25.07.2017

Ўзбекистон Республикасида лойиҳа бошқаруви тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони

Мамлакатимизда иқтисодиётни ҳар томонлама ва жадал ривожлантириш, макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш, хорижий инвестицияларни фаол жалб этиш юзасидан кенг кўламли ишлар, шунингдек саноатни модернизация қилиш ва замонавий юқори технологияли ишлаб чиқаришни барпо этиш бўйича йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. 

Шу билан бирга, таҳлиллар комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича вазифаларнинг самарали бажарилишига, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга ғов бўлаётган омилларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этишга тўсқинлик қилаётган қатор камчиликлар мавжудлигини, хусусан: 

биринчидан, давлат аҳамиятига молик лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш жараёнини сифатли ташкил этиш, мувофиқлаштириш, мониторинг ҳамда назорат қилишни таъминловчи лойиҳа бошқарувининг ягона тизими мавжуд эмаслигини; 

иккинчидан, лойиҳаларни амалга ошириш суръати ва самарадорлигини тезкор кузатиш имконини берувчи илғор ахборот-коммуникация технологияларининг бошқарув жараёнига етарлича жорий этилмаганлигини; 

учинчидан, давлат ва ҳудудий дастурларни, инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда очиқлик ва шаффофлик даражасининг пастлиги мазкур соҳада молиявий маблағлар мақсадсиз ва самарасиз сарфланиши, шунингдек турли хил суиистеъмолчилик ҳолатларини келтириб чиқараётганлигини; 

тўртинчидан, давлат харидларини амалга ошириш тартиб-таомиллари шаффофлигини таъминловчи давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари, давлат корхоналари ва ташкилотлари (кейинги ўринларда давлат органлари ва бошқа ташкилотлар деб юритилади)нинг маълумотлар базалари билан интеграция қилинган ягона ахборот майдонининг мавжуд эмаслигини; 

бешинчидан, амалга оширилаётган лойиҳаларнинг мақсадга мувофиқлиги, асослантирилганлиги ва рентабеллигини таҳлил қилиш ҳамда баҳолаш, шунингдек уларнинг қийматини ошириб кўрсатиш ва бошқа суиистеъмолчиликлар аломатларини аниқлаш бўйича ишлар самарадорлигининг пастлигини; 

олтинчидан, товарлар, ишлар ва хизматларнинг ҳақиқий бозор қийматини аниқлаш имконини берадиган ягона классификатор ишлаб чиқилмаганлигини кўрсатмоқда. 

Шу билан бирга, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида давлат органлари фаолияти, шу жумладан давлат харидларини амалга ошириш соҳасида очиқлик ва шаффофликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган. 

Лойиҳа бошқарувининг ягона ахборот тизимини яратиш орқали давлат ва ҳудудий дастурлар, инвестиция лойиҳалари амалга оширилишини, молиявий маблағлар сарфланишини бошқариш механизмларининг самарадорлиги ва шаффофлигини янада ошириш, шунингдек 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида: 

1. Ўзбекистон Республикаси Лойиҳа бошқарувининг ягона миллий ахборот тизимини жорий этиш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаш иловага мувофиқ таркибда ташкил этилсин. 

Белгилансинки, Ўзбекистон Республикаси Лойиҳа бошқарувининг ягона миллий ахборот тизими: 

ҳар бир ресурснинг (товарлар, ишлар ва хизматларнинг) ҳақиқий бозор қийматини шакллантириш ҳамда нотўғри техник топшириқ ва сметаларни юритишга йўл қўймаслик имконини берадиган ресурслар ягона миллий маълумотномасини жорий этишни; 

уч ўлчамли лойиҳалаш технологиясидан фойдаланган ҳолда ресурслар ҳисобини юритиш, лойиҳа бўйича қабул қилинган қарор самарадорлигини баҳолаш, ресурслар миқдори ва турлари тўғри белгиланганлигини аниқлашни; 

лойиҳаолди, лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва тегишли жараёнлардан ўтказиш, ижро интизомига риоя этиш, иш юритуви, ҳисоботлар тузиш устидан электрон назорат ўрнатишни; 

давлат харидларининг шаффофлигини ва суиистеъмолчиликларнинг олдини олишни таъминлайдиган ягона автоматлаштирилган тизим ташкил этишни; 

ишлар бажарилиши ва дастурлар ижросининг ҳақиқий ҳолатини акс эттирувчи календарь-тармоқ режалаштиришни жорий этишни, шунингдек хабардор қилиш тизимига эга режа ва жадвалларни шакллантиришни; 

бошқарув қарорлари қабул қилишнинг назорат-таҳлилий таъминотини назарда тутади. 

2. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги (кейинги ўринларда Агентлик деб юритилади) ташкил этилсин. 

Қуйидагилар Агентликнинг асосий вазифалари этиб белгилансин: 

Ўзбекистон Республикаси Лойиҳа бошқарувининг ягона миллий ахборот тизимини яратиш, жорий этиш ва эксплуатация қилиш; 

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари, Ўзбекистон Республикаси томонидан жалб этиладиган хорижий кредитлар, заём ва грантлар маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган давлат ва ҳудудий дастурлар, инвестиция лойиҳалари ишлаб чиқилиши ҳамда амалга оширилишининг самарадорлиги ва шаффофлигини ошириш; 

ресурсларнинг ҳақиқий бозор қийматини шакллантириш ҳамда нотўғри техник топшириқ ва сметаларни юритишга йўл қўймаслик имконини берадиган ресурслар ягона миллий маълумотномасини юритиш; 

давлат харидларини амалга ошириш учун ягона ахборот майдонини яратиш; 

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари, Ўзбекистон Республикаси томонидан жалб этиладиган хорижий кредитлар, заём ва грантлар маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳаларни сифатли ва ўз вақтида амалга оширишга кўмаклашишни таъминлаш, норентабелли ва самарадорлиги паст лойиҳаларни аниқлаш; 

давлат органлари ва бошқа ташкилотларда замонавий технологияларни жорий этиш концепциялари ишлаб чиқилиши ва ҳар томонлама таҳлил қилинишини таъминлаш; 

лойиҳаларни, шу жумладан амалга оширилаётган лойиҳаларни коррупция ва бошқа суиистеъмолчиликлар аломатлари мавжудлиги юзасидан комплекс техник-иқтисодий таҳлил қилиш; 

Ўзбекистон Республикаси Лойиҳа бошқарувининг ягона миллий ахборот тизими ишлашини таъминловчи замонавий ахборот-коммуникация технологияларини давлат органлари ва бошқа ташкилотларда жорий этиш; 

лойиҳа бошқаруви соҳасида кадрларни ўқитиш ва уларнинг малакасини оширишга кўмаклашиш. 

3. Белгилансинки: 

Агентликка Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган директор раҳбарлик қилади; 

Агентлик директори Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишилган ҳолда Агентлик директори томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган ўринбосарларига эга; 

Агентлик директори мақоми, тиббий ва транспорт таъминоти шартлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчисига, директор ўринбосарлари эса Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси ўринбосарига тенглаштирилади. 

Агентлик директори ва ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш шартлари Ўзбекистон Республикаси Лойиҳа бошқарувининг ягона миллий ахборот тизимини жорий этиш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаш томонидан белгиланади. 

4. Агентликка, истисно тариқасида: 

тендер савдолари ўтказмаган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Лойиҳа бошқарувининг ягона миллий ахборот тизимини жорий этиш учун зарур бўлган товарлар (ишлар, хизматлар)ни етказиб берувчилар ёки уларнинг расмий дилерлари (дистрибьюторлари) билан энг яхши таклифларни танлаб олиш асосида асбоб-ускуна, техника ва материаллар, эҳтиёт қисмлари, дастурий маҳсулотлар, бутловчи буюмларни етказиш бўйича шартномалар тузишга; 

юқори малакали хорижий мутахассисларни ишга қабул қилишга ҳамда уларга Ўзбекистон Республикаси Лойиҳа бошқарувининг ягона миллий ахборот тизимини жорий этиш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаш билан келишган ҳолда эркин конвертация қилинадиган валютада иш ҳақи ва бошқа тўловлар белгилашга рухсат этилсин. 

5. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Агентликнинг буюртмаларига асосан Ўзбекистон Республикаси Лойиҳа бошқарувининг ягона миллий ахборот тизимини жорий этиш доирасида жалб қилинаётган хорижий мутахассисларга кириш визалари расмийлаштирилишини таъминласин. 

6. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Агентликнинг буюртмаларига асосан Ўзбекистон Республикаси Лойиҳа бошқарувининг ягона миллий ахборот тизимини жорий этиш доирасида жалб этилаётган хорижий мутахассисларга давлат божи ундирилмасдан кўп марталик визалар расмийлаштирилиши, берилиши ва муддати узайтирилишини, шунингдек уларни вақтинча прописка қилиш, турар жойи бўйича ҳисобга олишни ҳамда вақтинча прописка қилиш ва турар жойи бўйича ҳисобга олиш узайтирилишини таъминласин. 

7. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Агентликнинг буюртмаларига асосан Ўзбекистон Республикаси Лойиҳа бошқарувининг ягона миллий ахборот тизимини жорий этиш учун юқори малакали хорижий мутахассисларни республикага жалб қилишга рухсатномалар берилишини (узайтирилишини), шунингдек жалб этилаётган хорижий мутахассисларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига тасдиқномалар берилишини (узайтирилишини) таъминласин. 

8. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Лойиҳа бошқарувининг ягона миллий ахборот тизимини ишлаб чиқиш, жорий этиш ва эксплуатация қилиш учун хорижий инвесторлар маблағларини, шу жумладан халқаро молия институтлари кредитлари ва заёмларини жалб этишга ҳар томонлама кўмаклашсин. 

9. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси мазкур Фармон ва Ўзбекистон Республикаси Лойиҳа бошқарувининг ягона миллий ахборот тизими жорий этилиши билан боғлиқ бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижро этилиши устидан қатъий назорат ўрнатсин. 

10. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бир ой муддатда: 

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда Бош прокуратураси билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳасини ва Ўзбекистон Республикаси Лойиҳа бошқарувининг ягона миллий ахборот тизимини жорий этиш бўйича комплекс чора-тадбирларни киритсин; 

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва бошқа манфаатдор вазирликлар ҳамда идоралар билан биргаликда қонун ҳужжатларига мазкур Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин. 

11. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори И.Б.Абдуллаев зиммасига юклансин. 


Ўзбекистон Республикаси Президенти                                   Ш.МИРЗИЁЕВ 

Тошкент шаҳри, 2017 йил 24 июль 


* * *

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 
“Ўзбекистон Республикасида лойиҳа бошқаруви тизимини 
жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига

ШАРҲ

Бошқарув қарорларини ишлаб чиқиш ҳамда қабул қилиш жараёнида илғор ахборот-коммуникация технологиялари ва дастурий маҳсулотларни қўллашга асосланган инновацион ёндашувларни жорий этиш бугунги кунда иқтисодиётнинг барча тармоқларини жадал ривожлантириш ва давлат бошқаруви тизимини такомиллаштиришга йўналтирилган ислоҳотларни муваффақиятли амалга оширишнинг асосий шартларидан бири ҳисобланади. 

Мамлакатимизда давлат бошқаруви тизимига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва ушбу соҳага оид норматив-ҳуқуқий базани шакллантириш бўйича изчил ишлар амалга оширилди. 

Хусусан, “Электрон ҳукумат” тизимини ривожлантириш доирасида 2013 йилда Ягона интерактив давлат хизматлари портали ишга туширилди. 

Кўрсатиладиган хизматлар доирасини кенгайтириш мақсадида Ягона портал давлат органлари ва хўжалик бошқаруви органларининг ахборот тизимлари ҳамда ресурсларига интеграция қилинди. Бунинг натижасида ҳозирги пайтда портал томонидан 300 дан ортиқ хизматлар кўрсатилмоқда. 

Шу билан бирга, ўтказилган таҳлиллар комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича вазифаларнинг самарали бажарилишига, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга ғов бўлаётган омилларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этишга тўсқинлик қилаётган бир қатор камчиликлар мавжудлигини, хусусан: 

давлат аҳамиятига молик лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш жараёнини сифатли ташкил этиш, мувофиқлаштириш, мониторинг ҳамда назорат қилишни таъминловчи лойиҳа бошқарувининг ягона тизими мавжуд эмаслигини; 

лойиҳаларни амалга ошириш суръати ва самарадорлигини тезкор кузатиш имконини берувчи илғор ахборот-коммуникация технологияларининг бошқарув жараёнига етарлича жорий этилмаганлигини; 

давлат ва ҳудудий дастурларни, инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда очиқлик ва шаффофлик даражасининг пастлиги мазкур соҳада молиявий маблағлар мақсадсиз ва самарасиз сарфланиши, шунингдек турли хил суиистеъмолчилик ҳолатларини келтириб чиқараётганлигини; 

давлат харидларини амалга ошириш тартиб-таомиллари шаффофлигини таъминловчи, давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари, давлат корхоналари ва ташкилотларининг маълумотлар базалари билан интеграция қилинган ягона ахборот майдонининг мавжуд эмаслигини; 

амалга оширилаётган лойиҳаларнинг мақсадга мувофиқлиги, асослантирилганлиги ва рентабеллигини таҳлил қилиш ҳамда баҳолаш, шунингдек уларнинг қийматини ошириб кўрсатиш ва бошқа суиистеъмолчиликлар аломатларини аниқлаш бўйича ишлар самарадорлигининг пастлигини; 

товарлар, ишлар ва хизматларнинг ҳақиқий бозор қийматини аниқлаш имконини берадиган ягона классификатор ишлаб чиқилмаганлигини кўрсатмоқда. 

Юқорида келтирилган ҳолатлар давлат бошқаруви тизими, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳаларни ислоҳ қилиш шароитида ресурслардан оқилона фойдаланишни таъминловчи, лойиҳа бошқаруви принципларига асосланган қарорлар қабул қилиш механизмларини ишлаб чиқиш ва назорат қилишнинг замонавий шакл ва услубларини жорий этишни талаб қилади. 

Шу муносабат билан, қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида лойиҳа бошқаруви тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига асосан давлат дастурлари амалга оширилишини, молиявий маблағлар сарфланишини бошқариш механизмларининг самарадорлиги ва шаффофлигини янада ошириш, шунингдек 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Лойиҳа бошқарувининг ягона миллий ахборот тизими яратилмоқда. Мазкур тизим: 

ҳар бир ресурснинг (товарлар, ишлар ва хизматларнинг) ҳақиқий бозор қийматини шакллантириш ҳамда нотўғри техник топшириқ ва сметаларни юритишга йўл қўймаслик имконини берадиган ресурслар ягона миллий маълумотномасини жорий этишни; 

уч ўлчамли лойиҳалаш технологиясидан фойдаланган ҳолда ресурслар ҳисобини юритиш, лойиҳа бўйича қабул қилинган қарор самарадорлигини баҳолаш, ресурслар миқдори ва турлари тўғри белгиланганлигини аниқлашни; 

лойиҳаолди, лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва тегишли жараёнлардан ўтказиш, ижро интизомига риоя этиш, иш юритуви, ҳисоботлар тузиш устидан электрон назорат ўрнатишни; 

давлат харидларининг шаффофлигини ва суиистеъмолчиликларнинг олдини олишни таъминлайдиган ягона автоматлаштирилган тизим ташкил этишни; 

ишлар бажарилиши ва дастурлар ижросининг ҳақиқий ҳолатини акс эттирувчи календарь-тармоқ режалаштиришни жорий этишни, шунингдек хабардор қилиш тизимига эга режа ва жадвалларни шакллантиришни; 

бошқарув қарорлари қабул қилишнинг назорат-таҳлилий таъминотини назарда тутади. 

Шунингдек, Фармонга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти бевосита раҳбарлик қиладиган Ўзбекистон Республикаси Лойиҳа бошқарувининг ягона миллий ахборот тизимини жорий этиш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаш ташкил этилди. 

Шу билан бир қаторда, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги ташкил этилди ва унинг зиммасига қуйидаги вазифалар юклатилди: 

Ўзбекистон Республикаси Лойиҳа бошқарувининг ягона миллий ахборот тизимини яратиш, жорий этиш ва эксплуатация қилиш; 

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари, Ўзбекистон Республикаси томонидан жалб этиладиган хорижий кредитлар, заём ва грантлар маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган давлат ва ҳудудий дастурлар, инвестиция лойиҳалари ишлаб чиқилиши ҳамда амалга оширилишининг самарадорлиги ва шаффофлигини ошириш; 

ресурсларнинг ҳақиқий бозор қийматини шакллантириш ҳамда нотўғри техник топшириқ ва сметаларни юритишга йўл қўймаслик имконини берадиган ресурслар ягона миллий маълумотномасини юритиш; 

давлат харидларини амалга ошириш учун ягона ахборот майдонини яратиш; 

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари, Ўзбекистон Республикаси томонидан жалб этиладиган хорижий кредитлар, заём ва грантлар маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳаларни сифатли ва ўз вақтида амалга оширишга кўмаклашишни таъминлаш, норентабелли ва самарадорлиги паст лойиҳаларни аниқлаш; 

давлат органлари ва бошқа ташкилотларда замонавий технологияларни жорий этиш концепциялари ишлаб чиқилиши ва ҳар томонлама таҳлил қилинишини таъминлаш; 

лойиҳаларни, шу жумладан амалга оширилаётган лойиҳаларни коррупция ва бошқа суиистеъмолчиликлар аломатлари мавжудлиги юзасидан комплекс техник-иқтисодий таҳлил қилиш; 

Ўзбекистон Республикаси Лойиҳа бошқарувининг ягона миллий ахборот тизими ишлашини таъминловчи замонавий ахборот-коммуникация технологияларини давлат органлари ва бошқа ташкилотларда жорий этиш; 

лойиҳа бошқаруви соҳасида кадрларни ўқитиш ва уларнинг малакасини оширишга кўмаклашиш. 

Лойиҳа бошқарувининг ягона миллий ахборот тизимини жорий этиш ўта муҳимлигини инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига Фармон талабларининг сўзсиз ижро этилиши устидан қатъий назоратни таъминлаш юклатилди. 

Фармонда назарда тутилган чора-тадбирларнинг самарали амалга оширилиши давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини янада оширишга, бюджет маблағларидан оқилона фойдаланишни таъминлашга, давлат харидларини амалга оширишда коррупция ҳолатларининг олдини олишга, шунингдек ижро интизомини мустаҳкамлашга, бунинг натижасида, энг аввало, иқтисодиётнинг барча тармоқларини жадал ривожлантириш ва халқнинг фаровонлик даражасини юксалтириш борасида кўзда тутилган ислоҳотларни муваффақиятли рўёбга чиқаришга кўмаклашади.


DB query error.
Please try later.