16.12.2020

МЕҲР ДУНЁНИ ҚУТҚАРАДИ

Конституциямиз қабул қилинган байрам кунларида матбуот ва телевидение орқали тарқалган хабар халқимизни беҳад қувонтирди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган “Меҳр-3” операциясининг навбатдаги босқичи шу қувончнинг асосий сабаби бўлди.

Сурия мамлакатида жангавор ҳаракатлар давом этаётган бир пайтда, 98 нафар ҳамюртимизнинг ота маконига қайтарилиши халқимизга хос меҳр-оқибат ва инсоний фазилатларнинг яна бир ёрқин ифодаси бўлди.

Қарангки, бу ҳаётнинг нотекис йўлларида ўйланмай босилган қадам уларни адаштириб, ўзга элларда азобу уқубатларга дучор қилган. Улар бегона юртларда инсон ҳуқуқлари муҳофазасидан, ҳатто энг оддий яшаш шароитларидан маҳрум бўлганлар. Уларнинг сарсон-саргардонлиги онани боладан, болани отадан айириб, энг оғир қийинчиликларни бошидан кечиришга мажбур қилган.

Уларнинг она тупроғимизга қўнган самолётдан тушаётган пайтларидаги қувонч ­кўзёшлари, юзларидаги ҳаяжон ифодаларини кўриб, яна бир бор шуни англадикки, ҳеч ким ва ҳеч қачон ўзга диёрда эркин нафас олиб, орзу-мақсадларига эриша олмайди.

Суриядан қайтиб келган инсонлар юрагида эртанги кунига умид ўйғонганига, Янгиланган Ўзбекистонда, албатта, янги ҳаёт билан яшашларига ишончимиз комил.

Қисматнинг аччиқ зарбаларига дучор бўлган Меҳрибон исмли юртдошимиз айтиб берган қуйидаги воқеани эшитиб, бунга яна бир бор амин бўлдик.

— Ташқаридаги эшик очилиб, ҳовлига кимдир кириб келди, — ҳикоя қилади Меҳрибон. — Тоҳир акамнинг ҳамкасби Муҳаммад экан.

Салом-аликдан сўнг “Янга, мени Тоҳир акам юборди. Ўзи келолмайди. Эрталаб тонгда йўлга чиқар экансизлар. Тайёрланиб, Оғабекни ҳам олиб, ёнимга келсинлар, деб юборди”, деди у.

– Ўзи нега келмади? Шу сўзни айтдим-у, бутун вужудим бўшашди. Неча ойдан бери оилада бўлаётган ғавғо ва тушунмовчиликлар, кўз ёши-ю уриш-сўкишлар, ялинишу тушунтиришларнинг интиҳоси эди бу.

Қўлимдаги сут тўла челак тарқ этиб пастга тушди. Сут чайқалди, сачради, лекин тўкилмади. Ён томондаги курсига ўзимни ташладим. Ер худди қимирлагандек чайқала бошлади.

– Сизга нима бўлди, янга? Ҳайрон бўлиб сўради Муҳаммад.

– Сиз кетаверинг, мен эрталабга тайёр бўлиб тураман, дедим.

Муҳаммад қандай тез кирган бўлса, шундай тез чиқиб кетди.

Хорижда икки йил ишлаб келиб, мутлақо бошқа бир одамга айланган эримни тўғри йўлга сололмадим. Фикрлари бошқача, сал гапга тортса, “Кетамиз, бу ердаги ҳаёт биз мусулмонларга тўғри келмайди”, дейди.

Ўйга толардим: эрим айтган юртларга кетсак, аҳволимиз нима кечади?  Шу ерда ҳам бежанжал, мусулмонликнинг барча қоидалари билан яшаш мумкин-ку!

Ота-онам ҳам “Эринг тўғри айтаяпти, ҳаётингни бузма. Эрингнинг ёнида бўл, болам, у ерда куёвнинг топиб қўйган иши бордир”, деб қулоғимга қуйгани қуйган...

Мен учун тақдирнинг бу йўлидан, эрим билан кетишдан бошқа чора қолмаган эди. Эрталабки рейсда Тошкентга, кейин Истанбулга учдик. Аэропортда бизни бир йигит ва аёл кутиб олди. Аёлнинг исми Зайнаб экан. Мени озроқ дам олиб, чой ичиб ўтиришни, ўғлим Оғабекни эса дадасининг ёнида қолдириш кераклигини айтди. “Йўқ, бўлмайди”, дейишимга қарамай, мени шунга кўнишга мажбур қилди. Юрак бағрим эзилиб кетди. Бутун вужудим ва муштдеккина юрагим келгусида туяжак озорларини сезаётгандай эди...

Ўғлимни олиб кетган Зайнаб тез қайтиб келди. Ақли лол, кўзи кўр, оёғи ланг одамдек гарангсиб қолган эдим.

— Қўрқманг, ўғлингиз дадаси билан. Ҳозир рейсни эълон қиладилар. Биз ҳаммамиз Сурияга учамиз. Кейин Амипога жойлашасизлар, — деди Зайнаб.

Унинг Сурия деган сўзидан бошқа ҳеч нарсага тушунмадим. Энди қўрқувларим ваҳимага айланди.

— Нега бунча ўйга толяпсиз? У ерда эрингиз, ўғлингиз ёнингизда бўлади, — деди у.

Сал ўзимга келдим. Лекин самолётда уларни кўрмадим. “Улар орқада ўтирибди, манзилга етгач, учрашасизлар”, деб юпатди Зайнаб.

Орадан бир ҳафта ўтди. Ҳеч нарса Зайнаб айтгандай бўлмади...

Амипо деган катта қадимий шаҳарнинг чека қишлоғи — тоғлар орасига жойлашган макондаги уйнинг бир бурчагига тиқилиб олиб, бу ерлар террорчилар уяси эканлигини англаганим сари ҳаёт билан хайрлашардим.

Икки кунгача ёлғиз қолдим. Хонага олиб кириладиган овқатларнинг тузини ҳам тотмадим. Фикри-зикрим, ақли-ўйим ўғлимда эди.

Учинчи куни биз жойлашган иморат ҳовлисига қуролланган жангарилар кириб келди. Ҳаммани ҳовлига олиб чиқдилар. Оппоқ кийимдаги бир одам узоқ маъруза ўқиди. Унинг айтганларини эслаб қололмадим.

Бирдек майдонда белига портловчи мослама бойлаб олган жангарилар пайдо бўлди. Уларнинг орасида ўспиринлар, 3-5 ёш оралиғидаги гўдаклар ҳам бор эди. Бутун вужудим кўзга айланиб ўғлим Оғабекни излай бошладим. Эримга кўзим тушди, унинг ҳам белида портловчи мослама бор эди.

Аёлларга ҳам бирин-кетин шу мосламаларни кийдира бошладилар. Атрофдан “Бу тўғри жаннатга борадиган йўлни очиб беради. У ерда энг гўзал ва жозибали ҳаёт кутмоқда бизни”, деган чақириқлар жаранглар эди...

...Бирдан отишма бошланди. Бостириб келаётган бир тўда “душманлар” томонга ёш болаларни югуртирдилар. Улар тўда орасига киргач, бирин-кетин портлашлар юз берди.

Ҳушимдан кетдим. Юзимга сув сепаётган аёлнинг қўлини итариб, ҳозиргина портлаш содир бўлган майдонга ўзимни урдим. Не кўз билан кўрайки, ўғлим Оғабек қўл-оёғи бўлак-бўлак сочилиб, тупроқ билан тенг бўлиб ётарди. “Болажоним, болам, ўрнингга мен бўлак-бўлак бўлсам бўлмасмиди?!” деб нола қилдим. Ноламдан осмон титраб кетгандай, тоғлар ларзага келгандай бўлди...

Ўзбекистон Республикаси ўзга юртларда билиб-билмай адашиб, нотўғри йўлга кирган, сарсон-саргардон юрган фуқароларини она Ватанга қайтариш бўйича кенг кўламли операция бошлаганини эшитиб, қаттиқ ҳаяжонга тушдик. “Бу жаҳаннамдан бизни қутқар!” дея Аллоҳга туну кун қилган илтижоларимиз наҳот рўёга чиқса?!

Шукроналик чулғаган қалбим бир зум оппоқ орзуларга берилди. Она юртим, яқинларим, болалигим ўтган кўчалар кўзим олдида жонланиб, ширин бир орзиқиш туйдим, қароғларим ёшланди. Наҳот яна она тупроққа қадам боссак, ғамгусор кўзларимиз наҳот яна мусаффо осмонга тикилиб, яйраса?! Наҳот яна тоза ҳаводан тўйиб-тўйиб нафас олсак?!

...Давлат раҳбари ташаббуси билан амалга оширилган операция қанчалик мураккаб ва машаққатли бўлмасин, мен сингари ҳаётнинг аччиқ синовларига дуч келган кўплаб ўзбекистонликларни она Ватанга қайтарди. Жабрдийдаларга хатоларидан хулоса чиқариб, яна янгидан ҳаёт бошлаш имкониятини туҳфа этди.

Гўё қайта туғилгандек бўлдим. Юртбошимизнинг қатъий иродаси, юксак жасорати, бағрикенглиги, инсонпарварлиги, ўз халқига чексиз меҳри сабаб ҳаётимизни янгидан бошлаш имконияти яратилди. Меҳр дунёни қутқаради, дейди донишмандлар. Нақадар ҳақ гап! “Меҳр” операцияси бизнинг дунёмизни ҳам жаҳолат ботқоғидан қутқарди.

 

Гулистон АННАҚИЛИЧЕВА,

Қорақалпоғистон халқ шоираси, Сенат аъзоси.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: