Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
25 26 27 28 29 30 1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30 31 1 2 3 4 5
03.12.2019

ТАРИХИЙ ОМИЛЛАРГА АСОСЛАНГАН ҲАЁТИЙ ТАКЛИФЛАР

Мамлакатимиз Президенти Шавкат ­Мирзиёевнинг Марказий Осиё давлатларининг маслаҳат учрашувидаги нутқида билдирилган таклифлар нафақат Ўзбекистонда, балки, бутун минтақамиз халқлари томонидан кенг қўллаб-қувватланмоқда. Чунки  илгари сўралаётган бу ғоялардан барчамиз баббаравар манфаатдормиз.

Тошкентдаги мазкур  учрашувда қандай масалалар муҳокама этилиши, қандай ташаббуслар кўтарилиши барчамизни бирдек қизиқтираётган эди. Кўпчиликка яхши маълум, ўтган йили Қозоғистондаги учрашувда минтақамизнинг бугунги долзарб масалалари  муҳокама этилиб, улар ечими юзасидан чора-тадбирлар белгиланган бўлиб, қисқа муддатда ўз самарасини кўрсатди. Масалан, Қозоғистон билан Ўзбекистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 2018 йилда 50 фоиз ўсиб, 3 миллиард доллардан ошибди. Жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида бу кўрсаткич 2,9 миллиард долларни ташкил этибди.

Қирғизистон билан товар айирбошлаш ўтган йили 481 миллион доллардан ошган эди,  жорий йил январь-октябрь ойларида эса, 703 миллион долларга етди. Шунингдек, Тожикистон ва Туркманистон билан ҳам кўп томонлама ҳамкорлик кескин ошиб бормоқда.

Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик ошиб, қон-қардошлик ришталари мустаҳкамланиб бораётгани, бундан бутун минтақамиз халқлари манфаатдор бўлаётгани инкор этиб бўлмас ҳақиқатдир.  Дарҳақиқат, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувлари мунтазам йўлга қўйилгани тарихий воқеа сифатида эътироф этилмоқда. Минтақамизда юзага келган муаммоларни ўз вақтида ҳал этиш сиёсий, савдо - иқтисодий   ва гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш турли таҳдид ҳамда хавф-хатарларнинг олдини олиш, тинчлик-осойишталикни сақлашда бебаҳо аҳамият касб этаётганини ҳаётнинг ўзи исботламоқда.

Шу ўринда алоҳида таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташқи сиёсатида қўшни давлатлар билан ўзаро ишонч ва ҳурмат асосида муносабатларни ривожлантириш устувор ўрин тутади.

Ўзбекистон учун ташқи сиёсат аввало қўшни давлатларга эътибор ва ҳурмат кўрсатишдан бошланади.

Давлатимиз раҳбарининг дастлабки нутқидан тортиб, Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясигача, 2017 сентябрь ойида БМТ Бош ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқигача Ўзбекистон аввало минтақамизда яхши қўшничилик муносабатларини янада  ривожлантиришнинг қатъий тарафдори экани таъкидлаб келинди. Бу сиёсий ирода амалий ишлар билан мустаҳкамланиб бормоқда.

Бу сиёсатнинг маъно-мазмунини чуқурроқ англаб олиш керак. Ўзбекистон қўшни давлатлар билан муносабатларини дўстона йўлга қўйиш самимий, ўзаро ишонч ва ҳурматга асосланган муҳитни яратишга нега бунча катта эътибор қаратмоқда? Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувларини ташкил этиш ташаббусининг аҳамияти нимада?

Бугун дунёда глобаллашув жараёнлари шиддатли тус олаётгани маълум. Марказий Осиё кучли давлатларнинг манфаатлари тўқнашаётган маконга айланиб қолганини ҳам биламиз. Бунинг устига халқаро терроризм, диний экстремизм каби хавф-хатарлар   доим огоҳ бўлишни талаб этмоқда.

Ана шундай мураккаб бир шароитда Марказий Осиё давлатларининг бирлашиб ҳаракат қилиши, ҳамжиҳат бўлиши, бир-бирини қўллаб-қувватлаши  ўта муҳим аҳамиятга эга.

Биламиз, бизнинг бирлашмаслигимиздан манфаатдор кучлар йўқ эмас.

Қадимда ҳам, яқин ўтмишда ҳам бирлигимизга рахна солишга уринишлар бўлганини унутганимиз йўқ. Бирлашмасак, кучсизланамиз, иқтисодий томондан кимларгадир қарам бўлиб қолишимиз мумкин.

Ҳамжимҳат бўлмай, бошимизга не кунлар тушган даврларни яхши биламиз.

Шунинг учун ҳам бирлашмоқ биз учун тинчлик, барқарорлик ва тараққиётнинг бош шарти, десак, муболаға бўлмайди. Бирлашмасак биримиз икки бўлмайди, бирлашсак юкимиз ерда қолмайди, ишларимиз юришади, энг мураккаб муаммоларни ҳам биргаликда енга олиш қудратига эга бўламиз.

Минтақамиздаги ҳар бир давлат катта ер усти ер ости бойликларига эга. Бой тарихга, юксак маърифатга эга халқларимиз, меҳнаткаш салоҳиятли, бирлашса, ҳар қандай синовни енгиб ўта олади.

Ушбу мулоҳазалардан келиб чиқиб, хулоса қиладиган бўлсак, Ўзбекистоннинг ташаббуслари қадри янада юксакроқ намоён бўлади.

Қўшни давлатлар билан дўстлигимиз бебаҳо бойлигимиз эканини чуқурроқ ҳис этамиз.

Шу боис ҳам Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Тошкентда ўтадиган навбатдаги маслаҳат учрашувида қандай масалалар муҳокама этилиши, қандай янги ташаббуслар илгари сурилиши барчамизни бирдек қизиқтираётган эди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ўз нутқининг аввалида уч муҳим саволни ўртага қўйди:  Марказий Осиё қанчалик изчил ва барқарор ривожланади? Бизнинг мамлакатларимиз қандай янги хавф-хатар ва таҳдидларга дуч келиши мумкин? Биз умумий манфаатларимиздан келиб чиққан ҳолда минтақавий ҳамкорлигимизни бундан кейин қандай олиб борамиз?

Бу саволлар бугуннинг саволлари. Ростдан ҳам мураккаб саволлар, аниқ чуқур ўйланган жавобларни талаб этадиган саволлар. Аслида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувларида ана шундай долзарб масалаларга жавоб топиш вазифаси юклатилган . Мамлакатимиз Президенти ўз нутқида минтақавий ва глобал муаммолар ҳақида тўхталиб, дунёда Марказий Осиёга эътибор изчил ортиб бораётганини таъкидлар экан,  ҳамкорларимиз эътиборини  навбатдаги устувор йўналишларга қаратди. Биринчи бўлиб, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт коммуникация ва энергетика соҳаларидаги вазифаларни амалга оширишга бор куч ва имкониятларни сафарбар этиш муҳимлиги, булар бутун минтақанинг жадал тараққиёти ва рақобатбардошлигини таъминлашнинг устувор вазифалари экани таъкидланди. Эътибор бериб қаралса, юқорида қайд этилган масалалар муҳим ҳаётий аҳамиятга эгалигини, уларни ҳал этмай тараққий этиш мумкин эмаслигини англаймиз. Президентимиз фақат таҳлилларни айтиш билан чегараланаётгани  йўқ,  айни чоғда уларни амалга ошириш механизмларини ҳам кўрсатиб ўтди.

Шунингдек, Бош вазир ўринбосарлари ва ташқи ишлар вазирларининг кўп томонлама учрашувларини мунтазам ташкил этиш, Парламентлараро дўстлик гуруҳини таъсис этиш таклиф қилинмоқда. Яъни, муаммолар йиллаб тўпланиб қолмасин, ўз вақтида ҳал этилсин, янги имкониятлар устида ошкора ишлансин, дейилмоқда. Парламентлараро дўстлик гуруҳи дейилганида нафақат қонун ижодкорлиги бўйича ҳамкорлик, айни чоғда   сайлаб қўйган вакиллар яқинлашуви, халқлар дўстлиги англашилади.

Президентимиз  учинчи устувор йўналиш сифатида илм-фан, маданият ва санъат, спорт соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантиришга ҳам эътибор қаратди. Бу борада эришилган ютуқлар учун Марказий Осий мукофотини таъсис этиш тўғрисидаги таклифнинг қиммати ва аҳамиятини англаш қийин эмас албатта.

Минтақамизнинг бугунги мураккаб масалаларидан бири бўлган сув ва экология муаммоларини ҳал этиш бўйича ҳам   таклифлар билдирилди. Бу долзарб масалаларнинг биргаликда, барча учун мақбул ечимини топиш лозимлиги айтилди. Фақат ўзаро ишонч, ҳурмат, бир-биримизни қадрлаш орқали бу муаммоларни ҳал этиш мумкин.

Мамлакатларимиз тарақиёти, халқимизнинг  фаровон ҳаётига хизмат қилувчи юқоридаги ташаббусларни амалга ошириш учун, аввало, минтақамизда барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш керак бўлади. Президентимизнинг бешинчи устувор йўналиш сифатида минтақавий барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш масаласини илгари сургани замирида ҳам ана шу масала ётибди. Бугунги таҳдид ва хавф-хатарларга қарши туриш учун нималар қилмоқ кераклиги тўғрисида таклифларни билдирди. Хусусан, минтақамизнинг бир қисми бўлган Афғонистон тинчлик ва тараққиёт йўлига қадам қўйиши учун нималар талаб этилиши мантиқан асослантирилган ҳолда кўрсатилди.

Президентимиз томонидан билдирилган бу ҳаётий муҳим таклифларни жаҳондаги кўплаб давлат арбоблари, таниқли сиёсатчилар катта мамнуният билан эътироф этишмоқда. Чунки дунёнинг катта қисми иқтисодиёти, ижтимоий ҳаёти, хотиржамлиги кўп жиҳатдан Марказий Осиёдаги муҳитга, тараққиётга боғлиқ.

Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Тошкентда бўлиб ўтган маслаҳат учрашувида ҳамкорликнинг долзарб масалалари атрофлича муҳокама этилиб, навбатдаги вазифалар аниқ белгилаб олинди. Президентимиз нутқида илгари сурилган ташаббуслар эса анжуманнинг маъно-мазмуни ва нуфузини янада оширди. Иштирокчилар томонидан қўллаб-қувватланди. Бу ташаббусларнинг келажакда амалга оширилиши эса минтақамиз тақдирида ўта муҳим  аҳамият касб этади. Мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик алоқалари, ўзаро ҳамкорлик янада мустаҳкамланади. Иқтисодиётимиз юксалади, куч-қудратимиз ошади.

Сафар Остонов,

 Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: