30.06.2018

ЎЗБЕКИСТОН ВА ТУРКМАНИСТОН ПРЕЗИДЕНТЛАРИНИНГ ТЕЛЕФОН ОРҚАЛИ МУЛОҚОТИ ТЎҒРИСИДА

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йил 29 июнь куни Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов билан телефон орқали мулоқот қилди.

Давлатимиз раҳбари Туркманистон Президентини туғилган куни билан самимий табриклаб, мустаҳкам соғлиқ, бахт-саодат ва муваффақиятлар тилади.

Бугунги кунда Туркманистон эришаётган улкан муваффақиятлар, унинг халқаро нуфузи изчил юксалиб бораётгани Гурбангули Бердимуҳамедов раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва ўзгаришларнинг, ижобий бетарафлик сиёсатининг амалий натижалари экани алоҳида таъкидланди.

Туркманистон Президентининг Марказий Осиё минтақасида хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, транспорт йўлаклари ва энергетик инфратузилмани ривожлантириш, сувдан оқилона фойдаланиш, спортни оммалаштириш ва бошқа йўналишлардаги халқаро ташаббусларига юксак баҳо берилди.

Олий даражадаги мунтазам мулоқот ва учрашувлар қардош халқларимиз ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ришталарини мустаҳкамлашга, шунингдек, мамлакатларимиз ўртасида яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини кенгайтиришга хизмат қилаётгани чуқур мамнуният билан қайд этилди.

Туркманистон Президентининг жорий йил апрель ойида Ўзбекистонга амалга оширган самарали давлат ташрифи ҳамда унинг якуни бўйича эришилган муҳим келишув ва битимлар кўп қиррали Ўзбекистон – Туркманистон ҳамкорлигига янги суръат бахш этиб, уни амалий мазмун билан бойитгани таъкидланди.

Мулоқотда савдо, ишлаб чиқариш кооперацияси, энергетика соҳалари, самарали транспорт ва транзит коммуникацияларини ривожлантириш, шунингдек, маданий-гуманитар йўналиш бўйича ҳамкорлик истиқболлари кўриб чиқилди. Минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Туркманистон Президенти самимий табрик ва тилаклар учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдириб, Ўзбекистон Президентини жорий йил август ойида Ашхободда бўлиб ўтадиган Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарларининг саммитида иштирок этишга таклиф қилди.

Мулоқот сўнггида давлат раҳбарлари мамлакатларимиз ва қардош халқларимиз фаровонлиги йўлида Ўзбекистон Республикаси ва Туркманистон ўртасидаги стратегик шериклик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш йўлида қатъий эканликларини яна бир бор тасдиқладилар.



ЎзА



DB query error.
Please try later.