29.07.2017

Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институтини ташкил этиш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Бугунги кунда Тошкент вилояти халқ таълими тизимида 1348 та таълим муассасаси, жумладан 406 та мактабгача таълим муассасаси, 871 та умумий ўрта таълим мактаби, 2 та Меҳрибонлик уйи, 31 та болалар мусиқа ва санъат мактаби, 19 та “Баркамол авлод” маркази, 19 та болалар ва ўсмирлар спорт мактаби фаолият кўрсатмоқда. Қабул қилинган давлат дастурлари доирасида мазкур таълим муассасаларининг самарадорлигини ошириш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. 

Шу билан бирга, вилоятда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш, болаларни мактабга тайёрлаш даражасини тубдан яхшилаш, таълим-тарбия жараёнига замонавий таълим дастурларини татбиқ этиш, ёшларнинг ҳар томонлама интеллектуал, ахлоқий, эстетик ва жисмоний қобилиятларини ривожлантириш борасида таълим муассасаларини малакали педагог кадрлар билан таъминлаш йўналишларида қатор долзарб масалалар мавжуд. 

Тошкент вилояти мактабгача, мактаб ва мактабдан ташқари таълим муассасаларининг тарбиячилар, бошланғич синф ўқитувчилари, айниқса, аниқ фанлар ва чет тиллари бўйича ўқитувчиларга бўлган эҳтиёжларини қондириш, туманлар ва қишлоқ жойларидаги таълим муассасаларини юқори малакали педагог кадрлар билан таъминлаш ҳамда халқаро стандартлар даражасига мос олий маълумотли педагогик кадрлар тайёрлаш тизимини жойларда ташкил этишни янада такомиллаштириш ва таълим сифатини яхшилаш мақсадида: 

1. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим, Иқтисодиёт ва Молия вазирликларининг таклифларига мувофиқ Халқ таълими вазирлиги таркибида Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институти ташкил этилсин. 

2. Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институтининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин: 

мактабгача, мактаб ва мактабдан ташқари таълим муассасалари учун юқори малакали ўқитувчиларни талаб даражасида сифатли тайёрлашни таъминлаш; 

педагогик таълим соҳасини ривожлантиришнинг илмий-методик вазифаларини ҳал этишга, илғор хорижий педагогик технологияларни жорий этишга йўналтирилган илмий тадқиқотларни олиб бориш ва иқтидорли талаба-ёшларни илмий фаолият билан шуғулланишга кенг жалб этиш; 

юртимизнинг педагогика фани бўйича қадимдан ривожланиб келган ютуқлари, хорижий мамлакатлар таълим муассасаларининг тажрибаси ва Тошкент вилояти туманлари таълим муассасалари талаб-эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда тегишли йўналишлар ҳамда мутахассисликлар бўйича ўқув-услубий адабиётларни яратиш; 

ўқув ва илмий лойиҳаларни амалга ошириш, таълим ва илмий изланишлар жараёнига мутахассисларни жалб этиш мақсадида педагогика соҳасидаги етакчи республика ва хорижий олий таълим муассасалари ва илмий марказлари билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш; 

хорижий олий таълим муассасалари ва илмий марказларига ёш истиқболли битирувчиларни магистратура ва докторантурага мунтазам юбориш орқали Институт илмий-педагогик салоҳиятини ошириб бориш. 

3. Қуйидагилар: 

Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институтининг тузилмаси 1-иловага мувофиқ; 

Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институтини ташкил этиш, унинг моддий-техник базасини шакллантириш ва илмий-педагогик кадрлар билан таъминлаш чора-тадбирлари дастури 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин. 

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирига зарур ҳолларда Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институтининг тузилмасига ходимларнинг белгиланган нормативларига мувофиқ ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин. 

Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институтининг факультет ва кафедралари босқичма-босқич талабалар ва профессор-ўқитувчилар таркибига мувофиқ ўрнатилган тартибда шакллантириб борилсин. 

4. Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институтининг 2017/2018 ўқув йили учун қабул квоталари 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин. 

Ўзбекистон Республикасининг таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси 2017/2018 ўқув йили учун Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институтининг талабалари контингентини Тошкент вилоятида доимий яшаётган Тошкент давлат педагогика университети ва бошқа турдош олий таълим муассасаларига ҳужжат топшириб, мазкур таълим муассасаларига белгиланган тўлов-контракт квоталари доирасида ўқишга қабул қилинмаган мос ва турдош таълим йўналишлари абитуриентлари ҳисобидан, Тошкент вилояти туманлари таълим муассасалари эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда шакллантирсин. 

Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институтига 2017/2018 ўқув йили учун талабалар ўқишга амалдаги базавий тўлов-контракт миқдори бўйича тасдиқланган квота доирасида қабул қилинсин. 

5. Ўзбекистон Республикаси Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институтида вилоятдаги мактабгача, мактаб ва мактабдан ташқари ва олий таълим муассасалари ҳамда педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтининг таълим мазмунини такомиллаштириш бўйича фаолиятини Мувофиқлаштирувчи кенгаш ташкил қилинсин. Мувофиқлаштирувчи кенгаш таркиби Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан тасдиқлансин. 

Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг асосий вазифалари этиб, қуйидагилар белгилансин: 

Тошкент вилоятидаги мактабгача, мактаб ва мактабдан ташқари таълим муассасалари учун педагог кадрлар тайёрлаш, шунингдек, педагогик кадрлар ва соҳа мутахассисларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш муассасаларининг илмий-методик базаларини шакллантиришни мувофиқлаштириш ва ўқув-методик раҳбарликни амалга ошириш; 

педагогика соҳасидаги талаб ва илғор хорижий тажриба, ўқув жараёнига замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этишни ҳисобга олган ҳолда, вилоят таълим муассасаларида давлат таълим стандартлари, ўқув режа ва дастурларини тизимли равишда такомиллаштиришни амалга ошириш; 

вилоятдаги педагогика соҳасида илмий-услубий ишлар, жумладан, фундаментал, амалий ва инновацион илмий изланишлар олиб боришни мувофиқлаштириш; 

вилоят таълим муассасалари илмий-педагогик салоҳиятини ошириш, жумладан, олий малакали илмий ва илмий-педагогик кадрларни мақсадли тайёрлаш асосида, педагогика соҳасини ривожлантиришнинг стратегик вазифаларидан келиб чиққан ҳолда, вилоятдаги таълим муассасалари раҳбар ходимлари ва мутахассислари малакасини сифатли ошириш ва қайта тайёрлаш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилишини таъминлаш. 

6. Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологиялар агентлиги Халқ таълими вазирлигининг таклифига асосланиб Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институти учун таянч олий таълим муассасаларига докторантурага 2018 йил учун мақсадли квоталар ажратсин. 

7. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги 2017 йил 1 сентябргача: 

Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институти (кейинги ўринларда – Институт) уставини тасдиқлаб, ўрнатилган тартибда давлат рўйхатидан ўтказсин; 

Институт томонидан тасдиқланган штатлар жадвали ва харажатлар сметасини рўйхатдан ўтказсин; 

республика таълим ва илмий муассасаларининг тажрибали ходимлари, жумладан, Тошкент давлат педагогика университети ва бошқа таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари таркибидан ўрнатилган тартибда Институтни юқори малакали профессор-ўқитувчилар билан таъминласин; 

Институт таълим йўналишлари ўқув режаларига мувофиқ фанларни ўқув адабиётлари ва илмий-методик қўлланмалар билан ҳамда ўқув хоналарини замонавий лаборатория жиҳозлари ва компьютер техникаси билан таъминлаш чораларини кўрсин. 

8. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги 2017/2018 ўқув йилидан бошлаб Институт учун зарур педагог кадрларни жалб қилиш учун соатбай асосида ҳақ тўлаш ва ўқув адабиётлари билан таъминланишини молиялаштиришнинг аниқ чораларини кўрсин. 

9. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент вилояти ҳокимлиги ва Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Тошкент кимё-технология институти қошидаги Чирчиқ академик лицейига тегишли Чирчиқ шаҳар, Истиқбол кўчаси, 2"А"-уй ва Чирчиқ ижтимоий-иқтисодиёт касб-ҳунар коллежига тегишли Чирчиқ шаҳар, Амир Темур кўчаси, 104-уйда жойлашган бинолари ва иншоотлари ҳудудлари билан Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институтига оператив бошқариш ҳуқуқи билан бепул фойдаланишга бериш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин. 

Белгилаб қўйилсинки, Тошкент кимё-технология институти қошидаги Чирчиқ академик лицейи ва Чирчиқ ижтимоий-иқтисодиёт касб-ҳунар коллежининг 2- ва 3-курс ўқувчилари битиргунларига қадар Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институтининг биноларида ижара тўловисиз жойлашади. 

10. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Истеъдод” жамғармаси хорижий давлатларнинг нуфузли университетлари ва илмий марказларида 2018 йилдан бошлаб Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институти профессор-ўқитувчиларининг малакасини ошириш ишларини ташкил этсин. 

11. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг асосланган ҳисоб-китоблари бўйича Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастурининг 2018 йилга ва кейинги йилларга параметрларини шакллантиришда Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институти объектларини реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш учун Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари таълим ва тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан маблағлар ажратилишини назарда тутсин. 

12. Белгилаб қўйилсинки, Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институтини сақлаш харажатлари 2017 йилда “Маориф” соҳаси бўйича тасдиқланган бюджет параметрлари доирасида, 2018 йилдан бошлаб эса мазкур соҳага ҳар йили ажратиладиган маблағлар доирасида амалга оширилади. 

13. Қуйидагилар Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институтининг фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин: 

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари; 

хўжалик фаолиятидан ва шартнома асосида хизматлар кўрсатишдан тушадиган тушумлар; 

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ва мақсадли бадаллари; 

халқаро молия ташкилотларининг грантлари; 

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар. 

14. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институтини электрон таълим миллий тармоғига улаш чораларини кўрсин. 

15. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институтига 2 та, шу жумладан, 1 та хизмат, 1 та махсус енгил автотранспорт воситаси сақлашга лимит ажратсин. 

16. Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институтида Тошкент шаҳридан қатнаб ишловчи профессор-ўқитувчи ва ишчи-ходимларга бориш-келиши учун тегишли шароитлар ташкил этилсин.

17. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда: 

қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин; 

ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини ушбу қарорга мувофиқлаштирсин. 

18. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси А.Н.Юнусходжаев зиммасига юклансин. 


Ўзбекистон Республикаси Президенти                                 Ш.МИРЗИЁЕВ 

Тошкент шаҳри, 2017 йил 27 июль 


* * *

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 
“Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институтини 
ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига

ШАРҲ

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда олий таълим тизимини модернизация қилиш, унга ўқитишнинг замонавий шакл ва технологияларини кенг жорий этиш, олий таълим муассасалари педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизими самарадорлигини таъминлаш борасида қатор ишлар қилинди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 20 апрелдаги “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори олий таълим тизимини тубдан такомиллаштириш, мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги устувор вазифаларга мос ҳолда кадрлар тайёрлашнинг маъно-мазмунини тубдан қайта кўриб чиқиш, халқаро стандартлар даражасида олий малакали мутахассислар тайёрлаш учун зарур шароитлар яратишда муҳим қадам бўлди. 

Шу билан бирга, олий маълумотли мутахассисларни ҳудудлар ва соҳалар бўйича жорий этилаётган дастурларнинг талаб ва эҳтиёжлари, иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларни комплекс тараққий эттириш истиқболларини инобатга олган ҳолда тайёрлаш тақозо этилмоқда. 

Бугунги кунда Тошкент вилояти халқ таълими тизимида 1348 та таълим муассасаси, жумладан, 406 та мактабгача таълим муассасаси, 871 та умумий ўрта таълим мактаби, 2 та Меҳрибонлик уйи, 31 та болалар мусиқа ва санъат мактаби, 19 та “Баркамол авлод” маркази, 19 та болалар ва ўсмирлар спорт мактаби фаолият кўрсатмоқда. Қабул қилинган давлат дастурлари доирасида мазкур таълим муассасаларининг самарадорлигини ошириш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институтини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори вилоятдаги мактабгача, мактаб ва мактабдан ташқари таълим муассасаларининг тарбиячилар, бошланғич синф ўқитувчилари, айниқса, аниқ фанлар ва чет тиллари бўйича ўқитувчиларга бўлган эҳтиёжларини қондириш, туманлар ва қишлоқ жойларидаги таълим муассасаларини юқори малакали педагог кадрлар билан таъминлашни яхшилаш мақсадида қабул қилинди. 

Қарор билан Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институтининг асосий вазифалари, тузилмаси ва фаолиятини ташкил этиш, моддий-техник базасини шакллантириш ҳамда илмий-педагогик кадрлар билан таъминлаш чора-тадбирлари дастури тасдиқланди. 

Шунингдек, қарорда Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институтига 2017/2018 ўқув йили учун 750 та қабул квоталари ажратилиб, Институтга талабалар контингентини Тошкент вилоятида доимий яшаётган Тошкент давлат педагогика университети ва бошқа турдош олий таълим муассасаларига ҳужжат топшириб, мазкур таълим муассасаларига белгиланган тўлов-контракт квоталари доирасида ўқишга қабул қилинмаган мос ва турдош таълим йўналишлари абитуриентлари ҳисобидан, Тошкент вилояти туманлари таълим муассасалари эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда шакллантириш белгиланган. Бунда талабаларни ўқитишнинг амалдаги базавий (оширилмаган) тўлов-контракт миқдори асосида тасдиқланган квота доирасида қабул қилиш амалга оширилади. 

Мазкур қарор билан Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институтида вилоятдаги мактабгача, мактаб ва мактабдан ташқари ва олий таълим муассасаси ҳамда вилоят педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтининг таълим мазмунини такомиллаштириш бўйича фаолиятини Мувофиқлаштирувчи кенгашни ташкил қилиш ва унинг асосий вазифалари белгиланмоқда. 

Институт учун 2018 йилда таянч олий таълим муассасаларида докторантурага мақсадли квоталар ажратиш, уставини ва штат жадвалларини тасдиқлаш, юқори малакали профессор-ўқитувчилар ва фанларни ўқув адабиётлари ва илмий-методик қўлланмалар билан ҳамда ўқув хоналарини замонавий лаборатория жиҳозлари ва компьютер техникаси билан таъминлаш, шунингдек, объектларини реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш юзасидан вазирлик ва идораларга тегишли топшириқлар берилмоқда. 

Шунингдек, тегишли вазирлик ва идораларга Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институтини электрон таълим миллий тармоғига улаш чораларини кўриш топширилган. 

Ушбу қарорнинг қабул қилиниши Тошкент вилояти туманлари ва қишлоқларидаги таълим муассасаларини юқори малакали педагог кадрлар билан таъминлаш, халқаро стандартлар даражасига мос олий маълумотли педагог кадрлар тайёрлашни жойларда ташкил этиш ва таълим сифатини таъминлаш, шунингдек, ёшларнинг олий таълим билан қамрови даражасини ошириш имкониятини яратишда яна бир муҳим қадам бўлди.


DB query error.
Please try later.