Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Yanvar 2020   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
30 31 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31 1 2
23.12.2019

Сайловда ватан, халқ тақдирига дахлдорлик туйғуси яққол намоён бўлди​

Мамлакатимизда 22 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларига сайловлар бўлиб ўтди.

Сайлов жараёнини кузатишда МДҲ, ШҲТ, ЕТТБ, Халқаро хусусий ҳуқуқ бўйича Гаага конференцияси, Туркий кенгаш, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши Парламент Ассамблеяси, шунингдек, ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг тўлақонли миссияси таркибида 700 нафардан зиёд хорижий ва халқаро кузатувчилар иштирок этди.

ЎзА мухбирлари “Янги Ўзбекистон – янги сайловлар” шиори остида ўтган сайловларда қатнашган хорижий кузатувчиларнинг айримлари билан суҳбатлашди, уларнинг сиёсий жараён бўйича фикрлари билан қизиқди.

Каэтана ДЕ ЗУЛУЕТА, ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг (ЕХҲТ ДИИҲБ) сайловни кузатиш миссияси раҳбари:

– Сайловлар турли мамлакатларда ўзига хос тарзда ўтказилади. Аммо унинг тамойили бир – танланган номзодларга овоз бериш. АҚШда сайловлар электрон тарзда, Европа Иттифоқида эса Ўзбекистонда бўлгани каби сайлов бюллетенларида амалга оширилади.

ЕХҲТ ДИИҲБ вакиллари Ўзбекистон бўйлаб сайлов жараёнларини кузатаяпти. Ўрганишларимиз якуни бўйича ўз хулосаларимизни тақдим этамиз.

Айрим ўринларда бюллетенларда сайловчиларга қарши овоз берувчи қатор йўқлиги айтилди. Шуни унутмаслик керакки, ушбу қатор кўпгина давлатларнинг сайлов бюллетенларида ҳам йўқ. Бу сайловларнинг демократик руҳда ўтишига таъсир этмайди.

Сергей ЛЕБЕДЕВ, МДҲ Ижроия қўмитаси кузатувчилари миссияси раҳбари, МДҲ Ижроия қўмитаси Раиси – Ижрочи котиби:

– МДҲ Ижроия қўмитаси кузатувчилари миссияси бир ойдан буён мамлакатингизнинг турли ҳудудларида бўлиб, сайловга кўрилган тайёргарлик жараёнини кузатди. Миссиямиз барча сайловолди жараёнларида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси, сайловни ўтказишга алоқадор тузилмалар, жумладан, Ички ишлар, Ташқи ишлар вазирликлари, Бош прокуратура билан яқиндан ҳамкорлик қилди.

Ўзбекистонда илк бор янги Сайлов кодекси қабул қилинди ва унда халқаро сайлов ҳуқуқининг барча тартиб-қоидалари белгиланган. Кодексни Ўзбекистон фуқаролари ўз хоҳиш-иродасини эркин намоён қилишларининг кафолати, дейиш мумкин.

Сайлов кампанияси сифатли ташкил этилган. Овоз беришда камчиликлар бўлмаслиги, фуқароларнинг эмин-эркин овоз беришларини таъминлаш учун барча зарур чоралар кўрилган. Бу эса сайлов натижалари халқ кутганидек бўлишини кафолатлайди.

Кристоф БЕРНАСКОНИ, халқаро кузатувчи (Нидерландия):

3_Кристоф_БЕРНАСКОНИ,_халқаро_кузатувчи.jpg

– Мамлакатингизда ўтказилган сайлов муносабати билан уч кун давомида Тошкентда фаолият юритдик. Муҳим сиёсий воқеликка ҳозирлик жараёнлари билан бевосита танишиш имконига эга бўлдик. Айтишим мумкинки, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқидан эркин фойдаланишлари учун барча шароит яратилган. Халқаро кузатувчи сифатида бу борадаги ишларни алоҳида қайд этишни истардим.

Бевосита сайлов жараёнига тўхталадиган бўлсак, Тошкент шаҳар Миробод туманида ташкил этилган 218-сайлов участкасида бўлиб, фуқароларнинг овоз беришда иштирокини, сайлов комиссияси, ишончли вакиллар фаолиятини кузатдим. Сайлов кўтаринки руҳда, юқори савияда, илк бор қабул қилинган янги Сайлов кодексига мувофиқ, очиқ ва ошкора тарзда ўтказилди.

Алмутава ЖАСИМ ИСО, БАА Савдо-саноат вазирлиги маслаҳатчиси, халқаро кузатувчи:

– Сайлов участкаларида бўлиб, овоз бериш учун келган фуқароларни, улар ҳуқуқларининг таъминланишини кузатдим ва қонун бузилиш ҳолатини учратмадим. Очиқликни таъминлашга қаратилган сайловчилар иштирокининг ягона базаси яратилгани менда катта таассурот қолдирди. Сайловга яхши тайёргарлик кўрилган. Номзодлар орасида хотин-қизлар ва ёшларнинг кўплиги қувонарли.

Мамлакатингизда уч йил олдин ўтказилган Президент сайловларида ҳам иштирок этиб, аҳолининг келажакка бўлган интилиши, мақсадлари сари ҳаракатига гувоҳ бўлгандим. Бугун ана шу танлов туфайли юртингизда демократик тамойиллар, сўз эркинлиги таъминланмоқда. Демак, сайловда тўғри танлов амалга оширилган.

Бу гал ҳам номзодлар орасидан танланган депутатлар Ўзбекистоннинг келажаги йўлида меҳнат қилиб, унинг равнақи ва аҳоли турмуши фаровонлигини янада яхшилашда муносиб иштирок этишига ишонаман.

Наргис РАҲМОНОВА, МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси кузатувчи миссияси вакили (Тожикистон):

5_Наргис_РАҲМОНОВА,_МДҲ_Парламентлараро.jpg

– Мамлакатингиз сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар бу йилги сайловларни том маънода янгича руҳда ташкил этиш имконини берди.

Сайловларда сиёсий партиялар, ҳар бир фуқаронинг очиқ ва тенг ҳуқуқли иштироки таъминланган. Улар учун умумэътироф этилган халқаро ҳуқуқ нормалари ва тамойилларига мос шароитлар яратилган. Сайлов участкаларида бўлиб, жараённи кузатдим ва ҳамма жойда сайловлар қонунчиликка тўлиқ риоя қилинган ҳолда ўтганига гувоҳ бўлдим.

Гендер тенглиги масаласи билан боғлиқ бир фактни ибрат сифатида қайд этишни истардим: Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексига асосан депутатликка номзодлар орасида хотин-қизлар умумий миқдорнинг 30 фоизидан кам бўлмаслиги белгилаб қўйилган. Шу маънода номзодларнинг 45 фоизи аёллар экани мени қувонтирди. Бу мамлакатда хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлашга устувор аҳамият қаратилишидан далолат.

Мунир ҲАБИБ, ШҲТ Котибияти маслаҳатчиси, халқаро кузатувчи (Покистон):

6_Мунир_ҲАБИБ,_ШҲТ_Котибияти_маслаҳатчиси.JPG

– Андижон шаҳридаги қатор сайлов участкалари фаолияти билан танишдим, одамлар билан суҳбатлашдим. Ушбу вилоят мисолида Ўзбекистон Республикаси парламенти ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатлигига сайловларга тайёргарлик ишлари юқори савияда ташкил этилганига амин бўлдим.

Сайлов куни Андижон шаҳридаги 45-сайлов участкасида бўлиб, фуқароларнинг фаоллиги, сайловчилар учун зарур шароитлар яратилгани, сайлов комиссияларида ўз ишини пухта биладиган, муайян тажрибага эга кишилар жалб этилгани, жараён халқаро талаб ва меъёрлар асосида ўтказилганини кузатдим.

Халқаро андозалар, демократик тамойиллар асосида ўтган сайловларда халқингиз энг муносиб номзодларга овоз берди. Бу танлов, албатта, мамлакат тинчлик-хотиржамлиги, юртингизнинг барқарор ривожланишини таъминлашга хизмат қилади.

Кубаничбек ТААБАЛДИЕВ, Қирғизистон “Кабар” миллий ахборот агентлиги бош директори, халқаро кузатувчи:

7_Кубаничбек_ТААБАЛДИЕВ,_Қирғизистон.jpg

– Ушбу сиёсий жараён мамлакатингиз учун улкан тарихий аҳамиятга эга. Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлик даврида илк бор ташкил этилган бу сиёсий тадбирнинг муҳим жиҳатларидан бири – соҳага оид турли қонунчилик ҳужжатларининг такомиллаштирилгани.

Янги Сайлов кодекси талаблари асосида ўтказилган сайловда Тошкент шаҳридаги иккита, шунингдек, Бухоро шаҳридаги сайлов участкаларида бўлдим ва сиёсий жараённинг юқори савияда ташкил қилинганини кузатдим. Сайлов участкаларида тадбирга оид барча маълумотлар етарли. Сиёсий партиялар томонидан кўрсатилган номзодлар ҳақида ахборотлар билан танишиш имконияти яратилган.

Сайловларда энг муҳими шаффофлик, очиқликдир. Бу тамойилларга риоя қилинди. Сиёсий партиялар кузатувчилари билан мулоқотда жараённинг боришида уларда эътироз пайдо бўлмаганини билдиришди.

Куни кеча Буюк Британиянинг "The Economist" журнали Ўзбекистонни “Йил мамлакати” деб эълон қилди. Бу Ўзбекистонда амалга оширилаётган сиёсий, ижтимоий ислоҳотлар самараси, халқингиз муносиб ҳаёт кечириши йўлида яратилаётган демократик эркинликларнинг амалдаги эътирофидир. Бу галги сайлов ҳам халқингиз орзу-истакларини рўёбга чиқариш йўлидаги муҳим қадам бўлиб қолади.

Саййид Холид Амир ЖАФФЕРИЙ, Покистон глобал ва стратегик тадқиқотлар маркази президенти:

– Ўзбекистонга илк бор 2009 йили келгандим. Бугунги Ўзбекистон мен кўрганимдан бутунлай фарқ қилади.

Сайловлар ҳар бир давлатда муҳим сиёсий жараён ҳисобланади. Уни демократик тамойиллар, халқаро стандартлар асосида ўтказиш алоҳида аҳамиятга эга. Кўплаб сайлов участкаларида бўлдим. Сиёсий воқеликка алоҳида тайёргарлик кўрилган. Фуқароларнинг сайловда фаол иштирок этгани таҳсинга лойиқ. Боиси, ривожланган давлатларда ҳам ҳар доим бу каби уюшқоқликни кўриш мушкул.

Фуқаролар ўз позициясини эркин овоз бериш орқали билдиришди.

Владимир ГРАЧЕВ, Россия Федерацияси Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари:

9_Владимир_ГРАЧЕВ,_Россия_Федерацияси.jpg

– Кузатувчи сифатида сайлов участкаларида тайёргарликнинг бориши ва сайлов бошлангандан кейинги жараён билан танишдик. Ўзбекистонда янги Сайлов кодекси асосида сайловларни ўтказишга яхши тайёргарлик кўрилган. Биз борган сайлов участкаларида жараён демократик руҳда, шаффоф муҳитда, қонунчиликка мос ўтганини қайд этишни истардим. 

Сайлов жараёни мамлакатдаги ижобий ўзгаришларга ҳамоҳанг кайфиятда ўтганини ҳис қилдик. Шу маънода, айтишим мумкинки, сайлов бўйича хулосаларим ижобий.

Гулнара КУНБАЕВА, Оқтўба вилояти сайлов комиссияси раиси (Қозоғистон):

10_Гулнара_КУНБАЕВА,_Оқтўба_вилояти (1).jpg

– Парламент ва маҳаллий Кенгашларга ўтган очиқ ва ошкора сайловларда Ўзбекистон кучли демократик ҳуқуқий давлат ва эркин фуқаролик жамияти барпо этиш йўлида салмоқли ютуқларни қўлга киритганини намоён этди. Сайловчилар ўз хоҳиш-иродасини эмин-эркин билдиргани бунга яққол мисол. Термиз шаҳридаги қатор сайлов участкаларида бўлиб, бунга ишонч ҳосил қилдик.

Сайловчилар катта қизиқиш билан келиб, номзодлар учун яширин овоз берганини кузатдик. Ўзбекистон миллий қонунчилигида сайловларни адолат ва тенглик тамойили асосида ўтказиш меъёрлари мустаҳкамлаб қўйилгани мамлакат ривожига хизмат қилмоқда.

Сайлов фуқаролар фаоллигида ўтди. Буни муҳим сиёсий жараённинг туб моҳиятини одамларга тушунтириш учун қилинган салмоқли ишлар самараси, дейиш мумкин.

Геннадий ОНИШЕНКО, Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Давлат думаси депутати:

11_Геннадий_ОНИШЕНКО,_Россия_Федерацияси.jpg

– Ташриф асносида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясида бўлиб, сайлов тизими билан яқиндан танишдим. Албатта, бу галги сайлов қонунчилигига кўплаб ўзгартишлар киритилган.

Ўзбекистонда ўтган сайловларда халқаро кузатувчи сифатида учинчи бор иштирок этдим. Бу галги сайловда мамлакатингизда кечаётган демократик янгиланишлар руҳи халқингизнинг овоз бериш жараёнида ҳам намоён.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда кенг кўламли ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда. Мазкур сиёсий воқеликни ҳам ушбу янгиланишлар самараси сифатида баҳолаш мумкин. Сайловда ҳар бир фуқаро ўз тақдирига, мамлакат равнақига бевосита дахлдор эканини яна бир бор намойиш этди.

Филиппо МАЛИНВЕРНО, халқаро кузатувчи (Италия):

12_Филиппо_МАЛИНВЕРНО,_халқаро_кузатувчи.JPG

– Ўзбекистонга илк бор 2018 йилда келгандим. Қисқа фурсатда улкан ўзгаришлар, бунёдкорлик ишлари амалга оширилибди.

Юртингиз сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан дунёга юз тутмоқда. Сайловда аҳоли фаол иштирок этгани ҳам бу фикрнинг ёрқин мисоли. Барча тайёргарлик ишлари халқаро меъёрларга мос. Ўзбекистонда аҳолининг аксариятини ёшлар ташкил қилишини эшитгандим. Номзодлар орасида ҳам ёш авлод вакилларининг устунлик қилиши Ўзбекистон ўз келажагини баркамол авлод тақдирида кўраётганидан далолат.

Шу ўринда мамлакатингизда ёшлар масаласига қаратилаётган доимий эътибор ва ғамхўрликни алоҳида таъкидламоқчиман. Келажак эгаларига бўлган бундай муносабатга ҳавасим келди. Бу масалада Ўзбекистондан ўрганса арзийдиган жиҳатлар кўп.


ЎзА

Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: