09.10.2018

ФРАНЦИЯДА ЎЗБЕКИСТОННИ, ЎЗБЕКЛАРНИ ЯХШИ БИЛИШАДИ

— дейди Тошкент врачлар малакасини ошириш институти врач-ординатори Фирдавс ҲАМИДУЛЛАЕВ

— Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Франция Республикасига расмий ташриф буюриши ушбу мамлакат билан Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларда тарихий бир давр бошланганлигини кўрсатади. Фахр-ифтихор билан айтиш керакки, Францияда Ўзбекистонни, ўзбекларни, жуда яхши билишади.

Мен Самарқандда ўтказилган «Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти» мавзусидаги халқаро конференцияда Франциядаги Авиценна ассоциацияси президенти Марк Боннель билан учрашган эдим.

Марк Боннель ўша йили табиий офат пайтларида аҳолига шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича шифокорларга маҳорат дарслари ўтиш учун Ўзбекистонга яна келган эди. Ўшанда у франциялик шифокорлар делегациясига раҳбарлик қилганди. Марк ­Боннель билан суҳбатларда унинг Ўзбекистонга бўлган меҳр-муҳаббатидан жуда ҳайратланганман. Марк Боннелнинг айтишича, у ўттиз ёшида Ибн Сино ҳаёти билан қизиқиб қолган. 1987 йилда франциялик сайёҳлар гуруҳи таркибида, 1997 йилда саломатлик лойиҳаси бўйича Ўзбекистонга келган.

2004 йилда Ибн Синонинг меросини ўрганиш ва уни Европада кенг тарғиб этиш, Ўзбекистон билан алоқаларни янада мустаҳкамлаш мақсадида Авиценна ассоциациясини ташкил қилган. Бу ташкилотнинг сайъ-ҳаракатлари туфайли кўплаб ўзбекистонлик талабалар Фран­ция­да ўқиш имкониятини қўлга киритди.

Мен ҳам 2016 йилда Самар­қанд давлат медицина институти талабаси сифатида ёзги амалиётни Франциянинг Сан Малоу шаҳрида жойлашган Марказий шифохонада ўтказдим. 2017 йилда Фран­ция­нинг тил ўргатиш бўйича «Лионс клуб» ташкилоти танловида иштирок этиб, грант асосида Франция­нинг Тулуза шаҳридаги Марказий шифохонада амалиёт ўтадим. Францияга боришим ғояси даставвал жаноб Марк ­Боннелдан чиққанди.

Франциядаги Авиценна ассоциацияси президенти Марк БОННЕЛЬ (ўнгда), Самарқанд давлат медицина институти ректори профессор Азамат ШАМСИЕВ билан.

Жаноб Боннелнинг «Мен Ўзбекистонни иккинчи Ватаним деб биламан. Ўзбекистоннинг буюк тарихини, бетакрор табиатини, кўнгли очиқ одамларини қадрлайман, жуда яхши кўраман. Бу ердаги тинчликни, миллатлараро ҳамжиҳатликни, диний бағрикенгликни бутун жаҳонга ўрнак қилиб кўрсатса бўлади», — деган эътирофи, бир ўзбек сифатида менда фахр-ифтихор туйғуларини уйғотади. Бу сўз­ларнинг маъносига Францияга сафарим давомида тушуниб, етдим. Французлар ҳам ўзбекларга ўхшаган содда, самимий халқ экан. Меҳмондўстликни ҳам жойига қўйишади, ҳамиша кўзлари кулиб туради. Мен Францияда дўстлар орттирдим, кўплаб юртдошларимизни учратдим. Уларнинг деярли ҳаммаси нуфузли давлат идораларида ишлайди, ҳурмат-эътиборга сазовор инсонлар эканлигини кўриб, жуда қувондим.

Марк Боннель томонидан ташкил этилган Авиценна ассоциация­си Ўзбекистоннинг Ибн Сино жамғармаси билан яқин алоқада бўлиб келмоқда. Бундан бир неча йил аввал Франция тиббиёт академиясида бўлиб ўтган анъанавий «Ибн Сино халқаро мукофоти»ни таъсис этишга бағишланган йиғилишда етти номинация бўйича Ибн Сино жамоат фонди биринчи ўринга сазовор бўлган эди.

Ўшанда тадбирни очган Франциянинг собиқ бош вазири, сенатор Жан-Пьер Раффарин, Франциянинг Авиценна ассоциацияси президенти Марк Боннель ва Франция тиббиёт академияси президенти Пьер Бегё, MED-21 дастури президенти Муҳаммад Нодир Азизлар Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотларга юқори баҳо берган эдилар.

Бугунги кунда замонавий тиббиёт анжомлари ва ускуналардан фойдаланиб қилинаётган кашфиётлар Ибн Сино томонидан бир неча юз йил олдин ўрганилиб, амалиётга татбиқ этилганини тасаввур қила оласизми? Ибн Синонинг мушаклар қисқариши ҳақидаги назарияси 1963 йилда физиология ва тиббиёт бўйича Нобель мукофотига сазовор бўлган англиялик олим Андру Филлинг Хакслининг илмий ишларида ўз аксини топган. Ибн Сино касалликни сув ва ҳаво орқали юқадиган кўринмас заррачалар қўзғатиши ҳақидаги гипотезани илгари сурган.

Жаноб Боннель кўп суҳбатларда Ибн Сино томонидан амалга оширилган ишлар нафақат шарқда, балки ғарб­даги шифокорлар учун асосий манба бўлганини, унинг амалга оширган ишлари ва кашфиётлари француз тилига таржима қилиниши натижасида ўз вақтида Франция ва Бельгияда жуда кўп ёшлар тиббиёт йўналишида ўқиб, шифокор бўлиб етишганлигини қайта-қайта таъкидлайди.

Жамоат фонди томонидан 2011 йилда Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ва Ўзбекистон Бадиий Академияси ҳамкорлигида «Ибн Сино — менинг тасаввуримда» мавзусида ёшлар бадиий кўргазмаси ўтказилди. Бухоро ва Хоразмда ташкил этилган VI-VII анъанавий Ибн Сино ўқишлари ва илмий-амалий конференцияларда ўзбекистонлик ва франциялик мутахассислар иштирок этишди. Шу билан бирга, онкология бўйича француз-ўзбек симпозиуми бўлиб ўтди.

Мен Францияда бўлганимда, тиббиёт академияси кутубхонасида Ибн Синонинг XV-XVIII асрга оид «Тиб қонунлари» асарининг лотин тилидаги таржимасини ўз кўзим билан кўришга муяссар бўлдим. Париж шаҳрида ташкил этилган Ибн Сино кутубхонасида бўлдим. Франциядаги Араб дунёси институти кутубхонасида Ибн Сино асарлари учун алоҳида ўрин ажратилган.

Марк Боннель жаноблари билан яқин қадрдонлик алоқаларимиз давом этмоқда. У Ўзбекистон ҳақидаги таассуротлари асосида «Passion d’Ouzbekistan» «Ўзбекистон ҳайратлари» номли китоб ёзиб Францияда чоп эттирди. Бу китоб Ўзбекистонга келаётган франциялик сайёҳлар учун ўзига хос қўлланма вазифасини ўтайди.

Шу кунларда мен Марк Боннель билан ҳамкорликда ўзбек-рус ва француз тилларида «Ибн Сино феномени» деб номланган китоб ёздик. Бу китоб яқин кунларда босмадан чиқади.

 

 «Ўзбекистон овози» мухбири

Нуруллоҳ ДОСТОН ёзиб олди.



DB query error.
Please try later.