19.06.2018

СУВ — МАРКАЗИЙ ОСИЁ ДАВЛАТЛАРИ УЧУН МУҲИМ СТРАТЕГИК РЕСУРСДИР

Марказий Осиё ҳудудида жойлашган Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон республикаларининг умумий ер майдони 3.882000 км2 бўлиб, уларда аҳоли сони 60 миллион кишидан ортиқ. Минтақанинг 30 фоизига яқин ҳудуди баланд ва ўртача баландликдаги тоғлардан иборат бўлиб, сув билан таъминланганлик даражаси яхши. Қолган 70 фоиз ҳудуди текислик ва паст тоғлардан ташкил топган чўл ва чалачўл ҳудудларига сув йирик транзит дарёлар орқалигина келади.

Орол денгизи ҳавзасига кирувчи бу ҳудудда жами дарёларнинг умумий сув ҳажми 116 км2 ни ташкил қилади. Шундан 79,4 км2 Амударёга ва 36,6 км2 сув Сирдарёга тўғри келади. Бу кўп йиллик ўртача кўрсаткич бўлиб, сернам ва қурғоқчилик йилларида дарёларда сув миқдори кескин ўзгариб туради. Масалан, Амударёда сернам йиллари 109,9 км2 гача сув тўпланади ва қурғоқчилик йиллари 58,6 км2 га камаяди. Сирдарёнинг сув миқдори шунга ўхшаш сернам йиллари 51,1км2, қурғоқчиллик йиллари 23,6 км2 гача ўзгаради. Рақамлардан кўриниб турубдики, қурғоқчиллик йиллари ўртача кўп йиллик миқдорига нисбатдан сув 30 фоизгача камаяди.

Мараказий Осиё давлатлари ўртасида сув тақсимоти ўртача кўп йиллик сув миқдорига нисбатан амалга оширилади. Табиийки сув кам бўлган йилларда сув тақсимоти мавжуд сув миқдорига нисбатан бўлинади.

Дарё сувларидан оқилона фойдаланиш мақсадида, яъни қиш ойларида сувни тўплаш ва ёз ойларида улардан суғоришда фойдаланиш учун Орол денгизи ҳавзасида 100 дан ортиқ турли катталикдаги сув омборлари қурилган. Шулардан 55 таси Ўзбекистон Республикасида жойлашган. Сув омборлари суғоришда сув таъминотини яхшилашда катта ёрдам бермоқда. Бундан ташқари, сув омборлари балиқчиликни ривожланишида, рекреация масканларини ташкил қилишда ҳам муҳим ўрин тутади.

Ўзбекистоннинг ички дарёлари ўртача кўп йиллик сув ресурслари йилига 11,5 км3 ни ёки сув эҳтиёжи умумий миқдорининг 18 фоизини ташкил қилади. Республикамиз сув эҳтиёжининг 82 фоизга яқини қўшни давлатлардан келадиган Амударё ва Сирдарё ресурслари ҳисобидан олинади. Бу бир йилда 63,02 км3 ни ташкил қилади.

Ушбу сувнинг 85 фоизга яқини суғорма деҳқончиликда ишлатилади. Дарёлардан каналлар орқали экин далаларига боргунча 40-70 фоиз сув ерга сингиш ва буғланиш туфайли йўқотилади.

Марказий Осиёнинг қуруқ, иссиқ иқлим шароитида сув ҳавзалари юзасидан бир йилда 1000-1200 мм қалинликдаги сув буғланади. Бу жуда катта миқдордаги чучук сувнинг йўқотилишидир. Қадимда буғланадиган сувни мумкин қадар камайтириш мақсадида усти ёпиқ ҳовузлар — сардобалардан фойдаланишган. Ёпиқ сардобаларда ёзнинг иссиқ ойларида ҳам буғланиш жуда кам бўлганлиги учун уларда сув йил давомида сақланган.

Шаҳарлар, саноат корхоналари ва бошқа объектлардан чиқариладиган оқова ҳамда зовурлардан чиқариладиган сув жуда катта миқдорни ташкил этади. Мутахассислар фикрича, турли истеъмолчилар ва фойдаланувчилардан қайтган сувнинг умумий миқдори йилига 28,3 км3 дан иборат. Бу миқдор жами ишлатиладиган тоза сувнинг 30 фоиздан ортиғини ташкил қилади. Катта миқдордаги сув коллектор, зовурлар орқали табиий чуқурликда тўпланмоқда. Шундай сув объектларига Айдар-Арнасой кўллар тизими, Денгизкўл, Сариқамиш, Шўркўл, Қорақир ва Қуйи Амударё, Қуйи Зарафшон ҳудудида ҳосил бўлган юзлаб кўллар киради. Уларда 50 км3дан ортиқ шўрлиги 2,5 г/литрдан 9,0 г/литргача бўлган сув тўпланган. Бу — Ўзбекистоннинг 55 сув омборлари тўлганда йиғиладиган сувга нисбатан ҳам кўп. Сув тақчиллиги кўпайиб бораётган ҳозирги даврда бунча катта миқдордаги обиҳаётни тозалаб қайта фойдаланиш ҳозирги ва яқин келажакнинг энг долзарб муаммоларидан бири ҳисобланади.

2050 йилга бориб, Марказий Осиё давлатларида аҳоли сони кескин ошиши кутилмоқда. Табиийки, бу сув истеъмолининг ортишига, айниқса, янги суғориладиган ерларнинг ҳозиргига нисбатан 30 фоизга ошишига олиб келади. Узоқ келажакни, яъни 2100 йилларни ҳисобга олсак, Марказий Осиё 150 миллион кишидан ортиқ аҳоли яшайдиган дунёнинг йирик иқтисодий минтақаларидан бирига айланади.

Яқин ва узоқ келажакда ҳам Марказий Осиё давлатларининг иқтисодий ривожланиши ва аҳоли саломатлиги сув таъминоти билан бевосита боғлиқ бўлиб қолади.

Мутахассислар фикрича, иқлим ўзгариши дунёнинг бошқа минтақалари қаторида Марказий Осиёда ҳам аниқ сезилмоқда. Ўзбекистон гидрометеорологлари фикрича, кейинги юз йил ичида ҳавонинг ўртача ҳарорати 10 дан ошган, яъни 10 исиган. Қозоғистонлик иқлимшунос-мутахассислар ҳисоби бўйича ўртача йиллик ҳарорат 1,40 ошган, ёғин миқдори 17 мм камайган. Уларнинг фикрича, Марказий Осиёнинг бошқа давлатларида ҳам ҳаво ҳарорати кўтарилиши ва ёғин миқдорида камайиши шу миқдорларда кузатилмоқда.

Мутахассис олимларнинг ҳисоблари бўйича Марказий Осиёда 2100 йилга қадар ҳаво ҳарорати 20 дан 70 (С) га қадар ошиши ва ёғин миқдори 8-17 фоиз камайиши тахмин қилинмоқда. Глобал иқлим ўзгариши натижасида 2050 йилларда Сирдарё ҳавзасида оқим ҳажми 6-10 фоиз, Амударё ҳавзасида 10-15 фоиз камайиши мумкин.Аҳолининг жон бошига сув билан таъминланганлик бир йилга Ўзбекистонда 1646 м3 ни ташкил қилади. Таққослаш учун қуйидаги рақамларни келтирамиз: аҳолини жон бошига бир йилда сув билан таъминланганлик Осиё материгида 5600 м3 ни, дунё бўйича ўртача 5996 м3 ни ташкил қилади. Бу рақамлардан ҳам кўриниб турибдики, Ўзбекистонда сув билан аҳоли жон бошига таъминланганлик дунё кўрсаткичидан 3,5 баравар паст.

Келажакда мамлакатимизнинг сувга бўлган эҳтиёжини қондириб бориш ва аҳолини сифатли ичимлик сув билан таъминлаш учун ҳозирдан сувдан оқилона фойдаланиш, ифлосланган оқова сувларни тозалаб қайта ишлатиш бўйича ривожланган давлатлар тажрибасини амалиётда қўллаш бўйича комплекс тадбирларни амалга ошириш зарур.

Биринчидан, суғоришда сувдан фойдаланиш коэффициентини 90-95 фоизга етказиш керак. Ҳозирги пайтда бу кўрсаткич 65-70 фоизини ташкил қилади. Жуда катта миқдордаги сув сингиш, буғланиш ҳамда ортиқча сув сарфи орқали йўқотилади.

Иккинчидан, суғоришда илғор технологиялардан фойдаланиш (бетон ариқлар, эгилувчан шланглардан, томчилаб суғориш ва бошқа). Томчилатиб суғориш технологияси, мутахассислар фикрича, жўяк ёки бостириб суғоришга нисбатан сувни 2,-3,0 баравар тежайди. Буни кенг жорий қилиш релъефи нотекис ерларни ўзлаштириш имкониятини кенгайтиради, тупроқнинг ювилиш ва қайта шўрланиши кескин камаяди.

Учинчидан, мамлакатимизнинг тоғли ҳудудларида мингдан ортиқ кичик дарёлар бўлиб, уларда сув ҳажми 20 миллион м3ни ташкил этади. Бу сувлардан унумли фойдаланиш мақсадида сув омборлари қуриш зарур. Тоғли ҳудудларда сув омбори қуриш учун тор водийли сойларнинг қулай жойлари танланиши лозим. Сув юзаси кичик сув ҳавзаларида сувнинг буғланиш ҳисобига йўқотиладиган сувлар камаяди. Сув омборларни қуриш билан томчилатиб суғориш технологияси асосида тоғларда ва тоғ олди текисликларида минглаб гектар ерларда мевали боғлар, узумзорлар ташкил қилиш имкониятлари кенгаяди.

Тўртинчидан, табиий чуқурликларда тўпланган катта миқдордаги шўр сувларни (Айдар-Арнасой кўллар тизими, Денгизкўл, Сариқамиш, Шўркўл, Қорақир ва бошқалар) тозалаб улардан деҳқончиликда фойдаланиш чораларини кўриш керак. Ҳозир кўп давлатларда денгиз суви чучуклаштирилиб аҳоли томонидан истеъмол қилинмоқда. Саудия Арабистони, Қувайт, Бирлашган Араб Амирликлари, Қатар, Кипр, Италия ва бошқалар) Исроилда 86 фоиз оқова сувлар тозаланиб, қайта ишланиб қишлоқ хўжалик экинларини суғоришда фойдаланилади. Испанияда оқова сувларни 17 фоизи тозаланиб, экинларни суғоришда ишлатилади. Исроил давлатида бир м3 денгиз сувини чучук сувга айлантириш 5 центни ташкил қилади. Агар шўр кўллардаги сув тозаланиб, суғоришга ишлатилса, кўллар атрофидаги минглаб гектар ерлар ўзлаштирилган бўлар эди.

Бешинчидан, ер ости сувлари сув захираларининг асосий қисмини ташкил қилади. Келажакда ер ости сувларидан ичимлик суви ва суғориш мақсадларида фойдаланиш кўпаяди. Ер ости сувларини ер юзига тортиб чиқариш электр энергия билан боғлиқ. Давлат электр энергия тармоқлари етиб бормаган жойларда муқобил электр энергия олинадиган манбалардан, яъни қуёш ва шамол энергияларидан фойдаланиш мумкин. Серқуёш мамлакатимизда 1м2 катталикдаги қуёш панели йил давомида ўртача соатига 1кВт электр энергия беради. Худди, шунингдек, чўл ҳудудларида шамол энергияларидан ҳам фойдаланса бўлади. Шамол тезлиги 3,0 м/сек.дан бошлаб самарали электр энергия бера бошлайди. Республикамизнинг 70-75 фоиз ҳудудларида шамолнинг ўртача тезлиги 3,0-4,0 м/сек.дан ошади. Текислик чўл ҳудудларида шамол тезлиги янада катта. Шамол қурилмалари ва қуёш батареялари ёнма-ён қурилса, улар бир-бирини тўлдиради ва иккита муқобил манбалардан олинадиган электр энергия билан ер тагидан катта миқдорда сув тортиб олса бўлади. Шу йўл билан яъни ер ости сувларини ер юзига чиқариш орқали минглаб гектар ерларни ўзлаштириб, суғорма деҳқончиликни, парник хўжаликларини ривожлантириш мақсадга мувофиқдир.

Ҳозирги глобал иқлим ўзгариши аниқ сезилаётган даврда мамлакатимиз иқтисодиётининг жадал ривожланиши, тез ўсаётган кўп миллионли аҳолининг саломатлиги сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш билан чамбарчас боғлиқ. Буни унутмаслик лозим.

 

Орзимурод РАҲМАТУЛЛАЕВ, Субҳон АББОСОВ,

Самарқанд давлат университети профессорлари.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: