Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
17.07.2018

ИЛМИЙ ВА ИЛМИЙ-ТЕХНИКАВИЙ ФАОЛИЯТ НАТИЖАЛАРИНИ ТИЖОРАТЛАШТИРИШ САМАРАДОРЛИГИНИ ОШИРИШ БЎЙИЧА ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Мамлакатимизда илмий ва илмий-техникавий фаолиятни амалга ошириш, илмий-техникавий ва инновацион ривожланишни таъминлаш учун қулай шарт-шароитларни яратишда мавжуд молиявий ва моддий ресурслардан самарали фойдаланишни таъминлаш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Хусусан, 2014-2018 йилларда Ўзбекистон Республи­каси Давлат бюджети маблағларидан илмий-амалий ва инновацион лойиҳалар ҳамда ишланмаларни молиялаштириш учун қарийб 800 миллиард сўм ажратилиб, уларнинг натижаларига кўра илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасалари томонидан 700 дан ортиқ ихтиро патентлаштирилди.

Шу билан бирга, иқтисодиётнинг жадал ривожла­ниши мамлакат илмий-тадқиқот ва олий таълим муасса­са­ларининг илмий ва илмий-техникавий фаолияти натижаларини тижоратлаштиришда мавжуд салоҳият­дан янада тўлиқ фойдаланиш заруратини тақозо этмоқда.

Бироқ, илмий ва илмий-техникавий фаолият натижа­ларидан амалда фойдаланишнинг таҳлили уларни яратиш, ҳуқуқий муҳофаза қилиш ва жорий этиш жараёнида тизимли муаммолар мавжудлигидан далолат бермоқда, хусусан:

биринчидан, охирги 5 йил ичида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилган ва патентланган ихтиролар сонининг йилига 0,5 фоизини ташкил этувчи тижорат­лаштириш даражаси етарли эмас;

иккинчидан, чоп этилган илмий мақолалар ва яратилган интеллектуал мулк объектлари сони илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасалари фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг асосий мезонлари бўлиб қолмоқда, бунда уларни жорий этиш натижалари ҳисобга олинмаяпти;

учинчидан, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари уларнинг тасарруфидаги илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларининг илмий ва илмий-техникавий фаолияти натижалари учун, шунингдек, илмий-техникавий дастурларга давлат маблағлари сарфлани­шининг самарадорлиги учун лозим даражада масъ­улият­ни намоён этмаяпти;

тўртинчидан, илмий тадқиқотларни молиялашти­риш­нинг, шу жумладан, илмий-амалий ва инновацион лойиҳалар ҳамда ишланмалар рўёбга чиқарилишида иқтисодиётнинг реал сектори корхоналари иштирокини рағбатлантиришнинг самарали воситалари жорий этилмаган;

бешинчидан, амалдаги стандартлаштириш ва сертификатлаштириш тизими илмий ва илмий-техникавий фаолият натижаларини ишлаб чиқаришга тезкорлик билан жорий этишни таъминламаяпти.

Маҳаллий илмий-амалий ва инновацион лойиҳалар ҳамда ишланмаларни жадал жорий этишни таъминлаш, мамлакат иқтисодиётининг рақобатбардошлигини кучайтиришда илм-фан ҳиссасини ошириш, шунингдек, илмий ва илмий-техникавий фаолиятнинг истиқболли маҳаллий ютуқларини илгари суришнинг самарали механизмларини яратиш мақсадида:

1. Қуйидагилар илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларининг (кейинги ўринларда муассасалар деб юритилади) илмий ва илмий-техникавий фаолият натижаларини тижоратлаштириш соҳасидаги асосий вазифалари этиб ҳисоблансин:

республика иқтисодиётининг рақобатбардошлигини янада ошириш мақсадида илмий ва илмий-техникавий фаолият натижаларини жадал ва кенг жорий этиш;

фанлараро алоқаларни, шу жумладан, халқаро фанлараро алоқаларни шакллантириш жараёнларини рағбатлантириш, қўшма дастурлар ишлаб чиқиш ва жамоаларни яратиш;

илмий ва илмий-техникавий фаолиятни иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг аниқ вазифаларини ҳал этишга, шунингдек, ички ва ташқи бозорлар эҳтиёжларини қондиришга қаратилган амалий натижаларни олишга йўналтириш;

юқори технологияли ишлаб чиқаришларни яратишга хизмат қиладиган юқори технологияларни ишлаб чиқиш соҳасида инновацион тадқиқотларни олиб бориш;

тадқиқотларни мамлакатни изчил ривожлантириш бўйича замон талабларига жавоб берадиган, тижорат­лаштириш даражаси юқори бўлган маҳсулотлар ва технологияларни жадал ишлаб чиқишга йўналтириш.

2. Қуйидагилар илмий ва илмий-техникавий фаолият натижаларини тижоратлаштиришнинг асосий усуллари этиб белгилансин:

илмий ва илмий-техникавий фаолият натижаларидан фойдалан­ган ҳолда яратилган товарларни (бажарилган ишларни, кўрсатилган хизматларни) реализация қилиш ёки ушбу натижалардан ўз эҳтиёжлари учун фойдаланиш;

тижорат ташкилотларини ташкил этиш, бунда уларнинг таъсисчила­ридан бири устав фондига ҳисса сифатида интеллектуал мулк объекти ёки тайёр технологияни киритган муассаса (ёки ихтисослаштирилган аффилланган ташкилот) ҳисоблана­ди;

интеллектуал мулк объектларига бўлган мулк ҳуқуқларини учинчи шахсларга ўтказиш ва мазкур объект­лардан фойдаланиш ҳуқуқини лицензия шартномаларини тузиш орқали, шу жумладан, уларни кейин­чалик ушбу ҳуқуқлар олувчиси томони­дан тижоратлаштириш шарти билан бериш.

3. Вазирлик ва идоралар томони­дан шартнома асосида харид қилиш орқали тижоратлаштириладиган ишланмалар рўйхати иловага муво­фиқ тасдиқлансин.

Белгилансинки, иловада кўрса­тил­ган ишланмаларни ўз вақтида тижо­ратлаштирмаганлиги ва сифатсиз тижоратлаштирганлиги учун уларни жорий этишга жавоб берадиган шахсларга нисбатан уларнинг ўртача ойлик иш ҳақининг ўттиз фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда жарима шаклида интизомий жазо чоралари қўлланилади.

4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Инновацион ривож­ланиш вазирлиги билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2019 йил ва ундан кейинги йилларга мўлжалланган параметрларини шакллантиришда «Илм-фан» моддаси бўйича ажрати­лаётган маблағлар доирасида қуйи­да­гиларни амалга ошириш учун маблағларнинг камида 20 фоизи йўналтирилишини назарда тутсин:

давлат-хусусий шериклик лойиҳа­ларини, шу жумладан, давлат-хусу­сий илмий кластерларини яратишга, илмий-техникавий тадқиқотларни республика иқтисодиёти тармоқлари ва минтақалари эҳтиёжларига мос­лаштиришга қаратилган лойиҳа­ларни молиялаштириш;

илмий ва илмий-техникавий фаолият натижаларини тижоратлаш­тиришга, шу жумладан, бюджет маблағлари олувчилар фаолиятини тегишли маслаҳатчилар томонидан экспертизадан ўтказиш, қўллаб-қув­ватлаш, халқаро стандартларга муво­фиқ бизнес-режаларни тайёр­лашга грантлар ажратиш.

5. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазир­лиги, Фанлар академиясининг 2018 йил 1 октябрдан бошлаб қуйида­гиларга қўшимча бир марталик мукофотлар жорий этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин:

патентланган интеллектуал мулк объектлари муаллифларига муасса­санинг бюджетдан ташқари маблағ­лари ҳисобидан энг кам иш ҳақининг ўн баравари миқдорида;

муаллифлар ҳамда илмий ва илмий-техникавий фаолият натижа­ларини ишлаб чиқиш ва тижоратлаш­тиришда иштирок этган илмий жамоага уларни тижоратлаш­тириш­дан муассаса ҳисобига келиб тушаёт­ган маблағларнинг тегишли равишда 40 ва 30 фоизи миқдорида.

6. Белгилаб қўйилсинки:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотлар бўйича давлат илмий-техник дастур­ларини бажариш доирасида муас­саса­лар томонидан яратилган илмий ва илмий-техникавий фаолият нати­жалари, давлат илмий-техник лойи­ҳа­лар якунланганидан ва (ёки) улар белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилганидан кейин тижоратлаш­тирилиши лозим, фундаментал тад­қи­қот­лар натижалари, шунингдек, гуманитар ва ижтимоий фанлар соҳасидаги лойиҳалар бундан мус­тас­но;

муассасаларнинг илмий кенгаш­лари ишлаб чиқариш сири (ноу-хау) ёки тижорат сири режимида илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларининг интеллектуал (номоддий) натижасини қўриқлаш тўғрисида қарор қабул қилиш ҳуқуқига эга.

7. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўми­та­сига илмий ва илмий техникавий фаолият натижаларини тижорат­лаштириш учун мунтазам равишда инвестицияларни жалб қилишни таъминлаш масъулияти юклатилсин.

8. Хўжалик бошқаруви органлари ва йирик давлат корхоналарига самарасиз ва маънавий эскирган инфратузилмани алмаштириш, шу­нинг­дек, атроф-муҳитни ифлослан­тириш даражасини пасайтириш имконини берадиган янги техника ва экологик тоза технологияларни ишлаб чиқиш ҳамда жорий этиш билан боғлиқ тадбирларни фаол молиялаш­тириш тавсия этилсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги:

а) манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда илғор хорижий тажриба ва миллий амалиётни ўрганиш натижа­лари асосида қуйидагилар тасдиқ­ланишини назарда тутувчи ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳ­ка­ма­сига киритсин:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан яратилган илмий ва илмий-техни­кавий фаолият натижаларини тижо­рат­лаштиришни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом;

тижорат сири режимида қўриқ­лана­диган интеллектуал мулк объект­ларига, шу жумладан, патентлаш имкониятига эга бўлган техник ечимлар ва ишлаб чиқариш сирла­рига (ноу-хауларга) бўлган ҳуқуқ­ларни рўйхатдан ўтказиш ва бериш тўғрисидаги низом;

муаллифлар ҳамда илмий ва илмий-техникавий фаолият натижала­рини ишлаб чиқиш ва тижоратлаш­тиришда иштирок этган илмий-тадқиқот ва олий таълим муассаса­лари­нинг илмий жамоаларига қў­шимча бир марталик мукофотларни тўлаш тартиби тўғрисидаги низом;

б) Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда илмий ва илмий-техникавий фаолиятнинг тижорат­лаштирилган натижалари сонини асосий мезонлардан бири сифатида назарда тутган ҳолда муас­са­саларнинг самарадорлигини баҳолаш мезон­ларини белгилаш бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

в) Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўми­таси билан биргаликда ишлаб чиқа­ришда жорий этишга тайёр илмий ва илмий-техникавий натижа­ларни тижоратлаштириш учун техник-иқти­содий асосларни тайёрлашда муас­са­саларга кўмаклашсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги Ўзбе­кис­тон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан яратилган интеллектуал мулк объектлари бўйича ахборотнинг «Инновацияларнинг вир­туал ярмаркаси» интерактив интернет-порталини янгилаш учун доимий асосда Ўзбекистон Республи­каси Инновацион ривожланиш вазир­лигига тақдим этилишини таъмин­ласин.

11. Белгилаб қўйилсинки:

инновацион маҳсулотларга доир давлат стандартлари Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожла­ниш вазирлигининг буюртмаларига мувофиқ давлат ва хўжалик бошқа­руви органлари ҳузуридаги стандарт­лаштириш бўйича техник қўмиталар томонидан ишлаб чиқилади;

инновацион маҳсулотларга доир давлат стандартлари истиқболда анъанавий технологиялар имконият­ларидан илгарилаб кетадиган бош­лан­ғич талаблардан иборат бўлиши ва халқаро стандартларга ёки ривож­ланган хорижий мамлакат­ларнинг миллий стандартларига мос келиши лозим;

тажриба ва серияли ишлаб чиқа­ришни ташкил қилиш мақсадида янги инновацион маҳсулотларга давлат стандартларини рўйхатдан ўтказиш ва сертификатлар олишга қилинган харажатлар Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади.

12. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги муассасалар томони­дан илмий ва илмий-техника­вий фаолият натижаларини хорижда тижоратлаштиришга, шунингдек, уларни халқаро бозорларда илгари суришга дипломатик воситалар орқали кўмаклашсин.

13. Қорақалпоғистон Республи­каси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, шаҳар (туман)­лар ҳокимликлари ҳар йили Қорақал­поғистон Республикаси, вилоят­лар ва Тошкент шаҳридаги иннова­цион ғоялар, ишланмалар ва техноло­гиялар марказлари билан бирга­лик­да республика олимлари­нинг ил­мий-амалий ва инновацион лойиҳа­лари ҳамда ишланмалари учун хўжалик юритувчи субъектларнинг буюртмалари портфелини шакллан­тирсин.

14. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги Адлия вазирлиги ва бошқа манфаат­дор идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритсин.

15. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республи­каси Бош вазирининг ўринбосари — Ўзбекистон Республикаси Инвести­ция­лар бўйича давлат қўмитаси раиси С.Р.Холмурадов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчисининг биринчи ўринбо­сари Б.М.Мавлонов ва Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазири И.Ю.Абдурахманов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Ш.МИРЗИЁЕВ

 

Тошкент шаҳри,

2018 йил 14 июль



DB query error.
Please try later.