Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Sentabr 2020   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
31 1 2 3 4 5 6
7 8 9 10 11 12 13
14 15 16 17 18 19 20
21 22 23 24 25 26 27
28 29 30 1 2 3 4
19.08.2020

ЭЪТИРОФ

Ҳалит Эрен, профессор, ИРСИКА Бош директори: (Туркия)

2020 йил 16-17 июль кунлари Самарқанд давлат университетида "Самарқанд давлат университети — Улуғбек мадрасаи олиясининг вориси" мавзусида халқаро онлайн конференция бўлиб ўтган эди. Мазкур анжуманда ўнлаб халқаро ташкилотлар раҳбарлари ва мутасаддилари, дунёнинг нуфузли университетлари ректорлари, таниқли халқаро экспертлар иштирок этиб, ўзларининг фикр-мулоҳазаларини билдирган эди.

— Тарих ва бугунни боғлаш йўлида олиб борилган жуда кўп тадқиқотларни кўрганман. Лекин менинг назаримда, энг мукаммал боғланиш ва узвийлик бу — Мирзо Улуғбек олий мадрасаси ва Самарқанд давлат университети ўртасидадир. Тўғриси, бу изланишлар бошланганига салкам чорак аср бўлди. Орадан ўтган вақт тарихий ҳақиқатларни очиш, янги-янги манбалар билан бойитиш, мустаҳкамлаш учун етарли, деб ўйлайман.

Дунёга машҳур ўзбек ҳукмдори ва астрономи Улуғбек 1420 йилда Самарқандда мадраса ва Расадхона ташкил қилди. Бу фан ва таълим тарихидаги олтин ютуқ эди. Улуғбек мадрасаси улкан салоҳиятга эга таълим муассасасига айланди ва Самарқанд давлат университети тимсолида ҳозирги давргача етиб келди. Таълим даргоҳларининг илмий изланишлар ва ўқитиш соҳасидаги анъаналари ва тажрибаси, асрлар давомида муассасанинг ўзига хос муҳитини сақлаган ҳолда, ўзгарувчан даврларда тараққиёт ва барқарорликка мослашувчанликни рағбатлантиради. Шу маънода, Самарқанд давлат университети мумтоз олий таълим даргоҳи ҳисобланмиш мадрасанинг замонавий университетга айланишига яққол намуна бўла олади. Бу даргоҳ илм, билим ва таълим узлуксизлигини сақлаган ўтмиш билан ҳозирги кун ўртасидаги боғлиқлик маҳсулидир.

Марказимиз кўп масалалар қаторида таълим муассасалари тарихини ўрганиш борасида ҳам изланишлар олиб боради. ИРСИКА Ислом ҳамкорлик ташкилотининг маданий органи бўлиб 56 аъзо давлатга эга ҳукуматлараро тадқиқот маркази ҳисобланади. ИРСИКА тадқиқот ва нашриёт фаолияти билан ҳам шуғулланади, илмий конгресслар ташкил қилади, исломшуносликнинг барча соҳаларида тарихий ва замонавий маълумотлардан иборат кутубхона ва архивларни юритади, тадқиқотлар олиб боради ва эски китоблар, қўлёзмалар, тарихий асарлар ва меъморий меросни сақлаш бўйича машғулотлар ўтказади. Турли хил дастурлар орқали Ислом санъатини тарғиб қилади. Илм-фан ва таълим тарихи ИРСИКА фаолият дастурларининг асосий мавзуларидан бири бўлиб, ўтмиш ва ҳозирги давр Ислом цивилизацияси доирасидаги илм-фан ва билимларни қамраб олади. ИРСИКА томонидан Ислом оламининг тарихига, фанлари, олимлари ва таълим муассасаларига бағишланган кўплаб симпозиумлар, илмий ишлар ва маълумотномалар, шу жумладан, биографик ва библиографик нашрлар яратилади. Ушбу тадқиқотлар доирасида мадрасалар ва университетларга тез-тез мурожаат қилинади. Мадрасаларнинг ташкил этилиши ислом таълими тарихидаги энг катта ютуқ бўлиб, бутун дунёда университетларнинг ривожланишига ҳам таъсир кўрсатди. Кейинги исломий давлатларнинг ҳукмдорлари ҳам олий маълумотга эга, илм-фан ҳомийлари бўлганлар. Яқин Шарқ, Ўрта Осиё, Шимолий Африка ва Андалузиянинг кўплаб шаҳарларида мадрасалар ва кутубхоналар ташкил этилган. Сўнгги йирик Ислом империяси — Усмонли давлати ҳам йирик мадрасалар барпо этган ҳамда бир вақтнинг ўзида анъанавий ва замонавий таълим даргоҳларини юритишга ҳаракат қилган.

Ислом оламининг илмий пойтахтлари ўртасида билимлар алмашинуви бўлиб ўтган. Самарқанд расадхонасида тайёрланган Улуғбекнинг Зиж жадвали Усмонли астрономлари учун тақвимлар яратишда муҳим қўлланма бўлди. Самарқанд география ва астрономия мактаби ислом оламининг география ва картографияга оид билимлари учун асосий манбаларни етказиб берди. Қозизода Румий ва Али Қушчи каби Усмонли астрономлари Самарқандда Жамшид Коший каби ҳамкасблари билан биргаликда ишлаган ва дарс берган. Асрлар давомида мадрасалар жамият ривожида таълим марказлари сифатида ҳал қилувчи роль ўйнаган. У ерда илоҳиёт ва диний фанлар билан бир қаторда математика, геометрия, мантиқ, табиий фанлар, астрономия ва астрология бўйича маърузалар ўқилган. Ислом оламининг турли минтақаларидаги ХХ асрнинг бир қатор университетлари олдинги мадрасаларнинг ворислари ҳисобланади. Худди шу каби, замонавий Ўзбекистоннинг таниқли университети бўлган Самарқанд давлат университети ҳам Улуғбек мадрасасининг бевосита вориси саналади.

Марказимизнинг фан тарихи бўйича лойиҳалари ва нашрларида Самарқанд расадхонаси ва мадрасаси тўғрисидаги маълумотлар кўплаб келтирилган. 1994 йилда ИРСИКА ва Ўзбекистон Фанлар академияси ҳамкорлигида “Ислом дунёсидаги фан ва технологиялар” мавзуида халқаро симпозиум ташкил этилди. 2004 йилда Самарқанд давлат университети профессори Ботурхон Валихўжаев қаламига мансуб «Улуғбек даври мадрасалари» асарининг турк тилидаги нашри ИРСИКА томонидан чоп этилди. Бизнинг Ўзбекистон ҳукумати ҳузуридаги маданият идоралари ва Ўзбекистон университетлари, академик институтлари билан кенг ва фаол ҳамкорлигимиз Ўзбекистоннинг Ислом дунёсида маданият ва маърифат ривожига қўшган ҳиссаларини ўрганиш учун кўплаб контекстларни таклиф қилади.

Самарқанд давлат университети жамоасини юбилей билан самимий табриклайман. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига ҳамда Самарқанд вилоят ҳокимлигига ўз миннатдорлигимни изҳор қиламан.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: