04.11.2020

«УЧИНЧИ РЕНЕССАНС»ГА ЭЛТГУВЧИ ЙЎЛ

Барчамизга маълумки,  2016 йилдан бери Ўзбекистонда таълим тизимини комплекс ривожлантириш, малакали кадрлар тайёрлаш мақсадларига катта куч ва маблағлар йўналтириб келинмоқда. Мактабгача таълим, мактаб ва олий таълим тизимлари, илмий-тадқиқот муассасалари фаолиятида сифат ўзгаришлари ясаш давлатимизнинг бош мақсадларидан бирига айланди. Шу сабабли таълим тизими бугунги кунда ўзининг барқарор юксалиш йўлига кирмоқда.

Яқинда Президентимиз раислигида мамлакатимизда таълим-тарбия тизимини такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштириш масалалари муҳокамаси бўйича видеоселектор йиғилишини диққат билан кузатдим. Тўғриси,  бу йиғилишда республикамизни дунёнинг илғор мамлакатлари қаторига олиб чиқиш, аҳоли турмуш даражасини юксалтириш, миллий иқтисодиёт ва ижтимоий соҳани етук кадрлар билан таъминлашнинг асосий бўғини ва манбаи бўлган  таълим тизими фаолиятини тубдан яхшилаш ва уни дунё стандартлари даражасига олиб чиқиш бўйича янги таклифлар илгари сурилди. Бу йиғилишда иштирок этиш жараёнида ва ундан кейин ҳам бир зиёли сифатида Президентимизнинг “Биз устозни отадай улуғ деб билган, доимо ардоқлаган маърифатпарвар халқнинг вакилларимиз. Мен ҳам ўқитувчи, муаллим деганда, ўзим учун энг азиз ва ҳурматли бўлган, зиёли ва замонавий, самимий ва меҳрибон инсонларни тасаввур қиламан. Чунки ҳаммамизга ҳам шу муаллим сабоқ ва таълим бериб, меҳрибон ота-оналаримиз қаторида тарбиялаган. Бугунги кунда Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даври пойдеворини яратяпмиз. Бунда бизнинг энг яқин кўмакчиларимиз устоз ва мураббийлар, илмий ва ижодкор зиёлилардир”, деган сўзларидан чинакамига тўлқинландим.

— Мен қарийб 35 йилдан бери олий таълим соҳасида фаолият кўрсатиб келаяпман. Бу муддатнинг 15 йилга яқини Жанубий Корея, Германия, Япония, Туркия каби мамлакатлардаги етакчи университетларда ўтди.  Таълим, айниқса, олий таълим соҳасида дунё тажрибаси билан анча-мунча танишман.

Мамлакатимиз раҳбарининг  дунёдаги замонавий ўқув дастурлари, ўқитиш методикаларини ўрганиб, юртимиз таълим муассасаларида жорий қилиш муҳимлиги ҳақидаги фикрлари алоҳида эътиборга сазовордир. Чунки, ҳар бир юксак тараққиётга эришишни истаган мамлакат ҳар доим ўз таълим тизимини, айниқса, мактабни дунёдаги илғор тажрибалар билан бойитиб бориши зарур. Глобаллашув даврида эса бу  аксиомадек ҳақиқатга айланди. Президентимизнинг ана шу илҳомбахш фикрларидан руҳланиб, дунёдаги ўрта  умумтаълим ва олий таълимдаги энг прогрессив шакллар ҳамда уларни мамлакатимизга трансформация қилиш хусусидаги фикрларимни баён қилишга жазм этдим.

 

STEM модели

Маълумки, 21-асрнинг 20-йиллари дунёда рақамли технологияга асосланган "Тўртинчи саноат инқилоби" тўлиқ амалга ошган ва у "Биринчи дунё" мамлакатларининг дунёда тўла устунлигини таъминлаган даврдир. Технологиянинг "девлари" — АҚШ, Япония, Европа Иттифоқи ва ХХР бугунги позицияларига  кўп жиҳатдан фан ва техника тараққиётини эркин бозор муносабатлари билан максимум уйғунлаштирганлик  туфайли эришдилар. Бу муваффақиятларнинг замирида эса таълимни интенсивлаштириш ва оптималлаштириш ётибди. Етакчи технологик давлатлар (ҳатто Россия ва Туркия каби улардан кейинги ҳалқадагилар ҳам) классик таълим билан бир қаторда илм-фан ва технологик тараққиёт учун кадрлар, инсон капиталини интенсив шакллантиришга хизмат қиладиган таълим шаклларини жорий қилдилар. Булардан бири  STEM таълимдир. Бу таълим STEM таълими, аниқ фанлар (science),  технология (technology), муҳандислик  (engineering) ва математика  (mathematics)  каби жуда муҳим тўртта фанни биргаликда ўқитиш моделидир.

Юқорида кўрсатилган соҳаларда билимдон ва муваффақият қозона оладиган STEM модели ўқувчи ва талабаларга ҳаётдаги ҳар қандай вазият ва муаммони назоратга олиб, ечишнинг бир математик-мантиқий йўли борлигини, бу йўл-йўриққа кўра бошқаларга нисбатан оригинал ечимни таклиф қилиш, фарқли тафаккур қилиш ва фарқли ечим вариантларини таклиф қила олиш қобилиятини шакллантиради.

Бу моделни болалар боғчасидан то олий таълимгача жорий қилиш мумкин. Бу асло ақлли болаларни селекция билан ажратиб олиш эмас, балки ўзида иштиёқ бор ўқувчи ва талабаларнинг барчасини шу интенсив ва прагматик таълим тури билан мутахассисликка тайёрлашдир.

Бу моделга ўтилган таълим муассасаларида  талабаларнинг фанлар, математика ва технология соҳаларида орттирган билим ва кўникмалари уларнинг амалий ҳаётдаги муаммоларни ҳал қилиш малакасини шакллантиради. Яъни бу моделнинг яққол кўриниб турадиган афзаллиги — ўқувчи ва талабаларга кундалик ҳаётда, касбий, илмий-тадқиқотчилик фаолиятида бирдай қўллаш мумкин бўлган билим, кўникма, маҳорат ва квалификацияни шакллантиришдир. Шу сабабли таълимнинг  STEM моделини чуқур ўрганиш ва уни босқичма-босқич жорий қилиб бориш керак.

STEM моделининг санъат, тил-адабиёт (Art) билан уйғунлаштирилган STEАM  шакли ҳам бор. Бу модель эса ижтимоий-гуманитар соҳаларда етакчи мутахассис тайёрлашни кўзда тутади.

STEM модели ана шу жиҳатдан илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш ҳамда илмий-тадқиқотларни дунё стандартлари даражасига кўтариш учун республикамизга жуда кераклидир.

 

Илмий-тадқиқот университети концепцияси

Илмий-тадқиқот университети концепцияси 19-аср охирида Германияда пайдо бўлган, унинг асосчиси Вилгельм фон Гумбольдт  бўлиб, у “таълим ва илмий изланишлар бирлиги” ғоясини олий таълим асосига қўйилишини ёқлаган.

1990 йиллар охирида  дунёда “тўртинчи саноат инқилоби” ва рақамли технологиялар даври бошлангач, таълимни илмий тадқиқотлар билан яқинлаштириш ёки уни инновацион технологиялар яратиш билан баробар олиб бориш эҳтиёжи вужудга келди (саноат ишлаб чиқаришини рақамли технологиялар асосига қўйиш, жамиятни электрон усуллар, бошқариш ва аҳолига давлат хизматини онлайн режимга кўчириш, транспорт,  алоқа, тиббиёт, таълимни инновацион асосда янгилаш,  кундалик эҳтиёж товарлари (компьютер, телефон, автомобиль, маиший электрон асбоблар)ни янги-янги авлодларини яратиш узлуксиз жараёнга айланиши учун ҳам  табиий, аниқ, техника фанларини ҳамда гуманитар фанларни реал ишлаб чиқариш ва ижтимоий ҳаёт билан чамбарчас боғлиқ ҳолда олиб бориш эҳтиёжи дунёда “илмий-тадқиқот университетлари” концептининг замонавий талқинини ишлаб чиқишга ва олий таълимни янгича тафаккур қилишга ундади.

Шу сабабли ҳозирда Америкадаги 4000 дан ортиқ университетнинг 220 таси (18 %) “илмий-тадқиқот университетлари” шаклидадир. Хитойда 3000 университет ва институтнинг 100 таси (3 %) ана шу мақомга эгадир. Англия, Ҳиндистон, Жанубий Корея, Тайвань каби мамлакатларда ҳам  “илмий-тадқиқот университетлари” сони тобора ошиб бормоқда.

Илмий тадқиқот университетларига “турли фанлар соҳаларига алоқадор янги билимларни яратиш ва тарқатиш вазифасини ўз устига олган ҳамда тегишли лабораториялар, кутубхоналар ва энг юқори савияда таълим бериш ва илмий тадқиқотларни олиб боришга имкон берадиган бошқа инфртузилмаларга эга бўлган таълим ва илмий муассасалар”, деб таъриф берилади.

Тадқиқотчи Жон Тэйлор муваффақиятли фаолият кўрсатадиган “илмий-тадқиқот университетининг” 6 та характерли белгисини қуйидагича ифодалайди:

• Соф, оригинал ва амалий тадқиқотларнинг мавжуд эканлиги;

• Илмий-тадқиқотларга ўргатишга йўналтирилган таълимнинг мавжудлиги;

• Ўқув фанлари қамровининг кенглиги;

• Олий ўқув юртидан кейинги таълим дастурларининг кўплиги;

• Ташқи (илмий-тадқиқотлар ва кадрлар тайёрлашдан) келадиган даромадларнинг кенглиги

• Халқаро алоқалар ва халқаро истиқбол.

Халқаро тажрибадан

фойдаланиш

Германия Федератив Республикасида илмий-тадқиқот университети сифатида ташкил этилган Берлин Фрей университети (Freie Universität Berlin) 1960-йиллардаёқ Германиянинг илғор индустрияси ва техникаси учун технология ва кадрлар тайёрлаш мақсадида Ғарбий Берлинда ташкил этилган эди (бу университетда 2005 йилда профессор сифатида ишлаган ва тадқиқотлар олиб борган эдим).

Бу университетда анъанавий факультетлар йўқ, балки департаментлар (бўлимлар) бор, бу бўлимлар фан ва техниканинг долзарб йўналишларини  ҳисобга олиб тузилган, уларнинг таркибида эса таълимни илмий текширишлар билан қўшиб олиб борадиган институтлар мавжуд (2005 йилда 57 институт бор эди).

Жумладан, қуйидагилар:

Биология, химия ва фармация бўлими (Department of Biology, Chemistry, and Pharmacy);

Ер ҳақидаги фанлар бўлими (Department of Earth Sciences);

Таълим ва психология бўлими (Department of Education and Psychology);

Тарих ва маданият тадқиқотлари бўлими (Department of History and Cultural Studies);

Ҳуқуқ бўлими (Department of Law);

Математика ва компьютер фанлари бўлими (Department of Mathematics and Computer Science);

Философия ва Гуманитар фанлар бўлими (Department of Philosophy and Humanities);

Физика бўлими (Department of Physics);

Сиёсий ва ижтимоий фанлар бўлими (Department of Political and Social Sciences);

Ветеринар медицина бўлими (Department of Veterinary Medicine);

Бизнес ва иқтисод мактаби (School of Business and Economics);

Тиббиёт мактаби — Харите Берлин медицина университети (School of Medicine: Charité - University Medicine Berlin).

Энди департаментлар таркибидаги институтларга эътибор берайлик, жумладан, Биология, химия ва фармация бўлими (Department of Biology, Chemistry, and Pharmacy) таркибида  Биология институти (Institute of Biology), Химия ва биохимия институти (Institute of Chemistry and Biochemistry), Фармакология институти (Institute of Pharmacy) мавжуд.

Математика ва компьютер фанлари бўлими (Department of Mathematics and Computer Science) таркибида Тадқиқот гуруҳи (Research group); Математика институти (Institute of Mathematics) ва   Компьютер фанлари институти (Institute of Computer Science)  мавжуд.  Тадқиқот гуруҳи (Research group) таркибида ёш математиклар мактаби, рақамли медиа лабораторияси ва DFG грантларини бажариш маркази бор.

Фрей университетининг ҳар бир институти эҳтиёжга қараб, ҳар йили  ўртача 25-50 бакалавр талаба, 20-25 нафар магистр талаба, 10 тагача докторантурага тадқиқотчилар олади. Бакалавриатнинг 2-курсидан бошлаб талабалар илмий-тадқиқотларга жалб этилади, магистратурадаги диссертация мутлақо оригинал тадқиқот бўлиши керак, докторлик эса янги  технология, ғоя, назария ёки амалий ишланма бўлиши керак.

Илмий-тадқиқот университети фил суягидан ясалган минора эмас, у жамоанинг коллектив асаридир. Ундаги тадқиқотлар университет ташқарисидаги манбалар томонидан ва буюртмачилар тарафидан молиялаштирилади. Тадқиқот университети жуда мураккаб ва кўп қиррали таълим ва илм-фан муассасаси бўлиб, кўплаб ижтимоий ролларни бажаради.

Япониянинг Киото, Токио, Осака, Цукуба, Кейо университетларининг ишлаш тартиби ҳам илмий-тадқиқот университети каби дейиш мумкин. Масалан, Киото университети 7 миллиард долларлик бюджетининг 3 миллиардини илмий тадқиқотларни бозорда реализация қилиш билан шакллантиради (талабалар сони 7.5 минг, профессор-ўқитувчилар, техник ходимлар сони — 2.500 киши).

Айтиш лозимки, илмий-тадқиқот университетларининг универсал модели йўқ, ҳар бир мамлакатда у маҳаллий таълим анъаналаридан ва жамиятнинг эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда шаклланади, у таълим ва илм-фаннинг синергиясини бирлаштириши тарафидан барча мамлакатлар учун муҳим бир моделдир.

Мамлакатимиздаги анъанавий етакчи ОТМлар – Миллий университет, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш инженерлари институти, Тошкент техника университети, Самарқанд давлат университети, Кимё технологиялари университети, Бухоро давлат университети кабиларни “илмий-тадқиқот университети” мақомида ривожлантириб бориш мақсадга мувофиқдир.

Жамиятимизда Юртбошимизнинг ташаббуслари билан бошланган очиқлик ва демократиялаш жараёнлари олий ўқув юртларини четлаб ўтмаслиги керак. ОТМ тизими кафедрадан то вазирликкача бўлган даражада демократиялаш ва очиқликка, шаффоф бошқарувга муҳтож, бу соҳада тегишли ислоҳотларни амалга оширишни кечга суриб бўлмайди.

Энг аввало университетлар автономияси деган шартли ном билан ОТМларнинг ўзини ўзи бошқариши ва фақат бозор талабига кўра мутахассис-кадрлар тайёрлаш тизимига ўтиш лозим. Бу тизимга кўра жамият, давлат ва бозор эҳтиёжига ва талабига кўра, юқори малакали кадрлар тайёрлаш учун ОТМлар ўзларига хос бўлмаган мажбуриятлардан мутлақо холи бўлиши керак. Шунингдек, ОТМлар ўз ректорларини, деканларини, кафедра мудирларини, Илмий ва Илмий-техник кенгашларини ўзлари очиқ, тенг ва шаффоф сайловларда табиий танланиш йўли билан сайлаши лозим.

 ОТМларни уларнинг ўқув-илмий салоҳияти, анъаналари ва бошқа параметрларига кўра, рангларга, табақаларга ажратилиши, шунга кўра, уларнинг фаолияти молиялаштирилиши керак. Ранги, даражаси юқори ОТМларга нисбатан мустақиллик берилиши, унинг ишлаб топган маблағлари 100 фойиз ОТМда қолдирилиши керак бўлади. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги яқинда бу хусусда муҳим одимларни ташлади:  олий таълим муассасаларининг миллий рейтингида сўнгги 5 йил давомида доимий равишда биринчи 3 та ўриндан бирини эгаллаган ОТМларга олий маълумотли кадрлар тайёрлаш бўйича академик ва молиявий мустақиллик берилиши маълум қилинди. Жумладан, академик ва молиявий мустақилликни белгилашда халқаро таъриф ва стандартларга асосланилади, яъни мустақиллик мезонлари Европа университетлари ассоциацияси стандартларига мувофиқ қабул қилиниши белгиланди. Жойлардаги ОТМларнинг ташаббус ва интилишларини қўллаб-қувватлайдиган бундай ҳаракатлар бошқа параметрлар бўйича ҳам давом эттирилиши керак.

Шу каби, мамлакатимиздаги элита ОТМ билан провинциал ОТМ ўртасида фарқ бўлиши ва бу фарқ маошда ҳам, инфраструктурада ҳам акс этиши керак. Ўшанда элита ОТМларга жамият ва давлатнинг энг долзарб масалаларини ҳал қилиш мақсадида, мамлакатга керак энг зарурий технологияларни ишлаб чиқишни топшириши мантиқий бўлади. Ҳозирги бир текисчилик сиёсати жойларда ташаббусни сўндираётгани ҳеч кимга сир эмас.

Мамлакатимизнинг таълим тизими улкан ва инқилобий ўзгаришлар остонасида турибди. Таълимнинг барча поғоналарида амалга ошириладиган ислоҳотлар давр талаби, янги Ўзбекистонни барпо этишдаги энг муҳим ва долзарб вазифадир. “Бу – йиллар давомида кўринмайдиган, аммо натижаси яқин 10-15 йилда бутун мамлакат қиёфасини тубдан ўзгартиришга асос бўладиган қудратли манба”, дея таъкидлаган эди Юртбошимиз ўша тарихий йиғилишда.  Ҳақиқатан ҳам шундай. Тарихимиздаги “учинчи Ренессанс”га олиб борадиган йўл таълим, илм-фан ва илғор технологиялар орқали ўтади.

Жўлибой ЭЛТАЗАРОВ,

“Ипак Йўли” туризм халқаро университети биринчи проректори, профессор.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: