Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Aprel 2017   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
27 28 29 30 31 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
04.04.2017

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ ҚАРОРИГА ШАРҲ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига

Ш А Р Ҳ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни ривожлантиришга ҳар томонлама кўмаклашиш, хусусий тиббиёт муассасаларининг аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиши учун зарур шароит яратиш мақсадида қабул қилинди.

Охирги йилларда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш соҳасини тубдан ислоҳ қилиш ва такомиллаштириш чора-тадбирларини амалга ошириш доирасида тиббиёт соҳасининг хусусий секторини барқарор ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ушбу соҳага мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимининг давлат соғлиқни сақлаш муассасалари томонидан кўрсатилаётган кенг турдаги тиббиёт хизматларини сифат жиҳатидан юксалтириш ва янада тўлдиришга хизмат қиладиган муҳим таркибий қисм сифатида қаралмоқда.

Умуман олганда, мамлакатимизда тиббиёт соҳасининг хусусий сектори фаолият кўрсатиши учун зарур шарт-шароитлар яратилган. Ўзбекистон Республикасининг «Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида»ги қонунида мамлакатимизда соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни ривожлантириш кўзда тутилган. Хусусий тиббиёт муассасалари фаолиятини тартибга солиш ва лицензиялаш тизими фаолият юритмоқда. Уларга барча турдаги солиқлар ва қатор мажбурий тўловлар, шунингдек, четдан олиб келинадиган янги тиббий асбоб-ускуналар учун божхона тўловларидан озод этиш бўйича имтиёзлар берилаётир.

Сўнгги 6 йилда мамлакатимизда хусусий тиббиёт муассасалари сони 2 баробар кўпайиб, 3,5 мингтага етди. Уларни юқори технологияли тиббиёт техникаси билан жиҳозлаш даражаси 3 баробар ошди. Айниқса, стоматология, лаборатория ташхиси, терапия, физиотерапия, неврология ва бош­қа соҳаларга ихтисослашган хусусий тиббиёт муассасалари ривожланган.

Шу билан бирга, давлатимиз раҳбари соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан учрашувларида соғлиқни сақлаш тизимида хусусий секторни ривожлантиришга ҳамон етарлича эътибор қаратилмаётганини таъкидлади.

Бу борадаги тажриба шуни кўрсатмоқдаки, хусусий тиббиёт муассасалари фаолиятига оид қонунчиликда мавжуд чекловлар улар томонидан кўрсатилаётган тиббий хизмат турларини кенгайтириш ва сифатини янада яхшилашга, айниқса, тор ихтисосликдаги тиббиёт соҳаларига илғор даволаш усул ва технологияларини жорий қилишга тўсқинлик қилмоқда. Айниқса, хусусий тиббиёт субъектларининг қишлоқ жойларда ривожланиши даражаси қониқарсиз ҳолатда, уларнинг учдан бир қисмидан зиёди Тошкент шаҳри ва вилоятида фаолият кўрсатмоқда.

Шу муносабат билан қабул қилинган қарорга мувофиқ соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантиришнинг асосий йўналиш ва вазифалари қаторида хусусий тиббиёт муассасалари ташхис қўйиш ва даволашнинг замонавий юқори технологияли усулларини кенг қўллаган ҳолда сифатли тиббий хизматлар кўрсатиши учун зарур шароитлар яратиш, ­уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда уларга кредит ажратиш ва молиявий ёрдам кўрсатиш, хусусий тиббиёт соҳасига хорижий инвестициялар ва малакали мутахассисларни жалб қилиш, тиббий хизматлар экспортини кенгайтириш, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш бозори инфратузилмасини ривожлантириш белгиланган.

Алоҳида таъкидлаш зарурки, қарорда соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий сектор томонидан кўрсатилаётган хизмат турларини янада кенгайтириш кўзда тутилган. Хусусан, айни пайтгача хусусий тиббиёт муассасаларига 177 турдаги тиббий хизматларнинг атиги 50 тасига рухсат этилган бўлиб, қолганлари тақиқланган эди. Мазкур қарорга биноан энди уларга тиббий хизматларнинг деярли барча турларини кўрсатишга рухсат берилди.

Рухсат этилган тиббий хизмат турларига кардиожарроҳлик, нейрожарроҳлик, микрожарроҳлик, онкология, анестезиология ва реаниматология, гельминтология, интервицион кардиология, иммунобиологик ва иммунофермент ташхис қўйиш, қон-томир, торакал ва абдоминал жарроҳлик ва тиббиёт соҳасида талаб юқори бўлган бошқа йўналишлар киритилди.

Шуни қайд этиш лозимки, агар аввал қабул қилинган қонунчилик ҳужжатларида хусусий тиббиёт муассасалари шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари тасдиқланган бўлса, энди фақат давлат соғлиқни сақлаш муассасалари амалга ошириши мумкин бўлган ва хусусий тиббиёт муассасалари учун тақиқланган айрим чекланган фаолият турлари тасдиқланмоқда. Ушбу фаолият турлари аҳоли ҳаёти, саломатлиги ва санитария-эпидемиологик ҳолатига катта хавф туғдириши мумкин бўлган, жумладан, ўта юқумли, хавфли ва карантин касалликларга ташхис қўйиш ва даволаш, токсикологик, венерик ва руҳий хасталиклар, чақалоқлар ва 1 ёшгача бўлган болалар касалликлари ва патологиясини даволаш, туғруқни қабул қилиш ва ҳомиладорликни тўхтатиш, органларни кўчириш, қон донорлигини ташкил этиш ва бошқа ўзига хос йўналишлар билан боғлиқдир.

Мазкур қарор хусусий тиббиёт муассасаларига кенг кўламли имтиёз ва преференциялар берилгани билан ҳам алоҳида эътиборга лойиқ. Хусусан, ушбу муассасалар 2022 йилнинг 1 январига қадар барча турдаги солиқлар ва мажбурий ажратмалар тўлашдан озод этилди. Алоҳида таъкидлаш лозимки, тақдим этилган солиқ имтиёзлари хусусий тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини сезиларли даражада мустаҳкамлаш имконини беради. Бўшаган маблағлар уларни замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш, уларга сервис-техник хизмат кўрсатиш, тиббиёт мақсадлари учун эҳтиёт қисмлар, инвентар ва бошқа буюмлар харид қилиш, янги бино ва иншоотларни қуриш ва мавжудларини реконструкция қилишга мақсадли йўналтирилади.

Тақдим этилган солиқ имтиёзлари ҳисобидан тежалган маблағларнинг бир қисми аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига бепул тиббий хизмат кўрсатишга йўналтирилади. Шундай қилиб, берилган солиқ имтиёзлари эвазига давлат бир вақтнинг ўзида аҳолини манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш билан бирга сифатли ­тиббий хизмат кўрсатишни кенгайтиришни рағбатлантириш бўйича муҳим вазифаларни ҳал этади, шу билан бирга хусусий тиббиёт муассасалари зиммасига қўшимча молиявий харажатлар юкланмайди.

Бу борада Ўзбекистон Республикаси Соғ­лиқни сақлаш вазирлигига Молия вазирлиги ва Ўзбекистон хусусий амалиёт врачлари ассоциацияси билан биргаликда бир ой муддатда юқорида қайд этилган солиқ имтиёзлари тақдим этилиши натижасида бўшайдиган маблағлар ҳисобидан Хусусий тиббиёт муассасаларининг аҳоли ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига бепул тиббий хизмат кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низомни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш вазифаси топширилди.

Шунингдек, хусусий тиббиёт муассасалари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхат бўйича олиб келинадиган янги тиббиёт асбоб-ускуналари, бутловчи буюмлар ва уларнинг эҳтиёт қисмлари ҳамда материаллари учун божхона тўловларидан озод этилади. Бунда мазкур рўйхатни тиббиёт муассасаларининг эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда янада кенгайтириш кўзда тутилган.

Алоҳида таъкидлаш лозимки, қишлоқ жойларда ва чекка туманларда тиббиёт соҳасида хусусий секторни жадал ривожлантириш мақсадида қарорда қишлоқ жойларда тиббий хизмат кўрсатиш соҳасида ташкил этиладиган янги микрофирмалар ва кичик корхоналар давлат рўйхатига олинган кундан бошлаб 10 йил муддатга ягона солиқ тўловидан озод этилиши кўзда тутилган.

Қарорда 2017 йил 1 майдан бошлаб соғ­лиқни сақлаш соҳасида кичик корхоналар ходимларининг йиллик ўртача чекланган сонини 25 кишидан 100 кишигача кўпайтириш тўғрисидаги тасдиқланган норма тиббиёт соҳасининг хусусий секторида бандликни кенгайтиришни рағбатлантириш имконини беради, хусусий тиббиёт муассасалари хизмат кўрсатадиган аҳоли сонини ошириш учун қўшимча имкониятлар яратади.

Қарорда мустақиллик йилларида ушбу соҳа учун биринчи марта ишлаб чиқилган Хусусий тиббиёт муассасаларини ривожлантиришни янада рағбатлантириш чора-тадбирлари дастури тасдиқлангани ҳам алоҳида эътиборга лойиқдир. Мазкур дастурда хусусий тиббиёт муассасаларини ҳар томонлама рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш, улар фаолиятининг барча йўналишларини қамраб олиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилган.

Хусусан, хусусий тиббиёт муассасаларига лицензия беришни сезиларли даражада соддалаштириш ва муддатларини тезлаштириш, жумладан, лицензия бериш тўғрисидаги қарорни 30 кундан 20 кунгача қисқартириш, лицензия бериш учун давлат божини энг кам иш ҳақининг 10 баробаридан 5 баробаригача камайтириш назарда тутилган.

Дастурда хусусий тиббиёт муассасалари фаолиятини йўлга қўйиш ва кенгайтириш учун уларни бино ва хоналар билан таъминлашга доир амалий чора-тадбирлар кўзда тутилган. Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасига фойдаланилмаётган бинолар, объект ва хоналарни, айниқса, соғлиқни сақлаш тизимида тугатилаётган муассасаларнинг давлат мулки бўлган объектларини аҳолига тиббий хизматлар кўрсатадиган тадбиркорлик субъектларига «ноль» қийматида белгиланган тартибда бепул сотиш, бунда мулкдорлар инвестиция киритиш ва янги иш ўринлари яратиш бўйича мажбуриятларни зиммасига олишини таъминлаш вазифаси топширилди.

Шу билан бирга, кичик тадбиркорлик субъектлари, жумладан, хусусий тиббиёт муассасаларига давлат мулкини ижарага олишнинг максимал муддатини амалдаги нормаларга мувофиқ 5 йилдан 10 йилгача узайтириш кўзда тутилган. Бунда соғлиқни сақлаш муассасаларининг давлат мулкидан фойдаланиш учун ижара тўловининг энг кам ставкасини 20 фоизга қисқартириш назарда тутилган.

Янги тиббиёт объектлари барпо этадиган ва мавжудларини реконструкция қиладиган хусусий тиббиёт муассасалари учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, бошқа ваколатли органларга уларнинг муҳандислик-коммунал инфратузилма объектларидан ҳеч қандай тўсиқларсиз фойдаланишини эътиборга олган ҳолда, уларга ер участкалари, бино ва хоналар ажратиш вазифаси топширилди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасига икки ой муддатда юридик ва жисмоний шахслар, жумладан, хусусий тиббиёт муассасаларига тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш, хусусан, тиббий хизматларни, айниқса, қишлоқ жойлар ва олис туманларда кўрсатиш учун ер участкалари ажратишда қўшимча имтиёзлар бериш тўғрисида таклифлар ишлаб чиқиш топширилди.

Хусусий тиббиёт муассасаларига кредит ажратиш ва уларни молиявий қўллаб-қувватлашни кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасига бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига «Ўзмед-лизинг» ихтисослаштирилган лизинг компанияси устав капиталини кўпайтириш орқали, шунингдек, хорижий инвесторлар маблағларини жалб этиш ҳисобидан тиббиёт муассасаларига замонавий юқори технологияли асбоб-ускуналар харид қилиш ҳажмини кенгайтириш ва лизингга бериш чора-тадбирлари тўғрисида аниқ таклифлар киритиш топширилди.

Тижорат банкларига хусусий тиббиёт муассасаларига замонавий тиббий асбоб-ускуналар, жумладан, хориждан сотиб олиш, бошланғич капитални шакллантириш, тиббий хизматлар кўрсатиш мақсадида бино ва иншоотлар харид қилиш учун узоқ муддатли имтиёзли кредитлар ажратиш вазифаси юклатилди. Шунингдек, аҳолига замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда, жумладан, банк кредит карталари билан ҳисоб-китоб қилиш асосида хусусий тиббиёт муассасаларининг тиббий хизматларидан фойдаланиш учун истеъмол кредитлари тақдим этиш тавсия этилган.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, қарорда тиббиётнинг хусусий соҳасига, айниқса, юқори малакали хорижий мутахассисларни жалб қилиш ва хорижий капитал иштирокида қўшма тиббиёт муассасалари ташкил этиш орқали илғор халқаро тажрибани жорий этишни кенгайтиришга доир чора-тадбирлар кўзда тутилган. Мазкур қарорда хусусий тиббиёт муассасаларида ишлашга жалб этиладиган хорижлик шифокорлар ва замонавий тиббиёт асбоб-ускуналарига хизмат кўрсатадиган техник мутахассислар тузилган меҳнат шартномалари доирасида олинадиган даромадлар бўйича жисмоний шахслар даромад солиғи ҳамда ягона ижтимоий тўловлардан озод этилиши белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Ўзбекистон хусусий амалиёт врачлари ассоциациясига Ўзбекистонда Жанубий Корея, Ҳиндистон, Россия, Германия ва бошқа давлатларнинг етакчи тиббиёт марказлари ҳамда клиникалари билан ҳамкорликда йирик даволаш-ташхис қўйиш муассасалари ташкил этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва киритиш тавсия этилди. Бунда қарорга кўра, хусусий тиббиёт муассасаларининг хорижлик ходимлари бошқарув персонали сифатидаги фаолиятидан оладиган даромадлари жисмоний шахслар даромад солиғидан озод этилади.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлигига хусусий тиббиёт ташкилотларида ишлаш учун жалб этиладиган хорижлик шифокорлар ва тиббиёт асбоб-ускуналарига хизмат кўрсатадиган техник мутахассисларга Ўзбекистон Республикасига кириш ва яшаш учун рухсатнома ҳужжатларини расмийлаштиришда ёрдам кўрсатиш топширилди.

Хусусий тиббиёт муассасалари фаолиятини кенг кўламда рағбатлантириш тиббий суғурта тизимини кенг жорий этган ҳолда, аҳолига давлат томонидан кўрсатиладиган кафолатли бепул тиббий ёрдам билан бирга, сифатли ва арзон тиббий хизматлардан фойдаланиш учун қўшимча имкониятлар яратадиган пулли тиббий хизматлар бозорини жадал ривожлантиришни тақозо этади.

Шу муносабат билан қарорда тиббий суғурта соҳасидаги ўзаро муносабатларни тартибга солиш, ихтиёрий ва мажбурий тиббий суғуртанинг ҳуқуқий асосларини белгилаш, суғурта полислари бўйича кафолатли юқори сифатли тиббий хизматлар кўрсатиш, фуқаролар учун тиббий суғурта тизимида иштирок этишда рағбатлантирувчи имтиёз ва преференциялар яратиш ва бошқа масалаларга қаратилган «Тиббий суғурта тўғрисида»ги қонун лойиҳаси концепциясини ишлаб чиқиш кўзда тутилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, тадбиркорлик фаолиятини жадал ривожлантиришни рағбатлантириш, халқимиз учун муносиб ва сифатли ҳаёт шароитларини яратишга доир амалга оширилаётган кенг кўламли ишларнинг мантиқий давоми, шунингдек, «Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун» деган эзгу ғояни ҳаётга изчил татбиқ этиш борасидаги нав­батдаги муҳим қадамдир.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: