26.06.2018

ЎЗБЕКИСТОН ПРЕЗИДЕНТИ ТАШАББУСИ ЖАҲОН ҲАМЖАМИЯТИ ТОМОНИДАН БИР ОВОЗДАН ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАНДИ

Маълумки, 2017 йилнинг сентябрь ойида Нью-Йоркда бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессияси чоғида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан қатор долзарб масалалар, шу жумладан, ташкилот доирасида Бош Ассамблеянинг Марказий Осиё бўйича махсус резолюциясини қабул қилиш ташаббуси илгари сурилган.

Мазкур таклиф ижроси асносида ўтган йилнинг ноябрида Самарқанд шаҳрида «Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик» мавзуида халқаро конференция ўтказилди. Тадбир якуни бўйича Ўзбекистон Президентининг ташаббуси хорижий давлатлар юқори мартабали делегациялари, шу жумладан, Марказий Осиё ва Афғонистон, МДҲ, Европа, Осиё мамлакатлари ва АҚШ ташқи ишлар маҳкамалари раҳбарлари, шунингдек, БМТ, ЕИ, ЕХҲТ, ШҲТ, ЕТТБ каби нуфузли халқаро ташкилотлар вакиллари томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланди.

Шундай қилиб, БМТ доирасида махсус резолюция лойиҳаси кўп ойлар давомида муҳокама этилганидан сўнг, 2018 йилнинг 22 июнь куни Ўзбекистон Президентининг мазкур ташаббуси ҳаётга тадбиқ этилди. Хусусан, Нью-Йоркда БМТ Бош Ассамблея ялпи мажлиси чоғида «Марказий Осиё ҳудудида тинчлик, барқарорлик ва барқарор ривожланишни таъминлаш бўйича халқаро ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш» резолюцияси қабул қилинди.

Қувонарлиси шундаки, резолюция нафақат БМТга аъзо давлатлар томонидан бир овоз билан қўллаб-қувватланди, балки Европа, Шимолий Америка, Осиё, Африка ва бошқа қитъалардан қарийб 55 мамлакат билан ҳаммуаллифликда қабул қилинди. Унинг жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилиши эса Юртбошимиз ташаббусининг долзарблигидан далолат беради. Бизга қўшни давлатлар билан бир қаторда Германия, Италия, Канада, Норвегия, Швейцария, Австралия, Жанубий Корея, Туркия, Сингапур, Қатар, БАА ва Ҳиндистон шулар жумласидандир.

Резолюцияга Ўзбекистоннинг долзарб ташаббуслари киритилган. Хусусан, унда Самарқанддаги конференция чоғида қабул қилинган муҳим ечимлар ва уларнинг асосий натижалари тилга олинган ҳамда минтақа мамлакатларининг икки томонлама ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш тарафдори экани тасдиқланган. Ҳужжатда, шунингдек, Ўзбекистон Президентининг Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари доимий маслаҳатлашув йиғилишларини ўтказиш бўйича ташаббуси жаҳон ҳамжамияти томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланиши қайд этилган.

БМТ Бош Ассамблеяси резолюциясида Марказий Осиё мамлакатларининг Афғонистонда тинчлик жараёнларини мустаҳкамлаш ва ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда унинг минтақавий сиёсий ва иқтисодий масалалардаги иштирокини таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатларига алоҳида эътибор қаратилган. Бу борада «Тинчлик жараёни: хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик» мавзуида Афғонистон бўйича юқори даражадаги Тошкент халқаро конференция­си (2018 йил март) афғонистонликлар бошқаруви остида амалга оширилаётган тинчлик ва сулҳ жараёнларини қўллаб-қувватлаш бўйича халқ­аро ҳамжамият ҳаракатларининг давоми сифатида муҳим аҳамият касб этиши таъкидланган.

Мутахассисларнинг фикрича, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг довюрак ва фаол сиё­сати шарофати билан минтақа мамлакатлари ўртасидаги ўзаро муносабатларда фундаментал силжиш юз берди. Бу эса Марказий Осиёда мустаҳкам сиёсий ишонч ва ўзаро ҳамкорликни акс эттирувчи мутлақо янги сиёсий муҳит пайдо бўлишига олиб келди.

Умуман олганда, БМТ Бош Ассамб­леяси резолюциясининг бир овоз билан қабул қилиниши Марказий Осиёда тинчлик ва барқарор ривожланишни таъминлаш мақсадидаги Ўзбекистоннинг савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги имкониятларидан самарали фойдаланиш учун яқин қўшнилик ва ўзаро манфаатли шериклик тамо­йиллари асосида мамлакатнинг минтақавий ҳамкорлик бўйича олиб бораётган ҳозирги фаолияти халқаро ҳамжамият томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланишидан далолат беради.

 

«Дунё» АА

Нью-Йорк.



DB query error.
Please try later.