Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Yanvar 2020   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
30 31 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31 1 2
06.01.2020

Муфтий Усмонхон Алимовга “Эл-юрт хурмати” ордени топширилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 6 январь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимовни қабул қилиб, унинг 70 йиллик таваллуд айёми билан самимий табриклади.

Давлатимиз раҳбари Усмонхон Алимовнинг миллий ва диний қадриятларимизни тиклаш, асраб-авайлаш, буюк алломаларимиз, мутафаккирларимизнинг бой илмий меросини ўрганиш, тарғиб қилиш ҳамда жамиятда диний бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш борасидаги фаолиятига алоҳида тўхталди.

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раҳбари нафақат юртимиз ва Марказий Осиёда, балки дунё миқёсида ҳам тан олинган нуфузли уламолардан бири экани, унинг Ислом олами уюшмаси таъсис мажлиси ҳамда Бутунжаҳон уламолар кенгаши аъзоси этиб сайлангани, “Дунёнинг энг нуфузли 500 мусулмони” рўйхатидан муносиб ўрин эгаллагани халқимизга улкан фахр бағишлаши таъкидланди.

– Биз муфтий ҳазратларини ислом маърифатининг толмас тарғиботчиси сифатида биламиз ва қадрлаймиз. “Тафсири Ирфон”, “Имом Бухорий – муҳаддислар султони”, “Оилада фарзанд тарбияси” каби асарларингиз халқимиз қалбидан чуқур жой олган, – деди давлатимиз раҳбари.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Мусулмонлар идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимовнинг мамлакатимизда ислом маданияти ва илм-фанини ривожлантириш, муқаддас динимизнинг инсонпарварлик моҳияти ва эзгу ғояларини, буюк аллома ва мутафаккирларимизнинг бебаҳо илмий меросини тадқиқ этиш ва халқаро миқёсда кенг тарғиб қилиш ишига қўшган муносиб ҳиссаси, жамиятда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, миллатлараро тотувлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш борасидаги катта хизматлари, диний ва дунёвий билимларни пухта эгаллаган етук мутахассисларни тайёрлаш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат, бағрикенглик ва миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш йўлидаги ибратли фаолиятининг юксак эътирофи рамзи сифатида унга “Эл-юрт ҳурмати” орденини топширди.

Муфтий Усмонхон Алимов давлатимиз раҳбарига юксак мукофот учун ташаккур билдириб, сўнгги йилларда жамият ҳаётининг барча жабҳалари қатори диний-маърифий соҳада ҳам улкан ислоҳотлар амалга оширилаётганини таъкидлади. Муқаддас ислом динини ўрганиш, аждодлар меросини қайта тиклаш ва уларни келажак авлодларга етказиш бўйича олиб борилаётган кенг кўламли ишларда бор куч-ғайратини сафарбар қилишга тайёрлигини билдирди.

Учрашувда мамлакатимиздаги ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, ёш авлодни тинчлик, инсонпарварлик, бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик руҳида тарбиялашга қаратилган тарғибот ишларида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва диний соҳа вакиллари фаол иштирок этишни ўз бурчи деб билиши қайд этилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан буюк аждодларимизга муносиб ворислар тайёрлаш, юртимизда диний таълим тизимини такомиллаштириш, ислом динининг асл моҳияти ва инсониятни эзгуликка элтувчи дин эканини илмий асосланган ҳолда теран ўрганиш ҳамда тарғиб этишга қаратилган тизимли ислоҳотлар амалга оширилаётгани халқимиз ва халқаро ҳамжамият томонидан юксак эътирофга сазовор бўлаётгани алоҳида таъкидланди.


ЎзА

Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: