Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Yanvar 2020   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
30 31 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31 1 2
17.12.2019

НУКУСДА ПРЕЗИДЕНТ МАКТАБИ ОЧИЛДИ

Юртимизда кенг ислоҳотлар амалга оширилаётган ҳозирги кунда ҳар соҳадаги янгиланиш ва ривожланишларни кўриб кўзимиз қувнайди. Айниқса, таълим тизимида бўлаётган ўзгаришлар, халқаро экспертларнинг ҳам эътиборини тортмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 20 февралдаги «Президент мактабларини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорига асосан ташкил этилган Президент мактаби иқтидорли ёшлар учун ўз қучоғини очмоқда. Жорий йил 11 декабрь куни Нукус шаҳрида Президент мактабининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязов, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари А.Саъдуллаев, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири Ш.Шерматов, Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги директори С.Бабаходжаев ҳамда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ёшлар, уларнинг ота-оналари иштирок этди.

Маросимда сўзга чиққанлар тадбир иштирокчиларини Нукус шаҳрида ҳам Президент мактабининг очилгани билан қизғин табриклади.

— Мен ота-она сифатида жуда қувончдаман. Ўғлим Маҳмудов Алпамыс 5-синфга ўқишга қабул қилинди, — дейди биз билан суҳбатда Алишер Қутлимуратов.  — Ўзим ҳам ўқитувчиман. Уларнинг заҳматли меҳнатини яхши ҳис этаман. Энг асосийси, битта ўринга 89 киши талабгор бўлиб, 24 ўқувчи орасида ўғлимнинг бўлганлигидан ғурурландим. Албатта, Нукус шаҳридаги 46-умумий ўрта таълим мактаби жамоасига катта миннатдорлик билдираман.  Шунингдек, ўғлимга Президент мактабининг дастлабки қўнғироғини чалиш бахти насб қилганлиги бизнинг оиламиз ҳаётида тарихий воқеа бўлиб қолади. Президентимизнинг мамлакатимиз чекка ҳудудларидаги ёшларга қаратаётган эътибори учун миннатдормиз.

Маросимда мактабнинг рамзий калити мактаб директорига топширилди ва янги ўқиш кунининг биринчи қўнғироғи чалинди. Шундан сўнг мактабнинг тантанали очилиш лентаси кесилди. Меҳмонлар янги иш бошлаган мактабнинг ўқувчилари учун яратилган шарт-шароитлар ва ўқув жараёнлари билан танишди.

— Мен бу ерда информатика фанидан дарс бераман, — дейди Нурлибек Татлымуратов. — Президент мактабида таълим оладиган ўқувчилар учун жуда катта имконият мавжуд.  Мактаб замонавий услубда, жаҳон стандартларига мувофиқ тарзда юксак дид билан қурилган. Илм маскани марказида каттагина кутубхона бор. Ўқув жараёни «STEAM — таълим» дастури (Science — табиий фанлар, Technology — технологиялар, Engineering — техник ижодкорлик, Art — санъат, Mathematics — математика) бўйича олиб борилади, бу эса иқтидорли ёшларнинг фикрлаш қобилияти, ирода, ижодий салоҳияти, мослашувчанлигини ривожлантиришга имкон беради. Ушбу йўналишдаги дарслар тўлиқ инглиз тилида олиб борилади. Айни пайтда мактаб «STEAM» методологияси бўйича дарслик ва ўқув қўлланмалар билан таъминланган.

Мактаб 168 ўринли бўлиб, 2 қаватли ўқув биноси, ошхона, 3 қаватли ётоқхона, хорижлик ўқитувчилар учун 15 ўринли меҳмонхона мавжуд. Ҳар бир синф хонада интерактив доска ва таблолар, Science хоналарида алоҳида лаборатория хоналари мавжуд. Жорий йилда мазкур мактабнинг 5-10 синфларига ҳужжат топширган 7,5 минг нафардан зиёд ўқувчидан 144 нафари қабул қилинди. Келаси ўқув йилидан бошлаб ҳар йили 5-синфга 24 нафар ўқувчи қабул қилинади.

— Мен Кегайли туманидаги 2-сон мактабидан келганман, — дейди суҳбатдошимиз мактабнинг 8-синф ўқувчиси Шерзод Пишенбаев. — Бизларга шундай шароит яратган муҳтарам Президентимга, давлат раҳбарларига миннатдорлик бил­дираман. Нуфузли ўқув масканида иқтидорли ўқувчилар қаторида бўлишимга ота-онамнинг, устозларимнинг меҳнатлари туфайли эришдим. Президентимизнинг бизга бўлган ишончини оқлаб, Ватанимга нафи тегадиган инсон бўлишга ваъда бераман.

Президент мактабида дарслар Кембриж университети экспертлари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган ўқув режа ва дастурлари асосида олиб борилади. Мактабга 8 нафар хорижий юқори малакали мутахассис ҳамда 23 нафар маҳаллий ўқитувчи жалб қилинган. Улар ҳам халқаро таълим талаблари асосида махсус имтиҳонлар орқали танлаб олинган.

— Биз ўқувчиларга халқаро даражада дарслар ўтишга ҳаракат қиламиз, — дейди биз билан суҳбатда Жанубий Африкадан келган ўқитувчи Лемото Ли. — Аввал Вьетнам, Дубайда дарс берганман. Президент мактабида дарс оладиган ўқувчиларнинг имкониятлари катта. Мен биламан, улар эртага албатта сизларнинг ишончингизни оқлайди.

Президент мактаблари битирувчилари белгиланган тартибда давлат томонидан тасдиқланган шаҳодатнома, аттестат билан бир қаторда, халқаро даражадаги тегишли дастур дипломи (International Baccalaureate, Advanced Placement ёки International Advanced Levels)га эга бўлади. Бу хорижий олий ўқув юртларига кириш имконини беради.

Шунингдек, Президент мактаби интернат тармоғига уланган ҳолда фаолият кўрсатади. Ўқувчилар ҳафтанинг 5 кунида мактаб ҳудудида ҳам ўқиб, ҳам яшайди. Дам олиш кунлари эса ота-онаси бағрида бўлади. Мазкур даргоҳнинг бошқа мактаблардан яна бир устун томони шундаки, таълим олаётган ўқувчилар мактаб формаси, ўқув қуроллари, озиқ-овқат билан тўлиқ бепул таъминланади.

 

Минажатдин  ҚУТЛИМУРАТОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: