10.05.2017

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ ҚАРОРИГА ШАРҲ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар натижадорлиги ва самарадорлигини оширишда маҳаллий ижро ҳокимияти ва иқтисодий комплекснинг ҳудудий органлари раҳбарларининг шахсий масъулиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига

ШАРҲ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар натижадорлиги ва самарадорлигини оширишда маҳаллий ижро ҳокимияти ва иқтисодий комплекснинг ҳудудий органлари раҳбарларининг шахсий масъулиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори Ўзбекистон Республикаси Президентининг мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасидан келиб чиқадиган топшириқларнинг ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилинди.

Қабул қилинган қарор янги иш ўринларини ташкил этиш, иқтисодиёт тармоқлари корхоналари ҳамда тадбиркорлик субъектлари фаолиятини ривожлантириш ва кенгайтиришда уларга амалий ёрдам кўрсатиш бўйича аниқ йўналтирилган ва тизимли ишлар олиб боришда маҳаллий ижро ҳокимияти ва иқтисодий комплекс ҳудудий органлари раҳбарларининг шахсий масъулиятини кучайтириш, шу асосда банд бўлмаган аҳолини, айниқса, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш масалаларини ҳал қилишга қаратилган.

Қарорга мувофиқ 2017 йилнинг 1 июлидан бошлаб жойлардаги раҳбарларни моддий рағбатлантириш ва уларнинг шахсий масъулиятини кучайтиришнинг принципиал жиҳатдан янги тизими жорий этилмоқда. Унга кўра Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоят, шаҳар ва туманлар ҳокимларига аҳоли бандлиги ўсишининг тасдиқланган ҳар чорак прогноз кўрсаткичларини бажарганлиги ёки бажармаганлиги учун лавозим маошининг 15 фоизи миқдорида мос равишда мукофот берилади ёки жарима солинади, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг, вилоятлар, туман ва шаҳарлар ҳокимларининг биринчи ўринбосарларига ҳамда иқтисодий комплекснинг ҳудудий органлари раҳбарларига эса улар лавозим маошларининг 20 фоизи миқдорида ҳудди шундай мукофотлаш ёки жарима солиш чоралари қўлланилади.

Қарорнинг муҳим жиҳати шундан иборатки, унда аҳоли бандлиги ўсишининг мезони сифатида аҳолини давлат ижтимоий суғурта ҳамда меҳнат ва пенсия қонунчилиги тизимлари билан қамраб олинган доимий, барқарор ишга жойлаштирилиши белгиланган. Айнан шундай бандлик шакли меҳнат кафолатларини ҳимоялаш, пенсия тўловларини амалга ошириш учун меҳнат стажини ҳисобга олиш, уй-жой сотиб олиш ва олий таълим муассасаларида ўқиш учун олинган кредитларни тўлашда солиқ имтиёзларига эга бўлиш ҳамда аҳолининг кундалик ҳаётида зарур бўладиган бошқа амалдаги қонунчилик меъёрларидан фуқароларимиз тўлақонли фойдаланишига барча имконият яратади.

Шу муносабат билан қарорда жойлардаги раҳбар ходимларга мукофот бериш ёки уларнинг лавозим маошларидан жарима ундириш миқдорини аниқлашда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадалларини тўлаётган аҳоли бандлиги ўсишининг прогноз кўрсаткичлари бажарилиши ҳисобга олиниши белгилаб қўйилган.

Аҳоли бандлиги ўсишининг мамлакатимиз ҳудудлари, туман ва шаҳарлари кесимида прогноз кўрсаткичлари 2018 йилдан бошлаб ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан тасдиқланадиган Аҳоли бандлиги дастури ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг қарорлари билан тасдиқланадиган аҳоли бандлигининг манзилли ҳудудий дастурлари билан белгиланади. 2017 йилнинг учинчи ва тўртинчи чоракларида аҳоли бандлиги ўсишининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудлари кесимида прогноз кўрсаткичлари қабул қилинган мазкур қарор ҳамда маҳаллий ижро ҳокимияти органларининг тегишли қарорлари билан тасдиқланади.

Қайд этиш муҳимки, мазкур қарор билан Аҳоли бандлиги ўсишининг прогноз кўрсаткичларини бажарганлиги учун маҳаллий ижро ҳокимияти органлари раҳбарлари ва иқтисодий комплекснинг ҳудудий органлари раҳбарларини моддий рағбатлантириш ва шахсий масъулиятини кучайтириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди ва ушбу низомда аниқ ва тасдиқланган маълумотларга асосланган ҳолда тегишли раҳбарларга нисбатан рағбатлантириш ёки интизомий жазолаш чоралари қўллашнинг аниқ, равшан ва шаффоф механизмини жорий этиш кўзда тутилди.

Шунингдек, низомда банд бўлган аҳоли сони ва унинг ўсиши тўғрисидаги маълумотлар солиқ хизмати органлари ва бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг маълумотлар базасидаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадалларини тўловчи жисмоний шахсларнинг идентификация рақами (СТИР) асосида шакллантирилади.

Низомга мувофиқ меҳнат ҳудудий бошқармаси, давлат солиқ бошқармаси ва бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бошқармаси аҳоли бандлиги ўсиши прогноз кўрсаткичларининг бажарилиши тўғрисидаги маълумотларни ҳар чоракда шакллантириб, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига тақдим этадилар.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари олинган маълумотлар асосида уч иш куни давомида туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари ҳамда уларнинг биринчи ўринбосарларини мукофотлаш ёки уларнинг лавозим маошларидан жарима ундириш тўғрисида қарор қабул қилишлари лозим.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси ва Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси олинган маълумотлар асосида уч иш куни давомида аҳоли бандлиги ўсишининг прогноз кўрсаткичлари бажарилиши тўғрисидаги ахборотни ҳар бир ҳудуд бўйича шакллантириб, мазкур қарор билан қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Бош вазири раислигида махсус ташкил этилган Маҳаллий ижро ҳокимияти ва иқтисодий комплекснинг ҳудудий органлари раҳбарларини аҳоли бандлигини ошириш учун моддий рағбатлантириш ва шахсий масъулиятини кучайтириш чора-тадбирларини мувофиқлаштириш бўйича комиссияга тақдим этишлари лозим.

Низомга кўра Комиссия олинган маълумотлар асосида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларини ва уларнинг биринчи ўринбосарларини моддий рағбатлантириш ёки уларнинг шахсий масъулиятини ошириш чораларини қўллаш масаласини кўриб чиқади.

Шунингдек, тасдиқланган низомга қўшимча равишда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Меҳнат вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Марказий банкга бир ой муддатда аҳоли бандлиги ўсишини таъминлаш учун иқтисодий комплекснинг ҳудудий органлари раҳбарларини моддий рағбатлантириш ва уларнинг шахсий масъулиятини ошириш тартибини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш топшириғи юклатилган.

Бунда иқтисодий комплекснинг тегишли ҳудудий органлари раҳбарлари учун аҳоли бандлиги ўсишининг кўрсаткичлари ва мезонлари сифатида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари доирасида ишга туширилган лойиҳалари, хусусийлаштирилган корхоналарни ривожлантиришнинг «йўл хариталари» ва тўғридан-тўғри инвестициялар иштирокидаги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, якка тартибдаги ва оилавий тадбиркорликни, шахсий томорқа ва деҳқон хўжаликларини ривожлантириш бўйича ишга жойлаштирилган фуқаролар ҳамда кичик ва хусусий тадбиркорлик субъектларини кредитлаш, касб-ҳунарга қайта ўқитиш ва жамоат ишларига жалб этиш ҳисобига ишга жойлашган аҳоли сони қабул қилиниши лозим.

Алоҳида қайд этиш лозимки, қарорда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоят, шаҳар ва туманлар ҳокимлари, уларнинг биринчи ўринбосарлари, иқтисодий комплекснинг ҳудудий органлари раҳбарлари ўз иш фаолиятида иқтисодиёт тармоқлари корхоналари ҳамда тадбиркорлик субъектларига улар фаолиятини ривожлантириш ва кенгайтиришга тўсқинлик қилаётган муаммоларни, жумладан, жойларга чиққан ҳолда тизимли ҳал қилишда амалий ёрдам кўрсатиш, шу асосда банд бўлмаган аҳолини, айниқса, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш масалаларини ҳал қилишга қатъий ва сўзсиз риоя этиш тўғрисида топшириқлар берилган.

Шу билан бирга, қарорда маҳаллий ижро ҳокимияти ва иқтисодий комплекс ҳудудий органлари раҳбарларининг аҳолини иш билан таъминлаш бўйича шахсий масъулиятини кучайтириш тўғрисида меъёр кўзда тутилган бўлиб, унга кўра тасдиқланган прогноз кўрсаткичлари узлуксиз икки чорак давомида ёки йил давомида уч чоракда бажарилмаган тақдирда уларнинг эгаллаб турган лавозимларига нолойиқлиги масаласи кўриб чиқилади.

Мазкур қарорнинг амалга оширилиши натижасида қуйидагиларга:

биринчидан, аҳолининг барқарор бандлигини таъминлашда тизимли ва аниқ йўналтирилган ишларни амалга ошириш учун маҳаллий ижро ҳокимияти ва иқтисодий комплекс ҳудудий органлари раҳбарларига керакли рағбатлантириш чораларини яратиш ва уларнинг шахсий масъулиятини кучайтиришга;

иккинчидан, давлат ижтимоий суғуртаси, меҳнат ва пенсия қонунчилиги тизимининг барча афзалликлари билан тўлиқ қамраб олинган доимий иш ўринлари ҳисобига аҳоли бандлиги ўсишига;

учинчидан, барқарор бандликни рағбатлантиришнинг янги механизмларини жорий этиш орқали аҳоли даромадлари ошишига ва турмуш даражаси сифати яхшиланишига, солиқ тушумлари ва пенсия ажратмалари базасини кенгайтиришга имкон яратилади.

 


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: