Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Iyul 2017   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
04.04.2017

СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ СОҲАСИДА ХУСУСИЙ СЕКТОРНИ ЯНАДА РИВОЖЛАНТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори

Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни ривожлантиришга ҳар томонлама кўмаклашишни кучайтириш, хусусий тиббиёт муассасаларининг аҳолига юқори технологияли сифатли тиббий хизматлар кўрсатиши учун зарур шароитлар яратиш, хусусий тиббиёт соҳасига хориждан инвес­тициялар ва юқори малакали мутахассислар жалб этишни кенгайтириш, шунингдек, тиббий туризм ва тиббий хизматлар экспортини ривожлантириш мақсадида:

1. Қуйидагилар соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантиришнинг асосий йўналиш ва вазифалари этиб белгилансин:

мамлакатимизнинг барча ҳудудларида хусусий тиббиёт муассасалари тармоғи фаолиятини фаоллаштириш ва кенгайтириш учун қулай шароитлар яратиш, уларнинг фаолиятини тартибга солиш ва лицензиялаш тизимини такомиллаштириш, соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторнинг барқарор ривожланишига тўсқинлик қилаётган масалаларни тизимли ҳал этиш;

хусусий тиббиёт муассасаларининг ташхис қўйиш ва даволаш бўйича замонавий юқори технологияли усулларни кенг қўллаган ҳолда, кенг аҳоли қатламлари, жумладан, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга юқори малакали тиббий ёрдам кўрсатишга қаратилган хизматлар кўлами ва турларини кенгайтиришни ҳар томонлама рағбатлантириш;

хусусий тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, уларни замонавий тиббиёт ускуналари, махсус инвентар ва асбоблар билан жиҳозлаш, тиббиёт ихтисосликлари турига мос келадиган ва санитария норма ҳамда қоидалари талабларига жавоб берадиган бино ва хоналар билан таъминлаш;

қулай кредит ва лизинг механизмларини фаол жалб этиш орқали хусусий тиббиёт муассасаларини молиявий қўллаб-қувватлаш кўлами ва ҳажмини тубдан ошириш, хусусий тиббиёт соҳасига хорижий инвестициялар жалб қилишни кенгайтириш, етакчи хорижий клиника ҳамда тиббиёт марказлари билан ҳамкорликда даволаш-ташхис муассасаларини ташкил этиш;

тиббий суғурта тизимини кенг жорий этган ҳолда, аҳолига давлат томонидан кўрсатиладиган кафолатли бепул тиббий ёрдам билан бирга сифатли ва арзон маслаҳат-ташхис, даволаш, соғломлаштириш ва бошқа турдаги тиббий хизматлардан фойдаланиш учун қўшимча имкониятлар яратадиган пулли тиббий хизматлар бозорини жадал ривожлантириш;

илғор халқаро тажрибани инобатга олган ҳолда, хусусий тиббиёт соҳасида тиббий таълимнинг замонавий усул ва технологияларидан фойдаланиш асосида хусусий тиббиёт соҳаси учун кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш борасида сифатли ва самарали ­тизимни шакллантириш, хусусий тиббиёт муассасаларини юқори малакали мутахассислар билан таъминлаш.

2. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Ўзбекистон хусусий амалиёт врачлари ассоциациясининг хусусий тиббиёт муассасалари учун рухсат этилган ва тиббиёт соҳасида талаб юқори бўлган кардиожарроҳлик, нейрожарроҳлик, микрожарроҳлик, онкология, эндокринология, кардиология, қон-томир, торакал ва абдоминал жарроҳлик, урология ва бошқа тиббий фаолият турларини тубдан кенгайтириш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин, бунда тиббий фаолиятнинг аҳолининг ҳаёти, саломатлиги ва санитария-эпидемиологик ҳолатига катта хавф туғдириши мумкин бўлган турларидан ташқари, барча тиббиёт турлари қамраб олинсин.

3. Тиббий фаолиятнинг аҳоли ҳаёти, саломатлиги ва санитария-эпидемиологик ҳолатига катта хавф туғдириши мумкин бўлган ва хусусий тиббиёт муассасалари учун тақиқланган айрим турлари рўйхати 1-иловага мувофиқ;

соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантиришнинг асосий вазифа ва йўналишларига мувофиқ ишлаб чиқилган Хусусий тиббиёт муассасаларини ривожлантиришни янада рағбатлантириш чора-тадбирлари дастури 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

4. Белгилансинки, хусусий тиббиёт муассасаларида ташхис қўйиш ва даволаш, айниқса, жарроҳлик амалиётини ўтказиш билан боғлиқ ҳолларда янги юқори технологияли усулларни жорий этиш фақат тегишли тиббиёт ускуналари, юқори малакали тиббиёт ходимлари мавжуд бўлганда ва санитария норма ҳамда қоидаларига қатъий риоя этилгандагина рухсат этилади.

5. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Меҳнат вазирлигининг 2017 йил 1 майдан соғлиқни сақлаш соҳасида кичик корхоналар ходимлари йиллик ўртача чекланган сонининг 100 кишигача бўлиши тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси фойдаланилмаётган бинолар, объект ва хоналарни, айниқса, соғлиқни сақлаш тизимида тугатилаётган муассасаларнинг давлат мулки бўлган объектларини аҳолига тиббий хизматлар кўрсатадиган тадбиркорлик субъектларига «ноль» қиймати бўйича белгиланган тартибда сотишни таъминласин, бунда янги мулкдорлар инвестиция киритиш ва ижтимоий мажбуриятларни зиммасига олишига эътибор қаратилсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой ­муддатда Вазирлар Маҳкамасига «Ўзмед-лизинг» ихтисослаштирилган лизинг компанияси устав капиталини кўпайтириш орқали, жумладан, хорижий инвесторлар маблағларини жалб этиш ҳисобидан тиббиёт муассасаларига замонавий юқори технологияли асбоб-ускуналар харид қилиш ҳажмини кенгайтириш ва лизингга бериш чора-тадбирлари тўғрисида аниқ таклифлар киритсин.

8. Аҳолига пуллик тиббий хизматлар кўрсатадиган (стоматология ва косметология хизматларидан ташқари) хусусий тиббиёт муассасалари, жумладан, хорижий инвесторлар иштирокидаги хусусий тиббиёт муассасалари 2022 йилнинг 1 январигача қуйидаги тўловлардан озод этилсин:

барча турдаги солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар тўлашдан, бунда бўшаган маблағлар хусусий тиббиёт муассасаларини замонавий тиббий, муҳандислик-техник ускуналар билан жиҳозлаш, уларга сервис-техник хизмат кўрсатиш, тиббиёт мақсадлари учун эҳтиёт қисмлар, материаллар, инвентар ва бошқа буюмлар харид қилиш, тиббий хизматлар кўрсатиш учун янги бинолар қуриш, мавжудларини реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш, шунингдек, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига бепул тиббий хизматлар кўрсатишга йўналтирилсин;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхат бўйича олиб келинадиган янги тиббиёт асбоб-ускуналари, бутловчи буюмлар ва уларнинг эҳтиёт қисмлари ва материаллари учун божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимлари бундан мустасно).

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Молия вазирлиги, Ўзбекистон хусусий амалиёт врачлари ассоциацияси билан биргаликда бир ой муддатда юқорида қайд этилган солиқ имтиёзлари тақдим этилиши натижасида бўшайдиган маблағлар ҳисобидан Хусусий тиббиёт муассасаларининг аҳоли ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига бепул тиббий хизматлар кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низомни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.

9. Қишлоқ жойларда тиббий хизматлар кўрсатиш соҳасида ташкил этиладиган янги микрофирмалар ва кичик корхоналар давлат рўйхатига олинган кундан бошлаб 10 йил муддатга ягона солиқ тўловидан озод этилсин.

10. Белгилаб қўйилсинки:

хусусий тиббиёт муассасаларида ишлаш учун жалб этиладиган хорижий шифокорлар ва замонавий тиббиёт асбоб-ускуналарига хизмат кўрсатадиган техник мутахассислар тузилган меҳнат шартномалари доирасида олинадиган даромадлар бўйича жисмоний шахслар даромад солиғини тўлашдан озод этилади;

хорижий шифокорлар ва замонавий тиббиёт асбоб-ускуналарига хизмат кўрсатадиган техник мутахассисларга тузилган меҳнат шартномалари доирасида тўланадиган даромадлар ягона ижтимоий тўловдан озод этилади;

хусусий тиббиёт муассасаларининг хорижлик ходимлари бошқарув персонали сифатидаги фаолиятидан оладиган даромадлари жисмоний шахслар даромад солиғидан озод этилади.

11. Тижорат банкларига:

хусусий тиббиёт муассасаларига замонавий тиббиёт асбоб-ускуналарини, жумладан, хориждан сотиб олиш, бошланғич капитални шакллантириш, тиббий хизматлар кўрсатиш мақсадида бино ва иншоотлар харид қилиш учун узоқ муддатли имтиёзли кредитлар;

аҳолига замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда, шу жумладан, банк кредит карталари билан ҳисоб-китоб қилиш асосида хусусий тиббиёт муассасаларининг тиббий хизматларидан фойдаланиш учун истеъмол кредитлари тақдим этиш тавсия этилсин.

12. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда хусусий тиббиёт муассасаларида ишлаш учун жалб этиладиган хорижий шифокорлар ва тиббиёт асбоб-ускуналарига хизмат кўрсатадиган техник мутахассисларга Ўзбекистон Республикасига келиш ва яшаш учун рухсатнома ҳужжатларини расмийлаштиришда ёрдам кўрсатсин.

13. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Адлия вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига қонунчиликка ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида таклифлар киритсин;

идоравий меъёрий ҳужжатларни мазкур қарорга мувофиқлаштиришни таъминласин.

14. Ушбу қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош ­вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон ­Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси А.Н.Юнусхўжаев зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Ш.МИРЗИЁЕВ

 

Тошкент шаҳри,

2017 йил 1 апрель



DB query error.
Please try later.