17.05.2018

ЎЗБЕКИСТОН ВА АМЕРИКА ҚЎШМА ШТАТЛАРИ: СТРАТЕГИК ШЕРИКЛИКНИНГ ЯНГИ ДАВРИ

2018 йил 16 май куни Америка Қўшма Штатлари Президенти Дональд Трамп Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни қабул қилди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг Оқ уйга илк тарихий ташрифи Ўзбекистон билан АҚШ ўртасидаги стратегик шерикликнинг янги даврини очиб берди.

Музокаралар давомида Президент Д.Трамп Ўзбекистоннинг мустақиллиги, ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетига қатъий содиқлигини таъкидлади. Президент Д.Трамп Президент Ш.Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистонда муҳим сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотларни амалга оширишда эришилаётган улкан ютуқларни эътироф этди. Президентлар кенг жабҳадаги ўзаро устувор йўналишлардан келиб чиққан ҳолда, 2002 йилда имзоланган Ўзбекистон Республикаси билан Америка Қўшма Штатлари ўртасида стратегик шериклик тўғрисидаги Декларацияга янгича суръат бағишлаш мақсадида икки томонлама муносабатларни янги мулоқот асосида мустаҳкамлашга келишиб олдилар.

Президент Ш.Мирзиёев Ўзбекистонда ислоҳотларни амалга оширишда эришилаётган прогресс орқага қайтмаслик хусусиятига эга эканини эътироф этди. У давлат органлари халқ манфаатларини ҳамма нарсадан устун қўйишлари лозимлигини таъкидлади. Президент Ш.Мирзиёев ташаббуси билан қабул қилинган беш йилга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегияси давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, иқтисодиётни либераллаштириш, ижтимоий соҳани ривожлантириш ҳамда очиқ ва конструктив ташқи сиёсат олиб боришни илгари суриши таъкидланди.

Президент Д.Трамп терроризмга қарши курашишда Қўшма Штатларнинг Ўзбекистон билан азалий шериклигини қайд этиб ўтди. 2001 йил 11 сентябрдаги мудҳиш воқеалардан сўнг, Ўзбекистон АҚШга ўта муҳим логистик имкониятни тақдим этганлиги ҳамда «Ал-Қоида» террорчиларини Афғонистондан сиқиб чиқаришда кўмак кўрсатгани таъкидланди. Президент Ш.Мирзиёев ташриф давомида Президент Д.Трампнинг Жанубий Осиё бўйича стратегиясини тўлиқ қўллаб-қувватлашини тасдиқлади ҳамда икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш, масъулиятни тақсимлаш ва минтақавий хавфсизлик масалаларини ҳал этиш, шу жумладан, Афғонистонда барқарорликни таъминлаш бўйича Ўзбекистон ташаббусларини муҳокама этди.

Президент Д.Трамп кучли ва мустақил Марказий Осиёнинг муҳимлигини қайд этди ҳамда Президент Ш.Мирзиёевнинг 2017 йил ноябрда бўлиб ўтган Самарқанд конференциясида муҳокама қилинган Марказий Осиё мамлакатлари раҳбарларининг ҳамкорлик мулоқоти йиғилишини ўтказиш бўйича саъй-ҳаракатларини мамнуният билан қарши олди. Президент Ш.Мирзиёев жорий йилнинг март ойида Қозоғистоннинг Остона шаҳрида Марказий Осиё мамлакатлари раҳбарларининг йиғилишида иштирок этганлиги ва у минтақалараро савдони ривожлантириш ва хавфсизликка оид таҳдидлар бўйича биргаликдаги ёндашувларни ишлаб чиқиш учун янги имкониятлар очиб берганлиги қайд этилди. Президент Д.Трамп ушбу муҳим мулоқотда Ўзбекистон асосий роль ўйнашини эътироф этди ҳамда Қўшма Штатлар «С5+1» минтақавий формати орқали ҳамкорлик ва тараққиётни қўллаб-қувватлашини билдирди. Президентлар Афғонистоннинг Марказий Осиёдаги кўп томонлама ҳамкорлик форматларида иштирок этишини қўллаб-қувватладилар.

 

Минтақавий ҳамкорлик

Президент Д.Трамп Президент Ш.Мирзиёевни халқаро ҳамжамиятнинг «Толибон» афғон ҳукумати билан тинч музокараларни бошлаши лозимлиги тўғрисида ягона позициясини тасдиқлаган «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик» мавзусида 2018 йилдаги Тошкент халқаро конференцияси муваффақиятли ўтказилгани билан қутлади. Президент Ш.Мирзиёев ва Президент Д.Трамп Афғонистон хавфсизлик кучлари ва тинч аҳолисига қарши қаратилган жирканч террорчилик ҳужумларини қаттиқ қораладилар ҳамда Афғонистон дуч келаётган хавф-хатарларга барҳам бериш бўйича мулоқотни кенгайтиришга содиқ эканликларини билдирдилар. Президент Ш.Мирзиёев Афғонистон ҳукуматини тўлиқ сиёсий қўллаб-қувватлашини эътироф этди ҳамда 2017 йил декабрда Афғонистон Президенти Ашраф Ғанининг Ўзбекистонга амалга оширган ташрифини ҳамда унинг якуни бўйича икки ҳукумат ўртасида савдо айланмасини кўпайтириш ва ўта муҳим инфратузилмавий лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан бир қатор битимлар имзоланганини муҳокама қилди. Президент Д.Трамп Ўзбекистоннинг минтақавий иқтисодий жараёнларда муҳим роль ўйнаётганини эътироф этиб, мамлакатнинг Афғонистон билан савдо-иқтисодий алоқаларини кенгайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатларини олқишлади. У Ўзбекистон томонидан режалаштирилаётган Афғонистондаги темир йўл ва инфратузилмавий лойиҳаларни амалга оширишга сиёсий ва консультатив кўмак кўрсатишга тайёрлигини билдирди.

Президент Ш.Мирзиёев Афғонистонда тинчлик ва барқарорликка эришишга ҳисса қўшаётган Шимолий таъминот тармоғини қўллаб-қувватлашда давом этишини тасдиқлади. Ўзбекистон ва АҚШ Афғонистон билан чегаралар хавфсизлигини таъминлаш ҳамда гиёҳвандлик воситалари ноқонуний муомаласининг олдини олишда яқиндан ҳамкорлик қилишлари эътироф этилди.

Иккала давлат раҳбарлари экстремизм ва халқаро терроризмни қораладилар ҳамда умумий таҳдидларга қарши курашиш бўйича ҳамкорликни кенгайтиришга интилишларини қайд этдилар. Улар, шунингдек, икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш ва минтақавий хавфсизликни таъминлашга қаратилган келишувларни амалга оширишга содиқ эканликларини билдирдилар ҳамда беш йилга мўлжалланган илк ҳарбий ҳамкорлик Режасини амалга татбиқ қилиш орқали мудофаа соҳасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидладилар.

 

Ислоҳотлар ва халқлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш

Президент Д.Трамп «виждон маҳбуслари»нинг озод қилингани, болалар меҳнатидан мунтазам фойдаланишнинг тугатилгани ва мажбурий меҳнат кўламини қисқартиришда эришилган сезиларли ютуқларни қайд этган ҳолда, Президент Ш.Мирзиёевнинг Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ ҳолатни яхшилашга қаратилган кенг ислоҳотлар дастурини мамнуният билан қарши олди. Ушбу ютуқлар иқтисодий, сиёсий ва хавфсизлик соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш учун шарт-шароитлар яратиши таъкидланди. Президент Д.Трамп давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш ва ички барқарорликни таъминлашнинг асосий омили сифатида давлатнинг халқ олдидаги ошкоралиги ва ҳисобдорлигини ошириш бўйича Ўзбекистон Президентининг ташаббусини қўллаб-қувватлади. Давлат раҳбарлари асосий инсон эркинликларини ҳимоя қилиш, шу жумладан, диний эркинликни илгари суриш бўйича конструктив ҳамкорликни фаоллаштириш тарафдоридирлар. Президент Ш.Мирзиёев диний эътиқод эркинлигини таъминлаш бўйича кенг қамровли «йўл харитаси»ни ҳаётга татбиқ қилишга қатъий тайёр эканлигини эътироф этди.

 

Президентлар икки мамлакат ўртасида таълим соҳасидаги ҳамкорликка ўз ҳиссасини қўшадиган Халқаро таълим бўйича Америка кенгашларининг Ўзбекистонда аккредитация қилинишини олқишладилар. Президент Д.Трамп АҚШ Ўзбекистонда инглиз тили бўйича таълим дастурларини амалга оширишда кўмак кўрсатишга тайёр эканлигини эътироф этди ҳамда «Америка овози»нинг Ўзбекистонда аккредитация қилинганлиги ва унинг Америка оммавий ахборот воситалари учун ушбу мамлакатда кенг имкониятлар яратишини юқори баҳолади.

 

Иқтисодий ҳамкорлик

Президент Ш.Мирзиёев ва Президент Д.Трамп ўзаро савдо ҳажмини ошириш ва иккала мамлакатда иш ўринларини яратишга кўмаклашадиган иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш имкониятларини ўрганишга қатъий тайёр эканликларини таъкидладилар. Президент Ш.Мирзиёев Ўзбекистонда ошкоралик ва ҳисобдорлик халқаро стандартларини жорий қилиш ва қонун устуворлигини таъминлаш орқали тадбиркорлик учун қулай шароитлар яратиш ҳамда АҚШ компаниялари ва инвесторларига мамлакат бозорига кириш имкониятини тақдим қилишга тайёр эканлигини билдирди. Давлат раҳбарлари, шу жумладан, қишлоқ хўжалиги, энергетика, кимё, молия, туризм, тўқимачилик саноати, соғлиқни сақлаш ва рақамли технологиялар соҳаларида янада яқинроқ ҳамкорлик қилиш учун мавжуд имкониятларни ўрганишга келишиб олдилар. Ташриф давомида Ўзбекистон ва АҚШ компаниялари ўртасида 20 дан ортиқ йирик шартномалар имзолангани ва улар ҳаётга тўлақонли татбиқ қилинган тақдирда, 4,8 миллиард доллар миқдорида баҳоланиши ва АҚШда 10 минг иш ўрнини сақлаб қолиши ҳамда келгусида бир неча миллиард доллар миқдоридаги шартномалар учун имкониятлар яратиши мумкинлиги эътироф этилди.

Д.Трамп Президент Ш.Мирзиёевнинг ислоҳотлар дастурини қўллаб-қувватлади ва Ўзбекистоннинг иқтисодий лидер сифатида ўсиб бораётган ролини эътироф этди ҳамда жорий йилда мамлакатда Марказий Осиё савдо форумини ва Марказий Осиё давлатлари билан АҚШ ўртасида савдо ва инвестицияларга оид ҳадли битим бўйича Кенгаш йиғилишини ўтказиш юзасидан Ўзбекистоннинг таклифи бундан далолат беришини таъкидлади. Президент Ш.Мирзиёев Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишга интилаётганини эътироф этди, Президент Д.Трамп Ўзбекистон ўз савдо режимини ташкилот нормаларига мувофиқ либераллаштириш бўйича кун тартибидаги ислоҳотларни амалга оширгани сайин АҚШ унга техник кўмак кўрсатишини таъкидлади. Ўзбекистон Фонограмма ишлаб чиқарувчиларининг манфаатларини уларнинг фонограммаларини қонунсиз ишлаб чиқаришдан ҳимоя қилиш тўғрисида Женева конвенцияси ва Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилотининг интернет бўйича шартномаларига қўшилиш орқали интеллектуал мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилишга содиқ эканлигини билдирди. Ушбу ташаббусларни амалга ошириш икки томонлама савдо, иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш бўйича янги имкониятларни очиш учун мустаҳкам асос яратишга хизмат қилиши қайд этилди.

 

***

·                    Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистон Республикасининг қўшни давлатлар мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлиги, шунингдек, Марказий Осиёни янада тараққий эттириш ва минтақада ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга йўналтирилган саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди, деди Дональд Трамп.

 

·                    Ташриф давомида Ўзбекистон ва АҚШ компаниялари ўртасида 20 дан ортиқ йирик шартномалар имзолангани ва уларнинг умумий қиймати 4,8 миллиард долларни ташкил этиши қайд этилди.

 

·                    Давлат раҳбарлари қишлоқ хўжалиги, энергетика, кимё, молия, туризм, тўқимачилик саноати, соғлиқни сақлаш ва рақамли технологиялар соҳаларида янада яқин ҳамкорлик қилиш бўйича мавжуд имкониятларни ўрганишга келишиб олдилар.

 

·                    Президентлар мамлакатларимиз ўртасида таълим соҳасидаги ҳамкорликка ўз ҳиссасини қўшадиган Халқаро таълим бўйича Америка кенгашларининг Ўзбекистонда аккредитация қилинишини мамнуният билан қайд этдилар. Дональд Трамп АҚШ Ўзбекистонда инглиз тили бўйича таълим дастурларини амалга оширишда кўмак беришга тайёр эканини билдирди.

 

·                    Президент Ш.Мирзиёев Афғонистонда тинчлик ва барқарорликка эришишга ҳисса қўшаётган Шимолий таъминот тармоғини қўллаб-қувватлашда давом этишини тасдиқлади.

 

·                    Президент Д.Трамп Ўзбекистоннинг минтақавий иқтисодий жараёнларда муҳим роль ўйнаётганини эътироф этиб, мамлакатнинг Афғонистон билан савдо-иқтисодий алоқаларини кенгайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатларини олқишлади.



DB query error.
Please try later.