03.10.2017

МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ ТИЗИМИ БОШҚАРУВИНИ ТУБДАН ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони

Мактабгача таълим соҳаси узлуксиз таълим тизимининг бирламчи бўғини ҳисобланиб, у ҳар томонлама соғлом ва баркамол бола шахсини тарбиялаш ва мактабга тайёрлашда ғоят муҳим аҳамият касб этади.

Мустақиллик йилларида республикада таълим-тарбия тизими ва баркамол авлод­ни тарбиялаш давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишлари даражасига кўтарилди. Бироқ ўтказилган таҳлиллар мактабгача таълим соҳасида олиб борилаётган ишларнинг самараси ва нати­жаси етарли даражада эмаслигини кўрсатмоқда.

Жумладан, сўнгги 20 йил давомида давлат тасарруфидаги мактабгача таълим муассасалари сони 45 фоиздан зиёдроқ камай­ган бўлиб, бугунги кунда республика бўйича болаларнинг мактабгача таълим билан қамраб олиниши 30 фоизни ташкил этади. Шунингдек, мактабгача таълим муассасаларининг моддий-техника базаси замонавий талабга жавоб бермайди.

Мактабгача таълим тизимида вариа­тив дастурлар жорий этилмаган, болаларни мактабга тайёрлаш бўйича муқо­бил, мослашувчан моделлар етарли даражада ривожланмаган ҳамда тараққий этган мамлакатлар сингари ижтимоий, шахсий, ҳиссий, нутқий, математик, жисмо­ний ва ижодий ривожлантириш, атроф-муҳит билан танишувга йўналти­рилган махсус давлат таълим дастурлари татбиқ қилинмаган.

Давлат мактабгача таълим муассаса­ларида фаолият юритаётган педагог кадр­ларнинг аксарияти ўрта махсус маълумотга эга бўлиб, бу болаларни мактаб таълимига талаб даражасида тайёр­лаш имконини бермайди.

Бундан ташқари, мактабгача таълим сифати мониторингини юритиш тузилмавий ва ташкилий жиҳатдан назарда тутилмаганлиги сабабли мактабгача таълим муассасаларидаги таълим жараё­нининг сифати ва самарадорлигини баҳо­лаш замон талабларига жавоб бермайди.

Хорижий давлатлар илғор тажрибаси­нинг таҳлили замонавий мактабгача таълим муассасаларида мактабгача ёшдаги болаларни ривожлантириш учун шароитларни яратишга йўналтирил­ганлиги билан тавсифланиб, боланинг ижобий ижтимоийлашуви имкониятлари­ни намоён қилиш, унинг ҳар томонлама шахсга оид маънавий-ахлоқий ва онгли ривожланиши, мактабгача ёшга оид тегиш­ли фаолият турлари асосида ташаббускорлиги ва ижодий қобилият­лари­ни ривожлантиришга, мулоқот доираси­да катта ёшдагилар ва тенгдош­лари билан ҳамкорлик қилиш имконият­ла­рини очишга қаратилган.

Узлуксиз таълим тизимининг муҳим бўғини бўлган мактабгача таълим тизи­мини янада такомиллаштириш, самарали давлат бошқаруви тизимини яратиш, мактабгача таълим муассасалари давлат ва нодавлат тармоғини кенгайтириш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, уларни малакали педагог кадрлар билан таъминлаш, мактабгача таълим муасса­саларига болаларни қамраб олишни кескин ошириш, таълим-тарбия жараён­ларига замонавий таълим дастурлари ва технологияларини татбиқ этиш орқали болаларни ҳар томонлама интеллектуал, маънавий-эстетик, жисмоний ривожлан­тириш ҳамда уларни мактабга тайёрлаш сифатини тубдан яхшилаш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Мактаб­гача таълим вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача таълим вазир­лиги, Тошкент шаҳар мактабгача таълим бош бошқармаси, вилоятлар мактабгача таълим бошқармалари ҳамда уларнинг туман(шаҳар)лардаги бўлимлари ташкил этилсин.

2. Қуйидагилар Ўзбекистон Республи­каси Мактабгача таълим вазирлигининг асосий вазифалари ва фаолияти йўна­лишлари этиб белгилансин:

биринчидан, мактабгача таълим соҳасида ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

иккинчидан, илғор хорижий тажри­бани ҳисобга олган ҳолда мактабгача ёшдаги болаларни ҳар томонлама интел­лектуал, ахлоқий, эстетик ва жисмоний ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш;

учинчидан, республикада давлат ва нодавлат мактабгача таълим муассасалари орасида соғлом рақобат муҳитини яратиш ҳисобига барча болаларнинг мактабгача таълим муассасаларига босқичма-босқич қамраб олинишини таъминлаш, уларга солиқ имтиёзлари ва преференциялар бериш, бюджетдан субсидиялар ажратиш, шунингдек, болаларнинг мактабгача таълими ва тарбиясининг муқобил шаклларини амалиётга татбиқ этиш;

тўртинчидан, замонавий инновацион педагогик технологияларни, таълим ва тарбиянинг самарали шакллари ҳамда усулларини таълим-тарбия жараёнига, шу жумладан, нодавлат секторида жорий этиш;

бешинчидан, миллий маданий-тарихий қадриятларни акс эттирувчи ва болаликдан китоб ўқишга қизиқишни уйғотувчи ўқув-методик, дидактик материаллар, ўйин ва ўйинчоқлар, бадиий адабиётлар билан мактабгача таълим муассасаларини таъминлаш;

олтинчидан, замонавий педагогик технологиялар ва методларни ҳисобга олган ҳолда болаларни тарбиялаш ва ҳар томонлама ривожлантириш масалалари­ни профессионал даражада ҳал этишга қодир бўлган мактабгача таълим муасса­са­лари раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш;

еттинчидан, мактабгача таълим муассасалари ходимларини моддий рағбатлантириш тизимини яратиш ва тажрибали, юқори малакали ва касбий жиҳатдан пухта тайёрланган педагог кадрлар ҳамда тарбиячиларни таълим-тарбия жараёнига жалб қилиш;

саккизинчидан, мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчиларининг рационал ва белгиланган меъёрлар асосида соғлом ва тўғри овқатланишини таъминлаш учун муносиб шароитлар яратиш, кўнгилочар ва билим берувчи машғулотлар элементлари бўлган, ҳажм­лари ва интенсивлиги асосий тиббий тақдимномалар билан белгила­нувчи серҳаракат ўйинлар ва машқлар уюштириш;

тўққизинчидан, Ўзбекистон Респуб­ли­каси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда мактабгача таълим муасса­саларида болаларга тиббий хизмат кўрсатиш ҳамда уларнинг ҳаёти ва соғли­ғини ҳимоя қилиш бўйича профилактика чора-тадбирларини мувофиқлаштириш.

3. Идоравий мансублигидан қатъий назар, барча давлат тасарруфидаги мактабгача таълим муассасалари Ўзбе­кис­тон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги тизимига белгиланган тар­тибда ўтказилсин.

4. Белгилансинки:

Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг мактабгача таълим соҳасидаги барча ҳуқуқ ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади;

Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлигининг ўз ваколатлари доирасида қабул қиладиган қарорлари давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, хўжалик юритувчи субъектлар ва фуқа­ролар томонидан бажарилиши мажбурий­дир.

5. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг Мактабгача таъ­лим муассасалари ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оши­риш республика ўқув-методика маркази негизида Мактабгача таълим муассаса­лари раҳбар ва мутахассис­ларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти (кейинги ўринларда Институт деб юритилади) ташкил этилсин у Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги таркибига киритилсин ҳамда унинг зиммасига илғор хорижий тажриба асосида мактабгача таълим муассасаларининг раҳбар ва мутахассис­ларида замонавий менежмент ва педа­гогик технологиялар бўйича соҳага оид билимлар ва кўникмаларни шакллан­тириш вазифалари юклатилсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2017 йил 9 сентябрдаги ПҚ-3261-сонли қарори билан тасдиқланган Мактабгача таълим тизимини танқидий ўрганиш бўйича комиссия зиммасига қуйидаги вазифалар юклатилсин:

Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари фаолиятини ташкил этиш ҳамда уларга юклатилган вазифаларни амалга оширишда кўмаклашиш;

икки ой муддатда Ўзбекистон Респуб­ликаси Мактабгача таълим вазирлиги марказий аппарати ва ҳудудий бўлинма­ла­ри­нинг раҳбарлик бўғинларини вазир­лик зиммасига юклатилган вазифаларни бажаришга қодир, чуқур билим ҳамда юқори касб маҳоратига эга бўлган тажри­бали ва малакали мутахассислар билан тўлдириш;

мактабгача таълим тизимининг олий маълумотли кадрларга бўлган эҳ­тиё­жини ҳудудлар бўйича ўрганиш ва таҳлил натижаларига кўра педаго­гика йўналишига ихтисослаштирилган олий таълим муассасаларига мақсадли қабул квоталари бўйича таклифлар тайёрлаш;

республика ҳудудларида 50, 70, 100, 120 ва 150 ўринга мўлжалланган давлат ва нодавлат мактабгача таълим муас­сасаларини қўшимча барпо этиш орқали болаларни мактабгача таълим билан босқичма-босқич тўлиқ қамраб олиш, болаларга мактабгача таълим-тарбия беришнинг муқобил турларини амалиётга жорий этишга қаратилган комплекс дастурни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.

7. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ҳафта муддатда белги­ланган тартибда Ўзбекистон Республи­каси Мактабгача таълим вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги ва Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари лойиҳасини киритсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Мактабгача таълим вазирлиги, Адлия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

9. Ушбу Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси­нинг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси А.Н.Юнусходжаев ва халқ таълими вазири У.И.Иноятов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Ш.МИРЗИЁЕВ

 

Тошкент шаҳри,

2017 йил 30 сентябрь



DB query error.
Please try later.