Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Aprel 2020   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
30 31 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 1 2 3
03.03.2020

Афғонистонда тинчлик ўрнатилиши бутун минтақа манфаатларига хизмат қилади

Шу йил 29 февраль куни Қатар пойтахти Доҳада АҚШ ва “Толибон” ҳаракати ўртасида тинчлик келишуви имзоланди. Маросимда иштирок этган хорижий делегациялар вакиллари Ўзбекистоннинг Афғонистонда тинчлик ўрнатиш йўлидаги ташаббуслари ва қатъий саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади:

Залмай Халилзод,
АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили:

– Тан олиш керак, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Тошкентда уюштирилган Афғонистон бўйича халқаро анжуман мазкур келишувга пойдевор вазифасини ўтади. Қолаверса, дастлаб АҚШ ва “Толибон” ҳаракати иштирокида бошланган музокаралар эндиликда икки томонлама шаклдан чиқиб, айни пайтда Афғонистондаги ички сиёсий кучларнинг тинчлик ўрнатиш йўлидаги саъй-ҳаракатларига йўл очди.

Бугунги кунда нафақат минтақа давлатлари, балки бутун дунё афғон заминида шаклланган халқаро терроризм унсурларига қарши курашда бирлашмоқда. Имзоланган битимга кўра, бундан буён Афғонистон замини халқаро террор гуруҳларига ҳеч қандай бошпана бермайди. Бу борадаги келишувлар келажакда битимга имзо чекканлар томонидан қатъий мониторинг қилиб борилади. Асосий мақсадимиз Афғонистон ҳудудида тинчлик ва барқарорлик ўрнатишдир.

Яна бир бор таъкидлайман, Президент Шавкат Мирзиёевнинг бу масаладаги ташаббуслари ижобий натижага эришилишида ниҳоятда катта роль ўйнади. Узоқ кутилган тинчлик жараёни нафақат минтақа, балки бутун дунёдаги тинчликсевар эллар учун кенг имкониятлар эшигини очади.

Хусусан, АҚШ ва Ўзбекистон учун ҳам минтақада савдо-иқтисодий алоқаларни янада кенгайтириш, ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, интеграция жараёнини жадаллаштириш имконини беради. Минтақада саноат, транспорт-логистика хизматлари ривожланади, янги иш ўринлари пайдо бўлади. Бундай ижобий ўзгаришлардан барча томонлар манфаатдор.

Маркус Потцель,
Германия Федератив Республикасининг Афғонистон ва Покистон бўйича вакили:

– Ўзбекистон ва Германия Марказий Осиёнинг бир қисми ҳисобланган Афғонистон масаласида кўп йиллардан буён ҳамкорлик қилмоқда. Бунинг доирасида давлатларимиз афғон ёшларининг таълим олиши учун грантлар ажратиб келяпти. Афғонистонда тинчлик ўрнатиш бўйича келишувдан сўнг амалга ошадиган беш томонлама ёндашув, яъни Қатар, Норвегия, Индонезия, Ўзбекистон ва Германиянинг Афғонистондаги турли сиёсий кучлар ва гуруҳлар ўртасида ўзаро мулоқотни йўлга қўйиш борасидаги ҳаракатлари ҳам биргаликдаги интилишларнинг ёрқин мисолидир.

Умуман олганда, Германия ва ЕИ давлатлари афғон заминида тинчлик ўрнатилиши тарафдори, чунки бу можаронинг якун топиши аввало жабрдийда афғон халқи манфаатларига хизмат қилади. Бу, ўз навбатида, Марказий Осиё мамлакатлари учун ҳам ҳар томонлама фойдали. Жумладан, савдо-сотиқни ривожлантириш, иқлим ўзгаришига қарши биргаликда курашиш, муқобил энергия ишлаб чиқариш бўйича лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш яхши самара беради.

Мен 2018 йил март ойида Тошкентда Афғонистон бўйича ўтказилган халқаро анжуманда иштирок этганман. 2019 йил августда ҳам Ўзбекистонда бўлиб, ташқи ишлар вазири ҳамда Президентнинг Афғонистон масалалари бўйича махсус вакили билан учрашдим.

Германия Ўзбекистоннинг Афғонистонда тинчлик ўрнатиш борасидаги алоҳида ўрнини эътироф этади. Зеро, Афғонистонда тинчликни таъминлашга қаратилган Тошкент конференцияси айнан Ўзбекистон етакчиси ташаббуси билан ташкил этилди. Қолаверса, 2019 йил май ойида ГФР Президенти Франк-Вальтер Штайнмайернинг Ўзбекистонга ташрифи мобайнида ҳам икки давлат раҳбарлари Афғонистон масаласини чуқур таҳлил қилган эди.

Абдулазиз Комилов,
Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири:

– Бугун жуда муҳим халқаро анжуманнинг гувоҳи бўлдик. Америка Қўшма Штатлари ва Афғонистон “Толибон” ҳаракати ўртасида тинчлик ўрнатиш шартномаси имзоланди. Қирқ йил мобайнида илк бор Афғонистонда тинчликка эришиш бўйича яхши имконият очиляпти. Бунда Ўзбекистоннинг ҳиссаси жуда катта.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг қатъий иродаси ва прагматик ёндашуви туфайли Тошкентда бошланган Афғонистонда тинчлик ўрнатиш жараёни Доҳадаги тарихий келишувга эришилишида асосий омил бўлди.

Бу муҳим шартноманинг ижобий натижалари нимада кўринади? Аввало, Афғонистон халқининг тинч, бахтли-саодатли ҳаётига эшиклар очилди. Биринчи марта ушбу заминда уруш, зўравонликлар тўхтайди.

Иккинчидан, мазкур тинчлик битими Ўзбекистоннинг ҳам осойишталиги ва барқарорлиги демакдир. Ҳатто Толибонлар биз билан учрашувда “Биз ҳеч қачон Ўзбекистон хавфсизлигига таҳдид соладиган хатти-ҳаракатларга йўл қўймаймиз ва бу борада бирга ишлашга тайёрмиз”, – дея таъкидлади. Бу мамлакатимиз учун жуда катта ютуқ, Президентимиз олиб бораётган сиёсатининг ижобий натижасидир.

Афғонистон билан прагматик манфаатларимиз бор. Булар – янги йўллар қуриш, савдо-иқтисодий алоқаларни ўрнатиш, Ўзбекистон маҳсулотларини Афғонистон орқали Ҳиндистон, Покистон, Эрон каби Жанубий Осиё давлатларига экспорт қилиш. Биз бундан буён ҳам халқаро ҳамжамият билан Афғонистон бўйича ҳамкорликни изчил давом эттирамиз. Президентимизнинг афғон диёрида тинчлик ўрнатиш, Ўзбекистон атрофида хавфсизликни таъминлаш бўйича ташаббусларининг ижобати йўлида ҳаракат қиламиз. Чунки юртимиздаги кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширишда бизга аввало тинчлик керак.

Абдул Салом Ҳанафий,
"Толибон" ҳаракатининг Қатардаги сиёсий ваколатхонаси раҳбари ўринбосари:

– Биз жаноб Президент Мирзиёевнинг Афғонистондаги тинчлик, барқарорлик ва хавфсизлик борасидаги ижобий ташаббусларини юқори баҳолаймиз. Ўзбекистон ва Афғонистон халқи азалдан бир-бири билан оға-ини, дўст. Биз ҳаммамиз бир вужудмиз. Бу минтақада яшаётган барча мамлакатлар, барча миллатлар ҳаммалари, иншаоллоҳ, келажакда ҳам бир жойда аҳил яшашлари керак. Афғонистон хавфсизлиги бу Ўзбекистоннинг ҳам хавфсизлигидир.

Қори Дин Муҳаммад,
"Толибон" ҳаракатининг Қатардаги сиёсий ваколатхонаси раҳбари ўринбосари:

– Узоқ йиллардан буён, қарийб 40 йилдан бери Афғонистонда уруш давом этмоқда. Бизга ва қўшниларимизга урушнинг тугаши, тинчлик ва барқарорлик ўрнатилиши жуда муҳим. Ўзбекистон Президенти Афғонистонда тинчлик ўрнатилиши учун ташаббуслар илгари сурганини биламиз ва бугун биз бу тарихий натижа остонасида турибмиз.

Афғонистон ва Ўзбекистон умумий сарҳад ва маданиятга эга. Икки мамлакат халқи бир дарёнинг икки соҳилида яшашади. Тақдирларимиз бир қўлнинг беш бармоғи сингари тарихан муштарак. Сизларнинг тинчлик ўрнатилишини таъминлаш, қурилиш, таълим ва бошқа кўплаб соҳаларда кўрсатаётган ёрдамларингиз узоқ давлатлардан келаётган ёрдамлардан кўра самаралироқ бўлмоқда.

Элдор Орипов,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори:

– АҚШ ва «Толибон» ҳаракати ўртасида тинчлик битимининг имзоланиши дарҳақиқат, тарихий воқеадир. 40 йиллик урушдан сўнг илк марта зўравонликка, аҳоли ўртасидаги саноқсиз қурбонларга чек қўйиш имкони юзага келди. Ўтган давр ичида 2 миллион қурбон берилди, 4 миллиондан зиёд афғон мамлакатни тарк этди.

Мазкур сулҳ истиқболлари яқин фурсат ичида миллионлаб афғонлар тинч-осуда ҳаёт кечира бошлашидан ҳикоя қилмоқда. Албатта, ушбу тинчлик битими имзоланишига, Афғонистонда тинчликка эришиш бўйича муваффақиятга эришишда шахсан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ҳиссаси катта. У кишининг ташаббуси билан ўз вақтида ушбу тинчлик жараёнига кучли старт берилди.

Мен Афғонистон бўйича Тошкент конференциясини назарда тутаяпман. Ўшанда глобал мамлакатлар ва қўшни давлатлар ўртасида афғон можаросини бартараф қилиш борасида умумий принциплар ва ёндашувлар бўйича умумий келишув шакллантирилган эди. Буни уддалаш мумкинлигига ишонганлар жуда кам эди. Умуман, Афғонистонда тинчлик истиқболига ишонаётганлар кам эди. Бироқ Ўзбекистоннинг изчил ва прагматик сиёсати шарофати билан бунинг уддасидан чиқдик.


ЎзА

Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: