29.07.2020

ЯШИРИН ИҚТИСОДИЁТНИ ҚИСҚАРТИРИШ ВА КОРРУПЦИЯНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ МАСАЛАЛАРИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 27 июль куни яширин иқтисодиётни қисқартириш бўйича олиб борилаётган ишлар муҳокамаси юзасидан йиғилиш ўтказди.

Мамлакатимизда яширин иқтисодиёт даражаси юқори. Шу боис кейинги йилларда бизнесга қўшимча қулайликлар яратиш орқали яширин иқтисодиёт улушини камайтириш чоралари кўрилмоқда. Хусусан, валюта бозори эркинлаштирилди, янги солиқ тизими жорий этилди, 100 га яқин рухсат бериш ва лицензиялаш қоидалари қисқартирилди. Буларнинг натижасида охирги 5 йилда саноатда норасмий сектор улуши 20 фоиздан 6 фоизга тушган.

Йиғилишда бу борадаги ишлар етарли эмаслиги қайд этилиб, галдаги вазифалар муҳокама қилинди. Халқаро ташкилотлар экспертларини жалб қилган ҳолда, яширин иқтисодиётни қисқартириш бўйича стратегия ишлаб чиқиш топшириғи берилди.

Давлат раҳбари яширин иқтисодиётга қарши курашишда эҳтиёт бўлиш, иқтисодий фаолликка зарар етказиб қўймаслик, бунинг учун давлат органлари, бизнес ва жамоатчилик ҳамжиҳатликда ишлаши муҳимлигини таъкидлади.

Солиқ ислоҳотларини изчил давом эттириб, яширин иқтисодиётга йўл қўймайдиган тизим жорий этиш вазифаси қўйилди. “Инсофли солиқ тўловчи” тизимини шакллантириб, шу йил якунига қадар Тошкент шаҳрида намуна сифатида амалга оширишга кўрсатма берилди.

Соҳалар ва йўналишлар кесимида коррупцияга қарши курашиш бўйича “йўл хариталари” ишлаб чиқиш ҳамда ижросини муҳокама қилиб бориш юзасидан топшириқлар берилди.

Давлат божхона қўмитаси ва Давлат солиқ қўмитасига импорт товарларининг кириб келиши, божхонадан ўтказилиши ва сотилиши бўйича ягона базани ишга тушириш юзасидан топшириқлар берилди. Шунингдек, 2021 йил 1 январдан “Божхона аудити” ахборот тизимини жорий этиш вазифаси белгиланди.

Президентимиз яширин иқтисодиётни қисқартириш учун одамларнинг легал ишлашига кўмаклашиш, уларни манфаатдор қилиш кераклигини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбари кичик бизнес субъектлари учун солиқ маъмуриятчилигини соддалаштириш, тадбиркорлик фаолиятига рухсат бериш ва лицензиялашдаги ортиқча тартиб-таомилларни янада қисқартириш зарурлигини таъкидлади.

Масалан, 100 та лицензия ва 34 та рухсатномани қисқартириб, хабардор қилиш тартибига ўтказиш, яна кўпларини соддалаштириш, 14 та ҳужжатни бериш муддатларини 2 бараваргача қисқартириш мумкин. Ушбу чоралар натижасида тадбиркорлар йилига 125 миллиард сўм иқтисод қилиш имконига эга бўлади.

Шунингдек, 43 та идоранинг 270 та назорат функциясини танқидий ўрганиб, яширин иқтисодиёт ва коррупцияга сабаб бўлаётган ваколатларини қисқартириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Ўз навбатида, коррупцион ва яширин фаолиятга муккасидан кетган ноинсоф тадбиркорларга нисбатан жавобгарликни кучайтириш зарурлиги айтилди.

Коррупция ва яширин иқтисодиётга қарши курашишда асосий куч бизнес ва жамоатчиликдир. Шу боис жамиятда бу иллатларга нисбатан нафрат туйғусини шакллантириш, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали уларнинг салбий оқибатларини ёритиб бориш муҳимлиги қайд этилди.

– Яширин иқтисодиётга қарши курашиш тадбиркорларни жазолаш, уларнинг фаолиятига тўсқинлик қилиш дегани эмас. Бу, айниқса, пандемия даврида катта аҳамиятга эга. Жойларда жамоатчилик назоратини кучайтириш орқали майда коррупцияга ҳам қатъий чоралар кўриш зарур, – деди Шавкат Мирзиёев.

Йиғилишда белгиланган чора-тадбирлар юзасидан ҳар бир вазирлик ва тармоқ олдига йил якунида аниқ кўрсаткичларга (KPI) эришиш вазифаси қўйилди.

ЎзА


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: