Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Avgust 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
30 31 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31 1 2
07.08.2018

ПОМПЕО ЭЪТИРОФИ ОРТИДАГИ ҲАҚИҚАТ

АҚШ Давлат котиби Майк Помпео фикрига кўра, Ўзбекистон эркин жамиятга айланиш сари қадам ташламоқда

Жаноб Помпео эътиқод эркинлиги тараққий этган мамлакатларда ривожланиш бўлишини таъкидлаб, бунга Ўзбекистонни мисол қилиб кўрсатди. «Эътиқод эркинлиги илгаригига қараганда кенгайгани бу мамлакат ва жамият, шунингдек, бутун минтақага ижобий таъсир кўрсатишига ишончимиз комил», деди Помпео яқинда Вашингтон шаҳрида дин эркинлиги масаласига бағишлаб ўтказилган нуфузли халқаро конфренцияда.

Ушбу анжуманда Ўзбекистондан ҳам катта делегация қатнашди. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов, Адлия вазири Русланбек Давлетов, Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ раҳбари, академик Акмал Саидов ҳамда Афғонистон бўйича махсус вакил Исматилла Эргашев Вашинг­тонда юқори лавозимли расмийлар билан учрашиб, мамлакатнинг бугунги ташқи ва ички сиёсати билан боғлиқ жараёнлар тўғрисида батафсил маълумот беришди.

Вашингтон мулоқотни яхши кўради. Юзма-юз самимий суҳбатлар глобал муаммоларни ҳал этиш учун ҳар доим ҳам кифоя эмас, лекин диалог ва муҳокамалар Америка сиёсий фаолиятининг ажралмас қисми, айниқса, гап Ўзбекистондек «янгича йўналишни танлаган давлат» ҳақида кетаётган бўлса, дейди дипломатлар.

Помпеонинг халқаро анжуманда Ўзбекистон ҳақида илиқ фикр билдиргани айнан Тошкент — Вашинг­тон ўртасидаги бугунги диалог кўлами ва руҳини кўрсатади. Трамп маъмурияти Мирзиёев маъмуриятига ишонч билан қарамоқда. Республиканинг раҳбари ва ­бошқа арбоблари фикрлари ўрганиб борилмоқда ва мана шу тасдиқланган маълумотларга асосланиб, Ўзбекистон бугун «тўғри йўлда» эканига ишонч ҳосил бўлмоқда.

АҚШ ўзини глобал майдонда эътиқод эркинлиги тарғиботчиси деб билади. Xусусан, Трамп маъмуриятининг ташқи сиёсатида бу мавзуга урғу катта.

Оқ уй расмийси Жастин Колберт Вашингтондаги Миллий ахборот марказида ўтган тадбирда сўзлар экан, Ўзбекистон ҳукумати бугунги кунда диний эркинлик сингари нозик масалаларни очиқ муҳокама қилаётгани таҳсинга сазовор, деди. Шунингдек, у Ўзбекистон инсон ҳуқуқларини таъминлаш, болалар меҳнатига барҳам бериш, ижтимоий адолатни таъминлаш йўлидаги ислоҳотларда улкан муваффақиятга эришди, деган юксак баҳони берди.

Май ойида Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев Оқ уйда ­Президент Дональд Трамп билан музокара олиб борганида, унинг ёнида Диний эркинлик бўйича махсус элчи Сем Браунбек ўтирган эди. Браунбекнинг яқин кунларда Ўзбекистонга сафар қилиши кутилмоқда.

25 июлда Миллий матбуот марказида янграган баёнотлар ва журналистлар билан олиб борилган мунозара эртасига Помпео томонидан қилинган нутққа ўз таъсирини кўрсатди. Хўш, Ўзбекистон расмийлари нима деди?

Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов дедики, эътиқод эркинлигини таъминлаш Ўзбекистон учун ниҳоятда долзарб вазифадир. Комилов АҚШ сиёсий ва илмий доиралари вакиллари олдида қилган нутқида «инсон ҳуқуқлари топталадиган эмас, ҳурмат қилинадиган, узвий эркинликлар эъзозланадиган жамият қуришга бел боғлаганмиз», деди.

Адлия вазири Русланбек Давлетов Америка оммасига бугунги қонунчиликни тушунтирар экан, «фуқароларнинг эркинлик даражасини халқ­аро меъёр ва қонунларга жавоб беришини таъминлаймиз», дея таъкидлади. Бугунги ислоҳотлар жамиятдаги муҳитни либераллаштиради, дея ишонч билдирди у.

Сенатор Содиқ Сафоев сўзларига кўра, репрессия беқарорликка етаклайди. Эркинликни таъминлаш, ўз ҳуқуқ ва бурчларини яхши англаган фуқароларни тарбиялаш ҳар бир давлат келажаги учун ўта муҳим. Ўзбекистон буни яхши тушунади ва шу йўлдан боради.

«Сиёсий мухолифат бўлмаган муҳитда ёшлар экстремист гуруҳларга қўшилиб, шу тарзда ўз мухолиф қарашларини намоён этиши мумкин. Ўзбекистон ҳукумати ундан қўрқмайдими?» Бу саволга Содиқ Сафоев қуйидагича жавоб берди: Экстремизмга сиёсий мухолифат деб қараш нотўғри. Одамлар ўз қарашлари ва таклифларини тинч йўл билан, демократик тизимлар орқали билдириши зарур. Ўзбекис­тон демократия йўлидан кетмоқда, ёш авлод ҳам, катталар ҳам эркин тарзда яшайдиган жамият бўлишини мақсад қилган.

Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ раҳбари Акмал Саидов фикрига кўра, республика бу борада халқаро органлар, хусусан, БМТнинг тегишли агентликлари ва бошқа ташкилотлар билан яқиндан ишлаяпти.

Қонунлар амалиёти сув ва ҳаводек зарур, деди депутат. Уларнинг ижросини таъминламай туриб, ­дунёвийликни тарғиб қилиш мумкин эмас. Демократик институтлар ишлаши ва самара бериши керак. Таълим ва тарбиядан тортиб, жамики бошқа жабҳаларгача, барчасини ислоҳ қилиш ва мустаҳкамлаш лозим. Қонун устуворлигига эришиш йўлида қилинадиган ишларимиз кўп.

Стратегик шериклик ҳуқуқ масаласида ҳамоҳанглик талаб этади, дейди расмийлар. Ўзбекистон узоқ пайт ўз сиёсатини очиқ тушунтиришни истамаган эди. Эндиликда унинг расмийлари дунё кезиб, халқ­аро тилларда, масалан, инглизчада Ўзбекистоннинг бугунги по­зиция­сини изоҳлаб бераётгани прогресс­га оддий мисол, дейди Ғарб дипломатлари.

АҚШда Ўзбекистондаги бугунги ўзгаришларга катта қизиқиш билан қаралмоқда ва бу жараёнга юқори баҳо берилмоқда.

Мен яқинда Ўзбекистонда бўлиб қайтган журналист сифатида айтишим керакки, Помпео эътирофи ортидаги ҳақиқатларни ўз кўзим билан кўрдим.

Ўзбекистонда ҳаётга янгича ёндашувлар бошланган, муҳит ўзгармоқда. Халқ янги ғоялар билан руҳлантирилди. Булар ҳаммаси Ўзбекистон тараққиётини янги бос­қичга олиб чиқишидан дарак беради.



Навбаҳор ИМОМОВА,

«Америка овози» телерадиоси журналисти.

Вашингтон.



DB query error.
Please try later.