Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
20.02.2018

ҲАР БИР СОҲА ВА ЙЎНАЛИШ, ҲАР БИР ФУҚАРО ТАҚДИРИ ДОИМИЙ ЭЪТИБОРДА

Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги ислоҳотларнинг бориши билан танишиш мақсадида 16-17 февраль кунлари Бухоро вилоятида бўлди.

Ташрифнинг биринчи куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев кенг кўламли иқтисодий лойиҳалар билан танишди, вилоятда барпо этилаётган замонавий корхоналар, кенг ва равон йўллар, таълим ва тиббиёт муассасаларида бўлди, ёшлар, турли соҳа вакиллари билан суҳбатлашди.

Бухоро вилояти аҳолисининг 48 фоизи 30 ёшгача бўлган ёшлардир. Уларни соғлом ва маънавий етук инсонлар этиб тарбиялаш, истеъдод ва салоҳиятини юзага чиқариш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.

Давлатимиз раҳбари вилоятга ташрифининг иккинчи кунини Бухоро шаҳар Ёшлар маркази фаолияти билан танишишдан бошлади. Марказ тўгаракларида олиб борилаётган машғулотлар жараёнини кузатди.

Ўтган йили собиқ Маданият саройининг эски биноси капитал таъмирланиб, Ёшлар марказига айлантирилди. Уч қаватли замонавий бинода Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Бухоро вилояти кенгаши фаолият кўрсатмоқда. 808 ўринли томоша зали ва 280 томошабинга мўлжалланган кинозал ёшларнинг ижтимоий фаоллигини қўллаб-қувватлашга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш, жумладан, оммавий-маданий тадбирлар ўтказиш учун жуда қулай.

Масканда инглиз ва рус тиллари, шахмат-шашка, стол тенниси, ёш актёрлар, қизларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, ёшлар туризми, мактабгача таълим, инклюзив таълим, тасвирий санъат, тикувчилик каби 20 дан зиёд тўгарак, руҳшунос-маслаҳат маркази фаолият кўрсатади. 4000 китоб фондига эга кутубхона ҳам ёшлар ихтиёрида.

Ёшлар маркази яқинида Бухоро давлат университети, Санъат коллежи каби қатор билим масканлари жойлашгани ушбу ўқув юртлари талаба ва ўқувчилари учун марказ тўгараклари ва кутубхонасидан фойдаланишда катта қулайлик яратади.

Давлатимиз раҳбарига Ёшлар марказида жорий йилда ташкил этиладиган янги тўгараклар, истиқболли лойиҳалар ҳақида маълумот берилди.

— Энг яхши фазилатлар китобда мужассам. Биз ёшларимизни билимли, юксак маънавиятли қилиб тарбиялашни истасак, уларни китобга меҳр руҳида вояга етказишимиз, турли касбларга ўргатишимиз керак, — деди Президентимиз.

Шундан сўнг Шавкат Мирзиёев Бухоро — Когон йўли бўйида қурилаётган кўп қаватли уйларни бориб кўрди. Бу уйлар қурилиши 2017 йил май ойида бошланган ва уларни жорий йил мартда якунига етказиш мўлжалланган. Умумий мажмуа сифатида қурилаётган уйлар сони 39 та бўлиб, 1024 хонадондан иборат. 5 қаватли ва асосан 2, 3 хонали уйлар 15 йил муддатга кредит асосида берилади.

Шу ерда давлатимиз раҳбарига вилоятда олиб бориладиган янги қурилишлар ҳақида маълумот берилди. Когон шаҳрида қурилаётган 6 ва 7 қаватли уйлар қарийб 2 гектар майдонни эгаллайди.

Бухоро шаҳрининг Ислом Каримов кўчаси бўйидаги иншоотларни қайта қуриш лойиҳасига кўра, савдо, кўнгилочар марказлар, ижтимоий соҳа обеъктлари барпо этилади. Шавкат Мирзиёев лойиҳаларни такомиллаштириш бўйича ўз таклифларини айтди.

Бухоро шаҳрининг бош режасига кўра, И.Каримов, О.Эшонов, Ҳамза, М.Иқбол, С.Айний кўчалари кесишмаларидаги турар жой мавзелари қайта қурилади. Тартибсиз ва маънавий эскирган уйлар янгиланади.

Бу ердаги беш массивда 785 хонадонли 57 турар жой биноси, 181 нотурар жой бино ва 28 та ҳовли мавжуд. Янги лойиҳага кўра, 3399 хонадонли 57 турар жой биноси, 370 нотурар жой бино барпо этилади.

— Бу энг муҳим масала, — деди Президентимиз. — Одамларни рози қилиш учун аввало, уларнинг яшаш жойларига эътибор қаратишимиз, турмуш шароитини яхшилашимиз лозим.

Лойиҳаларда кўрсатилганидек, Бухоро шаҳридаги Ибн Сино кўчаси қайта қурилади. Бундан ташқари, Алпомиш ва Фароғий кўчалари кесишмасида умумий мажмуа сифатида янги турар жой бинолари қад ростлайди.

Бухоро вилоятида кўп қаватли уй-жой фондини яхшилаш дастурида эса, жорий йилда 546 та кўп қаватли уйни таъмирлаш ва атрофини ободонлаштириш кўзда тутилган.

— Бухоро — сайёҳлар кўп келадиган шаҳар. Бу ерда тарихий обидалар кўп, лекин замонавий бино ва иншоотлар кам, — деди Шавкат Мирзиёев. — Бу кўчалар бўйида замонавий бинолар қуриш керак. Бухоро нафақат тарихий, балки замонавийлик нуқтаи назаридан ҳам етакчи бўлиши зарур.

Давлатимиз раҳбарига Бухоро давлат тиббиёт институтининг 900 ўринли ўқув биноси ва 200 ўринли клиникаси, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиалининг қабул-диагностика бўлимини қуриш ва 120 ўринли даволаш корпусини реконструкция қилиш лойиҳалари тақдим қилинди.

Вилоятда йўловчи ташиш тизимини ривожлантириш режасига кўра, катта сиғимли автобуслар харид қилинади. Бухоро вилоятидан Россиянинг Москва, Уфа, Санкт-Петербург каби шаҳарларига янги йўналишлар йўлга қўйилади. Бундан ташқари, мавсумий йўналишлар ташкил қилиниб, вилоятларга қатновлар амалга оширилади.

— Транспорт тизимини такомиллаштирадиган вақт келди, — деди Президентимиз. — Шу пайтгача бу соҳага етарлича эътибор берилмади. Қанчадан-қанча автобус саройлари хусусийлаштириб юборилди. Чекка жойларга транспорт воситалари бормайди. Одамлар шаҳарга келишга қийналади. Бунинг учун жамоат транспорти тизимини тартибга олиш зарур.

Бухоро вилоятида ичимлик суви таъминоти тизимини ривожлантириш режаси ҳам кўриб чиқилди. Унга кўра, 2019 йилдан вилоятнинг асосий қисми ичимлик суви билан таъминланади. Айни пайтда бу борадаги кўрсаткич 51 фоиз, холос. Жаҳон банки иштирокида амалга оширилаётган лойиҳада Қоракўл ва Олот туманлари аҳолисини ичимлик суви билан тўлиқ таъминлаш кўзда тутилган.

Давлатимиз раҳбари лойиҳаларни имкон қадар қисқа муддатларда амалга ошириш зарурлигини таъкидлади. Лекин, ишнинг сифатига алоҳида эътибор қаратиш лозим.

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округга қарашли ҳарбий қисмлардан бирида бўлди.

Қуролли Кучлар тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, янги Мудофаа доктринаси қабул қилингани ҳозирги таҳликали замонда мамлакатимиз мудофааси ва қўшинларнинг жанговар тайёргарлик даражасини янада юксалтиришда муҳим омил бўлмоқда. Мазкур қисмда ҳам ҳарбий хизматчиларнинг жанговар тайёргарлигини ошириш учун барча шароит яратилган. Ўқув бинолари, аудиториялар, компьютер синфлари, электрон кутубхона, маънавият ва маърифат хоналари, спорт зали энг замонавий ускуна ва жиҳозлар билан таъминланган.

Президентимиз дастлаб Мудофаа вазирлиги қўшинларида амалга оширилаётган ислоҳотлар, ҳарбий разведка тизимини такомиллаштириш, Бухоро вилояти ҳарбий-маъмурий сектори фаолияти, вилоятда ҳарбий шаҳарча барпо этиш борасидаги лойиҳалар тақдимоти билан танишди.

Ҳарбий соҳанинг жамиятимиздаги нуфузини ошириш, қисм ва муассасалар ошхоналарини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш бўйича жорий этилган outsource тизимининг аҳамияти, захирадаги офицер кадрлар билан ишлаш, таълим муассасаларида ёш авлодни ватанпарварлик руҳида, фаол ҳаётий позицияга эга инсонлар этиб тарбиялаш масалалари ҳақида сўз юритилди.

Давлатимиз раҳбари қисмда ҳарбий хизматчиларнинг яшаши, билим олиши, жисмонан чиниқиши учун яратилган шароитларни кўздан кечирар экан, уларнинг назарий билим ва кўникмаси ҳамда жанговар тайёргарлигини муттасил ошириб бориш асосий эътиборда бўлиши зарурлигини қайд этди.

Президентимиз ташрифи муносабати билан ҳарбий қисм шахсий таркиби саф тортди. Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони улар билан суҳбатда бугунги мураккаб даврда Ватан ҳимоячилари зиммасида осмонимиз мусаффолиги ва халқимиз тинчлигини таъминлашдек ғоят масъулиятли ва шарафли вазифа турганини, ҳарбий хизматчилар ҳар қандай таҳдид ва хавф-хатарларга қарши ҳар лаҳза тайёр туриши лозимлигини таъкидлади.

— Армия — халқимизнинг мустаҳкам қалқони, — деди Шавкат Мирзиёев. Мамлакатимиз мудофаа тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлардан кўзланган мақсад, армияни халқимизга яқинлаштиришдан иборат. Ватан ҳимоячиларининг хизмат шароитини яхшилаш, оиласи, фарзандларининг ижтимоий муҳофазасини кучайтириш бўйича кўп ишлар қилаяпмиз. Бунга жавобан ҳарбийлар ҳам ота-боболаримизга муносиб бўлиши, замонавий билимларни пухта эгаллаб, ҳар куни ўз устида ишлаши, тажрибасини бойитиб бориши зарур.

Ҳарбий хизматчиларнинг маънавий-руҳий тайёргарлигини ошириб бориш, уларни хорижда ўқитишни ташкил этиш, ҳарбий соҳага қандай дастурлар олиб келиш бўйича таклифлар тайёрлаш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.

Мамлакатимизда атроф-муҳитни ободонлаштириш ва тозаликка риоя қилиш, маиший чиқиндиларни йиғиш, саралаш ва қайта ишлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Президентимизнинг 2017 йил 21 апрелдаги “2017-2021 йилларда маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида 2017-2018 йилларда барча вилоятларда чиқиндиларни қайта ишлаш корхоналари қуриш кўзда тутилган.

Бугунги кунда чиқиндиларни қайта ишлаб, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётганлар хориждан замонавий технологиялар келтириб, ўзига хос кластерлар ташкил этаётир.

Шавкат Мирзиёев 2017 йил 10-11 март кунлари Бухоро вилоятига ташрифи чоғида Когон туманида қурилиши мўлжалланган чиқиндиларни саралаш ва қайта ишлаш кластери лойиҳаси билан танишган эди. Орадан бир йил ҳам вақт ўтмасдан, мазкур корхона иш бошлади.

Корхонага тумандаги бўш турган бино ва иншоотлар “ноль” қийматда берилди. Шартномага кўра, 1,6 миллиард сўм маблағ сарфланиб, бинолар таъмирдан чиқарилди. 5,5 миллиард сўм маблағ эвазига корхонанинг асосий ишлаб чиқариш иншоотлари барпо этилди.

Хориждан бир кеча-кундузда 450 тонна чиқиндини қабул қилиш қувватига эга линия келтириб, ўрнатилди. Бу ерда металл, тош, шиша, яроқсиз резина ва автошиналар, пластмасса, ёғоч-тахта бўлаклари, шох-шабба, макулатура, қурилиш материаллари чиқиндиси, қийқим матолар сараланади ва қайта ишланади. Ушбу чиқиндилардан брикет, синтетик тола, қоғоз картон, тўқимачилик матоси, пишган ғишт, биогумус ва бошқа тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, экспорт қилинади.

Айни пайтда 400 дан зиёд киши меҳнат қилаётган корхонага Бухоро ва Когон шаҳарлари, Бухоро, Когон туманларидаги маиший чиқиндилар келтирилмоқда. Кейинчалик корхона фаолиятини кенгайтириш, вилоятнинг барча ҳудудларидан чиқиндиларни йиғиб, чиқинди полигонларини чиқиндилардан тозалаш режалаштирилган. Бу кўплаб иш ўринлари яратиш имконини беради.

Корхона атрофидан ишчилар учун уй-жой, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси, ёпиқ сузиш ҳавзаси, шифохона, спорт майдончаси, автотураргоҳ, мактаб ҳамда мактабгача таълим муассасаси қуриш мўлжалланмоқда.

Давлатимиз раҳбари корхонанинг ишлаб чиқариш жараёни билан танишди. Чиқинди йиғиш қамрови ва қайта ишлаш қувватини янада кенгайтириш, шундай корхоналарни бошқа жойларда ҳам ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берди.

Шу билан Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Бухоро вилоятига ташрифи якунига етди. Ташриф давомида ютуқлар билан бирга, йўл қўйилган камчиликлар ҳам қайд этилиб, уларни бартараф этиш бўйича топшириқлар берилди. Бу ҳар бир соҳа, ҳар бир йўналиш, қолаверса, ҳар бир фуқаро тақдири Президент назоратида эканидан далолатдир.

 

ЎзА



DB query error.
Please try later.