Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Sentabr 2020   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
31 1 2 3 4 5 6
7 8 9 10 11 12 13
14 15 16 17 18 19 20
21 22 23 24 25 26 27
28 29 30 1 2 3 4
05.08.2020

ТОШКЕНТ ШАҲАР ХАЛҚ ҚАБУЛХОНАСИДА

йиллар давомида йиғилиб қолган муаммолар ҳал бўлаяпти, бу ерга мурожаат қилаётган инсонлар ўз дардига малҳам топаяпти

Бугунги кунда дунё аҳли, жумладан халқимиз мисли кўрилмаган синовларни бошидан кечирмоқда. Нима қиламиз яшириб, халқ бошига тушган балойи азим туфайли ҳозиргача қанча йўқотишларни кўрдик. Пандемия балоси катта-ю-кичикни бирдек аямаяпти. Президентимиз айтганидек, дунёни қамраб олган бу офатдан қутулишнинг бирдан-бир йўли — ўзини-ўзи асраш, иҳоталаш, бир мақсад йўлида бирлашишдан иборатдир.

Коронавирус карантини сабабли ташкилотлар, муассасалар фаолияти вақтинча чекланди. Сўнгра карантин талаблари юмшатилди. Мамлакатимизда касалликка чалинганлар кўпая бошлагач, карантин талаблари яна кучайтирилди. Лекин коронавирус пандемияси даврида ҳам Ўзбекистон Президентининг Халқ қабулхоналари ўз фаолиятини бир кун ҳам тўхтатмади, аҳоли муаммоларига ечим топишда, уларга кўмак беришда давом этмоқда.

Чунки халқ дардини эшитиш, оғирини енгил қилиш, уларнинг йиллар давомида йиғилиб қолган муаммоларини ҳал этиш мамлакатимизда давлат сиёсатига айланди.

Бугун одамлар давлат идоралари эшиклари олдида сарғаймаслиги, аксинча, давлат идоралари масъуллари улар ҳолидан хабар олиши қатъий вазифа қилиб қўйилди. Барча давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарлари учун «Инсонларнинг дарду ташвишларини ўйлаб яшаш – одамийликнинг энг олий мезонидир», деган ғоя илгари сурилди.

ХАЛҚ ҚАБУЛХОНАЛАРИ ФАОЛИЯТИ ҚОНИҚАРЛИМИ?

Карантин пайтида муассаса ва ташкилотлар мутасаддилари билан мулоқотга киришиб, бирор масалани ҳал этиш осон эмас, албатта. Бироқ Ўзбекистон Президентининг Тошкент шаҳар Халқ қабулхонаси мудири Тоҳир Муллажонов ва қабулхона масъул ходимлари – Зиуатдин Бобоназаров, Убайдулла Қаршибоев билан телефон орқали боғланиш ҳам учрашиш ҳам қийин бўлмади. Улар ёрдамида Ўзбекистон Президентининг Тошкент шаҳар Халқ қабулхонасида фуқароларнинг мурожаатлари ва муаммолар ечими билан танишдим.

Карантин талабларига қатъий амал қилиб, фуқароларни яккама-якка қабул қилиб, уларнинг муаммоларини ҳал этиш учун кураш қатъий йўлга қўйилган экан.

Қабулхона иш фаолияти билан танишсангиз, расмиятчилик, бюрократизм ва сансалорлик ҳолатларидан холи бўлган бир тизим яратилганининг гувоҳи бўласиз.

Маълумки, кейинги йилларда тадбиркорлик субъектларининг ривожланишига халақит бераётган тўсиқ ва ғовларни бартараф этишга давлатимиз томонидан жиддий эътибор қаратилмоқда. Қабулхонага қилинаётган мурожаатлардан кўринаяптики, бу борада ҳозир ҳам муаммолар оз эмас. Қонунчиликка зид бўлган идоравий қарорлар, ишга жойлашиш, соғлиқни сақлаш, банк кредитларидан эркин фойдаланиш, уй-жой, коммунал ва йўл-транспорт хизматлари сифати, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, суд-ҳуқуқ идоралари фаолиятидан ҳамон норозиликлар бўлмоқда.

Аҳоли муаммоларини аниқлаш, уларнинг оғирини енгил қилишда давлат идоралари, жумладан Ўзбекистон Республикаси Президентининг жойлардаги Халқ қабулхоналари ва ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар ҳамкорлиги муҳим аҳамият касб этаётир.

"ДАВЛАТ ИДОРАЛАРИ ХАЛҚҚА ХИЗМАТ ҚИЛИШИ КЕРАК"

Эътибор берсангиз, ишонч ҳосил қиласиз, Халқ қабулхоналарига айнан эл ўртасида обрў эътибор қозонган, ҳалол меҳнати билан бошқаларга ўрнак бўлиб келган фидойи инсонлар раҳбарлик қилмоқда. Ўзбекистон Президентининг Тошкент шаҳар Халқ қабулхонаси мудири Тоҳир Муллажонов ҳам ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, ана шундай инсонлардан бири.

— Ишонасизми-йўқми, ҳозир жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини шакллантиришга эришдик, — дейди Тоҳир Муллажонов. — Натижада аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни ташкил этиш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини тўлақонли ҳимоя қилишга қаратилган мурожаатлари билан ишлашнинг янги ва самарали тизими пайдо бўлди.

Бугун Халқ қабулхонасига келиб тушаётган аксарият мурожаатлар ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам ҳисобига тўғри келмоқда. Шу сабабли, карантин даврида Халқ қабулхоналари аҳоли мурожаатлари билан ишлашни узлуксиз, бир меъёрда ташкил этиш, муаммоларни тезкорлик билан кўриб чиқиш ва уларни ҳал этишга алоҳида эътибор қаратаяпти.

Халқ қабулхонаси қошида тезкор ишчи гуруҳи штаби тузилди. “Ишонч телефонлари” орқали мурожаат қилган кўмакка муҳтож, ногиронлиги бўлган шахслар, ёлғиз қариялар, кўп фарзандли оилалар, боқувчиси бўлмаган инсонларга хайрия ёрдамлари кўрсатилмоқда. Озиқ-овқат, тиббий ёрдам, дори-дармон, электр, сув, газ таъминоти каби муҳим масалалар билан боғлиқ бўлган мурожаатлар қисқа муддатларда ҳал этилмоқда.

Яширишнинг ҳожати йўқ, ҳозир пойтахтимизнинг барча туманларида фаолият кўрсатаётган тўртта сектор раҳбарлари Халқ қабулхонаси билан ҳамкорликда аҳолининг муаммоларини манзилли ҳал қилишга алоҳида эътибор қаратаяпти.

Бунда албатта, тадбиркорлар, корхона-ташкилотлар вакиллари, ҳомийлар ёрдамида қийин аҳволга тушиб қолган, кам таъминланган юртдошларимизга кўмак кўрсатиляпти.

Жумладан, пандемия даврида оғир аҳволдаги 800 та оилага 253 миллион сўм миқдорида ун, картошка, сабзи, пиёз, гўшт, шакар, гуруч ва ўсимлик ёғи сингари озиқ-овқат маҳсулотлари ёрдам тариқасида етказиб берилди.

Қабул жараёнларини янада такомиллаштириш мақсадида аҳолидан тушган ҳар бир мурожаатни қабул кунига қадар пойтахт туманлари кесимида мукаммал ўрганиш ва ечимини топиш тизими шакллантирилди.

Ўзбекистон Президентининг Тошкент шаҳар Халқ қабулхонаси томонидан Мирзо Улуғбек туманидаги Тошкент врачлар малакасини ошириш институтида ўтказилган сайёр қабулда 63 нафар киши ўз муаммолари ечими бўйича туман ҳокими Шавкатбек Иргашев билан учрашди ва тегишли хулосаларни олди. 20 нафар фуқаронинг мурожаати шу ернинг ўзида ечимини топди, қолган аризалар бўйича ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

Аҳолининг мурожаатлари асосан оилавий муаммолар, уйга муҳтожлик, тадбиркорлик, ўз бизнес фаолиятини олиб бориш ва қўшимча ишчи ўринларини яратиш билан боғлиқ экан. Масъул ташкилотлар вакиллари ва маҳаллий депутатлар ёрдамида мазкур муаммолар ечимини топишга эътибор қаратилди.

Жорий йилнинг 13 июль кунига қадар Тошкент шаҳар ва туман Халқ қабулхоналарига жами 4 мингга яқин мурожаат келиб тушган бўлиб, шундан 3 мингга яқини қаноатлантирилган.

 Пандемия даврида мурожаатлар билан ишлаш бўйича Тошкент шаҳар Халқ қабулхонасида ишчи гуруҳи ташкил этилиб, аҳолининг карантин ҳолати билан боғлиқ мурожаатларига алоҳида этибор қаратилди. Яъни, уларни 3 кундан ошмаган ҳолда кўриб чиқиш йўлга қўйилди.

МАҲАЛЛА ФУҚАРОЛАР ЙИҒИНИ ҲАЛ ҚИЛУВЧИ БЎҒИН

Республикамиз ҳудудида эълон қилинган карантин ҳолати даврида аҳоли муаммоларини аниқлаш ва ҳал этиш мақсадида, Тошкент шаҳар Халқ қабулхонасида маҳалла фуқаролар йиғинлари билан ҳамкорликда ишни ташкил этувчи штаб фаолияти ташкил этилган.

Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва олдини олиш юзасидан республика махсус комиссиясининг 10 июль кунидан 1 август кунига қадар кучайтирилган карантин ҳолатига ўтиш ҳақидаги қарори қабул қилингани инобатга олиниб, жорий йилинг 9 июль кунидан бошлаб 3 та ишчи гуруҳи тузилди ва шаҳарда жойлашган туманлар 3 ҳудудга бўлинди.

Мазкур ишчи гуруҳлар томонидан ҳудудлардаги 514 та маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари билан масофавий алоқа тизими ўрнатилган бўлиб, бу улар билан кунига икки маҳал мулоқотда бўлиш имконини беради. Аҳолининг мурожаатлари секторлар, ташкилот ва идоралар ҳамкорлигида қисқа муддатларда ҳал этилмоқда.

Бугунги кунгача пойтахт ҳудудида 2430 та кўчма озиқ-овқат ярмаркалари ҳамда 347 та дори-дормон, антисептик ва ҳимоя воситаларини сотувчи кўчма дорихоналар ташкил этилган.

– Ўзингиз биласиз, карантин даврида фуқаролар бирор-бир раҳбар билан учрашиши, мақсад-муддаосини баён этиши қийин, – дейди Ўзбекистон Президентининг Тошкент шаҳар Халқ қабулхонаси масъул ходими Зиуатдин Бобоназаров. – Шунинг учун биз бевосита маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари билан ишлаяпмиз. Жорий йилнинг 15 мартидан ҳозирги кунга қадар маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари билан ўрнатилган ўзаро ишончли алоқалар натижасида, маҳалла фуқаролар йиғинлари ва Халқ қабулхоналарига мурожаат қилган фуқаролар рўйхати шакллантирилиб, жами 1470 оилага 200 миллион сўмдан зиёд озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда 101 та оилага қарийб 28 миллион сўмлик дори-дармон тарқатилиши таъминланди. Карантин вақтида ишсиз қолган бир неча фуқаро Ободонлаштириш бошқармасига ишга жойлаштирилди.

Шунингдек, ижтимоий оғир аҳволдаги оилаларга “Саховат ва кўмак” жамғармаси орқали пластик карточкалар очилиб, моддий ёрдам кўрсатиб келинмоқда. Ушбу маблағларни ногиронлиги бўлган, ўта оғир шароитда яшаётган, карантин даврида даромад манбаидан айирилган фуқароларга етказишда маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари, секторлар ҳамда Халқ қабулхоналари ҳамкорлиги таъминланди. 35649 та оилага пластик карточка очилди ва маблағлар ўтказилди. Халқ қабулхоналари тавсияси билан 690 та оилага моддий ёрдам кўрсатилди. Ногиронлиги бўлган, сурункали касаллиги сабабли ётиб қолган инсонларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳомийлар жалб этилган ҳолда уларга жами 27 турдаги 45 миллион сўмлик дори-дармон бепул тарқатилди.

Ушбу йўналишда ишни ташкил этиш ва мавжуд муаммоларни аниқлаш ҳамда ҳал этиш мақсадида Тошкент шаҳар Халқ қабулхонаси ва тиббиёт бошқармасининг малакали ходимларидан иборат ишчи гуруҳи тузилди. Улар томонидан сурункали касаллиги сабабли ётиб қолган ва ногиронлиги бўлган 80 та оилага озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармонлар етказиб берилмоқда. Яна ана шундай 110 нафар фуқаро рўйхати шакллантирилиб, уларни дори-дармон билан таъминлаш чора-тадбирлари кўрилмоқда.

Президентимиз ташаббуси билан 2017-2020 йилларда Сирғали туманида қурилган кўп қаватли уйларнинг анчаси ногиронлиги бўлган ва ўта оғир шароитда яшаб келган оилаларга топширилганидан ҳаммамизнинг хабаримиз бор. Шунинг учун туманнинг “Янги Чоштепа”, Янги умид”, “Ҳумо” ва “Ташаббус” маҳалла фуқаролар йиғинларида истиқомат қилаётган ногирон ва ижтимоий ёрдамга муҳтож аҳолига мунтазам равишда ёрдам кўрсатиб келинмоқда.

Шу кунга қадар ушбу ҳудудда яшовчи аҳолидан жами 85 та мурожаат қабул қилиниб, барчаси виртуал қабулхона тизими орқали ижрочи ташкилот ва идораларга юборилди. Шундан 53 таси қаноатлантирилган, 5 таси бўйича йўл-йўриқ кўрсатилган, 27 та мурожаат ҳал этилиш жараёнида.

МУАММОЛАР ЕЧИМИ

— Шунча йиллардан буён халқ дардига юзаки қараш, "Танаси бошқа дард билмас", қабилида иш юритишга кўникиб қолган эканмиз, — дейди Ўзбекистон Президентининг Тошкент шаҳар Халқ қабулхонаси мудири Тоҳир Муллажонов. — Бу, хусусан, шахсан менга ҳам тааллуқли. Чунки бундай шароитда ҳар бир масъул шахс камчиликни ўзидан излаши оқилона ечим бўлади. Ҳозиргача турли жойларда ўтказилаётган сайёр қабулларда аҳолининг узоқ йиллардан буён ечимини топмай келаётган турли даражадаги дардини эшитиб, юракларим симиллаб кетади. Иложи борича бундай муаммоларни ўша ернинг ўзида бартараф этиш йўлларини қидираман...

Жисмоний ва юридик шахслар вакилларининг қабули давлат органлари ва хўжалик бошқаруви органларининг мансабдор шахслари иштирокида, жумладан, видеоконференцалоқа орқали ўтказилмоқда.

Мурожаатларнинг қайд этилиши, умумлаштирилиши, тизимлаштирилиши ва кўриб чиқилиши устидан назорат қилиниши бўйича ягона электрон ахборот тизимини жорий этишда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланилмоқда.

Мурожаатларни кўриб чиқишда аниқланган тизимли қонунбузарликларнинг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этишга қаратилган ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва амалдаги қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар, мазкур соҳадаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактикаси, айбдор шахслар жавобгарлигининг муқаррарлигини таъминлашга доир чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда.

– Мен Миробод тумани “Тонг юлдузи” МФЙ да рўйхатда турсам ҳам, 15 йилдан буён ижарада яшаб келаётган эдим, – дейди ёлғиз она Муҳаббат Юсупова. – Ишонсангиз, шу вақт мобайнида уй билан таъминлашларини сўраб бормаган жойим, кирмаган эшигим қолмади. Оҳу зорим Худога етган эканми, Халқ қабулхонаси жонимга оро кирди. Уларнинг аралашуви билан ўтган йили менга Сирғали туман, Чоштепа мавзесидан 3 хонали уй берилди. Минг раҳмат давлатимизга, Ўзбекистон Президентининг Тошкент шаҳар Халқ қабулхонасига!

– Жорий йилнинг март ойида ўғлим ҳарбий хизматчи бўламан, деб тиббий кўрикдан ўтишга борган эди, – дейди ­Миробод тумани Файзиобод маҳалласида яшовчи Ҳамид Қўшматов. –У қандайдир баҳоналар билан “ҳарбий хизматга яроқсиз”, деб кўрикдан қайтарилган экан. Мен бундан норози бўлиб, Ўзбекистон Президентининг Тошкент шаҳар Халқ қабулхонасига мурожаат қилдим. Ўғлим қайта кўрикдан ўтказилганида, унинг соғ-саломат, тоғни урса, талқон қиладигандай кучи борлиги маълум бўлди. Қаранг энди, соппа-соғ боламни арзимаган турли баҳоналар билан кўрикдан қайтаришни қандай баҳолаш керак? Масала ижобий ҳал этилди, ўғлим ҳозир Ватан хизматида.

– Мен Сирғали тумани, Йўлдош маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшайман, – дейди Нодира Аллаберганова. – 2007 йилда туғилган фарзандим Камола Аллаберганованинг соғлигини тиклаш ва қулоғини жарроҳлик усули билан даволатиш мақсадида бир неча йиллар давомида тиббиёт масканларига амалий ёрдам сўраб мурожаат қилиб келдим. Мурожаатим соғлиқни сақлаш мутасаддилари томонидан ўрганилган бўлса-да, моддий сабаблар туфайли ижобий ҳал этилмасдан қолаверди. Шундан кейин мен бу ҳақда Ўзбекистон Президентининг Тошкент шаҳар Халқ қабулхонасига мурожаат қилдим. Сайёр қабулда менинг мурожаатим бўйича туман Тиббиёт бирлашмаси, Республика (собиқ) хотин-қизлар қўмитаси жамғармаси ҳисобидан 109 миллион сўм пул маблағи ажратилди. “Икки томонлама туғма карлик” ташхиси билан Республика педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказида жарроҳлик амалиёти ўтказилиб, қизимнинг қулоғига имплантант ўрнатиб берилди. Ўзбекистон Президентининг Тошкент шаҳар Халқ қабулхонасига минг раҳмат!

САВОБ ИШНИ ҲАР КИМ, ҲАР КУНИ ҚИЛИШИ КЕРАК

— Ҳар бир инсоннинг дарду ташвишига шерик бўлиб, унинг бу дардларни енгиб ўтишида кўнглига тасалли бериб туришнинг ўзи ҳам катта эҳсон, – дейди Ўзбекистон Президентининг Тошкент шаҳар Халқ қабулхонаси масъул ходими Убайдулла Қаршибоев. – Бу охир-оқибатда ўша инсоннинг тезроқ мурод-мақсадига етишига сабаб бўлади.

Нигора Мирзаева соғлиги ёмонлашгани сабабли Тошкент шаҳар 1-шифохонада даволаниш учун ушбу муассасага 2020 йил апрель ойида мурожаат қилган. Аммо даволанишга маблағи йўқлиги учун шифохонага қабул қилинмайди. Шундан сўнг у Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тошкент шаҳар Халқ қабулхонасига мурожаат қилиб келади. Бемор шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармасининг 1-клиник шифохонасида мутасаддилар кўмагида даволаниб чиқади.

– Ҳаётда бошпанасиз қолиб кетма экан, – дейди Насиба Дўстмуҳамедова. – Ҳаётнинг оғир зарбалари сабабли етти нафар фарзандим билан қийин ижтимоий аҳволга тушиб, бошпанасиз қолдим. Шу пайтгача болаларим билан Мирзо Улуғбек туманидаги Қорасув-6 даҳасида танишимнинг уйида ижарада яшаб келдим. Шахсий уй-жойга эга бўлиш мақсадида Мирзо Улуғбек туман ҳокимлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлигига бир неча йиллар мобайнида аризалар билан мурожаат қилиб келдим. Ҳеч бир натижа бўлмади. Шундан сўнг 2019 йилнинг май ойида ёрдам сўраб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тошкент шаҳридаги Халқ қабулхонасига мурожаат қилдим.

Буни қарангки, Халқ қабулхонасининг бевосита аралашуви натижасида ушалмаган орзуларим амалга ошди. 2019 йилнинг ноябрь ойида Сирғали тумани, Янги Чоштепа мавзеси, 13-уйдан уч хонали квартира ажратиб берилди.

— Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш масаласига жиддий эътибор қаратилиб, “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак”, деган тамойил асосида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашнинг сифат жиҳатидан янги тизими жорий этилди, — дейди Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тошкент шаҳридаги Халқ қабулхонаси ходими Бахтиёр Пирматов. — Фуқароларнинг ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини ҳал этиш, жамиятда қонун устуворлиги, қонунийлик ва адолат, мамлакатимизда тинчлик, осойишталик, миллатлараро ва фуқаролараро тотувликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди.

Давлат органлари вакиллари томонидан аҳоли билан очиқ, тўғридан-тўғри мулоқот қилиш орқали асосий эътибор инсон ҳуқуқи ва манфаатлари ҳимоясига қаратилмоқда. Тошкент шаҳар Халқ қабулхонасида мурожаатларни тўлиқ, холисона ва ўз вақтида кўрилиши таъминланиб, турли хил қонунбузарликларни бартараф этишга қаратилган тизимли амалиёт шакллантирилди.

Мурожаатларнинг соҳалар кесимидаги таҳлили шуни кўрсатадики, аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича тегишли давлат органларига тақдимномалар, кўрсатма хатлари киритиш амалий натижалар бермоқда. Давлат дастурида белгиланганидек, барча сайъ-ҳаракатлар фуқароларнинг ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини ҳал этишган, халқимизнинг турмуш даражасини юксалтиришга қаратилгани ҳар бир соҳа вакилига алоҳида масъулият юклайди.

СУД-ҲУҚУҚ МАСАЛАЛАРИ БЎЙИЧА МУРОЖААТЛАР ЕЧИМИ

— Шу ўринда суд-ҳуқуқ масалаларига дахлдор бўлган мурожаатларнинг ечимига алоҳида эътибор қаратилиб келинаётганини таъкидлаш керак, — дейди Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тошкент шаҳар Халқ қабулхонаси етакчи мутахассиси Ойбек Тешабеков. — Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонаси раҳбари, Олий суд раиси, Бош прокурор, Ички ишлар вазири ҳамда Тошкент шаҳар судлари раислари, Тошкент шаҳар прокурори, Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг қабуллари ташкиллаштирилиши кутилганидан ҳам ортиқроқ натижа берди. Очиқ мулоқот орқали мурожаатларда кўрсатилган муаммоларнинг ечимини топишга шарт-шароитлар яратилди.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлиги ва ҳуқуқий маданияти юксалгани сабабли келиб тушаётган мурожаатларнинг сони йилдан йилга кўпайиб, уларни ҳал этиш сифати ҳам ижобий томонга ўзгараяпти.

Мурожаатларда кўрсатилган асосий муаммолардан яна бир қисми уй-жой, оилавий низолар, тайинланган жазоларнинг оғирлиги, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари мансабдор шахсларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари, маъмурий ишлар бўйича жарима миқдорларининг катталиги ва бошқа масалалар ҳисобланади. Уларни ҳал этишда асосий эътибор ёш оилаларни сақлаб қолиш, вояга етмаган фарзандларни оила бағрида тарбияланишларига имкон яратишга қаратилмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга доир ҳуқуқий тарғибот ишлари талаб даражасида эмаслиги шикоятлар сонига таъсир кўрсатмоқда.

Шу боис, Тошкент шаҳар ва туман адлия органлари жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, аҳолининг барча қатламларига ҳуқуқий билим ва ҳуқуқий маданиятни, шу жумладан, ёш авлод онгига ҳуқуқ ва бурч, ҳалоллик ва поклик тушунчаларини ҳамда одоб-ахлоқ қоидаларини чуқур сингдириш, аҳоли ўртасида турли мавзуларда ҳуқуқий-маърифий тадбирларни ташкил қилиш мақсадга мувофиқдир.

Ҳар бир фуқарода мамлакатга дахлдорлик, ватанпарварлик ҳиссини кучайтириш, давлат хизматчиларининг ҳуқуқий онг ва маданиятини юксалтириш, ҳуқуқбузарлик муносабатларига нисбатан муросасизлик муносабатларини шакллантириш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва туман Халқ қабулхоналари ҳамкорлигида манзилли ҳуқуқий тарғибот ишларини амалга ошириш лозим, деб ҳисоблайман.

Фуқароларнинг суд-ҳуқуқ масалалари юзасидан келиб тушган мурожаатлари бўйича ҳуқуқий маслаҳатлар беришда Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан жиноий, фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий суд ишлари бўйича чиқарилган ва амалиётда фойдаланиш учун берилган қўлланмалар, судларга мурожаат қилиш тартиблари тушунтирилган китоблар жуда қўл келаяпти. Ўрни келганда таъкидлаш жоиз, ана шу қўлланмалар фуқароларга жуда асқотаяпти. Шунинг учун Тошкент шаҳар Халқ қабулхонаси Ўзбекистон Республикаси Олий суди раҳбариятига ўз миннатдорчилигини билдиради.

Яратилган янги тизим орқали аҳолининг аксарият муаммолари жойига чиқиб ўрганилганлиги ва ижобий ҳал этилганлиги ҳам олиб борилган ишларнинг самарали натижасидан далолатдир.

Бугунги кунда мамлакатимизда янги ҳаёт ва янги жамият пойдеворини барпо этиш учун энг аввало халқ билан мулоқот қилиш, муаммоларнинг ечимини топиш орқали одамлар дардига малҳам бўлиш, инсон манфаатларини энг олий қадрият, деб билиш талаб этилади. Биз халқимиз ўз ҳаётидаги ижобий ўзгаришларни эртага эмас, узоқ келажакда эмас, айнан бугун кўриши керак, деган ғоя амалда ўз ифодасини топиши учун курашмоғимиз керак...

У барча хизматдошлари фикрини айтди, деб ўйлаймиз. Одамлар муаммолар билан эмас, орзу-ҳаваслар билан, ҳаётдан рози бўлиб яшашлари керак. Президент Халқ қабулхоналари ташкил этилгани ана шу эзгу мақсадларга хизмат қилаётганини ҳаётнинг ўзи исботламоқда.

Нуруллоҳ ДОСТОН,

"Ўзбекистон овози" мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: