03.10.2017

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ ҚАРОРИГА ШАРҲ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорига

ШАРҲ

Узлуксиз таълим тизимининг таркибий қисми ҳисобланган мактабгача таълим, умумий ўрта таълим, мактабдан таш­қари таълим ҳамда педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни такомиллаштириш бўйича мақсадли чора-тадбирлар амалга оширилди.

Кузатишлар хулосасига кўра, Халқ таълими вазирлигининг давлат бошқаруви ва маҳаллий ҳокимият органлари билан ҳамкорликдаги фаолияти аксарият ҳолларда мактаб таълимини ривожлантириш билан чекланиб қолмоқда.

Шу нуқтаи назардан бугунги кунда мактабгача таълим муассасалари фаолиятини тубдан яхшилаш, мактабгача ёшдаги болалар қамровини ошириш, илғор хорижий тажрибани ўрганган ҳолда, ҳар жиҳатдан замонавий тизим яратиш масаласи долзарблигича қолмоқда.

Болаларнинг қизиқиш ва интилишини ҳисобга олган ҳолда, уларга мактабгача бўлган даврда ҳар томонлама пухта таълим-тарбия бериш, дунёқарашини кенгайтириш, мустақил фикрлаш қобилиятини ривожлантириш, қалби ва онгига миллий ва умуминсоний қадриятларни сингдириб бориш орқали уларни она Ватанга муҳаббат руҳида камол топтириш масаласи давр талабидан ортда қолаётгани сабабли мактабгача таълимнинг бошқарув тизими қайта кўриб чиқишни тақозо этмоқда.

Фарзандларимизнинг мактабда қандай ўқиши, юксак мақсадлар билан камол топиши кўп жиҳатдан мактабгача таълим муассасасидаги тарбияга боғлиқ. Илмий кузатишлар ва тадқиқотлар шуни кўрсатадики, инсон умри давомида оладиган барча ахборотнинг 70 фоизини 5 ёшгача бўлган давр­да олиши айнан бола шахсининг ривожланишида мактабгача таълимнинг ўрни нечоғли муҳимлигидан далолат беради.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат ­Мирзиёев томонидан 2017 йил 16 август куни ўтказилган йиғилишда берилган топшириқлар ижросини сўзсиз таъминлаш, мактабгача таълим тизимини таркибий жиҳатдан тубдан ислоҳ қилиш, тизимнинг бошқарув тузилмасини ташкил этиш, мактабгача таълим муассасаларига 5-6 ёшли болаларни 100 фоиз қамраб олиш чораларини белгилаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон ­Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Мактабгача таълим тизимини ислоҳ қилишдаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш мақсадида қарорда қуйидаги кенг кўламли тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилган:

мактабгача таълим тизимини ривожлантиришга қаратилган ягона давлат сиёсатини амалга ошириш, мактабгача таълимни ҳар томонлама ривожлантириш, тарбияланувчиларнинг билими ва маънавий-ахлоқий даражасини янада юксалтириш;

«Таълим тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунини мактабгача таълим қисми бўйича амалга оширишга доир қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш ва уларга риоя этилишини назорат қилиш;

мактабгача таълимга қўйиладиган давлат талабларига мувофиқ мактабгача таълим муассасалари фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда методик раҳбарлик қилиш;

ўқув-тарбия жараёнига ўқитишнинг замонавий ил­ғор шаклларини, янги педагогик ва ахборот технологияларини, таълим-тарбиянинг самарали шакл ва усулларини жорий этиш;

мактабгача таълим муассасаларида ёш болаларни миллий ва умуминсоний қадриятлар, инсонпарварлик ва юксак маънавият руҳида тарбиялаш, уларнинг қалби ва онгига мустақиллик, миллий ўзликни англаш ғояларини янада чуқур сингдириш, «оммавий маданият» кўринишидаги ёт ғояларга қарши иммунитетини мустаҳкамлашга йўналтирилган тадбирларни амалга ошириш;

мактабгача таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг фаолияти самарадорлигини ошириш;

педагог ва раҳбар ходимларнинг малакасини ошириш жараёнини самарали ташкил этиш, бунда замонавий педагогик ва ахборот технологияларидан, хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибасидан фойдаланиш, таълим муассасаларини юқори малакали, замонавий билимга эга кадрлар билан таъминлаш;

мазмун ва сифат жиҳатидан замонавий талабларга жавоб берадиган, илғор педагогик технологияларни қўллаган ҳолда ўқув ва ўқув-методик адабиётларнинг янги авлодини яратиш ва нашр этилишини ташкил этиш;

мактабгача таълим муассасаларида давлат талаблари бажарилишининг тизимли мониторингини олиб бориш;

халқаро алоқаларни кенгайтириш ҳамда мустаҳкамлаш, мамлакатимизнинг таълим соҳасида эришган ютуқларини конференциялар, кўргазмалар ва бошқа тадбирлар орқали халқаро даражада кенг тарғиб қилиш, халқ таълими тизимига хорижий инвестициялар ва грантларни жалб этиш;

нодавлат мактабгача таълим муассасалари тармоғини ривожлантириш, улар ўртасида соғлом рақобатни шакллантириш ҳамда таълим хизматлари турларини кўпайтириш.

Қарор билан белгиланган вазифаларнинг амалга оширилиши натижасида:

мактабгача таълим тизими ва уни ривожлантириш учун алоҳида эътибор қаратилиб, энг илғор хорижий тажрибалар асосида ҳар жиҳатдан замонавий тизим яратилади;

мактабгача таълим тизимини ривожлантиришга қаратилган ягона давлат сиёсатини амалга ошириш орқали мактабгача таълим ҳар томонлама ривожлантирилиб, тарбияланувчиларнинг билими ва маънавий-ахлоқий даражаси янада юксалтирилади;

ўқув-тарбия жараёнига ўқитишнинг замонавий ил­ғор шакллари, янги педагогик ва ахборот технологиялари, таълим-тарбиянинг самарали шакл ва усуллари жорий этилади;

болаларни мактабга тайёрлашнинг муқобил шакли бўлган қисқа муддатли гуруҳлар тармоғи кенгайтирилади;

мактабгача таълим муассасаларининг моддий-техника базаси яхшиланади;

нодавлат мактабгача таълим муассасалари тармоғи ривожлантирилиб, улар ўртасида соғ­лом рақобатни шакллантириш орқали таълим хизматларининг турлари кўпайтирилади;

бўш турган ва фойдаланилмаётган давлат бино ва иншоотларидан самарали фойдаланишга эришилади;

5-6 ёшли болаларни мактабгача таълимга 100 фоиз қамраб олиш имконияти яратилади.



DB query error.
Please try later.