Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Sentabr 2020   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
31 1 2 3 4 5 6
7 8 9 10 11 12 13
14 15 16 17 18 19 20
21 22 23 24 25 26 27
28 29 30 1 2 3 4
19.08.2020

МУАММОНИНГ ЕЧИМИ ҚАРОР ИЖРОСИ ҒАМДА ШАХСИЙ МАСЪУЛИЯТИМИЗГА БОҒЛИҚ

Сарвар БАБАХОДЖАЕВ, Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги директори.

Бугун замоннинг ўзи бизга қайси ташаббус муҳим, қай бирини кечиктириш мумкинлигини кўрсатиб қўймоқда. Бир неча йиллар аввал турли санъат, мусиқа ва хорижий тилларга бўлган талаб ҳамда эҳтиёж юқори бўлган. Натижада мазкур йўналишларда таълим самарадорлигига эришишга алоҳида эътибор қаратилди. Аниқ фанлар бўйича мутахассислар вақт ўтгани сайин камайиб борди. Давлатимиз раҳбари айни пайтдаги вазиятни тўғри баҳолаган ҳолда математика, физика, ахборот технологиялари, кимё ва биология каби кундалик ҳаётимизнинг ажралмас қисми бўлган йўналишларга алоҳида эътибор қаратмоқда. Кеча имзоланган қарорда ҳам айни шуни кўришимиз мумкин.

«Кимё ва биология йўналишларида узлуксиз таълим сифатини ва илм-фан натижадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарорига мувофиқ, республиканинг ҳар бир ҳудудида босқичма-босқич кимё ва биология фанларига ихтисослаштирилган 14 та таянч ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этилади. Бунда Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги тасарруфидаги Абу Али ибн Сино номидаги ёш биологлар ва кимёгарлар ихтисослаштирилган мактаб-интернати билан ҳамкорлик қилинади. Эътиборли жиҳати, мазкур таълим муассасасини ҳам ушбу мактаблар мақомига мослаштириш назарда тутилган.

Бунинг ўзигина эмас, албатта. Юртимизнинг барча туман ва шаҳарларида ушбу йўналишлар чуқур ўргатиладиган 150 мактаб барпо этилиши, соҳага бўлган эътибор ҳамда таълим тизимидаги ислоҳотлар кўлами нақадар кенг эканини ифодалайди. Кимё ва биология фанларини чуқур ўзлаштирган, ўз йўналиши бўйича илмий изланишлар, тадқиқотлар олиб бориш истагини билдирувчи мутахассислар сафи кенгайишига хизмат қилувчи мазкур қарорнинг яна бир муҳим жиҳати мактаблар олий таълим муассасаларига бириктирилади. Яъни, таянч ихтисослаштирилган мактаблар ва ихтисослаштирилган мактабларда кимё ва биология фанларини самарали ўқитишни мувофиқлаштириш белгиланмоқда. Умуман, янгиликлар миқёси жуда кенг. Уларнинг барчаси ёшларни халқаро андозаларга мос равишда ўқитиш, юртимизда аниқ фанлар бўйича малакали кадрлар, олим ва профессорларга бўлган талабни қондиришга қаратилган.

Яна бир муҳим жиҳатини таъкидлаш керак. Қарорга кўра, ишлаб чиқариш тармоқлари учун ўрта бўғин кадрлар тай­ёрлаш тизимини самарали йўлга қўйиш юзасидан кимё ва биология йўналишларига тегишли мутахассисликлар бўйича ўрта бўғин кадрларини тайёрлайдиган 47 та профессионал таълим муассасаларига ишлаб чиқариш корхоналари бириктирилади. Бундан ташқари, олий таълим муассасаларида кимё ва биология йўналишларида самарали ўқув жараёнини ташкил этиш, фанларни ривожлантириш учун уларнинг 74 та кафедрасига 11 та Фанлар академияси илмий-тадқиқот институти ҳамда ишлаб чиқариш тармоқларини бириктириш ҳам режалаштирилган. Бир сўз билан айтганда, бутунлай янги тизим ва янги услублар жорий қилинмоқда.

Бу борада агентлигимиз олдида турган муҳим масала ташкил этиладиган мактаблар билан ҳамкорликни тўғри ташкил қилишдан иборат. Бу орқали тажриба алмашиш, кадрлар малакасини ошириш, ўқувчилар орасидан биология ва кимё йўналишига қизиқиши юқори бўлган ўқил-қизларни саралаб олиш имкони юзага келади. Мазкур фанлар бўйича чуқур ўқитиш ҳудудларда янги-янги ишлаб чиқариш корхоналарини барпо этиш, юқори қўшилган қиймат яратадиган фармацевтика, нефть, газ, кимё, тоғ-кон, озиқ-овқат саноати тармоқларини жадал ривожлантиришга туртки беради. Муҳими, буларнинг натижасида халқимиз турмуш шароити ва даромадларини оширишга пухта замин ҳозирлайди.

Агентлигимиз тизимидаги биргина кимёгарлар мактаби билан кўзланган натижаларга эришишнинг имкони йўқ. Шундан келиб чиқиб, мазкур қарор кимё ва биология фанларини ўқитишдаги муаммоларни ҳал этишда дастуриуламал бўлади. Зеро, умумтаълим мактабларидаги кимё ва биология фанларини ўқитиш сифати бугунги давр талабларига жавоб бермайди, ўқитиш методологияси ва лабораториялар маънан эскирган, ўқитувчиларнинг меҳнатини муносиб рағбатлантириш механизмлари жорий қилинмаган. Ушбу муаммоларни ҳал этибгина қолмай, таълимнинг кейинги босқичидаги масалалар ҳам қамраб олинмоқда. Хусусан, ўрта махсус, профессионал, олий таълим, илмий-тадқиқот муассасалари ҳамда соҳадаги ишлаб чиқариш корхоналари ўртасида кадрлар тайёрлаш ва илм-фан натижаларидан фойдаланиш борасида узвий боғлиқлик, самарали мулоқот ҳамда ҳамкорлик йўлга қўйилади.

Айтиш керакки, биз бунда ўзаро тажриба алмашиш, ҳамкорлик масалаларида ташаббус кўрсатишимиз зарур. Ўқитувчиларнинг малакасини ошириш, кадрлар салоҳиятини юксалтириш билан боғлиқ чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш, ана шу асосида тизимли ишларни ташкил қилиш лозим. Шунингдек, барпо этилиши кўзда тутилаётган мактабларга умумтаълим муассасалари ўқувчилари орасидан кимё ва биологияга лаёқати юқори ўғил-қизларни саралаб олиш керак. Ўйлаймизки, бу борада соҳа мутахассислари билан кечиктириб бўлмас режаларни ишлаб чиқамиз ва амалиётга татбиқ этамиз.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: