10.06.2020

ТИНЧ-ОСОЙИШТА, ИҚТИСОДИЙ ЖИҲАТДАН ТАРАҚҚИЙ ЭТГАН МАРКАЗИЙ ОСИЁ

биз интиладиган энг муқим маїсад ва асосий вазифадир

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Бирлашган Миллатлар Ташкилотида илгари сурилган бу ғоя жаҳон ҳамжамиятининг эътирофига сазовор бўлган эди.

Марказий Осиё минтақасида кўп асрлар давомида ўзаро сиёсий ва иқтисодий, маданий ва маънавий алоқаларда бўлиб келган туркий ва форсий халқлар ўзаро адолат, ахлоқ, бағрикенглик, хайрихоҳлик, меҳнатсеварлик, ҳалоллик, ўзаро ҳурмат, садоқат каби умумбашарий қадриятлар асосида умргузаронлик қилиб келгани маълум.

Ўрта асрларда бутун дунёга ўрнак бўлган кучли иқтисодий, илмий-таълимий, ҳарбий, техник-технологик, маънавий-маданий цивилизация ярата олган, жаҳон аҳлига ҳозирги давр илм-фанининг тамалларини ташкил этган кашфиётларни ҳадя этган бу тамаддуннинг ҳаракатлантирувчи кучлари бирлик, дўстлик, ҳамкорлик алоқалари бўлган.

Айнан бирлик ва дўстлик алоқалари заифлашганда қарийб 4 миллион квадрат километрли бу жуда муҳим геосиёсий макон империалист давлатлар томонидан забт этилди ва бу ҳол минтақамизнинг сиёсий тарихида узоқ вақт аччиқ сабоқлар берадиган тарихий ҳодиса бўлди.

XX аср бошида, Марказий Осиёда миллий уйғониш ҳаракатлари бошланганида, жадид боболаримиз истибдоддан қутулишнинг ва тараққиётга эришишнинг асосий йўли минтақа халқларининг юқорида тилга олиб ўтилган қадриятлар асосий бирлашуви ва ҳар томонлама ҳамкорлиги эканини чуқур англаб етган эдилар. Шу сабабли 1917 йил 27 ноябрда бутун Марказий Осиё ватанпарвар ва тараққийпарвар зиёлиларининг ташаббуси билан эълон қилинган Туркистон мухторияти бу борадаги муҳташам намунадир. Туркистон мухторияти минтақа халқларининг мустамлакадан мус¬тақиллик ҳамда бирлашув учун қўйилган жиддий ва жасоратли қадами эди. Туркистон жадидларининг отаси Маҳмудхўжа Беҳбудий бу хусусда шундай ёзади: «27 ноябрда Қўқонда Туркистон мухторияти умумий мусулмон съездида эълон қилинди. Муборак ва хайрли бўлсун! Камина ҳам мажлисда бўлушдан ифтихор этаман. Яшасун Туркистон мухторияти!”

Маҳмудхўжа Беҳбудий Марказий Осиёда барқарор сиёсий-ижтимоий тараққиётни унда яшаб турган барча қон-қариндош миллатларнинг бирлиги, ҳамкорлиги билангина сақлаб қолиш мумкинлигини теран англайди. Бутун вужуди билан Туркистонни бирликка чорлайди. «Бовурлар! – деб ёзади қозоқ биродарларига очиқ хатида. – Билингки, ҳозирда Туркистондаги барча халқлар учун мухторият эълон қилинди ва сиз билингки, ҳақ олинур, лекин берилмас. Инчунин, мухторият-да олинур, лекин берилмас. Яъни мухториятни Туркистон болаларининг ўзи бирлашиб, ғайрат ила олурлар. Албатта, бошқалар тарафидан берилмас. Бошқаларнинг қўлидан келса, бермаслар. Биз бўшлик қилсак ва Туркистондаги халқлар бирлашиб, мухторият йўлига саъй қилмасак, албатта ҳозирги қоғоз устидаги мухториятимизни ҳам йўқ қилурлар. Бул, албатта шундайдур ва бул сўзга ҳеч ким ихтилоф қилолмайдур. Энди ишлар шу ҳолда экан, биз ҳаммамиз, яъни қирғиз, қозоқ, ўзбек, туркман, араб, форс, хуллас, Туркистондаги, Қозоғистондаги ва Туркманистондаги барча мусулмонлар... бирлашиб, иттифоқ ила шу мухториятнинг амалға келишига саъй ва эҳтимол этмоғимиз лозимдур”.

Буюк мутафаккирнинг ушбу сўзлари орадан юз йилдан зиёд давр ва минтақанинг геосиёсий, геостратегик ва геоиқтисодий аҳамияти чандон ошганига қарамай, ўз долзарблигини йўқотмай келмоқда.             

Шу сабабли 1990 йилларнинг бошида Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистондан иборат Марказий Осиё мамлакатлари мустақиллигини эълон қилганида, минтақавий бирлашиш ғоясидан манфаатдорликларини билдиргани ҳам бежиз эмас. 1994 йил январида Тошкентда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида Марказий Осиё иқтисодий ҳамжамияти ташкил этиш тўғрисида келишув имзоланди. Сўнгра Қирғизистон ҳам бу келишувга қўшилди. Мамлакатлар Марказий Осиёда иқтисодий интеграцияни чуқурлаштиришга қаратилган лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишга киришди.

Минтақанинг олимлари, ижодкор зиёлилари ҳам буюк қирғиз ёзувчиси Чингиз Айтматов бошчилигида бирлик, дўстлик ва ҳамкорлик ғояларини тараннум ва ташвиқ этувчи муқаддас ишга бош қўшдилар.

Дастлабки йилларда мамлакатларнинг раҳбарлари ягона, Марказий Осиё геосиёсий ва геоиқтисодий маконини ташкил этишга кўмаклашадиган қатор асосий ҳужжатларни имзолаган эди. Марказий Осиё иқтисодий ҳамжамияти ҳузурида Ҳукуматлараро кенгаш, Ташқи ишлар вазирлари кенгаши, Мудофаа вазирлари кенгаши ҳамда тинчлик ўрнатиш батальони таъсис этилди. Марказий Осиё ҳамкорлик ва тараққиёт банкига ҳам асос солинди. 1995 йил апрелида Бишкекда Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон ҳукумати раҳбарлари иқтисодий интеграциянинг 5 йиллик режасини имзолади. 1997 йил декабрида Остона шаҳрида мамлакатлар раҳбарлари энергетика, сув ресурслари, озиқ-овқат, минерал ва ишлов берилмаган материаллар бўйича халқаро консорциум тузиш тўғрисидаги протоколга қўл қўйди. 1998 йилда Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон вазирлари сув тақсимоти, атроф муҳит, миграция сиёсати ва иқтисодий ривожланишга доир асосий масалаларда келишувга эришдилар. Тожикистон ушбу гуруҳга 1998 йилда қўшилди – шундан сўнг мамлакатлар гидроэнергетика консорциумини тузиш тўғрисида битим имзолади ва ягона бозорни ташкил этиш бўйича умумий тамойилларни келишиб олди. Афсуски, ўша йилларнинг сиёсий воқелиги таъсирида бўлса керак, Марказий Осиё иттифоқи доирасидаги интеграция ривожлантирилмади. 2004 йилда Россия Федерацияси бу минтақавий тузилмага таклиф этилди ва 2007 йилда энди куртак ёзаётган бу халқ­аро ҳамжамият Евроосиё иқтисодий ҳамжамияти билан қўшиб юборилди. Аммо минтақада яшайдиган ҳар бир фуқаронинг кўнглида ва орзусида қардошлик, дўстлик, ҳамкорлик ва бирлик ғоялари яшашда давом этди.

Охирги тўрт йилда Марказий Осиёнинг барча давлатлари билан умумий чегарага эга Ўзбекистоннинг сиёсатида юз берган ҳаётбахш ўзгаришлар барча соҳаларда бўлгани каби бутун минтақадаги муҳитга ижобий таъсир кўрсатди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2016 йил 8 сентябрда сўзлаган нутқидаёқ, Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири Марказий Осиёда ҳақиқий дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларини ва иқтисодий интеграцияни йўлга қўйишга интилиш эканини таъкидлаган эди. Бу мақсадлар 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ­Ҳаракатлар стратегиясида ҳам ўз ифодасини топди. Чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсат юритиш, Ўзбекистоннинг ён-атрофида хавфсизлик, барқарорлик ва яхши қўшничилик муҳитини мустаҳкамлаш, давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилишни ҳал этиш каби масалалар устувор йўналишлар этиб белгиланди. ­Шавкат Мирзиёев кейинчалик Марказий Осиёдаги дўстлик, ҳамкорликнинг минтақа ва дунё учун аҳамияти ва долзарблигини Бирлашган Миллатлар Ташкилоти минбаридан туриб айтган эди. 2017 йил сентябрь ойида бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқида давлатимиз раҳбари “Марказий Осиёнинг қоқ марказида жойлашган Ўзбекистон ушбу минтақа барқарорлик, изчил тараққиёт ва яхши қўшничилик ҳудудига айланишидан бевосита манфаатдордир. Тинч-осойишта, иқтисодий жиҳатдан тараққий этган Марказий Осиё – биз интиладиган энг муҳим мақсад ва асосий вазифадир. Ўзбекистон ўзаро мулоқот, амалий ҳамкорлик ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлашнинг қатъий тарафдоридир”, дея таъкидлади. Шунингдек, давлатимиз раҳбари таклифининг ижобати сифатида 2018 йил 22 июнь куни БМТ Бош Ассамблеяси томонидан Марказий Осиё бўйича махсус резолюция қабул қилингани минтақавий ҳамкорлик ривожига мустаҳкам замин яратадиган яна бир тарихий воқеа бўлди.

2017 йил ноябрь ойида Самарқандда БМТ шафелигида ўтказилган “Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик” мавзусидаги халқаро анжуманда Президентимиз Марказий Осиёга оид долзарб масалалар бўйича минтақа мамлакатларининг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш, бунинг учун Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувларини мунтазам йўлга қўйишни таклиф этди. Таъкидлаш лозимки, бу стратегик ташаббуслари минтақадаги барча халқлар, давлатлар ва халқаро ташкилотлар томонидан қўллаб-қувватланди. Ўзбекистон ташқи сиёсатида “Марказий Осиё – бош устувор йўналиш” тамойили амалда татбиқ этила бошлагани, давлатимизнинг қўшниларимиз билан дўстона ва ўзаро ишонч руҳидаги муносабатларни янада мустаҳкамлаш борасидаги беғараз ва самимий ҳаракатлари барча ҳамкорларнинг ҳурмат ва эътирофига сазовор бўлди.

Биринчи Маслаҳат учрашуви 2018 йил 15 мартда Қозоғистонда бўлиб ўтди. Унда минтақа мамлакатлари ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий ва гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш, терроризм, диний экстремизм, наркотик моддалар ва қурол-яроғ контрабандасига қарши биргаликда курашиш, Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

Марказий Осиё давлат раҳбарларининг 2019 йилнинг 29 ноябрида Тошкентдаги Маслаҳат учрашуви минтақа мамлакатлари ўртасидаги алоқаларни янада фаоллаштириш ҳамда дўстлик, яхши қўшничилик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлашга салмоқли ҳисса қўшди. Бу учрашувдаги нутқида Президентимиз: «Яратганнинг инояти билан биз қўшнилармиз. Халқларимизнинг тарихи ва тақдири, келажаги чамбарчас боғлиқ. Бу эса минтақамизни бирлаштирувчи катта кучдир», – дея таъкидлаган эди. Давлатимиз раҳбари Марказий Осиёда кўп томонлама ҳамкорлик бўйича ягона нуқтаи назарни келишиш зарурлигини таъкидлаб, унинг асосий йўналишлари ҳақида ўз фикрларини билдирди, савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни ривожлантириш, минтақанинг транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқлигини мустаҳкамлаш ва транзит салоҳиятини рўёбга чиқариш, энергетика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, мамлакатларимизнинг улкан туризм салоҳиятини рўёбга чиқариш каби қатор муҳим ташаббусларни илгари сурди.

Ўзбекистон раҳбарининг Минтақавий иқтисодий форум, Марказий Осиё давлатларининг ҳудудлар раҳбарлари (ҳокимлари) ҳамда бизнес ҳамжамиятининг ассоциациясини таъсис этиш, транзит-логистика салоҳиятидан янада самарали фойдаланиш, “яхлит хавфсизлик” тамойилига амалда риоя қилиш, давлат чегараларини делимитация ва демаркациялаш жараёнини тезда ҳамда узил-кесил якунига етказиш бўйича турли анжуман ва халқаро учрашувларда илгари сурган таклифлари савдо-иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштиришда муҳим аҳамият касб этади. Давлатимиз раҳбари Марказий Осиё мамлакатлари минтақада сув ресурсларидан адолатли фойдаланиш муаммосини имкон қадар тезроқ тартибга солишни, мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасида маданий-гуманитар алоқалар, дўстлик ҳамда яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш зарурлигини доимо таъкидлайди.

Дунё ҳамжамияти Марказий Осиёга улкан имконият ва ривожланиш минтақаси сифатида тобора катта эътибор қаратмоқда. Бугун минтақани дунёдаги глобал ва регионал геосиёсий, геоиқтисодий кучларнинг манфааатлари тўқнашуви зонаси эмас, балки уларнинг ўзаро ва минтақа давлатлари билан самарали ҳамкорлик маконига айлантириш стратегиясини ишлаб чиқиб, ҳаётга жорий қилиш зарур. Ўтган ойда аввал қирғиз-тожик, кейинчалик ўзбек-қирғиз чегарадош ҳудудларида юз берган можаролар минтақада сув ресурсларидан адолатли фойдаланиш ва чегараларни демаркация қилиш муаммосини тезда ҳал қилиш ва минтақавий интеграция жараёнларини жадаллаштириш зарурлигини кўрсатмоқда. Марказий Осиё минтақасида қардошлик, дўстлик, тенг манфаатли ҳамкорликка асосланган Марказий Осиё Иттифоқини барпо этиш борасидаги хатти-ҳаракатларни ҳам янада кучайтириш лозим. Европа Бирлиги намунасидаги демократик иттифоқни шакллантиришда, бугунги кунгача бўлиб келганидек, Ўзбекистон ва Қозоғистон Республикалари локомотив ва уюштирувчи куч вазифасини бажаришлари лозим бўлади.

Баъзи таҳлилчиларнинг қайд этишича, Марказий Осиё Иттифоқини барпо этишда 4 асосий босқич амал қилади: 1. Иттифоқнинг уни таъсис этувчи мамлакатлар томонидан модели ишлаб чиқилиши; 2. Иттифоқ ички эркин иқтисодий ҳудудларини ташкил этиш; 3. Иттифоқни “Божхона иттифоқи” даражасига кўтариш; 4. Марказий Осиё Иқтисодий Иттифоқ Комиссиясини тузиш. Уларнинг фикрича, мазкур босқичлар бирмунча вақт талаб қилиши мумкин. Уларга тайёргарлик босқичи сифатида, мамлакатлараро ўзаро иқтисодий ва маданий ҳамкорлик шартномалари сонини янада ошириш лозим.

Марказий Осиё мамлакатларининг интеграция жараёнларига кенг жамоатчилик ва халқ қатламларини жалб этиш лозимлигини Президентимиз тез-тез таъкидлайди. Бу ишда, айниқса, ёшлар, ижодий зиёлилар ва олимларнинг иштироки муҳимдир. Президентимиз ташаббуси билан 2019 йилнинг 26-30 июнь кунлари Самарқанд ва Тошкент шаҳарларида илк бор Марказий Осиё Ёшлар форуми ўтказилди.

Марказий Осиё минтақасининг ижодий зиёлилари ва олимлари бу ташаббусни чин дилдан қўллаб-қувватламоқда. Бунинг намунаси ўтган ойда бир гуруҳ қирғизистонлик зиёли ва жамоат арбобларининг Марказий Осиё халқлари маданияти ассамблеясини тиклаш хусусидаги мурожаатидир. Азалий дўстлигимиз ва қардошлигимизни тараннум этиш ва бугунги кунда бу қардошлик ва дўстликни ҳамкорлик, яхши қўшничилик, интеграция, маънавий бутунлашув билан такомиллаштириш ғоясини ташвиқ этишда, бу ғояларнинг миллионлаб қардошларимизнинг қалби ва тафаккуридан кенг ўрин эгаллашида ёшлар ва ижодий уюшмаларнинг роли каттадир.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш керакки, Марказий Осиё халқларининг дўстлиги ва бирлиги орзуси ҳамда режаси тарихий анъаналар, ҳақиқатларга ва бугунги реал ҳаётий эҳтиёжлар устига қурилган. Шу сабабли бу йўлдан сабот билан давом этишимиз ва минтақавий бутунлашув ва бирликка эришишимиз лозим.

Жўлибой ЭЛТАЗАРОВ,

«Ипак йўли» туризм халқаро

университетининг биринчи проректори, профессор.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: