорлари 4-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

21. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига 5-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.

22. Вазирлик бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

23. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А.Абдувохитов, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М.Мавлонов ва Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим вазири А.В.Шин зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Ш.МИРЗИЁЕВ

 

Тошкент шаҳри,

2018 йил 30 сентябрь



DB query error.
Please try later.