11.02.2020

«ПРЕЗИДЕНТ ШАВКАТ МИРЗИЁЕВ КАМБАҒАЛЛИКНИ КАМАЙТИРИШ ҒОЯСИНИ АСОСЧИСИ»

Самарқанд давлат университети профессори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Муслиҳиддин МУҲИДДИНОВ билан суҳбат

Американинг 16-президенти Авраам Линкольн 1862 йилда «Озодлик тўғрисидаги пракламация»ни имзолайди. Мазкур тарихий ҳужжатга мувофиқ қулларни 1863 йилнинг 1 январидан бошлаб озод қилиш белгиланган эди. Линкольн пракламацияни эълон қилар экан шундай деган: «Вақти келиб, менинг номим тарихга ёзиладиган бўлса, мана шу ишим учун ёзилади. Чунки, мен бутун умримни қулликни бекор қилишга бағишладим».

— Линкольннинг ушбу қарори кучга киргач, 200 000 га яқин негр қулликдан қутилади. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг камбағалликни камайтириш дастурини яратиш борасидаги фикрлари менга Линкольннинг жасоратини эслатди...

 — Президент Мурожаатномасини тинглаб, айниқса, Камбағалликни камайтириш борасидаги фикрларини эшитиб, жуда таъсирландим. Мен мустабид тузум билан мустақилликни, мустақиллик йилларининг 26 йили билан кейинги 3 йилни бемалол таққослаш ёшидаман. Тўғрисини тан олиш керак, камбағаллик балоси на мустабид тузум даврида, на мустақиллик йилларида бартараф этилмади. Нафақат бартараф бўлмади. Балки, биз йиллар давомида бу ҳақиқатдан кўз юмиб келдик. Бу ҳақда ҳеч қандай маълумот йўқ эди. Узоқ йиллар давомида бизда камбағаллар бўлмаган, бугун ҳам йўқ, деган қараш ҳукмронлик қилди. Ён қўшнимиз, яқин қариндошимиз, маҳалладошимиз, қишлоқдошимиз ночорлигини, рўзғорини базўр тебратаётганлигини, қарзга ботиб кетганини кўриб-кўрмасликка, билиб-билмасликка олдик. Бу аслида ўша камбағал одамларга нисбатан мудҳиш жиноят эди. Энг ачинарлиси шундаки, камбағаллик авлоддан-авлодга ўтиб келаётганлиги, уларнинг қалбида яқинларидан норозилик, давлатга ишончсизлик яшашини ҳам инкор қилиб бўлмайди. Чунки, дунёга келган ҳар бир одам яхши яшашга, ишлашга, оиласи билан фаровон турмуш кечиришга ҳақли. Тўғри, шу ўринда камбағал одамларнинг ўзларида ҳам интилиш йўқ, бепарво, лоқайд, ялқов, деган айблар илгари сурилади. Қайсидир маънода бу билан ўзимизни оқламоқчи бўламиз.

Президентимиз Мурожаатномада таъкидлаганидек: «Ҳудудларда, айниқса, қишлоқларда аҳолининг аксарият қисми етарли даромад манбаига эга эмаслиги сир эмас. Ҳар қандай мамлакатда бўлгани каби бизда ҳам кам таъминланган аҳоли қатламлари мавжуд. Турли ҳисоб-китобларга кўра, улар тахминан 12-15 фоизни ташкил этади. Бу ўринда гап кичкина рақамлар эмас, балки аҳолимизнинг 4-5 миллионлик вакиллари ҳақида бормоқда». Мана шу сўзларни эшитар эканман, виждоним қийналди. Аслида, ўзига тўқ одамларни, бутун халқимизни ушбу маълумот уйғотиши керак, деб ўйлайман. Фақат Президент эмас, бошқа амалдорлар ҳам, бой-бадавлатлар ҳам камбағалликни камайтириш ишига ўз ҳиссасини қўшиши керак.

— Камбағаллик нима? Турмуш даражаси паст бўлган аҳолининг дунёқараши қандай шаклланади? Нима учун биз шу кунгача камбағаллик ҳақидаги маълумотларни билмас эдик? Мана шу саволлар бугун барчамизни қийнамоқда. Сиз кўпни кўрган инсон, таниқли олим сифатида бу ҳақда нима дейсиз?

— Камбағаллик сўзига «Ўзбек тилининг изоҳли луғати»да шундай изоҳ берилади: «Мухтожликда яшовчи, тирикчилик учун керакли нарсаси етарли бўлмаган; қашшоқ; фақир; бечора...». Демак камбағаллик нима эканлигини билдик, англадик... Бу борадаги ҳақиқатни сир сақланишига келсак, тўғриси, бу адолатни ҳамма ҳам тан олавермайди. Чунки, тан олгандан кейин бартараф ҳам этиш керакку. Бунинг учун инсонда жуда улкан қалб, халқига чексиз меҳр, садоқат бўлиши зарур. Бунинг учун инсон ўзини ўша камбағал одамларнинг ўрнига қўя олиши, уларнинг ҳаёт машаққатини, изтиробини юрак-юрагидан ҳис эта олиши лозим. Бундай жўмардлик ҳамманинг қўлидан келавермайди.

Энди, камбағал одамни дунёқарашига келадиган бўлсак, биз хоҳлаймизми-йўқми, қандай яшасак, ўшандай фикрлаймиз. Атрофга, одамларга, керак бўлса давлатга ҳам турмуш даражамиздан келиб чиқиб муносабатда бўламиз. Бу аччиқ ҳақиқат балки, кимгадир ёқмас, қулоғимизга хунук эшитилар, балки чет эллардаги  баъзи бировлар буни дастак қилиб олар. Булар муҳим эмас. Энг муҳими нима? Менинг назаримда Президентимиз жуда мушкул, жуда залворли, жуда машаққатли, жуда азобли бир юкни елкасига олди. Бу юк асрлар давомида ўрнидан силжимаган, асрлар давомида тилга олинмаган, асрлар давомида тан олинмаган, камбағаллар борлиги ҳақидаги ҳақиқат эди. Президент Шавкат ­Мирзиёев камбағалликни камайтириш ғоясининг асосчиси сифатида тарихда қолишига ишонаман.

— 2019 йил Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларга бўлиб ўтган сайловларда тарғиботчи сифатида иштирок этдим. Мазкур жараёндаги учрашувларда ночор, эҳтиёжманд одамларга ҳам дуч келдик. Айниқса, бу ҳолат қишлоқларда яққол кўзга ташланади. Мени ташвишга солгани, ўйлантиргани уларнинг муаммолари қачон ҳал бўлади, қачон одамлар нимадир етишмаётганидан шикоят қилмайди, деган армонли, азобли ўй бўлди. Бир кун келиб бу масалалар давлат миқёсида ҳал этилмаса, бу мушкулотни на ҳоким, на депутат еча олмайди. Мурожаатномада Президентимиз мана шу муаммонинг ечимини бизга кўрсатди. Тўғриси, елкамдан тоғ ағдарилгандек бўлди.

— Сиз суҳбатимиз бошида АҚШнинг 16-президенти Авраам Линкольннинг тарихий жасорати ҳақида эслатдингиз. Линкольн Конгрессдаги чиқишларида «Қуллик ёвузлик бўлмаса, у ҳолда дунёда ёвузлик умуман йўқ экан», «Сизларни билмадиму, лекин мен ярим қуллик ва ярим тенглик тарафдорлари бўлган жамиятда яшай олмайман. Аммо, ишончим комилки, жамиятда адолат ва тенглик бугун бўлмаса, эртага албатта қарор топади... », деган эди. Демак, орамизда камбағаллар бор экан тинч, хотиржам, тўкин яшашга ҳаққимиз йўқ. Бу баландпарвоз гап эмас. Президентимиз Мурожаатномада: «Халқаро меъёрлар асосида чуқур ўрганишлар ўтказиб, камбағаллик тушунчаси, уни аниқлаш мезонлари ва баҳолаш усулларини қамраб олган янги методологияни яратиш лозим»лигига алоҳида эътибор қаратди. Бу масъулиятли вазифа энг аввало олимлар зиммасига тушишини унутмаслик керак. Менинг назаримда, мазкур йўналишда олий таълим муассасаларида илмий изланишлар олиб боришни йўлга қўйиш вақти аллақачон келди. Бу борада биз жаҳон тажрибасини  ўрганишимиз керак. Ўшанда Президент таъкидлаган методологияни яратиш ва ҳаётга татбиқ қилиш имконияти пайдо бўлади. Университетимизда Мурожаатномани ўрганишга бағишланган йиғилишда СамДУ ректори профессор, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов иқтисодиёт факультети олимларига Методология бўйича таклифлар, тавсиялар ишлаб чиқиш юзасидан топшириқлар берди.

Президентимиз ғоятда савобли, хайрли, инсонпарварликка йўғрилган ғояни — камбағалликни тугатиш масаласини илгари сурмоқда. Бу муаммони бартараф этиш учун бутун миллат бирлашиши зарур. Ўшанда ҳаёт даражаси ҳамма учун бирхиллашади. Ҳамманиннг дунёқараши юксалиб боради. Халқимизда бир-бирига нисбатан ҳурмат, меҳр-оқибат тушунчалари мустаҳкамланади. Мана шундай фарахбахш кунлар тезроқ келишини Яратгандан сўрайман.

 

Фаррух ҲАМРОЕВ

суҳбатлашди.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: