Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
26.07.2018

ЎЗБЕКИСТОНДАГИ ТАРИХИЙ ЎЗГАРИШЛАРГА ГУВОҲ БЎЛДИМ

2018 йил 15-17 май кунлари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга расмий ташрифини дунё етакчи ОАВ қаторида «Америка овози» телерадиоси журналистлари, хусусан, Навбаҳор Имомова ҳам фаол ёритганидан хабаримиз бор. Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган журналист Навбаҳор Имомова яқинда юртимизда бир неча кун бўлиб, ўзгариш ва янгиланишлар билан танишди. У АҚШга қайтиш олдидан таҳририятимиз меҳмони бўлди.

 

Навбаҳор ИМОМОВА, «Америка овози» телерадиоси мухбири.

— Ўзбекистонга келишдан олдин қаерларда бўлиш, кимлар билан учрашиш, қайсидир масалани ўрганиш бўйича режаларингиз бўлган, албатта. Қарийб бир ой Ўзбекистонда бўлдингиз. Режалар амалга ошдими? Таассуротлар қандай?

— Кўп одамлар билан учрашдим, қатор тадбирларда қатнашдим. Мени ҳайратга солган нарса, албатта, Ўзбекистондаги бугунги ўзгаришлар бўлди. Аввал бу ислоҳотлар ҳақида эшитганман, аммо энди ўз кўзим билан кўрдим, гувоҳи бўлдим. Ўзгаришлар нимада? Бу одамларнинг руҳияти баландлигида, бугунги ислоҳотларга ишончи баландлигида. Одамларда ҳаётга бўлган иштиёқ юқорилигида. Ўзбекистон раҳбари 2018 йил 15-17 май кунлари АҚШга ташрифи чоғида билдирган фикрлари, баён этган режалари ва таклифлари катта қизиқиш ­уйғотди. Мен ўзим ўтган йили ёзда келиб кетганимдан бери Ўзбекистонга журналист сифатида қайтишни мақсад қилган эдим. Мамлакатдаги ўзгаришларни ёритиш керак. Шу мақсадда "Америка Овози" аккредитация учун мурожаат қилди ва мана олдик.

Ҳозиргача мен кузатган муҳим ўзгаришлардан бири шундаки, аҳоли давлат идоралари ­фаолиятидан анча хабардор, олдингидан фарқли ўлароқ анча танқидий-таҳлилий қарашга эга.

— Биласиз, аввал одамлар раҳбарлар қабулига кириш учун уларнинг эшиги остонасида кунлаб, ҳафталаб кутиб, овора бўлишарди. Ҳозир раҳбарлар одамларнинг уйларига бориб, муаммоларини ўрганмоқда ва кўплаб масалалар жойида ҳал этилмоқда. Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак, деган ғояга АҚШда ёки Европада қандай қаралади?

— Давлат халқники, халқ томонидан бошқарилади ва халқ учун хизмат қилади, деган шиор аслида демократиянинг шиоридир. АҚШ­да ҳам халқ сайлайди, халқ талаб қилади ва халққа хизмат қилишим керак, деган ғоя ҳукмрон. Қувонарли томони шундаки, бугун Ўзбекистонда одамлар ўзгаришларни ҳукумат қилади деб эмас, ўзгаришлар бўлиши учун мен нима қилишим керак, деб фикр юритмоқда.

— Яқинда газетамизда эълон қилинган мақолангизда Ўзбекистон билан АҚШ муносабатлари ривожланиши эркинлик, ошкоралик ва адолат таъминоти мустаҳкамланишини талаб этади, дегансиз. Сиз Ўзбекистонда бўлиб, бугунги демократик жараёнлар ҳақида қандай фикрга келдингиз?

— Ўзбекистондаги бугунги жараёнларда сиёсат, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, инсон ҳуқуқлари ҳимояси, конституцион ҳуқуқларнинг таъминланиши мавзуларида одамлар билан бемалол суҳбатлашиш мумкин. Илгари Ўзбекис­тон ОАВ вакиллари билан ҳам бемалол гаплаша олмасдик, улар ўзларини биздан олиб қочишга ҳаракат қилишарди. Ҳозир эса келинг, кўринг ва ўрганинг, қилаётган ишларимиз ва режаларимиз ҳақида бемалол маълумот берамиз ва сиз билан суҳбатлашамиз дейишмоқда.

— Ўзбекистонга келганингиздан буён оммавий ахборот воситалари фаолияти билан ҳам танишдингиз, кўплаб ҳамкасбларимиз билан суҳбатлашдингиз. Қандай ўзгаришларни кузатдингиз, сездингиз?

— Биринчи навбатда ахборот майдони кенгайган ва ўзига хос ахборот бозори шаклланиши бошланган. Бу бозорда энг қизиқ ва харидоргир маҳсулот ўзбек тилидаги мақолалардир. Чунки узоқ муддат давомида ўзбек тилидаги нашрлардан реал ҳаётни акс эттирадиган мақола топилиши жуда қийин эди. Ўзбекистон ҳақидаги жараёнларни асосан рус ёки инглиз тилидаги ахборот воситаларидан топа олардик. Илгари сиёсат мавзусидаги маълумотларни интернет орқали қидирганда, асосан Президент фармонлари, қарорлари ва уларнинг шарҳларини топардик. Ҳозир эса сиёсий жабҳада бўладими ёки бошқами, ўзбек тилидаги мақолаларда жамоатчилик фикрини кўриш мумкин. Турли масалалар муҳокама қилинаётгани ва уларга фуқаролар ўз муносабатини бемалол билдираётганини кўриш мумкин. Журналист­лар ҳам очиқ мулоқотга киришган, маълумот берувчи манбалар эса аввалгига нисбатан анча кўпайган.

— Ҳамкасб сифатида яна бир масалада фикрингизни билмоқчи эдик. Ўзбекистондаги демократик жараёнларнинг ҳозирги бос­қичида, ислоҳотларнинг бугунги шиддатли даврида журналистдан нималар талаб этилади, деб ўйлайсиз?

— Журналист аввало воқеанинг аҳамиятини тушуна олиши керак. Бунинг учун эса, албатта, ҳар томонлама билимли бўлиши муҳим, деб ўйлайман. Ўзгариш — бу динамика ва шу динамикадаги турли нуқталарни аниқлай олиш керак. Ҳар бир ўзгариш ортида ким ва қандай мақсад турибди, ўша муҳитни ким бош­қаряпти, деган саволларга жавоб ола билиш керак. Яъни, биз бир нарсанинг ҳамма нарсасини, ҳамма нарсанинг бир нарсасини билишимиз керак.

Ҳозирги давр журналистикасида технология жуда ҳам муҳим деб ҳисоблайман. Журналистлар техник кўникмага эга бўлиши ва интернет тармоқларидаги воқеа-ҳодисаларни ҳамда жараёнларни билиб бориши ва ўзи ҳам ижтимоий тармоқларда фаол иштирок этиши керак. Сабаби, бўлаётган жараёнларни рақамли технология орқали тарқатиш имконияти кенгроқ.

Бироқ назаримда, журналистлар бунга унчалик шошилишмаяпти. Улар ҳозир ижтимоий тармоқда унча фаол эмас. Мақолалар кенг оммага етиб бориши учун глобал тармоқда чиқишим керак, деган интилиш паст.

Иккинчидан, журналистлар орасида ҳамжиҳатлик бўлиши муҳим аҳамият­га эга. Бу дегани бирор-бир журналистнинг танқидий ёки муҳим аҳамиятга эга бўлган мақоласи чиқса, уни кенг оммага тарқалишига ёрдамлашиш зарур. Ҳозирда журналистларимиз орасида бир-бирини қўллаб-қувватлаш етишмаётганга ўхшайди.

Эътиборимни тортган яна бир масала — бу матбуот ва оммавий ахборот воситаларида танқид кўпайганлиги. Танқид аслида кимнидир қоралаш мақсадида бўлмаслиги керак. Танқид холис, асосли ва маданиятли бўлиши керак. Танқидда асосий эътиборни мавзуга қарата олиш муҳимдир.

— Хуллас, Ўзбекистонда кўр­ган-билганларингиз ҳақида бир сўз билан нима дея оласиз?

— Бир сўз билан айтиш қийин. Ўйлаш, таҳлил қилиб, маълум бир хулосаларга келиш мумкин. Бу ҳақда «Америка овози»да батафсил ёритишга ҳаракат қиламан.

Сафар ОСТОНОВ

суҳбатлашди



DB query error.
Please try later.