Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Iyun 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
27 28 29 30 31 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
04.06.2019

ВАТАН ТУПРОҒИ

Яқин Шарқдаги қуролли можаролар ҳудудидан олиб келинган юртдошларимга бағишлайман.

Бир юз эллик олти жон, тавбалар айтиб келди,

Ватанга қайтиб келди, Ватанга қайтиб келди...

Эй, чангал-ўрмонларда адашган дилбандларим –

Сизга боқиб япроқдай, титрар банду бандларим.

Қариндошу қондошу кўзимнинг гавҳарисиз,

Шу заминга битилган сизнинг сардафтарингиз.

Боқишингиз серҳадик, қарашингиз гирёнли,

Ай, дўстлар-ей! Дунёда адашмаган жон борми?!

Гуноҳлар тўлқин ювган излардай ўчирилди,

Кечирилди хатолар, ҳаммаси кечирилди.

Боласига меҳри чўғ, танти ўзбек эли бу,

Кўкси кўкдай бепоён, Элбошимиз феъли бу!

«Авф» деган қутлуғ сўз бор, ўзбекнинг лисонида,

Меҳру муҳаббат бисёр ушбу калом қонида.

Авф туфайли дилларда ёнган ҳайрат чироғи,

Темурбек Боязидга ҳурмат кўрсатган чоғи.

Байдахонни оналик тахтига кўргач лозим,

Мирзо Бобур қошида Ҳиндистон қилди таъзим.

Булар-ку, олис тарих, мозийдан олис садо,

Ва, лекин, бу сасларга не ҳикматлар маҳлиё.

Ҳаёт эса бешафқат, йўллар беҳад чигалдир,

Инсон умри азалдан нотўкис, нотугалдир.

Очун дейилмиш хилқат, гоҳ нур, гоҳ қуюн бўлган,

Ҳаттоки, Одам Ато шу қўлда ўйин бўлган.

Вақтнинг ҳар лаҳзаси чийлаб тирик жонларни,

Темирчи босқонидай тоблагай инсонларни.

Айбига бўлиб иқрор, хатосин англаганга,

Тупроғига бош қўйиб, ҳақ йўлни танлаганга;

Оппоқ тонгдек очиқдир, юртимизнинг эшиги,

Ўзбекистон, ҳур диёр — меҳру вафо бешиги.

Эй! Неча йил қафасда сарнигун бўлган қушлар,

Энди ҳурсиз! Энди йўқ, ваҳмкор қўрқув, тушлар.

Энди азиз тупроққа, сарфлаб бор кучингизни,

Меҳнатдан олинг барча аламу ўчингизни.

Буни икки ўт аро юрганлар ҳам билсинлар,

Қалбларга юрт туйғусин, байроқ қилиб илсинлар.

Келсинлар ўз қўрғони, муҳташам ўз боғига,

Ўз боғи – боғбонининг, кибриё ардоғига.

Бугун рўза-рамазон, эзгу-ҳислар нафлдир,

Ҳар тола сочингизга боғбонингиз кафилдир.

Бир орзу, бир мақсадга тикиб жону жаҳонни,

Чаманларга буркайлик она юрт — Онажонни!

 

Абдусаид КЎЧИМОВ

3.06 2019 йил


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: