04.02.2020

ҲАЛОЛЛИК ВАКЦИНАСИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасини қайта-қайта ўқиб, қатор саволлар устида узоқ ўйлашга тўғри келди.

Бугун Президентимиз нима учун илм-фан, таълим-тарбия, маънавият, маърифат ҳақида такрор ва такрор гапирмоқда, нима учун таълим соҳасини ислоҳ этишга бунчалик катта эътибор қаратаяпти? Нима учун олимлар, академиклар билан тез-тез учрашмоқда?..

Нима учун ўтган 2019 йилни «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили» деб эълон қилди?

Бу саволлар ҳаммаси мантиқан бир-бирига чамбарчас боғлиқ. Фан-таълим ривожланмаса, давлат ривожланмайди. Қанийди кўп эмас, икки-уч нафар олимимиз оламшумул бир кашфиёт яратишса, давлатга бир дунё фойда келтирарди. Ёки пахта ҳосилдорлигини мамлакат миқёсида бир-икки фоиз ошириш имконияти қўлга киритилса, даромад қанча бўлади? Ёки асалнинг ўзидан тортиб, асалдан ширин меваларимизни ҳўлу-қуруқ қадоқлаб, экспортни кўпайтира олсак қанийди...

Буларнинг ҳаммасига илм керак, уқув керак, ҳисоб-китоб керак, жаҳон бозорининг ҳар бир ҳудудида нимага эҳтиёж борлигини пухта ўрганиш талаб этилади. Ёдга олайлик, кейинги уч йилда Президентимиз ташаббуси билан йиллар қандай, номланди? Ёрқинроқ таассуротга эга бўлиш учун бу номларни ёнма-ён қўямиз:

2018 йил — «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили»

2019 йил — «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили»

2020 йил — «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили»

Қаранг, инновация — янгилик, илғор технологиялар дегани. Президентимиз таъкидлаганидек, янги фикр, янги ғояга, инновацияга таянган давлат ютади.

Инновацион ғоялар ва технологиялар дегани ҳам фан ютуқлари дегани. Янги ғоялар янги технологиялар заҳматли илмий изланишлар орқали яратилади.

2020 йилни «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили», деб маррани янада баланд олдик. Бу номланиш маъно-моҳиятида яна бир катта фалсафа мужассам. Яъни илм-фан, техника бўладими, рақамли иқтисодиёт бўладими, жамиятда маърифат ҳам баб-баравар ривожланиши керак. Маърифат ёнида доимо маданият туради.

Президентимиз илм-фан, замонавий технологиялар, инвестициялар ёнига нега «маърифат»ни илгари сургани сабаби ҳақида фикрлаб кўришимиз керак бўлади.

Инсон яхши инженер, врач, архитектор, ўқитувчи ёки ишлаб чиқаришни, ташкилотчиликни қойил қиладиган раҳбар бўлиши мумкин. Уларнинг таржимаи ҳоли яхши, суратлари ҳам келишган, афсуски, дунёқараши, маънавияти қанақалигини билиш қийин. Уларни миясини рентгенга солиб ҳам буни аниқлаб бўлмайди.

Уларга ишонч билдирилиб мансабга қўйилгач, кўп ўтмай «ҳунарларини» кўрсата бошлашади. Ўғирлик, талон-торожлик, коррупция ҳаракатлари сезилиб, кенгайиб, кўпайиб, охири жиноят иши қўзғатилади. Табиийки, маданиятли, маърифатли, маънавиятли раҳбар ҳеч қачон бузуқ йўлга кирмайди, бу йўлдан ҳазар қилади, ўзини асрайди.

Президентимиз мурожаатномасида белгилаб берилган юксак марраларга етиш, дунёнинг энг ривожланган ­давлатлари қаторидан тезроқ ўрин олиш учун бугун бизга аввало нима керак?

Биринчи навбатда илм-фан сув билан ҳаводек зарур. Буни ривожлантириш жуда ҳам кенг қамровли ишлар бажарилишини талаб этади. Бугун Президентимиз диққат-эътибори ана шу ўта муҳим масалаларга қаратилмоқда.

Аммо Мурожаатномадан кўриниб турибдики, Президентни қийнаётган масалалардан бири — коррупциядир. Бу иллат ҳақида Президентимиз фақат бугун гапираётгани йўқ. Аслида давлат раҳбари бўлган биринчи кунлардан бу касофатга қарши кураш бошлаган эди, коррупцияга қарши алоҳида қонун ҳам қабул қилинди. Табиийки, кураш кучайтирилди, қатъий чора-тадбирлар кўрилмоқда. 2018 йили Олий Мажлисга Мурожаатномада коррупция ҳолатлари ўтган йилга нисбатан 33 фоиз камайгани айтилганди.

Бироқ ҳаммамизга яхши маълумким, коррупция ҳамон кескинлигича турибди, давлатга ва жамиятга катта зиён етказмоқда. Кечаги Мурожаатномада ­Президент бу хавф-хатарга янада жиддий эътибор қаратди. Катта ташвиш билан гапирди:

...афсуски, жамиятимизда коррупция иллати ўзининг турли кўринишлари билан тараққиётимизга ғов бўлмоқда.

Бу ёвуз балонинг олдини олмасак, ҳақиқий ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яратиб бўлмайди, умуман, жамиятнинг бирорта тармоғи ривожланмайди...

Қаранг, коррупция ёвуз бало дейилаяпти. Унинг олдини олмасак, ҳеч нарсага эришаолмаймиз, улуғ ниятларимизга етолмаймиз, деб огоҳлантирилмоқда.

Коррупция, дегани нима ўзи? У осмондан тушадими ёки ердан чиқадими? Қулоққа ёқимсиз, хунук эшитиладиган коррупция, деган бало-қазонинг турқи, ранги-рўйи қанақа? У бир олов бўлсаки, сув сепиб ўчирсак, аждарҳо бўлганда ҳам чорасини топиш осон эди. Одам танасида кўриниб турган бир жароҳат бўлса эди, кесиб ташлаб қутилардик. Лекин бу бало кўзга кўринмайдида, шарпаси ҳам сезилмайди, ер тагида илон қимирласа билиш мумкин, лекин коррупция қаердан, кимдан чиқишини олдиндан айтиш қийин. Жуда махфий ҳаракатланади. Лекин бир нарса аниқ: одамлар танасидами, миясидами, юрагидами, бутун вужудидами яшайди. Энг муаммоли томони, бу юқумли касалликка чалинганни — коррупциячини аниқлаш қийин. Дунёда ҳалигача одамнинг кўнглида, миясида нима борлигини аниқлаб берадиган ускуна яратилмаган. Кимни кимлигини билмоқчи бўлсак, тавсифнома сўраймиз. Тавсифнома ёки тавсиянома берганга ҳеч қандай масъулият юкланмаган. Ё таниш-билишчилик қилинади ё мендан нима кетди, ке, бир яхшилик қилай, дейилади.

Тавсифномада «ишчан, ҳалол, ташкилотчи», деб таърифи келтирилган шахс борган жойида бир йилга етар-етмай ўзини бадном қилиб ишдан кетади ёки қамалади. Уни мақтаб тавсия берганлар четда қолиб кетаверади.

Шу тариқа бегоналар, эмас, ўзимиз коррупцияни яратаяпмиз. Бу ҳаром ишларни, ёвуз ишларни ўзимизнинг орамиздагилар қиляпти. Баъзан шунчалик тубанликка боришадики, пора бермайдиган бўлса, бир истеъдодли тадбиркорнинг ажойиб лойиҳаси қўллаб-қувватланмайди, яратиладиган иш ўринлари йўққа чиқади, давлатга тегадиган фойда йўқолади. Бояги очкўз, маърифатсиз, инсофсиз, диёнатсиз раҳбарнинг парвойи палак. Қаердандир  ўртага таниш тушиб, тил топишишса, иш бир пастда битади. Ўзимизнинг ҳам бошимиздан ўтган, яхши таклиф билан ҳокимлар ёнига борганимизда худди душманни кутиб олгандек оғриниб кутиб олишган.

Ўтган йиллар давомида порахўрликдан, коррупциядан бир гуруҳ ноҳалол одамлар бойиди. Аммо улар мамлакатга беҳисоб зиён-заҳмат етказишади.

Ўйлаб кўрайлик, Хитой 1 миллиард 400 миллион аҳолисини қандай боқаяпти? Давлат уларни боқмаяпти. Уларга имконият, шароит яратиб бераяпти, одамлар ўзини ўзи боқаяпти. Агар ўтган ўттиз йилда тадбиркорларимиз йўли тўсилмаганда, хорижлик инвесторлар безиб кетмаганда, қўлидан иш келадиган кишилар қўллаб-қувватланганда, Ўзбекистон ҳозирги ҳолатидан уч баробар, эҳтимол ўн баробар ривожланган бўлар эди. Аммо порахўр амалдорлар бунга йўл қўйишмади.

Бугунга келиб, Президентимиз коррупцияга қарши курашни кун тартибига қатъий қўйди. Жумладан шундай деди: «Коррупцияга қарши курашишда аҳолининг барча қатламлари, энг яхши мутахассислар жалб қилинмас экан, жамиятимизнинг барча аъзолари, таъбир жоиз бўлса, «ҳалоллик вакцинаси» билан эмланмас экан, ўз олдимизга қўйилган юксак марраларга эриша олмаймиз. Биз коррупциянинг оқибатлари билан курашишдан унинг олдини олишга ўтишимиз керак.»

Вазифа шу даражада қаттиқ қўйилаяптики, фақат Президентга ҳисоб берадиган, коррупцияга қарши курашишга масъул бўладиган алоҳида орган ташкил этиш таклиф этилди.

Бу механизм ўз самарасини беради, албатта. чунки, энди амалдорларнинг жиноятлари Президентдан яширилмайди, силлиқ ахборотлар берилмайди, ҳозирги шароитда биз учун бу орган ўта муҳим аҳамиятга эга. Шу ўринда айрим мулоҳазаларни билдириб ўтмоқчиман. Коррупцияга қарши курашишга масъул орган таркибига албатта, тажрибали журналистлар, жамоат ташкилотлари вакиллари ҳам жалб этилса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Иккинчидан, бу мавзуга Оммавий ахборот воситалари ҳанузгача хотиржамроқ муносабатда бўлиб келмоқда. Юз берган коррупция ҳолатлари ҳақида матбуот ва телевидениеда пишиқ, пухта, таҳлилий материаллар изчил ёритиб  борилса, кўпчиликка сабоқ бўлади, деб ўйлайман.

Президентимизнинг яна бир фикри бизни ўйлашга, хулоса чиқаришга ундайди. Аслида кўп бало-қазолар «жони» ана шу масалага боғлиқ.

Қаранг, нима дейилаяпти? «...жамиятимизнинг барча аъзолари, таъбир жоиз бўлса, «ҳалоллик ваксинаси» билан эмланмас экан, ўз олдимизга қўйган юксак марраларга эриша олмаймиз.»

Бу фикрни тушиниш ҳам осон, ҳам қийин. «Ҳалоллик ваксинаси», дейилганда нима назарда тутилаяпти? Бу дори дорихоналарда йўқлигини биламиз, уколи ҳам йўқ. Қанийди, бор бўлганида, эҳтимол ҳаммага биттадан укол етарли бўларди.

Айрим касалликларга қарши чақалоқлар турли ваксиналар билан эмланади. Бўлди, у ўша хавфли касалга чалинмайди. Бола оилада, мактабда, маҳаллада яхши тарбия олса, унда инсоний фазилатлар мустаҳкамланиб боради.

Коррупция ҳақида кўп баҳс-мунозаралар бўлаяпти. Яқинда сайлов олди ташвиқотларидан бирида сиёсий партиялардан бирининг раҳбари «Биз коррупцияни бир йилда йўқотамиз», деди. Ният яхши албатта... Бошқа бир баҳсда яна бир партия вакили жазони кучайтириш керак, деди. Тўғри, дунё тажрибасида бундай ҳолатлар бор. Биз ҳам ҳозирги шароитда шундай йўл тутишимиз керакдир. Аммо қўрқитиш, жазолаш билан ҳеч нарсани илдизи билан қуритиб бўлмайди. Коррупция гўё ёввойи ўт, ўсаяпти, сиз ўриб ташлаяпсиз. У яна ўсаверади...

 Коррупцияни илдизи билан йўқ қиладиган даво айнан «ҳалоллик ваксиаси»дир. Алишер Навоий бобомиз шундай танбеҳ беради: «Нафсни тобе қилолсанг — одамсан. Акс ҳолда, юз минг киши сенга қарам бўлса ҳам ҳеч қачон одам бўлолмайсан». ­Абдулла Авлоний «инсонларни яхшиликка чақирувчи, ёмонликдан қайтарувчи бир илмдир», дейди.

Хитойлик дунёга машҳур донишманд Конфуций шундай, деган экан: Олижаноб инсон мумтоз асарларни кенг ўрганиб, ахлоқ қоидалари билан ўзини жиловласа, у ўз қарашларига асло хиёнат қилмайди».

Демак, яхши китобларни ўқиш кишида яхши фазилатларни тарбиялайди. Ўз халқи ва Ватанига болалигидан меҳр-муҳаббат уйғотади.   

Имом Бухорий, Абдухолиқ Ғиждувоний, Ҳаким ат Термизий каби не-не улуғларимиз қолдирган бебаҳо хазиналар — олтин сўзлар, буюк ўгитлар, васиятлар айнан ҳалоллик ваксинасидир. Улар илмли бўлиш, ҳалоллик, мардлик, диёнат, адолат, сабр-қаноат, шукроналик кишига иззат-ҳурмат, бахт-саодат келтиришига кафолат беришади. Ватанни ўйлаган унга ҳеч қачон иснод келтирмайди, ҳаромдан ҳазар қилади. Бировнинг ҳақи буюрмайди, дейишади. Илмсизлик, маърифатсизлик, маънавиятсизлик, онгсизлик, очкўзлик кишини худбин, пасткаш одамга айлантиради.

Бироқ биз бугун қандай китобларни болаларимизга ўқитаётганимизни чуқурроқ ўйлаб кўрайлик, ўзимиз нимани ўқиётганимизни ҳам.

Коррупция ўз-ўзидан пайдо бўлмаганидек, «ҳалоллик ваксинаси» ҳам бирданига таъсир қилмайди, албатта. Қачонки, болаликдан онгу-шууримизга, юрагимизга сингдириб борилса, «ҳалоллик вакцинаси» билан эмланган кишига коррупция яқин йўлай олмайди. Бундай одамлар қалбида мол-дунёга ҳирс эмас, ҳаётга ҳавас, Ватанга муҳаббат яшайди. Улар ўзларининг шахсий ютуқларидан кўра халқининг ютуғидан кўпроқ ғурурланади. Улар қалбида ардоқли, суюкли, ватанпарвар шоирамиз Ҳалима Худойбердиеванинг ҳайқириғи яшайди:

Қанча қонинг бўлса, Ватан учун тўк,

Қанча шонинг бўлса, Ватанни кўтар...

 

Сафар ОСТОНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

ЎзХДП фракцияси аъзоси


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: