11.09.2017

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА МАЪМУРИЙ ИСЛОҲОТЛАР КОНЦЕПЦИЯСИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг
2017 йил 8 сентябрдаги ПФ-5185-сон Фармонига 1-илова

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА МАЪМУРИЙ ИСЛОҲОТЛАР КОНЦЕПЦИЯСИ

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республика­сини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига (кейинги ўринларда Ҳаракат­лар стратегияси деб юритилади) мувофиқ, давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари­ни ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳани ривожлантириш ва либераллаштириш, хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритиш давлат ва жамиятни модернизация қилишнинг муҳим мақсадлари этиб белгиланди.

Ушбу мақсадларга эришишнинг муҳим шарти амалга оширилаётган ислоҳотлар, қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжат­лар ва давлат дастурларининг тўлиқ рўёбга чиқарилишини таъминлай оладиган, шунинг­дек, ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ривожланиш муаммоларини ўз вақтида аниқлайдиган ва самарали ҳал қиладиган давлат бошқаруви тизимининг аниқ фаолият кўрсатиши ҳисобланади.

Шу билан бирга, Ҳаракатлар стратегияси­ни амалга ошириш жараёнининг тизимли таҳлили ва аҳоли билан мулоқот натижалари давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг (кейинги ўринларда ижро этувчи ҳокимият органлари деб юритилади) фаолиятини ташкил этишда ислоҳотларни тўлиқ рўёбга чиқаришга тўсқинлик қилувчи жиддий камчиликларнинг сақланиб қолаётганлигидан далолат бермоқда. Хусусан:

ижро этувчи ҳокимият органлари фаолия­ти­ни ташкил этиш асослари ҳудудлар­ни ривожлантириш суръатларини пасайтирувчи, жойларда тўпланиб қолган муаммоларнинг ўз вақтида ҳал этилишини таъминламаяпти. Ижро этувчи ҳокимият органлари (вазирлик­лар, давлат қўмиталари, агентликлар, қўмиталар, марказлар, инспекциялар) ҳуқуқий мақомининг айрим ҳолатларда аниқ чегаралаб қўйилмаганлиги уларнинг давлат аппаратидаги аниқ ўрни ва ролини аниқлаш имконини бермаяпти;

айрим ижро этувчи ҳокимият органларига юклатилган вазифаларнинг декларатив характерга эгалиги, уларни амалга ошириш­нинг ташкилий-ҳуқуқий механизм­лари етарли эмаслиги, вазифаларнинг такрорланиши ва давлат томонидан ортиқча тартибга солиш ҳолатларининг мавжудлиги амалга ошири­лаёт­ган ислоҳотлар самарадорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда. Ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан уларга хос бўлмаган функцияларнинг бажарилиши, шунингдек, сезиларли даражада квазидавлат секторнинг (хўжалик бошқаруви органлари, давлат унитар корхоналари) мавжудлиги иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг давлат томонидан ҳаддан ташқари тартибга солинишига олиб келмоқда;

ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қи­лиш­нинг амалдаги тизими қабул қилинаёт­ган қарорларнинг ижросига тўсқинлик қилаётган тизимли муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этишни таъминла­маяпти. Давлат-ҳокимият ваколатлари берилган кўплаб идоралараро коллегиал органларнинг (комиссиялар, кенгашлар, ишчи гуруҳлар ва бошқалар) мавжудлиги ижро этувчи ҳокимият органлари вазифа ва функцияларининг ўрнини эгаллашга, қабул қилинаётган қарорлар ва аниқ натижаларга эришиш учун жавобгарликнинг сусайишига олиб келмоқда;

ижро этувчи ҳокимият органлари фаолия­ти­ни баҳолаш механизмлари фақат ҳолатлар­ни қайд этиш ва статистик маълумот­ларни жорий тўплашдан иборат бўлиб, бу аксарият ҳолларда жойлардаги ишлар­нинг ҳаққоний ҳолатини акс эттирмайди;

ижро этувчи ҳокимият органлари ва улар раҳбарлари жавобгарлик соҳаларининг аниқ чегараси, айниқса, жойларда ижро этувчи ҳокимият органларининг ички идоравий ва идоралараро ўзаро ҳамкорлигининг таъсир­чан механизмлари мавжуд эмас;

давлат функциялари ва ваколатларининг ҳаддан ташқари марказлаштирилганлиги ҳудудларни ривожлантириш дастурларини шакллантириш ва аҳолининг энг муҳим муаммо­лари­ни ҳал қилишда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ролининг пасайи­шига олиб келмоқда;

бошқарув жараёнига ишларни режалаш­тириш ва ташкил этишнинг замонавий инновацион услубларини, илғор ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш даражаси қабул қилинаётган қарорларнинг самарали амалга оширилишини таъминлаш ва унинг жараёнини тезкор кузатиб бориш имконини бермайди, шунингдек, давлат бошқарувини ортиқча бюрократлаштириш ва унинг юқори сарф-харажатларининг сабаби ҳисобланади;

хўжалик бошқаруви органлари томонидан давлатнинг тартибга солиш ва хўжалик функциялари қўшиб олиб борилиши, етарли даражада мослашувчанликка ва бозорга йўналтирилганликка эга бўлмаган, эскирган тармоқ бошқарув тизими, индивидуал имтиёз, преференция ва афзалликларнинг асоссиз тақдим этилиши соғлом рақобат муҳитининг ривожланишига тўсқинлик қилмоқда;

ижтимоий ва давлат-хусусий шериклик­нинг ривожланмаганлиги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва тадбиркорлик субъектлари­нинг долзарб ижтимоий-иқтисодий муаммо­ларни ҳал этишдаги иштирокини чеклайди ҳамда оқибатда бюджет харажатларининг камайишини таъминламайди;

ижро этувчи ҳокимият органлари фаолия­тининг етарли даражада очиқ ва шаф­фоф эмаслиги, жамоатчилик назоратининг кучсиз механизмлари ҳаддан ташқари бюрократияга ва коррупциянинг турли кўринишларига олиб келмоқда. Давлат хизматларини кўрсатиш даражаси аҳоли ва бизнеснинг истак ва талабларига жавоб бермаяпти, давлат бошқаруви тизимига бўлган ишончни ошириш имконини бермаяпти;

айрим раҳбарларда лозим даражада масъулият ва ташаббускорликнинг мавжуд эмаслиги ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қўйилган вазифаларни ва мақсадли кўрсатмаларни ўз вақтида ҳамда сифатли ҳал этишга салбий таъсир қилмоқда. Давлат хизматининг унификацияланган ҳуқуқий асослари, давлат хизматчиларининг мақомини белгиловчи ягона нормалар, уларнинг фаолиятини баҳолаш мезонлари шакллантирилмаганлиги давлат хизматчиларининг профессионал корпусини яратиш имконини бермаяпти;

ижро этувчи ҳокимият органлари ходим­лари­ни ижтимоий-моддий ҳимоя қилишнинг паст даражада эканлиги, юклатилган жавобгарлик даражасининг улар ижтимоий-ҳуқуқий ҳолатига мувофиқ келмаслиги, меҳнатга ҳақ тўлаш ва ижтимоий таъминот жамғармасини шакллантиришнинг ягона принциплари мавжуд эмаслиги малакали кадрларнинг давлат хизматидан чиқиб кетиши ҳамда коррупциявий ҳолатлар, давлат томонидан ажратилаётган молиявий ресурсларнинг адолатсиз ва номутаносиб тақсимланиши учун шароит яратмоқда.

Давлат бошқаруви тизимидаги мавжуд камчиликлар жамиятнинг ўсиб бораётган талабларига лозим даражада муносабат билдириш, жойларда тўпланиб қолган муаммоларни ҳал қилиш, иқтисодиётни жадал ривожлантириш, оқибатда эса одамлар­нинг ҳаётида кутилаётган ижобий ўзгаришларга эришишни таъминлаш имко­нини бермайди.

Шу муносабат билан қуйидаги асосий йўналишларни назарда тутувчи Маъмурий ислоҳотлар концепциясини муваффақиятли амалга ошириш орқали давлат бошқаруви­нинг концептуал янги моделини шакллан­тириш алоҳида аҳамият касб этади:

I. Ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятининг институционал ва ташки­лий-ҳуқуқий асосларини такомиллаш­тириш.

1. Ижро этувчи ҳокимият органлари, шу жумладан, уларнинг таркибий ва ҳудудий бўлинмаларини ташкил этиш ва тугатишнинг маъмурий аппарат, бюджет юкламаси асоссиз ошиши ва давлат бошқарувини бюрократлаштиришнинг олдини олишга қаратилган аниқ мезонлари ҳамда тартиб-таомилларини жорий этиш.

2. Реал эҳтиёж, ижтимоий-иқтисодий жараёнларга салбий таъсирга йўл қўймаслик, республика ва ҳудудий ижро этувчи ҳокимият органлари ўртасидаги номутаносибликни бартараф этиш, шунингдек, кадрлар ва моддий ресурсларнинг тўғри тақсимлани­шини таъминлашни ҳисобга олган ҳолда, ижро этувчи ҳокимият органлари, уларнинг тузилмалари ва бўлинмаларини оптималлаш­тириш.

3. Ижро этувчи ҳокимият органлари ва улар раҳбарларининг Ўзбекистон Республи­каси Вазирлар Маҳкамаси тегишли департаментлари билан ўзаро ҳамкорлиги механизмларини қайта кўриб чиқиш ва такомиллаштириш ҳисобига бириктирилган соҳада давлат сиёсати амалга оширилиши учун уларнинг мустақиллиги ҳамда жавобгар­лигини ошириш.

4. Маъмурий тартиб-таомилларни оптималлаштириш, бошқарув жараёнини автоматлаштириш, ҳудудлар ва бутун мамлакатда юзага келаётган таҳдид ва муаммоларга ўз вақтида ҳамда муносиб таъсир кўрсатиш учун ахборот алмашишнинг самарали тизимини шакллантириш мақсади­да барча даражадаги ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятида «Электрон ҳукумат» тизими ва замонавий ахборот-коммуникация технологияларини янада кенг жорий этиш.

5. Қуйидагилар орқали давлат хизматлари кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш:

«ягона дарча», шу жумладан, идоравий марказлар негизида жисмоний ва юридик шахсларга давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказларини ташкил этиш;

барча давлат хизматларини тартибга солиш, уларни ягона реестрга киритиш;

давлат хизматлари кўрсатишда ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан идорала­раро ҳамкорлик орқали олиш лозим бўлган ҳужжатлар ва маълумотларнинг рўйхатини белгилаш ва босқичма-босқич кенгайтириш.

6. Ижро этувчи ҳокимият органлари ва уларнинг мансабдор шахсларининг қарор­лари ва ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан юқори турувчи органларга шикоят қилиш тартибини такомиллаштириш, низо­ларни судгача ҳал қилиш усули сифатида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаат­ларини коллегиал эшитиш механизмларини жорий этиш орқали маъмурий адлия тизимини ривожлантириш.

II. Ижро этувчи ҳокимият органла­рининг вазифалари (функциялари, ваколатлари)ни, уларни амалга ошириш ме­ханизм­лари ва жавобгарлик соҳасини аниқлаштириш, мувофиқлаштириш ва ўзаро ҳамкорлик жараёнларини такомил­лаштириш.

1. Ижро этувчи ҳокимият органлари ва улар раҳбарларининг аниқ вазифалари (функциялари, ваколатлари) ва жавобгарлик соҳасини белгилаш, ҳар бир вазифа ва функцияни амалга ошириш механизмларини белгилайдиган, шу жумладан, ахборот-таҳлилий қўллаб-қувватлаш, стратегик режалаштириш, лойиҳа бошқаруви, тартибга солиш функцияларини амалга ошириш, давлат хизматлари кўрсатиш масалалари бўйича маъмурий тартиб-таомиллар ҳамда регламент­ларни жорий этиш.

2. Ҳудудларни ривожлантириш бўйича вазифаларни ҳал қилишда барча даражадаги ижро этувчи ҳокимият органларининг самарали ишини ташкил этиш ва кучларини сафарбар этиш, шунингдек, тор идоравий ёндашув ҳолатларининг олдини олиш имконини берувчи ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилишнинг «Ўзбекистон Респуб­ликаси Президенти девони — Вазирлар Маҳкамаси — республика давлат бошқа­руви органлари — таркибий ва ҳудудий бўлинмалар — маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари» таъсирчан тизимини жорий этиш.

3. Тегишли ваколатларни аниқ давлат органларига ўтказиш ва уларга қабул қилинаётган қарорларнинг натижаси учун жавобгарликни юклаш орқали давлат-ҳокимият ваколатлари берилган идоралараро коллегиал органларни (комиссиялар, кенгаш­лар, ишчи гуруҳлар ва бошқалар) тубдан қисқартириш.

4. Ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятлари ва жойлардаги долзарб муаммоларни комплекс ҳал этиш заруратини ҳисобга олган ҳолда, давлат ва ҳудудий ривожлантириш дастурларини шакллантиришда ҳудудий ижро этувчи ҳокимият органларининг ташаббус­корлигини ошириш ҳамда ролини кучайти­риш.

5. Мақсадли индикаторларга эришишга ва стратегик ривожланиш дастурларини амалга ошириш самарадорлигига асосланган барча даражадаги ижро этувчи ҳокимият органлари ва уларнинг раҳбарлари фаолия­тини, шу жумладан, дастурий бюджетлаш­тириш ва вакиллик ҳокимияти органлари томонидан улар ҳисоботларини эшитиш йўли билан баҳолашнинг принципиал янги тизимини жорий этиш.

6. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни уларнинг таъсирини лозим даражада баҳоламасдан қабул қилишга йўл қўймаслик, шунингдек, коллизион норма­лар, икки хил шарҳлаш, коррупция кўриниш­лари ва давлат томонидан ортиқча тартибга солиш ҳолатларига олиб келувчи идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш амалиётини босқичма-босқич бартараф этишни назарда тутувчи «ақлли тартибга солиш» моделларини ва қабул қилинаётган қарорларнинг тартибга солиш таъсирини таҳлил қилишнинг стандартлаш­тирилган услубиётини жорий этиш.

7. Ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини мавжуд муаммоларнинг оқибат­ларига қарши курашишга эмас, унинг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этишга йўналти­риш мақсадида айрим давлат функцияларини жамоатчилик назорати субъектларига ўтказиш ва ортиқча маъмурий тартибга солишни камайтириш орқали тартибга солиш воситала­рини такомиллаштириш.

8. Ишни ташкил этишнинг аниқ натижаларга эришишга қаратилган замонавий услубларини (сифат менежменти, индикатив режалаштириш, аутсорсинг, краудсорсинг) жорий этиш.

9. Ривожланиш дастурларини ишлаб чиқиш ва уларнинг амалга оширилишини мониторинг қилиш жараёнига фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари билан очиқ мулоқотни таъминлай­диган жамоатчилик билан ҳамкорликнинг замонавий шаклларини (виртуал қабулхоналар, «ишонч телефонлари») кенг жорий этиш.

III. Иқтисодиёт тармоқларига маъмурий таъсир кўрсатишни янада қисқартириш ва бошқарувнинг бозор механизмларини кенгайтириш.

1. Энг зарур иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳаларда (саноат, транспорт, энергетика ва бошқалар) соғлом рақобат муҳитини ривожлантириш, давлат ва тижорат манфаатлари тўқнашувини бартараф этишга қаратган ҳолда, бошқарув тизимини такомил­лаштириш.

2. Хусусий сектор самарали фаолият кўрсатаётган соҳаларда давлат иштирокидаги тижорат ташкилотларини тузишга чеклов чораларини белгилаш ва амалдаги корхона­ларни қайта ташкил этиш, шунингдек, соғлом рақобат муҳитининг ривожланишини чеклаётган алоҳида хўжалик юритувчи субъектларга эксклюзив ҳуқуқлар, индивидуал имтиёзлар ҳамда преференциялар бериш амалиётидан воз кечиш.

3. Иқтисодий фаолиятда, энг аввало, давлат унитар корхоналарини ташкил этиш ва фаолиятини бошқариш, ишончли бошқарувчи­лар ва давлатнинг ишончли вакиллари ваколатларини, уларнинг иқтисодий ва бошқарув самарадорлигини ошириш, биринчи навбатда, давлат активларини бошқариш тизимининг молиявий шаффофлиги ва самара­дорлигини оширишга қаратилган давлат иштирокидаги хўжалик юритувчи субъектларни бошқаришнинг корпоратив механизмларини ривожлантириш соҳаларида давлат иштироки­нинг аниқ бозор механизмларини ишлаб чиқиш.

4. Назорат ваколатига эга ижро этувчи ҳокимият органларини («Ўздавнефтгаз­инспекция», «Ўздавэнергоназорат» ва бошқа­лар) уларнинг назорати остидаги хўжалик бошқаруви органлари («Ўзбекнефтгаз» АЖ, «Ўзбекэнерго» АЖ ва бошқалар) ҳисобидан молиялаштириш амалиётидан воз кечиш.

5. Ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг долзарб масалаларини (таълим, соғлиқни сақлаш, туризм, коммунал хўжалиги, йўл-транспорт инфратузилмаси) ҳал қилишда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва тадбир­корлик субъектларининг кенг иштирокини таъминлашга ҳамда бюджет харажатларини камайтиришга қаратилган ижтимоий ва давлат-хусусий шерикликнинг ҳуқуқий ва институ­ционал базасини такомиллаштириш.

6. Лицензиялаш, сертификатлаштириш, аккредитациядан ўтказиш ва рухсат бериш тартиб-таомиллари орқали давлат функция­лари­нинг лозим даражада бажарилиши устидан давлат назорати механизмларини жорий этган ҳолда уларнинг айримларини хусусий секторга ўтказиш. Айни вақтда давлат назоратининг ортиқча маъмурий чораларини (лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомиллари), шу жумладан, уларни муқобил тартибга солиш турларига (жавобгарликни мажбурий суғур­талаш, мувофиқликни декларациялаш ва бошқалар) алмаштириш орқали қисқартириш.

IV. Вертикал бошқарув тизими ва ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамкорлигининг механизмларини такомиллаштириш.

1. Республика давлат бошқаруви органлари ваколатларини маҳаллий давлат ҳокимияти органларига, вилоятдан туман (шаҳар) давлат ҳокимияти органларига ўтказишни назарда тутган ҳолда, давлат бошқарувини босқичма-босқич номарказлаштириш. Давлат бошқару­вининг турли даражадаги ўзаро функция ва ваколатларини, хусусан, умумдавлат миқёси­даги стратегик масалаларни республика ижро этувчи ҳокимият органларида қолдириш, шунингдек, улар томонидан маҳаллий давлат ҳокимияти органларига берилган ваколатлардан лозим даражада фойдаланаётганлиги устидан назорат қилишни аниқ чегаралаш.

2. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари­нинг молиявий имкониятларини, шу жумладан, маҳаллий бюджетга солиқ ажратмаларини кўпайтириш ҳамда ҳудудларни ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш мақсадида маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг солиқ солиш базасини кенгайтиришдан манфаатдорлигини кучайти­риш орқали кенгайтириш.

3. Ҳокимнинг маҳаллий ҳокимият вакиллик органининг раҳбари сифатидаги мақомини унда ижро этувчи ҳокимият раҳбари мақомини сақлаган ва халқ депутатлари Кенгашларининг котибиятини тузган ҳолда қайта кўриб чиқиш орқали маҳаллий давлат ҳокимияти тизимини ташкил этишда ҳокимиятлар бўлиниши тамойилининг амалий рўёбга чиқарилишини таъминлаш.

4. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари­нинг, айниқса, халқ депутатлари Кенгаш­ларининг ижро этувчи ҳокимият органлари ҳудудий бўлинмалари фаолиятини назорат қилиш бўйича роли ва масъулиятини ошириш.

5. Тегишли ваколатларни ҳокимга босқич­ма-босқич ўтказиш орқали ҳудудий ижро этувчи ҳокимият органларининг раҳбар кадрла­рини танлаш ва жой-жойига қўйиш масала­ларида маҳаллий давлат ҳокимияти орган­ларининг ваколатларини кучайтириш.

6. Келгусида маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва ҳокимлар фаолияти усти­дан таъсирчан жамоатчилик назоратини таъминлашга қаратилган ҳокимларни сайлаш тартибини жорий этиш.

7. Ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг долзарб масалаларини ҳал этишда фуқаро­ларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг ролини ва фаолият самарадорлигини ошириш.

V. Давлат бошқаруви тизимига стратегик режалаштиришнинг замонавий шакл­лари, инновацион ғоялар, ишлан­малар ва технологияларни жорий этиш.

1. Мамлакатнинг интеллектуал ва технологик салоҳиятини оширишнинг узоқ муддатли сценарийлари асосида устувор соҳа ва тармоқларни инновацион ривожланти­ришнинг келажакдаги моделларини шакллан­тириш имконини берадиган стратегик режалаштириш тизимини яратиш.

2. Давлат хизматлари кўрсатишнинг тартиб-таомилларини оптималлаштириш ва соддалаштиришни, давлат органлари фаолия­тининг самарадорлигини оширишни таъмин­лай­диган давлат бошқарувининг инновацион шаклларини жорий этиш.

3. Илмий-тадқиқот ва инновацион фаолия­т­ни ривожлантириш соҳасини, шу жумладан, инновацион ғоялар ва техноло­гияларни ишлаб чиқиш бўйича ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда унга инвестицияларни кенг жалб қилиш, уларни янада ривожлантиришни таъминлайдиган норматив-ҳуқуқий базани шакллантириш.

4. Илмий-тадқиқот ва инновацион фаолия­т­нинг замонавий ютуқларини жорий этишнинг самарали механизмларини, шу жумладан, илмий-экспериментал ихтисослаш­тирилган лабораториялар, юқори технология­лар марказлари ва технопаркларни ташкил этиш орқали яратиш.

5. Табиатни муҳофаза қилиш, ресурс ва энергия тежайдиган технологияларни, шу жумладан, муқобил ва қайта тикланувчи энергия манбаларини қўллашни ривож­лантириш, сувни тозалаш ҳамда чучуклаш­тиришнинг замонавий шаклларини кенгайти­риш, ундан оқилона фойдаланиш орқали кенг жорий этиш.

VI. Профессионал давлат хизматининг самарали тизимини шакллантириш, ижро этувчи ҳокимият органлари тизимида коррупцияга қарши курашишнинг таъсир­чан механизмларини жорий этиш.

1. Давлат хизматчиларининг профессионал корпусини яратиш мақсадида давлат хизма­тини ташкил этиш, шу жумладан, ҳуқуқий мақоми, давлат хизматчиларининг классифи­кацияси, хизматга қабул қилишнинг шаффоф механизмлари (танлов асосида), кадрлар захирасини шакллантириш, хизматни ўташ, ахлоқ нормаларига риоя этилишини таъмин­лаш масалаларини тартибга солувчи норма­тив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш.

2. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида ягона давлат кадрлар сиёсатини амалга ошириш учун масъул бўлган ихтисос­лаш­тирилган органни ташкил этиш.

3. Давлат бошқаруви соҳасида мутахас­сислар тайёрлашнинг ва давлат хизматчилари малакасини оширишнинг махсус таълим йўналишларини ишлаб чиқиш, шахсий ютуқ, билим ва касб маҳорати асосида уларнинг фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг замонавий услубларини жорий этиш.

4. Давлат хизматининг жозибадорлигини ошириш, коррупциянинг юзага келиш хавфи ва мансаб суиистеъмолчилигини камайтириш имконини берадиган давлат хизматчилари меҳнатига ҳақ тўлаш ва ижтимоий таъминоти­нинг замонавий тизимини яратиш.

5. Ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятининг шаффофлиги ва очиқлигини таъминлаш, жисмоний ва юридик шахсларга ахборот тақдим этишнинг замонавий шакл­лари­ни жорий қилиш, жамият ва бизнес билан ўзаро ҳамкорлик қилишда ортиқча маъмурий сарф-харажатларга барҳам бериш.

6. Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини янада такомил­лаштириш, аҳоли билан очиқ мулоқот­ни йўлга қўйишнинг янги, самарали механизм ва услубларини жорий этиш.

7. Иш вақти ва моддий-ишлаб чиқариш ресурсларидан оқилона фойдаланиш ҳисобига ижро этувчи ҳокимият органлари ходимлари­нинг меҳнат унумдорлигини ошириш.

VII. Маъмурий ислоҳотларнинг амалга оширилишидан кутилаётган натижалар.

1. Кутилаётган ислоҳотларнинг тўлиқ амалга оширилишини таъминлашга, ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг муаммоларини ўз вақтида аниқлаш ва самарали ҳал этишга қодир бўлган, инновацион ривожланишнинг умумжаҳон тенденцияларига жавоб берадиган давлат бошқаруви тизимини яратиш, шу жумладан, қуйидагилар орқали:

ортиқча ва ўзига хос бўлмаган вазифа, функция ва ваколатларни бартараф этиш, такрорлаш ва параллелизмни тугатиш ҳисо­бига давлат бошқаруви тизимини оптимал­лаштириш ҳамда номарказлаштириш;

давлат бошқарувини бюрократиядан холи қилиш ва унинг сарф-харажатларини пасай­тириш, бошқарув қарорлари қабул қилиш тизимининг фаолият самарадорлигини ва шаффофлигини ошириш;

стратегик режалаштириш, инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологиялар тизимини жорий этиш;

иқтисодиёт тармоқларига маъмурий таъсир кўрсатишни янада қисқартириш ҳамда бошқарувнинг соғлом рақобат муҳитини ривожлантириш, мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлиги ва аҳолининг ишчанлик фаоллигини оширишга қаратилган бозор механизмларини кенгайтириш;

жамоатчилик ва парламент назоратининг, энг аввало, коррупция кўринишларининг олди­ни олишга қаратилган самарали шаклларини жорий этиш.

2. Фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашнинг таъсирчан механизмларини яратиш, уларнинг фаровонлигини ва ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятидан қаноатланиш даражасини янада ошириш, шу жумладан, қуйидагилар орқали:

давлат органларининг жисмоний ва юридик шахслар билан ҳуқуқий муносабатларини аниқ тартибга солишга қаратилган маъмурий тартиб-таомилларни такомиллаштириш;

ижро этувчи ҳокимият органларининг қарорлари ва ҳаракатлари устидан шикоят қилиш тартибини такомиллаштиришни, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаат­ларини коллегиал эшитиш механизмларини жорий этишни назарда тутувчи маъмурий адлия тизимини ривожлантириш;

«Электрон ҳукумат» тизимини такомиллаш­тириш орқали давлат хизматлари кўрсатиш­нинг самарадорлигини ошириш;

жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш.

Маъмурий ислоҳотларни самарали амалга оширишнинг пировард натижасида «Халқ давлат идораларига эмас, давлат идора­лари халқимизга хизмат қилиши керак» деган ғоя ҳаётга тўлиқ татбиқ этилиши лозим.



DB query error.
Please try later.