30.06.2018

ИСЛОҲОТЛАР САМАРАСИНИ, ДАСТУРЛАР НАТИЖАСИНИ ОДАМЛАР ЎЗ ҲАЁТИДА СЕЗИШИ КЕРАК

Президентимиз Шавкат Мирзиёев жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, янги лойиҳалар билан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 29 июнь куни Тошкент шаҳар Олмазор туманида бўлди.

Мамлакатимизнинг барча ҳудудлари каби Олмазор туманида ҳам ишлаб чиқаришни ривожлантириш, замонавий ижтимоий объектлар бунёд этиш, маҳалла ва турар жойларни обод қилиш, ҳудуд аҳолиси турмуш шароитини яхшилаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Давлатимиз раҳбари дастлаб тумандаги «Иброҳим ота» маҳалла фуқаролар йиғинида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишди.

Президентимиз шу йил 1 июнь куни Чилонзор туманидаги Хирмонтепа ва Тирсакобод маҳаллаларига ташрифи чоғида «Обод маҳалла» дастури лойиҳасини шакллантириш бўйича топшириқ берган эди. Шу асосда маҳаллалар қиёфасини янгилаш мақсадида «Обод маҳалла» дастури қабул қилинди.

Иброҳим ота маҳалласи ҳам мазкур дастурга киритилган.

Ушбу маҳалла ҳудудида 19 та икки қаватли ва 4 та тўрт қаватли уй жойлашган. Ўтган асрнинг 60-йилларида қурилган мазкур уйлар бугунги кунда таъмирталаб бўлиб қолган. Муҳандислик-коммуникация тармоқлари ҳам эскирган.

«Обод маҳалла» дастурига мувофиқ, маҳаллада барча кўп қаватли уйлар, кўча ва йўлаклар таъмирланиб, ҳудуд ободонлаштирилмоқда. 7 та икки қаватли арзон уй-жой, замонавий мактабгача таълим муассасаси қурилмоқда. Шунингдек, намунавий лойиҳа асосида маҳалла гузари, коммунал тўловлар шохобчаси, болалар ва спорт майдончалари барпо этилиши режалаштирилган.

Давлатимиз раҳбари Тошкент шаҳридаги маҳаллаларни ўрганиш борасида бошланган ишлар хусусида тўхталар экан, уйма-уй юриб, ҳар бир оиланинг талаб-истакларини ўрганиш, муаммоси бўлса ёрдам бериш, тадбиркорларни жалб этиб, иш ўринлари яратиш зарурлигини таъкидлади.

Бу маҳалла одамларининг ҳам бола-чақаси, эртанги кундан умидлари бор. Мамлакатимиздаги ўзгаришларни, қабул қилинаётган дастурлар натижасини одамлар ўз уйида сезиши керак, — деди Шавкат Мирзиёев. — Энг асосий мақсад, одамларни рози қилиш, уларга муносиб турмуш шароити яратишдир.

Президентимиз мазкур маҳалла фаоллари ва аҳоли билан суҳбатлашди. Аҳолини иш билан таъминлаш, мактабгача таълим ва мактаб таълимини ривожлантириш, ёшларни баркамол инсонлар этиб тарбиялаш борасидаги ислоҳотлар моҳияти ҳақида мулоқот қилди. Самимий суҳбат чоғида «Обод қишлоқ», «Обод маҳалла» ва «Ёшлар — келажагимиз» дастурлари халқимиз фаровонлигини юксалтириш, ёшларни қўллаб-қувватлашда замин бўлиши таъкидланди.

Шавкат Мирзиёев ўтган йилнинг 21 апрелида Олмазор туманига ташрифи давомида Тошкент ўйинчоқлар фабрикаси негизида болалар ўйинчоқлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича топшириқлар берган, бу ишга Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки масъул этиб тайинланган эди.

Давлатимиз раҳбари туманга навбатдаги ташрифи доирасида ушбу корхонада бўлиб, бажарилган ишларни кўздан кечирди. Хусусан, фабрика ҳудудидаги ишлаб чиқариш майдонларидан унумли фойдаланиш мақсадида, «NBU Investment» МЧЖ томонидан ташаббускор-инвесторлар билан биргаликда 5 та янги корхона («Toys City», «O`yinchoqlar Fabrikasi», «Funny Kids World», «National Products» ва «United Nation company» МЧЖ ҚК) ташкил этилди.

Ушбу корхоналарда болалар кийим-кечаги, турли буюмлар ва ўйинчоқлар ишлаб чиқариш бўйича 5 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Лойиҳалар тўлиқ ишга тушганидан сўнг 920 дан ортиқ янги иш ўрни яратилади.

Ҳозирга келиб, лойиҳалар доирасида зарур бино-иншоотларни қуриш-таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда. Шунингдек, имзоланган импорт шартномалари бўйича асбоб-ускуналарнинг бир қисми келтирилиб, монтаж қилинмоқда. Ускуналарнинг қолган қисми июль ойи давомида етказиб берилади.

Бугунги кунда «Toys City» корхонаси ишга туширилган бўлиб, 70 га яқин маҳсулот тайёрлаш йўлга қўйилган. Хомашёнинг асосий қисми маҳаллий корхоналардан олинаётгани боис маҳсулотлар нархи хорижникидан анча арзон, сифати юқори.

Ҳар бир ота-она фарзандининг жисмонан соғлом, дунёқараши кенг, юксак маънавий фазилатларга эга бўлиб улғайишини истайди. Бунда ўйинчоқларнинг аҳамияти катта, — деди Президентимиз. — Бу ерда ташкил этилаётган корхоналарда ишлаб чиқариладиган ўйинчоқлар сифати жиҳатидан хорижникидан кам бўлмаслиги керак.

Шу ерда Олмазор туманида ташкил этиладиган «Давлат хизматлари маркази» биноси қурилиши лойиҳасининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Мамлакатимизда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, оғир ижтимоий-маиший шароитларда яшовчи оилаларнинг турмуш даражасини яхшилаш мақсадида уларни арзон уй-жой билан таъминлаш, тиббий хизмат, маиший техника ва уй ҳайвонлари харид қилишда беғараз ёрдам кўрсатилмоқда.

Ўзбекистон карлар жамиятининг Олмазор туманида жойлашган Кар-соқовлар маданият маркази ҳудудида ҳам кенг қамровли ишлар бажарилди. Даставвал, 6 гектардан иборат ҳудуд ободонлаштирилди. Кар-соқовлар маданият маркази биноси тубдан таъмирланди, 450 ўринли концерт зали, тўгарак хоналари, спорт заллари замонавий жиҳозланди.

Марказ ёнида Ўзбекистон карлар жамияти спорт федерациясининг ёпиқ спорт зали бўлиб, ҳозирги кунда капитал таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Янги стадион барпо этилди.

Президентимиз маданият маркази биносида яратилган шароитларни кўздан кечирди. Жамият аъзолари билан аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламига қаратилаётган эътибор, уларнинг муаммоларини ҳал қилиш бўйича кўрсатилаётган ғамхўрликлар ҳақида суҳбатлашди. Кар-соқов болалар учун ўқитувчи-мутахассислар ва сурдотаржимонлар тайёрлаш долзарб масалалардан эканини таъкидлаб, аҳолининг мазкур қатлами саводхонлиги, тарбияси, ишлаш, дам олиш ва даволаниш шароитларини яхшилашга қаратилган алоҳида қарор тайёрлаш бўйича топшириқ берди.

Шахмат бўйича икки карра жаҳон чемпиони Сирожиддин Зайниддинов, таэквондо бўйича Осиё чемпионати совриндори Даврон Хидиров, ёш режиссёр Олег Ошипковга Тошкент шаҳридан уй, маданият маркази учун иккита автобус совға қилди.

Биласизки, давлат халққа хизмат қилади, деган тамойилни ўзимизга мақсад қилиб олганмиз. Сизлар ҳам жамиятимизнинг муносиб аъзосисизлар. Ўзбекистондаги ҳар бир одам мен учун қадрли, — деди Шавкат Мирзиёев.

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 11 июндаги «Аҳолининг ижтимоий заиф қатлами бандлигини таъминлашни рағбатлантиришнинг ташкилий чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида алоҳида тоифадаги тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, ногиронлиги бўлган шахсларни меҳнат фаолиятига жалб этишда янги имтиёзлар берилди.

Ушбу қарорга мувофиқ, Ўзбекистон карлар жамиятига қарашли ҳудудда 3 та блокдан иборат саноат зонаси ташкил этилди. Бугун улардан бирида «Кўкча текстиль» масъулияти чекланган жамиятининг тикувчилик корхонаси иш бошлади.

Корхонада карлар жамиятининг 27 аъзоси иш билан таъминланди. Уларга «Кўкча текстиль»нинг малакали ишчилари тикувчилик сирларини ўргатмоқда.

Президентимиз тикувчи аёллар билан суҳбатлашди. Амалга оширилаётган бундай ишлар изчил давом этишини, ногиронлиги бўлган шахслар учун иш жойлари ташкил этиш доимий эътиборда бўлишини таъкидлади.

Шавкат Мирзиёев Олмазор туманидаги 2-ички ишлар бўлими билан танишди.

Мазкур ички ишлар бўлими Шифокорлар, Жийдали, Хислат, Беруний, Мирза Ғолиб ва Чиғатой Оқтепа маҳаллалари ҳудудида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича фаолият олиб боради.

Бўлимда навбатчилик қисми, тергов, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жиноят-қидирув, вояга етмаганлар билан ишлаш инспекторлари, хорижга чиқиш-кириш ва фуқароликни расмийлаштириш ходими ҳамда маҳалла профилактика инспектори самарали ишлаши учун барча шароит яратилган.

Ички ишлар бўлими замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозланган. Навбатчилик қисмига видеокузатув тизими жорий этилган бўлиб, ҳудудни туну кун назорат қилиш, жиноятчиликка қарши курашиш, фуқаролар хавфсизлиги ва осойишталигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Туман ҳудудидаги жамоат объектларига ўрнатилган интеллектуал камералар қидирувда бўлган фуқароларнинг юз тасвири, ўғирланган автомобиллар давлат рақамини мазкур навбатчилик қисмига юборади. Бу ердаги видеокузатув тизими ИИВ маълумотлар базасига уланган бўлиб, шубҳали шахс ҳақида бўлимга сигнал беради.

Ҳудудда кўп қаватли уйлар, олий таълим муассасалари, шифохоналар, жомеъ масжидлари, деҳқон бозори ва бошқа ижтимоий объектлар талайгина бўлиб, бўлим барча жойда вазиятни кузатиб бориш, зарур ҳолларда зудлик билан чоралар кўриш, осойишталикни таъминлаш имконини беради.

Президентимиз ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар мутасаддилари билан суҳбатда аҳоли осойишталигини таъминлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бугунги куннинг энг муҳим вазифаларидан эканини таъкидлади. Жамиятда маънавий муҳит барқарорлигини асраш, ёшлар диний оқимларга қўшилиб кетишининг олдини олиш, халқимиз осойишталигини мустаҳкамлаш, жиноятчиликка қарши муросасиз курашиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Фуқаролар, айниқса, ёшларнинг нотўғри йўлларга кириб кетиш сабаблари, жиноятчиликни келтириб чиқараётган асосий омилларни ўрганувчи, аниқловчи, таҳлил қилувчи мутахассисларга эҳтиёж юқори. Одамларни диний оқимлардан қайтарувчи ҳақиқий психолог мутахассислар етишмайди. Жиноятнинг тагига етадиган, уни аниқлайдиган методик қўлланмалар бугун сув ва ҳаводек зарур, — деди давлатимиз раҳбари. — Бу борадаги ишларни тизимли йўлга қўйиш учун Давлат хавфсизлик хизмати ҳузурида дин соҳасида чуқур билимли мутахассислар тайёрлайдиган, Бош прокуратура ҳузурида криминалистика, яъни жиноятчиликнинг келиб чиқиш сабабларини ўрганадиган марказлар ташкил этиш пайти келди.

Шу ерда давлатимиз раҳбари Тошкент шаҳар ИИББ қўриқлаш, йўл ҳаракати хавфсизлиги, пост-патруль хизматларига ажратилган авто-мототранспорт воситалари, кўчма пост кабинаси намуналарини кўздан кечирди.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Тошкент шаҳар Ёшлар марказида Олмазор туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга оид лойиҳалар билан танишди.

Олмазор туманининг янги маркази — «Olmazor city»ни барпо этиш лойиҳаси тақдимоти ўтказилди. Янги Олмазор кўчаси ва Кичик ҳалқа йўли ўртасидаги 24 гектардан зиёд ҳудудда барпо этиладиган ушбу мавзеда маъмурий бинолар, кўп қаватли уйлар, замонавий бизнес марказ, меҳмонхона ва хиёбон, таълим ва тиббиёт муассасалари қуриш режалаштирилган.

Давлатимиз раҳбари лойиҳани маъқуллади.

Ёшлар билан ишлаш, саноат ва туризмни ривожлантириш бўйича кўрсатмалар берилди. Тумандаги бўш турган биноларни инвентаризациядан ўтказиш, хорижий инвестициялар ва технологиялар олиб келиш, янги иш ўринлари яратиш зарурлиги таъкидланди.

Тошкент шаҳар Ёшлар марказида Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида Тошкент шаҳар фаоллари, ёшлар ва жамоатчилик вакиллари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди.

Туман кўпгина кўрсаткичлар бўйича ривожланишдан орқада қолаётгани танқид қилинди. Хусусан, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми Тошкент шаҳридаги ўртача кўрсаткичдан 2 баробар, хизмат кўрсатиш кўлами 3 баробар камлиги қайд этилди.

Мавжуд имкониятлардан оқилона фойдаланиш, ишламаётган заводларни тиклаш, янги корхоналар ташкил этиш, тадбиркорлик ва хизмат кўрсатишни ривожлантириш ҳисобидан одамларга даромад манбаи яратиш зарурлиги таъкидланди.

Оилаларни мустаҳкамлаш, аҳоли, айниқса ёшлар ва хотин-қизларни иш билан таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишларни янада такомиллаштиришга оид кўрсатмалар берилди. Хусусан, тўй-ҳашамлар, оилавий тадбирлар ва маъракаларни исрофгарчиликларсиз, ихчам қилиб ўтказиш бўйича маҳалла раисларига тавсиялар берилди. Туманнинг ҳар бир маҳалласида биттадан, жами 58 та намунали тўй ўтказиш ва уларни телевидение ва матбуотда кенг тарғиб қилиш вазифаси топширилди.

Дунё аҳолисининг қарийб 20 фоизини ёшлар ташкил этади. Ўзбекистонда эса бу кўрсаткич 60 фоиздан ошади. Ёшлар давлатимизнинг бебаҳо бойлигидир. Мамлакатимизда ёшларга давлат сиёсати даражасида алоҳида эътибор қаратилиб, улар учун барча шароит ва имкониятлар яратилмоқда. Бунга жавобан ёшларимиз ҳам ишлаб чиқариш, фан, таълим, маданият, санъат, спорт, ахборот-коммуникация технологиялари ва бошқа соҳаларда юксак натижаларни қўлга киритмоқда.

Йиғилишда ёшлар ўз таклиф ва ташаббусларини билдирди. Президентимиз ёшларнинг таклиф-мулоҳазаларини ўрганиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича мутасадди раҳбарларга тегишли топшириқлар берди. Талабалар шаҳарчасида қўшимча ётоқхоналар, спорт майдончалари қуриш лозимлиги қайд этилди.

Энг олий неъмат — бу тинчликдир. Оила тинч бўлса — жамият, юрт тинч бўлади. Шундай экан, тинчлигимизни асраб-авайлаб, халқимизга садоқат билан хизмат қилсак, албатта натижа бўлади, — деди Президентимиз.

Маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, ёшларни турли ёт ғоялардан асраш мақсадида диний-маърифий соҳалардаги ташкилий-амалий, маданий-маънавий тадбирлар, тарғибот-ташвиқот ишлари самарадорлигини янада ошириш, жумладан, «Олмазор туманида адашганлар бўлмайди» шиори остида ҳамда «Жаҳолатга қарши — маърифат билан» ғояси асосида тарғибот тадбирларини ўтказиш зарурлиги таъкидланди.



З.ЖОНИБЕКОВ,

М.ЭЛМУРОДОВ,

А.ҒАФФОРОВ,

ЎзА махсус мухбирлари



DB query error.
Please try later.