04.02.2020

ЎЗБЕКИСТОН ПРЕЗИДЕНТИ АҚШ ДАВЛАТ КОТИБИНИ ҚАБУЛ ҚИЛДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 3 февраль куни мамлакатимизда расмий ташриф билан бўлган Америка Қўшма Штатлари Давлат котиби Майкл Ричард Помпеони қабул қилди.

Президент Шавкат Мирзиёев кейинги йилларда барқарор, тизимли тус олган ва ўзаро ишончга асосланган кўп қиррали Ўзбекистон – АҚШ муносабатлари изчил ривожланаётганини катта мамнуният билан қайд этди.

Мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шерикликнинг янги даврини бошлаб берган 2018 йил май ойида АҚШга олий даражадаги тарихий ташриф чоғида эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида ўзаро алмашинувлар фаоллашгани алоҳида таъкидланди.

Конструктив, жумладан, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар бўйича сиёсий мулоқот йўлга қўйилди. Савдо-иқтисодий, инвестициявий, технологик, молиявий, аграр, энергетик, таълим, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик кенгаймоқда.

Кейинги бир неча йил давомида товар айирбошлаш ҳажми икки баробар кўпайди. АҚШнинг етакчи компаниялари иштирокида мамлакатимиз иқтисодиётининг турли тармоқларида истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Америка инвестицияларининг умумий ҳажми 1 миллиард доллардан ошди.

Жорий ўқув йилидан бошлаб мамлакатимизда Вебстер университетининг филиали ўз ишини бошлади.

АҚШ Давлат котиби, ўз навбатида, самимий қабул учун Президентимизга чуқур миннатдорлик билдирди ҳамда Президент Дональд Трампнинг саломи ва эзгу тилакларини етказди.

АҚШ томони Ўзбекистоннинг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини доимо қўллаб-қувватлашда қатъий эканини яна бир бор тасдиқлади.

Майкл Помпео Ўзбекистонда олиб борилаётган демократик янгиланишлар ва иқтисодий ислоҳотларнинг натижадорлигини юксак баҳолади.

Давлат департаменти раҳбари, шунингдек, Ўзбекистоннинг барқарор тараққиёти икки томонлама муносабатларни ривожлантириш йўлида мустаҳкам асос яратаётганини таъкидлади.

Учрашувда минтақавий аҳамиятга молик масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. Давлат котиби Тошкентда Марказий Осиё ва АҚШ ташқи ишлар вазирларининг навбатдаги учрашуви муваффақиятли ўтказилгани билан табриклади.

Янги Ўзбекистон раҳбарининг сиёсати туфайли минтақада ишонч, шериклик ва яхши қўшничилик муҳитини шакллантиришда катта натижаларга эришилгани таъкидланди. 2019 йил ноябрь ойида пойтахтимизда ўтган Марказий Осиё давлатлар раҳбарлари иккинчи Маслаҳат учрашувининг самарали натижалари алоҳида қайд этилди.

Иқтисодиёт соҳасида АҚШ етакчи компанияларининг Ўзбекистон бозоридаги иштирокини кенгайтиришни ўзаро қўллаб-қувватлаш юзасидан аниқ келишувларга эришилди.

Майкл Помпео бугунги кунда мамлакатимизда савдо-иқтисодий ҳамкорлик кўламини бир неча ўн карра ошириш имконини берадиган бизнес ташаббуслари учун кенг имкониятлар мавжудлигини таъкидлади.

Бундан ташқари, АҚШ мамлакатимизнинг Жаҳон савдо ташкилотига кириш жараёнини жадаллаштиришга ҳар томонлама кўмаклашиши қайд этилди.

Инсон салоҳиятини ривожлантириш, жумладан, фуқаролик жамиятни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш, инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, ижтимоий дастурларни амалга оширишда конструктив ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Афғонистонда тинчлик ўрнатиш, шунингдек, ушбу мамлакатни Марказий Осиёдаги минтақавий ҳамкорликка жалб қилиш масалалари юзасидан батафсил фикр алмашилди.

Майкл Помпео Ўзбекистоннинг Афғонистонда тинчлик ва барқарорликка эришиш, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий тиклашга доир аниқ инфратузилма лойиҳаларини илгари суришга қаратилган фаол саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлади.

Учрашув сўнггида томонларнинг Ўзбекистон Республикаси ва Америка Қўшма Штатлари ўртасидаги стратегик шериклик ва амалий ҳамкорлик муносабатларини ҳар томонлама мустаҳкамлаш борасидаги интилишлари қатъий экани таъкидланди.

ЎзА

Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: