Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Sentabr 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 31 1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30 1 2 3 4 5 6
10.09.2019

ЯХШИЛИКНИНГ МУКОФОТИ ЯХШИЛИКДИР

Одамга куч бағишлайдиган, уни руҳлантирадиган ва янада катта мақсадлар сари чорлайдиган энг катта восита эътибордир. Эътибор бор экан, киши қалбида янги орзу-умидлар, мақсадлар куртак ёза бошлайди. Одам юртида, оиласида, меҳнат жамоасида эътиборли бўлса, бу ўз-ўзидан кишига қувонч, бахт, хотиржамлик олиб келади.

Жумладан, Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 28 августдаги фармонига биноан уч нафар юртдошимизга – «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони берилиб, «Олтин юлдуз» медали топширилди. Ана шундай юксак мукофотга муносиб кўрилганлардан бири халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгаши депутати, Ўзбекистон фахрийларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси Самарқанд вилоят бўлими раиси Ҳасан Нормуродовдир. Бу хушхабар кўпчилик қатори партиямиз фаолларини ҳам қувонтирди.

Меҳнат инсонни улуғлайди, деган гап бекорга айтилмаган. Қаҳрамонимиз меҳнатсеварлиги, маърифати билан обрў орттирган. Вилоят «Нуроний» жамғармасини 2003 йилдан буён фидойилик билан бошқариб келмоқда. Депутат сифатида халқ депутатлари вилоят Кенгаши муҳокамасига аҳоли манфаатлари билан боғлиқ масалаларни кўтариб чиқишда фаоллик кўрсатиб келяпти.

Ҳасан Нормуродов Халқ демокртик партиясининг фахрий аъзоси. 2004, 2009 ва 2014 йилларда ўтказилган сайловларда партиямиздан Самарқанд вилоят Кенгаши депутатлигига сайланган.

Ҳ.Нормуродов давлатимизнинг «Дўстлик», «Меҳнат шуҳрати», «Эл-юрт ҳурмати» каби нуфузли орденлари билан тақдирланган.

 

Ҳасан НОРМУРОДОВ, Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси:

– Очиғи бундай юксак мукофотга лойиқ кўрилишимни сира ўйламагандим. Бунинг устига мукофотларни топшириш тантанасида Президентимиз менинг шаънимга айтган гаплардан қанчалик таъсирланганимни сўз билан ифода этолмайман. Мен зиммамда катта масъулият ва қарздорлик юкланганлигини ҳис этиб турибман. Умрим охиригача бу ҳурмат-эътиборга муносиб бўлишга, ишончни оқлашга ҳаракат қиламан.

Юксак мукофотни олиб уйга қайтаётганимда болалигимни, ёшлигимни эсладим. Ҳаёт йўлим кўз ўнгимдан бирма-бир ўтди. Болалик йилларим оғир даврларга тўғри келди. Қаҳатчилик, очарчилик азоб-уқубатларини бошимиздан кечирдик. Ичимлик суви, газ, электр энергияси муаммо эди. Ички йўлларда машина эмас, ҳатто одам юрса ҳам қоқиларди. Худога шукр, мустақиллик йилларида тарихий ишлар амалга оширилди.

1939 йил 16 ноябрь куни Каттақўрғон туманининг Кичик кўрпа қишлоғида оддий деҳқон оиласида туғилганман. Йигирма кунлик чақалоқлик пайтимда отамдан ажралганмиз. Онам уч ўғил, икки қизни ёлғиз боши билан вояга етказди. Айниқса, Иккинчи жаҳон уруши оиламиз учун кўп қийинчиликларни келтирган...

 Очарчилик даврида одамлар кун бўйи бир тишлам нонга зор бўлгани, тонг саҳардан то кун ботгунча далада меҳнат қилгани ҳақида онам кўп сўзлаб берарди. 8-9 ёшларимда акаларим билан меҳнат қила бошладим, дала ишларини ҳам бажарардим.

Ҳаётнинг аччиқ-чучугини, ташвишларини болалик давримиздаёқ тотганмиз. Каттақўрғон педагогика билим юртини тамомлаб, 17 ёшимдан бошлаб ўқитувчилик қила бошладим. Ҳарбий хизматни ўтаб келгандан кейин 1961 йил Самарқанд давлат университетининг ўзбек филологияси факультетига ўқишга кирдим. Университетни тамомлагандан сўнг, меҳнат фаолиятимни Каттақўрғон шаҳридаги 3-ўрта мактабда ўқитувчиликдан бошладим.

Шундан кейин қатор ташкилотларда фаолият юритдим. Вилоят Халқ таълими бошқармасида ҳам ишладим. 2003 йилдан бери вилоят Нуроний жамғармасини бошқариб келяпман.

Депутатлик фаолиятим давомида шунга гувоҳ бўлдимки, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш борасида амалга оширилган ишлар, давлат бюджетидан ажратилаётган маблағлар беҳисоб. Бунинг натижасида нима бўлди? Тез орада халқимиз ўзини тиклаб олди. Эслайдиган бўлсак, мустақилликнинг дастлабки йилларида бир маҳаллага кирсангиз, бир нечта ёрдамга муҳтож оилаларни учратишингиз мумкин бўларди. Бугун уларнинг сони тобора камайиб бормоқда.

2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилаётган ишларга бир эътибор беринг. Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш билан боғлиқ кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Шаҳару қишлоқларимиз қиёфаси ўзгариб, одамлар турмуш даражаси ошиб боряпти. Инсон учун у ҳақида кимдир қайғураётганини ҳис қилишдан ортиқроқ бахт бўлмаса керак. Халқимиз ана шундай бахтга муносиб, албатта.

Истиқлолимизнинг 28 йиллиги мен учун жуда қувончли келди. Халқ эътирофи, мамлакат даражасидаги эътибор одамга бошқача таъсир қилар экан. Табриклаш учун дўст-биродарлар, яқинлар келишди. Партиямиз фаоллари ҳам қутлашди. Эътибордан, эъзоздан бошим осмонга етди. Оилам, фарзанду невараларимнинг қувончини айтмайсизми. Бу менга чексиз куч-қувват, шижоат бахш этмоқда...


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: