Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Mart 2017   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
27 28 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31 1 2
09.02.2017

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Қонун ҳужжатларини тарқатиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига ШАРҲ

Қабул қилинаётган қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг самарадорлиги ва натижадорлиги, аввало уларнинг моҳияти ва аҳамиятини ижрочиларга, ҳуқуқий нормаларнинг субъектларга, шунингдек кенг аҳоли қатламига ва тадбиркорлик тузилмаларига ўз вақтида етказишни таъминлашга боғлиқ.

Мустақиллик йилларида мамлакатда қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тарқатиш, нашр этишни ташкил қилиш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар матнларини «Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси»да lex.uz сайтида жойлаштириш бўйича ишларнинг самарадорлигини оширишга қаратилган салмоқли чора-тадбирлар амалга оширилди.

Шу билан бирга ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ҳуқуқий тарғибот ўтказишнинг амалдаги тизимини танқидий таҳлил қилиш бу соҳада муайян камчиликлар мавжудлигини кўрсатди.

Хусусан, қонун ҳужжатларини, жумладан, расмий тарқатмаларни тарқатишнинг ягона механизми ва тартиби мавжуд эмас эди, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар шарҳларсиз, концепциясиз ва бошқа ахборот материалларисиз нашр этилар, давлат органларининг ҳуқуқий тарғибот бўйича фаолиятини самарали мувофиқлаштириш бўйича чоралар белгиланмаган эди.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тарқатиш тизимини тубдан такомиллаштириш, қонун ҳужжатларининг моҳияти ва аҳамияти тўғрисида ижрочилар ва аҳолини ҳуқуқий хабардор қилиш сифатини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Қонун ҳужжатларини тарқатиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Ушбу қарор билан норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тарқатишнинг ягона тартибини ўрнатиш, бу соҳада принципиал янги ёндашувларни белгилаш, янги қабул қилинаётган қонунлар ижросини ташкил қилиш механизмларини мустаҳкамлаш ва уларнинг моҳияти ва аҳамиятини аҳоли ўртасида тушунтириш назарда тутилмоқда.

Янги қабул қилинган қонунлар, бошқа қонун ҳужжатларини давлат органлари ва бошқа ташкилотларга тўғридан-тўғри ижро этиш ва амалиётда қўллаш учун расмий тарқатма орқали юборишнинг ягона тартиби ва муддатлари белгиланди.

Таъкидлаш жоизки, бундан буён тегишли қонунлар қабул қилингандан кейин унинг ижросини, ижрочиларга етказиш ва аҳоли ўртасида моҳияти ва аҳамиятини тушунтиришни ташкил этишга масъул бўлган давлат органлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритилаётган қонун лойиҳалари матнларида кўрсатилади. Ушбу механизм янги қабул қилинган қонунларнинг самарали ва ўз вақтида ижро этилишини таъминлашга хизмат қилади.

Назоратни амалга ошириш юклатилган масъул давлат органи ва ташкилоти ҳужжат имзолангандан кейин, уни ижро этиш, ижрочиларга етказиш ҳамда моҳияти ва аҳамиятини аҳоли ўртасида тушунтириш бўйича чора-тадбирлар режасини тасдиқлайди.

Яна бир янгилик, норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ишлаб чиқиш жараёнида тайёрланган ахборот-таҳлилий материаллари билан танишиш имконияти яратилишидир. Бундан буён қабул қилинган қонун ҳужжатларининг ҳуқуқий мазмуни ва аҳамиятини тарғиб қилиш ушбу ахборот-таҳлилий материаллари асосида амалга оширилади. Бу эса ўз навбатида уларнинг мазмун-моҳиятини тўлиқ етказишга, аҳолининг ҳуқуқий маданияти ва онгини оширишга хизмат қилади.

Масалан, норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш асосини, унинг аҳамиятини, шунингдек қабул қилинишидан кутилаётган натижа бўйича қисқача маълумотни ўзида акс эттирган тушунтириш хати, ўзгартириш ва қўшимчалар тушунтирилган ҳолдаги таққослаш жадвали Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида ҳам эълон қилинади.

Яна муҳим жиҳат шундан иборатки, Адлия вазирлиги давлат органлари ва ташкилотларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тарқатиш бўйича фаолиятини самарали мувофиқлаштирувчи, услубий раҳбарлик ва назорат қилувчи ваколатли орган сифатида белгиланмоқда.

Қарор билан шунингдек қонун ҳужжатларини тарқатиш тартиби ва муддатлари аниқ баён этилган қонун ҳужжатларини тарқатиш, уларнинг моҳияти ва аҳамиятини ижрочилар ва аҳолига тушунтириш схемаси тасдиқланмоқда.

Адлия вазирлигига норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни барча давлат органлари ва ташкилотларига тезкор етказиш вазифаси юклатилмоқда. Бундан буён барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар имзоланган куни ахборот-таҳлилий материаллари билан бирга қоғоз ва электрон шаклда Адлия вазирлигига юборилади, Адлия вазирлиги эса бир кунлик муддатда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ва тегишли ахборот-таҳлилий материалларни электрон шаклда Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгилаб бериладиган рўйхат бўйича барча давлат органлари ва ташкилотларига етказилишини таъминлайди.

Шу билан биргаликда, Адлия вазирлиги янги қабул қилинган ҳужжатларни Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасига бир кунлик муддатда жойлаштиради ва ҳар ҳафта Ўзбекистон Республикасининг Қонун ҳужжатлари тўпламида эълон қилиб боради.

Қонунларнинг мазмун-моҳиятини аҳолига сифатли ва самарали тушунтириш мақсадида тарғибот тадбирлари ва тушунтириш ишлари масъул давлат органлари томонидан медиа-режалар ишлаб чиқиш, ҳуқуқий тарғибот бўйича гуруҳлар тузиш, туркум теле, радиокўрсатувлар ташкил қилиш, ОАВда мақолалар, ахборот материаллари эълон қилиш ва бошқалар орқали амалга оширилади.

Бундан ташқари, қарор билан Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўйича давлат органлари ишларини мувофиқлаштириш бўйича идоралараро кенгашнинг янги таркиби ҳамда унинг таркибида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, судлар давлат бошқаруви органлари, таълим муассасалари ва бошқа ташкилотларнинг вакиллари киритиладиган ҳудудий комиссиялари ташкил этилмоқда.

Шу билан бирга, мазкур соҳада вакиллик органларининг ролини кучайтириш мақсадида ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва халқ депутатлари Кенгашларида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва адлия бошқармаларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тарқатиш соҳасидаги ҳисоботларни эшитиш амалиёти йўлга қўйилади.

Қарор норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тарқатишнинг амалий механизмларини, шу жумладан, ҳуқуқий ахборотни таълим, ахборот-кутубхона муассасаларида, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида мажбурий тарқатишни, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, фуқаролик жамияти институтларининг фаол иштирокида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини тушунтириш чораларини амалга ошириш тартибини, мазкур соҳада Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, Вазирлар Маҳкамаси, Адлия вазирлиги ва бошқа давлат органларининг ваколат ва жавобгарликларини назарда тутувчи «Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқишни назарда тутади.

Шунингдек, Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасини такомиллаштириш, хусусан энг кўп талаб қилинадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар матнларининг инглиз тилидаги маълумотлар банкини яратиш бўйича чоралар белгиланмоқда.

Мазкур қарор ижросини таъминлаш ҳуқуқий ахборотни замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ёрдамида тарқатиш тизимини тубдан такомиллаштиришга, ижрочилар ва аҳолини қонунчиликнинг мазмун ва моҳияти тўғрисида ҳуқуқий хабардор қилишнинг сифатини янада оширишга хизмат қилади.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: