03.06.2017

ЁНҒОҚ ИШЛАБ ЧИҚАРУВЧИЛАР ВА ЭКСПОРТ ҚИЛУВЧИЛАР УЮШМАСИНИ ТУЗИШ ВА УНИНГ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Лалми ерлардан фойдаланишни рағбатлантириш ва самарадорлигини янада ошириш, ички ва ташқи бозорларда рақобатдош бўлган ёнғоқ ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш, хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш ҳисобига замонавий ёнғоқ плантацияларини барпо қилиш ҳамда ёнғоқ етиштириш бўйича илмий асосланган усуллар ва интенсив технологияларни кенг жорий этиш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, «Sag agro» ва «Sam antep gilam» масъулияти чекланган жамиятларининг:

Ёнғоқ ишлаб чиқарувчилар ва экспорт қилувчилар уюшмасини (кейинги ўринларда Уюшма деб аталади);

Уюшма таркибида масъулияти чекланган жамият шаклида Ёнғоқчилик илмий-тадқиқот маркази, Ёнғоқ логистика маркази, «Sag agro МТП» МЧЖ, Жиззах, Қашқадарё, Сурхондарё, Наманган ва Тошкент вилоятларида ҳудудий «Ёнғоқагро» МЧЖ ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

2. Қуйидагилар Уюшманинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгилансин:

маҳаллий табиий-иқлим шароитларига мослаштирилган ёнғоқнинг серҳосил замонавий плантацияларини яратиш, шунингдек, ёнғоқ етиштиришнинг илмий асосланган усулларини ва ресурсларни тежовчи технологияларни кенг жорий этиш бўйича қабул қилинган дастурларнинг амалга оширилишини мувофиқлаштириш;

республика ҳудудларида ёнғоқ ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш чораларини кўриш, маҳсулотни сотиш бозорларини кенгайтириш мақсадида маркетинг тадқиқотларини олиб бориш, экспорт ҳажмини кўпайтириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

республика ҳудудларининг табиий-иқлим шароитларига мос келишлигини инобатга олган ҳолда, ёнғоқнинг серҳосил ниҳолларини лаборатория шароитларида етиштиришни ташкил этиш;

ишлаб чиқилган инновациявий технология­ларни ёнғоқ етиштириш жараёнига жорий қилиш учун илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш;

ёнғоқ кўчатларини парвариш қилишга жалб этиладиган агрономларни ёнғоқ плантацияларида агротехник тадбирларни тўғри ўтказиш бўйича ўқитиш учун махсус тайёрлов курсларини ташкил этиш;

Уюшма таркибига кирувчи ташкилотларга норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, имтиёз ва преференциялар бериш, хорижий инвестиция­ларни, жумладан, халқаро молия институтларининг маблағларини жалб қилиш йўли билан давлат кўмагини олишда ҳар томонлама кўмаклашиш.

3. Маълумот учун қабул қилинсинки:

«Sag agro» МЧЖ ва «Sam antep gilam» МЧЖ, «Ёнғоқчилик илмий-тадқиқот маркази» МЧЖ, «Ёнғоқ логистика маркази» МЧЖ, «Sag agro МТП» МЧЖ, шунингдек, ҳудудий «Ёнғоқагро» масъулияти чекланган жамиятлари Ёнғоқ ишлаб чиқарувчилар ва экспорт қилувчилар уюшмасининг муассислари ҳисобланади;

«Ёнғоқчилик илмий-тадқиқот маркази» МЧЖ ёнғоқни маҳаллий иқлимга мослаштириш ва районлаштириш, серҳосил, тез пишар, қур­ғоқчиликка чидамли ва вируссиз навлари бўйича илмий-тадқиқот ишларини амалга оширади;

«Ёнғоқ логистика маркази» МЧЖ ёнғоқ маҳсулотларини қайта ишлаш ва сақлаш бўйича хизматлар кўрсатишга, шунингдек, экспорт қилинадиган маҳсулотларни тайёрлаш ва божхона ҳужжатлари расмийлаштирувини таъминлашга ихтисослашади;

«Sag agro МТП» МЧЖ ёнғоқ ишлаб чиқарувчиларга агротехник тадбирларни амалга ошириш бўйича механизация хизматлари кўрсатади;

ташкилотлар Уюшмага эркин аъзо бўлиш ҳамда унинг таркибидан чиқиш ҳуқуқига эгадир;

Уюшма фаолиятини молиялаштириш унинг таркибига кирувчи ташкилотларнинг ихтиёрий ажратмалари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобига амалга оширилади.

4. Қуйидагилар:

Ёнғоқ ишлаб чиқарувчилар ва экспорт қилувчилар уюшмасининг ташкилий тузилмаси ва унинг таркибига кирувчи ташкилотлар ўртасидаги ўзаро муносабатлар схемаси 1- ва 1а-иловаларга;

бошқарув ходимларининг умумий чекланган сони 20 нафар бўлган ижро этувчи аппарати тузилмаси 2-иловага;

ҳудудий «Ёнғоқагро» масъулияти чекланган жамиятларининг намунавий тузилмалари
3-иловага мувофиқ маъқуллансин.

5. Белгилаб қўйилсинки, Уюшма раиси ва унинг ўринбосарлари муассисларнинг умумий йиғилиши қарори билан сайланади ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тасдиқланади;

6. Ёнғоқ ишлаб чиқарувчилар ва экспорт қилувчилар уюшмасини ҳамда ҳудудий «Ёнғоқ­агро» масъулияти чекланган жамиятларини ташкил этиш билан боғлиқ ташкилий тадбирларни мувофиқлаштириш ва уларни амалга оширишга кўмаклашиш бўйича 4-иловага мувофиқ таркибда Ишчи гуруҳ (кейинги ўринларда Ишчи гуруҳ деб аталади) тузилсин.

Ишчи гуруҳи (З.Т.Мирзаев) бир ой муддатда:

Ёнғоқ ишлаб чиқарувчилар ва экспорт қилувчилар уюшмаси ҳамда ҳудудий «Ёнғоқагро» масъулияти чекланган жамиятлари белгиланган тартибда ташкил этилишини;

Ёнғоқ ишлаб чиқарувчилар ва экспорт қилувчилар уюшмаси Уставининг тасдиқланишини ва давлат рўйхатидан ўтказилишини;

Ёнғоқ ишлаб чиқарувчилар ва экспорт қилувчилар уюшмаси ижро аппарати тасдиқланган тузилмага ва штатлар жадвалига мувофиқ пухта танлаш асосида юқори малакали мутахассислар билан тўлдирилишини таъминласин.

7. Ишчи гуруҳ (З.Т.Мирзаев) Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси билан биргаликда уч ой муддатда 2017-2021 йилларда ёнғоқ етиштириш ҳажмини янада кўпайтириш бўйича чора-тадбирлар дастури лойиҳасини ишлаб чиқсин ҳамда Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритсин, Дастурда қуйидагилар:

биринчи босқичда (2017-2019 йиллар) – ёнғоқ кўчатларини республикага олиб келиш;

иккинчи босқичда (2018-2019 йиллар) – ёнғоқни пайвандлаш учун пайвандтагларни келтириш;

учинчи босқичда (2020 йил) – лаборатория шароитида ёнғоқнинг тегишли минтақа табиий-иқлим шароитларига мос юқори ҳосилдор навларини ишлаб чиқариш;

тўртинчи босқичда (2018-2020 йиллар) – ёнғоқ етиштириш ва уни ички ҳамда ташқи бозорда сотишни йўлга қўйиш назарда тутилсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Андижон, Қашқадарё, Жиззах, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Тошкент ва Фарғона вилоятлари ҳокимликлари, Ёнғоқ ишлаб чиқарувчилар ва экспорт қилувчилар уюшмаси икки ой муддатда:

Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси, Тупроқшунослик ва агрокимё илмий-тадқиқот инс­титути, хорижий мутахассислар билан биргаликда табиий-иқлим шароитлари ва тупроқ таркиби бўйича ёнғоқ кўчатларини экиш учун қулай, умумий майдони 10 минг гектаргача бўлган ер участкалари танланишини;

ёнғоқ плантацияларини барпо этиш бўйича лойиҳа ташаббускорлари – тадбиркорлик субъектлари танлаб олинишини таъминласинлар.

9. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги корхоналарини таркибий қайта тузиш агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки билан биргаликда икки ой муддатда ёнғоқ плантацияларини барпо этиш бўйича лойиҳаларни, шу жумладан, халқ­аро молия институтларининг имтиёзли кредитларини жалб қилиш ҳисобига, босқичма-босқич молиялаштириш манбаларини аниқласин ва 50 миллион АҚШ долларигача бўлган миқдорда кредит маблағлари ажратилишини таъминласин.

10. Ёнғоқ плантацияларини барпо этиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш доирасида Уюшма таркибига кирувчи ташкилотлар томонидан четдан олиб келинадиган Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган томчилатиб суғориш ускуналари, махсус қишлоқ хўжалиги техникалари, ёнғоқ кўчатлари, пайвандтаглари, пайвандустлари, оналик материаллари, белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхат асосида, божхона тўловларидан (божхона йиғимлари бундан мустасно) 2020 йилнинг 1 январигача бўлган муддатга озод этилсин.

11. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Уюшманинг талабномаларига асосан ёнғоқ плантацияларини барпо этиш лойиҳаларини амалга ошириш доирасида жалб этиладиган хорижий мутахассисларга консуллик йиғимлари ва бошқа йиғимлар ундирилмасдан кириш визалари расмийлаштирилишини таъминласин.

12. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Уюшманинг талабномаларига асосан ёнғоқ плантацияларини барпо этиш лойиҳаларини амалга ошириш доирасида жалб қилинаётган хорижий мутахассисларга давлат божи ундирилмасдан кўп марталик визалар берилишини ва уларнинг муддати узайтирилишини, шунингдек, уларнинг вақтинча яшаш манзилларида вақтинча рўйхатга олинишини ва вақтинча рўйхатга олиш муддати узайтирилишини таъминласин.

13. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Уюшманинг талабномалари бўйича ёнғоқ плантацияларини барпо этиш лойиҳаларини амалга ошириш учун юқори малакали хорижий (Ўзбекистон Республикаси фуқаролари орасида мавжуд бўлмаган) мутахассисларни республикага жалб қилишга рухсатномалар берилишини (муддати узайтирилишини) ҳамда қайд этилган хорижий фуқароларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолияти ҳуқуқига розилик берилишини (муддати узайтирилишини) таъминласин.

14. Ёнғоқ ишлаб чиқарувчилар ва экспорт қилувчилар уюшмаси Самарқанд вилояти, ­Самарқанд шаҳри, Катта Ўзбек тракти кўчаси, 14-уйга жойлаштирилсин.

15. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Ш.МИРЗИЁЕВ

 

Тошкент шаҳри,

2017 йил 1июнь


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: