10.10.2017

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони

Ўтган давр мобайнида қишлоқ хўжалигида бозор муносабатларини жорий этиш, ишлаб чиқаришни ривожлантириш, мулкдорлар синфини шакллантириш ҳамда уларнинг мустақиллигини таъминлаш бўйича босқичма-босқич ислоҳотлар амалга оширилди.

Ислоҳотларнинг дастлабки босқичида фермер ва деҳқон хўжаликлари фаолиятини ташкил этиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда уларни етакчи кучга айлантириш бўйича мустаҳкам ҳуқуқий асос ҳамда зарур шарт-шароитлар яратилди.

Қабул қилинган «Фермер хўжалиги тўғри­сида»ги ва «Деҳқон хўжалиги тўғрисида»ги қонун­лар ернинг ҳақиқий эгаси сифатида фермер ва деҳқон хўжаликларининг ҳуқуқий мақомини аниқ белгилаб берди ҳамда уларнинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи асосий субъектлар сифатида шаклланиши ва ривожланишини таъминлади.

Кўп тармоқли фермер хўжаликларини таш­кил этиш, уларга зарур шарт-шароитлар яратиш, фермер ва деҳқонларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича зарур чора-тадбирлар амалга оширилди.

Ўтказилган ислоҳотлар натижасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 99 фоизидан ортиғи фермер ва деҳқон хўжаликлари ҳамда томорқа ер майдонларида етиштирилишига эри­шилди.

Шу билан бирга, фермер, деҳқон хўжалик­лари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишда, тизимда бозор механизмларини жорий этишда, кўп тармоқли фермер хўжа­ликларини янада ривожлантиришда, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажмларини барқарор ошириб боришда ҳамда ер майдонларидан самарали фойдаланишда қатор муаммо ва камчиликлар кузатилмоқда. Хусусан:

биринчидан, фермер хўжаликларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, фермерлик ҳаракатини янада ривож­лантириш мақсадида ташкил этилган Ўзбе­кистон фермерлари кенгаши ўз зиммасига юклатилган вазифаларни етарли даражада бажара олмади;

иккинчидан, аҳоли ихтиёридаги 480 минг гектардан ортиқ томорқа экин майдонларидан фойдаланиш самарадорлиги паст даражада қолмоқда. Узоқ йиллар фойдаланилмаётган то­мор­қа ер эгаларининг ерга нисбатан муносабатини тубдан ўзгартириш бўйича тизимли иш олиб борилмаяпти;

учинчидан, фермер ва деҳқон хўжалик­ларининг ер майдонлари ҳамда томорқа ер участкаларидан самарали фойдаланиш устидан парламент, вакиллик ва жамоатчилик назорати лозим даражада ўрнатилмаган;

тўртинчидан, фермер хўжаликларининг асосий қисми қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш билан чекланиб қолмоқда, уларнинг қайта ишлаш, сақлаш, тайёр маҳсулотларни со­тиш ва хизматлар кўрсатиш каби кўп тармоқли фаолиятини йўлга қўйишда мавжуд имконият­лардан фойдаланилмаяпти;

бешинчидан, деҳқон хўжаликлари ва то­мор­қа ер эгаларини моддий-техника ресурс­лари билан таъминлаш ва уларга хизмат кўрсатишда зарур инфратузилмалар яратил­маган ҳамда соҳада бозор механизмлари етарли даражада шаклланмаган;

олтинчидан, аксарият фермер хўжалик­ларининг бугунги молиявий аҳволи замонавий, ресурстежовчи қишлоқ хўжалиги техника воситаларини харид қилиш, ишлаб чиқаришда илғор агротехнология, инновация ва ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш имконини бермаяпти;

еттинчидан, фермер, деҳқон хўжаликлари аъзолари ва томорқа ер эгаларининг қишлоқ ҳўжалик маҳсулотларини етиштириш соҳасидаги билим ва кўникмаларини ошириш, уларни зарур маълумот ва ахборотлар билан таъминлаш ҳамда бошқа хизматлар кўрсатиш тизими, шунингдек, фермер хўжаликларида меҳнат муно­сабатларини ташкил этиш ҳолати бугунги кун талабларига жавоб бермайди.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республи­касини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга ошириш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларини янада қўллаб-қувватлаш, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа экин майдонларидан фойдаланиш самарадорлигини таъминлаш, пировард натижада ер эгаларининг даромадларини кўпай­тиришга бўлган муносабатларини тубдан ўзгартириш мақсадида:

1. Қуйидагилар фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда қишлоқ хўжа­лиги экин майдонларидан фойдаланиш сама­радорлигини оширишнинг ҳозирги босқичдаги устувор йўналишлари этиб бел­гилансин:

биринчидан, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини янада ривожлантириш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг самарали тизимини яратиш, ушбу соҳада норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш;

иккинчидан, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг экин майдонларидан самарали фойдаланишдаги шахсий манфаат­дорлиги ва масъулиятини ошириш, бу борада парламент, вакиллик ва жамоатчилик назора­тининг таъсирчан тизимини яратиш;

учинчидан, давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органла­рининг экин ер майдонларидан самарали фой­даланишни таъминлаш бўйича вазифала­рини аниқ белгилаш ҳамда уларнинг жавоб­гарлигини кучайтириш;

тўртинчидан, кўп тармоқли фермер хўжа­лик­ларини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини кучай­тириш;

бешинчидан, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг молиявий-иқтисодий барқарорлигини таъминлаш, уларнинг тайёрлов, қайта ишлаш, таъминот ва хизмат кўрсатувчи ташкилотлар билан ўзаро муносабатларида замонавий бозор механизмларини жорий этиш;

олтинчидан, «Томорқа — қўшимча даромад манбаи!» шиорини қишлоқ аҳолиси орасида кенг тарғиб қилиш ҳамда ер эгаларининг кундалик фаолиятига сингдириш;

еттинчидан, ер эгаларининг билим ва таж­рибаларини ошириш, уларни зарур маълумот ва ахборотлар билан таъминлаш тизимини ривожлантириш, соҳага замонавий технология­ларни кенг жорий этиш, фермер хўжаликлари­нинг меҳнат муносабатларини ташкил этиш бўйича фаолиятини такомиллаштириш.

2. Ўзбекистон фермерлари кенгаши конференциясининг қарорига мувофиқ Ўзбе­кистон фермерлари кенгаши Ўзбекистон фер­мер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши сифатида, Қорақалпоғистон Респуб­ликаси, вилоятлар ва туманлар фермерлар кенгашлари тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва туманлар фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари сифатида қайта тузилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

3. 2018 йил ҳосилидан бошлаб шундай тартиб жорий этилсинки, унга кўра:

фермер хўжаликларининг ер участкаларидан фойдаланиш самарадорлиги ҳар чоракда халқ депутатлари туман Кенгашларида, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг экин майдонларидан фойдаланиш самарадорлиги ҳар ойда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида муҳокама қилиб борилади;

ер майдонларидан самарасиз фойдаланган, қишлоқ хўжалиги экинларини тўлиқ экмаган, агротехник тадбирларни ўз вақтида амалга оширмаган фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига нисбатан ер участка­ларига бўлган ҳуқуқларнинг бекор қилини­шигача бўлган қатъий жавобгарлик чора­лари кўрилади.

4. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатига:

ҳудудларда, биринчи навбатда қишлоқ хўжалиги шароитлари оғир бўлган туманларда, экин экиш аҳволини ҳар ойда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан ўрганиш ҳамда аниқланган муаммо ва камчи­ликларни бартараф этиш юзасидан ўз ваколат­лари доирасида амалий чоралар кўриш;

қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан фойда­ланиш самарадорлигининг халқ депутат­лари туман Кенгашларида, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида муҳокама қилиниши аҳволини доимий равишда сена­торлар томонидан ўрганиш ҳамда ҳар чоракда Олий Мажлис Сенатининг мажлисларида кўриб чиқиш амалиётини жорий этиш тавсия этилсин.

5. Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси:

Давлат солиқ қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоят ҳокимликлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан биргаликда 2018 йил 1 октябрга қадар барча деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг экин майдонларини тўлиқ хатловдан ўтказсин ҳамда уларнинг ягона реестрини шакллантирсин;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоят ҳокимликлари билан бирга­ликда шакллантирилган ягона реестрнинг назорат ҳолатида юритилишини, ундаги маълу­мотларнинг ҳаққонийлиги, тўлиқлиги ва доимий равишда янгиланиб борилишини таъминласин.

6. Қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳот­ларни чуқурлаштириш бўйича республика комиссиясининг 2018-2021 йилларда фермер хўжаликларини босқичма-босқич кўп тармоқли фермер хўжаликларига айлантириш тўғриси­даги таклифи маъқуллансин.

Белгилаб қўйилсинки, 2022 йилнинг 1 январидан бошлаб кўп тармоқли фаолиятни йўлга қўймаган фермер хўжаликлари билан ер ижараси шартномалари қонун ҳужжатларига мувофиқ бекор қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси (З.Мирзаев, Ж.Қўчқоров) ҳар йили фермер хўжаликларини босқичма-босқич кўп тармоқли фермер хўжаликларига айлантириш бўйича фермер хўжаликлари кесимида ҳудудий дастурларнинг ишлаб чиқилишини ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят Кенгаш­ларида тасдиқланишини таъминласин, шунинг­дек, ҳудудий дастурлар асосида ишлаб чиқилган республика миқёсидаги дастурларни кўриб чиқиш ва маъқуллаш учун Ўзбекистон Республи­каси Олий Мажлисининг Сенатига киритсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси (А.Арипов, З.Мирзаев):

икки ой муддатда чорвачилик, парранда­чилик, балиқчилик, мева-сабзавотчилик, асал­а­ри­чилик ва қишлоқ хўжалигининг бошқа муҳим йўналишларини янада ривожлантириш, фермер хўжаликларининг бу борадаги фаолиятини мувофиқлаштириш ва унинг самарадорлигини оширишга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарорлари лойиҳала­рини киритсин;

уч ой муддатда қишлоқ хўжалиги самарадор­лиги ва рентабеллигини оширишда, айниқса пахта йиғим-теримини механизация­лаштириш­да бозор инфратузилмаларини, инновация­ларни, фан ютуқлари ҳамда замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, шунингдек соҳада меҳнат муносабат­ларини янада такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;

икки ой муддатда 2018-2020 йилларда республикада озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқсин ва Ўзбекистон Республикаси Президенти девонига киритсин.

8. Деҳқончилик маданиятини оширишда муносиб ҳисса қўшган ва ишлаб чиқаришда юксак натижаларга эришган фермер, деҳқон хўжаликлари раҳбарлари ва томорқа ер эгаларига тақдим этиладиган «Илғор фермер», «Меҳнаткаш деҳқон» ва «Намунали томор­қачи» кўкрак нишонлари таъсис этилсин.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳ­камаси икки ой муддатда «Илғор фермер», «Меҳнаткаш деҳқон» ва «Намунали томорқачи» кўкрак нишонлари тўғрисидаги низомларни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.

9. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ҳафта муддатда фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини янада ривожлантириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисидаги Ўзбекистон Республи­каси Президентининг қарори лойиҳасини киритсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Президенти­нинг 2012 йил 22 октябрдаги ПФ — 4478-сон «Ўзбекистонда фермерлик фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш ва уни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

11. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги Адлия вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжат­ларига мазкур Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

12. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — қишлоқ ва сув хўжалиги вазири З.Т.Мирзаев зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Ш.МИРЗИЁЕВ

 

Тошкент шаҳри,

2017 йил 9 октябрь



DB query error.
Please try later.